Имомга иқтидо саҳиҳ бўлиши учун ўнта шарт мавжуд
1. Намозга тураркан такбир айтмасдан аввал, имомга иқтидо қилишга ният қилмоқ шарт. «Уйдим ёки иқтидо қилдим ҳозир бўлган имомга» - деб қалбдан ўтказиш керак. Такбир олиб, намозга киргандан кейин қилинган ният, саҳиҳ бўлмайди.
2. Жамоатда аёллар ҳам бўлса, имомнинг «аёлларга имомлик қилишга» - деб алоҳида ният этмоғи ҳам даркор. Эркаклар учун имоматга ният қилиш, шарт эмас. Агар ният этса, имом ҳам жамоат савобидан баҳраманд бўлади. Ният қилмаса, намоз саҳиҳ бўлади лекин, имом худди ёлғиз ўқигандек савобга эришади халос.
3. Жамоатнинг тўпиғи, имомнинг тўпиғидан орқароқда бўлиши шарт.
4. Имом ҳам жамоат ҳам бир хил фарз намозига ният қилган бўлишлари шарт.
5. Имом билан жамоат орасида аёллар сафи бўлмаслиги шарт.
6. Имом билан жамоат орасида қайиқ ўта оладиган кенгликда ариқ ёки ирмоқ ва арава ўта оладиган даражада йўл бўлмаслиги шарт.
7. Жамоатнинг орасида, имомни кўришга ёки имомни кўриб турган жамоатни кўришга ёхуд табиий овозларини эшитишга имкон бермайдиган туйнуксиз ва деразасиз деворнинг қатъиян бўлмаслиги шарт.
8. Имом билан жамоат, бирбирига боғланмаган ёки тегмай турган икки кемада бўлмасликлари шарт.
9. Ўзга мазҳабдаги имомга иқтидо қилган жамоатнинг намози саҳиҳ бўлиши учун иккита қавл воқиъдур:
Биринчи қавлга кўра: Жамоат, ўз мазҳабларида намозни бузадиган сабаблардан ҳеч бирини имомда кўролмаслиги ва тополмаслиги шарт.
Иккинчи қавлга кўра: Ўз мазҳабида намози саҳиҳ бўлган имомга бошқа мазҳабдаги мўминлар ҳам иқтидо қилишлари мумкин. Бу қавлга кўра, қоплама тиш солдирган ёки тиш ковагини тўлдиртган (пломба) имомларга ҳам иқтидо қилиш жоиз бўлади. (Аҳл-и суннатнинг тўртта, яъни Ҳанафий, Моликий, Шофиъий, Ханбалий мазҳабидан бошқа гуруҳ ёки фирқаларга мансуб кишиларга иқтидо қилиш, жоиз эмас.)
Жамоат бир кишидан иборат бўлган ҳолларда бу одамнинг, имомнинг чап ва орқа тарафида туриши макруҳдир. Бу киши, имомнинг ўнг тарафида жой олади ва тўпиғи имомнинг тўпиғидан салгина орқароқда турса, намози саҳиҳ бўлади. Жамоат икки ёки ундан кўп кишидан иборат бўлса, имомнинг орқасига ўтиб туришлари керак бўлади.
Имомга иқтидо қилган киши, “Субҳонака”ни ўқийди. Имом, овоз чиқариб ўқиса ҳам, ичида ўқиса ҳам жамоат ҳеч нима ўқимайди. [Шофиъий мазҳабида, жамоат ҳам имом билан бирга ичларида қироат қилишади.] Имом жаҳран [овоз чиқариб] ўқиётганида, Фотиҳани битиргач жамоат ҳафиян [ичида] “омин”- дейди. Рукуъдан тураётиб, имом “Самиъ аллоҳу лиман ҳамидаҳ” деганида, жамоат фақатгина “Роббана лакал ҳамд”- дейди. Такбирларни жамоат ҳам ичида айтади. Рукуъ, сажда ва ташаҳҳудлардаги дуоларни бутун жамоат ичида ўқийди.
Витр намози, ёлғиз Рамазон ойида жамоат билан адо этилади. Бошқа вақтларда мустақил ўқилади.