Оятал курсининг фазилатлари

Савол: Кўп ўқилиши кераклиги билдирилган Оятал курси (Бақара, 255) нинг қанақа хосиятлари ва қиймати бор?

Жавоб: Оятал курсининг хосиятлари жуда кўп. Ҳадиси шарифларда шундай дейилади:

“Оятал курси оятларнинг саййиди. Бир жойда ўқилса, шайтон у ерда тура олмайди, албатта, қочади.” (Ҳаким)

“Оятал курси Қуръони каримнинг тўртдан бири.” (Абушшайх)

“Фотиҳа билан Оятал курсини ўқиган одамга шу куни жин ва шайтон зарар етказа олмайди, кўз тегмайди.” (Дайламий)

“Ётар маҳали оятал курсини ўқиган кишига шайтон яқин келолмайди.” (Шавоҳид-ун-нубувва)

“Ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсини ўқиган одам учун Жаннатга киришига ҳеч қандай тўсиқ йўқ.” (Насоий, Ибн Хиббан, Байҳақий, Табароний)

“Уйидан чиқаётганида Оятал курси ўқиган инсонга уйига қайтгунича етмиш фаришта истиғфор ва дуо этади.” (Аййуҳал валад илмиҳоли). (Уловга минганида ҳам Оятал курси ўқиш офат ва бало-қазолардан сақлайди).

Оятал курсини ихлос билан ўқиган одамнинг инсон билан жонивор ҳақларидан, фарз қарзларидан бўлак бутун гуноҳлари кечирилади. Яъни тавбалари қабул бўлади. (Ислом ахлоқи)

Ҳазрати Али “Қабр азобидан қутилиш учун Оятал курсини кўп ўқиш керак” деб айтган. (Зухра-тур-Рияз)

“Аййуҳал валад илмиҳол”даги ҳадислар қуйида келтирилган:

“Намоздан кейин Оятал курси ўқиган инсонга ҳар бир ҳарфи учун қирқ савоб ёзилади.”

“Кимки намоздан сўнг Оятал курси ўқиса, шу оят тўхтамасдан Арши аълогача кўтарилиб “Ё Рабби! Мени ўқиган қулингни кечиргин!” дейди. Ҳақ таоло макондан муназзаҳ ҳолда “Эй фаришталарим! Гувоҳ бўлинглар, намоздан кейин Оятал курсини ўқиган қулимни кечирдим” деб буюради.”

“Фарз намозни тугатгандан кейин бир марта Оятал курсини ўқиб, 33 марта Субҳоналлоҳ, 33 марта Алҳамдулиллоҳ, 33 марта Аллоҳу акбар ҳамда бир марта “Ла илоҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул хамду ва ҳува алайҳиссалом кулли шайин қодир” деган одамнинг гуноҳларини Аллоҳу таоло кечиради.”

Батафсил


Фотиҳа сурасининг фазилатлари

 Савол: Фотиҳа сурасининг маъноси ва хосиятлари қанақа?

Жавоб: “Уммул Қуръон” деб аталадиган Фотиҳа сурасининг маъноси қуйидагича:

“Раҳмон ва раҳим бўлган Аллоҳу таолонинг исми билан бошлайман. Мақтов ва мадҳларнинг энг устуни бутун оламларни яратган (тартиб билан бир-бирига боғлаган) Аллоҳу таолога хос. Аллоҳу таоло дунёда ва охиратда қулларига жуда меҳрибондир. Қиёмат кунининг эгаси ва бошқарувчиси ёлғиз Удир. Биз фақатгина сенга ибодат қиламиз (Сендан бошқа ибодат этишга лойиқ бўлган ҳеч нарса йўқ) ва фақат сендан ёрдам сўраймиз. Бизни (эътиқодимизда, ҳаракатимизда, сўзларимизда ва одобимизда, ортиқ ва кам орасидаги ўрта йўл бўлган) дуруст йўлда юргизгин! (Шу йўлда бизни доимий қил!) Бизни (меҳрибончилигинг ва эҳсонинг билан) неъмат берган зотларингнинг (авлиё, анбиё ва сиддиқларнинг) йўлида юргизгин. (Ҳақни қабул этмасдан) сенинг ғазабингга учраганларнинг, адашганларнинг йўлига туширма! (Омин).

Фотиҳанинг хосиятлари ҳақида қуйидаги ҳадиси шарифларда билдирилган:

“Фотиҳа билан Оятал курсини ўқиган одамга шу куни жин ва шайтон зарар етказа олмайди, кўз тегмайди.” (Дайламий)

“Фотиҳа билан Оятал курсини ўқиган одамга шу куни назар тегмайди.” (Дайламий)

“Энг хосиятли сура – Фотиҳа.” (Ҳаким)

“Фотиҳа сурасини ўқиш Аллоҳу таолонинг ғазабининг олдини олади.” (Шира)

“Фотиҳа сураси заҳарга қарши шифодир.” (Абушшайх)

Бир саҳоба Фотиҳа сурасини ўқиганини айтганида Пайғамбаримиз “Қасам ичаманки, Аллоҳу таоло Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда ҳам бу суранинг ўхшашини туширмаган. Бу сура менга берилган буюк Қуръондан бўлиб, намозларда такрор-такрор ўқилади” деб марҳамат қилганлар. (Термизий)

Севимли Пайғамбаримиз Жаброил алайҳиссалом билан ўтирганда бир фаришта келиб айтади: “Сендан аввал ҳеч бир Пайғамбарга берилмаган икки нур ҳақида хушхабар айтаман. Булар Фотиҳа сураси ва Бақара сурасининг сўнгги оятлари. Шу иккаласини ўқисанг истаганинг, албатта, берилади.” (Муслим)

Бир қабиланинг бошчисини илон чақиб олади. Саҳобалардан бири Фотиҳа сурасини ўқиганида Аллоҳу таолонинг изни билан ҳалиги одам шифо топади. Қабила бошчиси унга 30 та қўй совға қилади. Саҳоба олиш-олмаслиги жоиз бўлишини билмасдан Пайғамбаримиздан сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом “Нима ўқидинг?” деб сўрадилар. Саҳоба Фотиҳа сурасини ўқиганини айтганида, унга “Фотиҳанинг шифо бўлишини қаердан билдинг? Бу қўйларни ёнингдагилар билан бўлиш ва менга ҳам бир қисмини ажрат деб марҳамат қилдилар. (Бухорий)

Дуо ўқилиши билдирилган ерда Фотиҳа ўқиш яхшироқ бўлади. Фотиҳа сураси дуоларнинг энг яхшисини билдириш учун туширилди. Имом “Ал-Фотиҳа” деганида ҳар кимнинг овозсиз ўқиши яхши бўлади. Сабаби дуоларнинг сўнгида мадҳ этиш мустаҳаб. Ҳамд этишнинг энг яхшиси ҳам – Фотиҳа ўқишдир. (Бариқа) 

Батафсил


Ихлос сурасининг фазилатлари

Савол: Ихлос сурасини (Қул ҳуваллоҳу ахад...) ўқишнинг қандай хосиятлари ва фойдалари бор?

Жавоб: Ихлос сурасини ўқишнинг фойдалари жуда кўп. Ҳадиси шарифларда шундай дейилади:

“Ихлос сурасини ўқиш Қуръоннинг учдан бирини ўқиш билан бирдек.” (Бухорий)

“Ўн марта Ихлос сурасини ўқиган одамга Жаннатдан бир сарой берилади.” (А.Аҳмад)

“Ётадиган пайт юз марта Ихлос сурасини ўқиган одам Жаннатга киради.” (Термизий)

“Бомдод намозидан кейин ўн бир марта Ихлос сурасини ўқиган одамга Жаннатдан бир сарой берилади.” (Хараити)

“Бомдод намозидан кейин Ихлос сурасини ўн икки марта ўқиган одам Қуръони каримни тўрт марта хатм этгандай савобга қовушади.” (Баззор)

“Тонгда ва шомда уч марта Ихлос ва муаввизатайн (Фалақ, Нос)ни ўқиш бало-қазо ҳамда қийинчиликлардан сақлайди.” (Термизий)

“Уйга кираётганида Ихлос сурасини ўқиган киши камбағалчилик кўрмайди.” (Т.Қуртубий)

“Ихлос сурасини ўқиган мусулмонга Жаннат вожиб бўлади.” (Насоий)

“Кимки сафарга чиқишда 11 марта Ихлос сурасини ўқиса, Аллоҳу таоло у сафардан қайтиб келгунча унинг уйини муҳофаза қилади.” (И.Нажжор)

“Арафа куни (барчасини бисмиллоҳ билан бошлаб) минг марта Ихлос сурасини ўқиган одамнинг бутун гуноҳлари кечирилади ва барча дуолари қабул бўлади.” (Абушшайх)

“Минг марта Ихлос сурасини ўқиган одам ўзини Аллоҳу таолодан сотиб олган бўлади.” (Рафеъий)

“Жума намозидан кейин етти марта Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқиган одам бир ҳафта бало-қазодан ҳамда ёмон ишлардан ҳимояланган бўлади.” (Сунний)

“Ётадиган маҳал Фотиҳа ва Ихлос сурасини ўқиган ўлимдан бошқа бутун нарсаларнинг зиёнидан омон бўлади.” (Ибн Абдилбарр)

“Уч нарсани ишлаган одам Жанатга хоҳлаган эшигидан киради: Қул ҳақини ўтаган, ҳар намоздан кейин 11 марта Ихлос ўқиган, жонига қасд қилган қотилини кечириб ўлган одам.” (Бариқа)

“Ҳеч кимнинг жонига, мол-мулкига, ор-номусига тегмай, шароб каби ичкиликлардан сақланиб, Ихлос сурасини юз марта ўқиган одамнинг эллик йиллик гуноҳлари кечирилади.” (Байҳақий)

“Эллик марта Ихлос сурасини ўқиганнинг эллик йиллик гуноҳлари кечирилади.” (Даримий)

“Жума намозидан кейин етти марта Ихлос, Фалақ, Нос сураларини ўқиган кишини Аллоҳу таоло келаси жумагача ёмонликлардан сақлайди.” (Ибн Сунний)

Расулуллоҳ алайҳиссалом бирор жойи оғриганда Фалақ ва Нос сураларини ўқиб, устига уфлар ҳамда оғриган ерини силарди. (Бухорий)

Эслатма: Юқоридаги ҳадиси шарифлар шартсиз билдирилган. Шартсиз билдирилган ибодатларнинг қабул бўлиши учун баъзи шартлар бор:

1. Мусулмон бўлиш;

2. Эътиқоди тўғри бўлиш, бидъатчи бўлмаслик;

3. Ҳаромлардан, гуноҳлардан сақланиш. Масалан, намоз ўқимаслик катта гуноҳ.

 

Савол: Ихлос сурасини ўқиган одам Қуръони каримни хатм этган бўладими?

Жавоб: Ихлос сурасини ўқиш жуда хосиятли, қийматли амал. Ҳадиси шарифларда шундай дейилади:

“Ихлос сурасини ўқиган одам Қуръонинг учдан бирини ўқиган бўлади.” (Термизий)

“Эллик марта Ихлос сурасини ўқиганнинг эллик йиллик гуноҳлари кечирилади.” (Даримий)

Ёсини шарифни ўқиш ҳам жуда савобли амал. Ҳадиси шарифда “Ёсини шарифни бир марта ўқиган одам, ўн марта Қуръон ўқигандек савобга эришади” дейилган. (Термизий)

Уч марта Ихлос сурасини ўқиган одам Қуръони каримни хатм этгандек савобга қовушади. Бир марта Ёсини шарифни ўқиган одам ҳам ўн марта Қуръони каримни хатм этгандек савобга қовушади. Қуръони каримни ўқиган одам ҳам хатм этиш савобига қовушади. Хатм савоби бошқа, хатм этгандек савобга қовушиш бошқа.

Бир камбағал киши “Пулим бўлганида шу ерга Аллоҳ розилиги учун бир масжид солдирардим” деб ният қиладиган бўлса, Аллоҳу таоло у инсонга масжид қурдиргандек савоб беради. Бироқ масжид солдирган одам масжид солдириш савобига қовушади. Яъни кўпроқ савоб олади. Масжид солдириш савоби билан масжид солдиргандек савобга эришиш иккови бошқа бошқадир.

Савол: Арафа куни ўқиладиган минг Ихлоси шарифни ўқийдиган пайтда, намоздан кейин ўн бир Ихлос ўқиладиган пайтда дастлаб бошлаганда аузу бисмиллоҳ айтилиб, суралар орасида фақат бисмиллоҳ айтилади, деб эшитганман. Шу тўғрими?

Жавоб: Ҳа, тўғри.

Батафсил


Аманаррасулунинг хосиятлари

Савол: Хуфтон намозидан кейин ўқиладиган “Аманаррасулу”нинг (Бақара, 285-286) қандай хосияти бор?

Жавоб: “Аманаррасулу”нинг хосиятлари кўп. Ҳадиси шарифларда бундай дейилган:

“Тунда Бақара сурасининг сўнгги икки оятини (Аманарасулу) ўқиган одамга шу икки оят ҳамма нарса учун кифоя қилади.” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа)

Батафсил