Намознинг макруҳлари

1. Кийимни киймай елкага ташлаб қўйиб намозга киришиш.

2. Саждага бораётганда этакни ёки шим балоғини юқорига тортиш.

3. Кийимларнинг енг ва балоқларини шимариб қўйиб намозга киришиш.

4. Намозда ортиқча ва фойдасиз ҳаракатлар қилиш.

5. Иш кийими ва катталарнинг олдига кийиб чиқила олмайдиган кийимлар билан намозга туриш.

6. Оғизда, қироат қилишга тўсқинлик қилмайдиган бирор нарса билан намозга туриш. Агар оғиздаги нарса қироатга тўсқинлик қилаётган бўлса, намоз бузилади.

7. Бош очиқ, калта енглик кўйлак билан ва яланг оёқ ҳолда намоз ўқиш, макруҳдир. [Ҳаж мавсумида эҳромга кирилгач, баъзи нарсаларнинг ишланиши таъқиқланади. Масалан: Бош кийим, пайпоқ ва тикилган либос кийиш, эҳромга кирган эркакка жоиз бўлмайдиган хусуслардан атиги бирнечасидир. Бу фақатгина ҳаж ибодатига хос. Бу ердаги фарқни яхшилаб тушуниб олиш керак.]

8. Таҳорати қистаб турган ҳолда намозга бошлаш.

9. Намозда, сажда қилинадиган жойдаги тош-тупроқни тозалаш, супуриш.

10. Намозда бармоқларни шиқиллатиш.

11. Намозда қўлларни биқинга қўйиш.

12. Намозда бош ва юзни атрофга ўгириш, кўзлар билан аланглаш. Агар кўкрак ҳам бошқа тарафга ўгирилса, намоз бузилади.

13. Ташаҳҳудда итга ўхшаб оёқларни тикиб ўтириш.

14. Эркакларнинг саждада тирсакларини ерга қўйиши.

15. Намозни инсоннинг юзига ёки баланд овозда гаплашиб ўтирганларга қарши ўқиш макруҳдир.

16. Бирининг саломига қўли ёки боши билан алик олиш.

17. Намозда ва намоз ташқарисида эснаш.

18. Намозда кўзларни юмиш.

19. Намозда имомнинг меҳроб ичига тўлиқ кириб туриши.

20. Имомнинг, ёлғиз ўзи жамоатдан ярим метр баландроқда туриши, танзиҳан макруҳдир.

21. Имомнинг, ёлғиз ўзи жамоатдан пастроқда туриши ҳам танзиҳан макруҳдир.

22. Олд сафларда бўш жой бўлган ҳолда орқа сафларга туриш; Олд сафда бўш жой бўлмаганида орқада ёлғиз туриш, макруҳдир.

23. Эгнида жонли расми бўлган либос билан намозга туриш.

24. Намоз ўқиладиган маконнинг тепасида, олдида, ўнг ва чап тарафида жонли расмнинг бўлиши, макруҳдир. Ҳоч (крест) ишорати ҳам жонли расмга киради.

25. Ёниб турган оловга қараб намоз ўқиш.

26. Намозда оят ва тасбиҳларни бармоқ билан санаш.

27. Бошдан-оёқ узун, яхлит бир матога ўралиб намоз ўқиш.

28. Бошга салла ўраб, салланинг тепаси очиқ ҳолда намоз ўқиш.

29. Оғиз ва бурунни ёпиб олиб намоз ўқиш.

30. Намозда узрсиз, бўғиздан балғам чиқариш.

31. Қўлни бир икки марта ҳаракат эттириш. [Чунки, уч ва ундан кўп ҳаракат эттириш, намозни бузади- дейилди.]

32. Намознинг суннатларидан бирини тарк этиш.

33. Заруратсиз, гўдакни қучоғига олиб намозга туриш.

34. Қалбни жалб қилувчи, диққатга ва берилиб туриб намоз ўқишга тўсқинлик қилувчи нарсалар ёнида, масалан: чиройли ашёлар қошида, ўйин-кулги, чолғу ёнида ва яхши кўрган таомлар ёнида намоз ўқиш, макруҳдир.

35. Фарз намозларининг адоси асносида узрсиз, бирор нарсага ёки деворга суяниш.

36. Рукуъга эгилаётиб ва рукуъдан туришда қўлларни қулоқларга кўтариш.

37. Қироатни рукуъда ёки эгилиш жараёнида тугаллаш.

38. Рукуъ ва саждаларга имомдан аввал бориш ва имомдан аввал бош кўтариш.

39. Нажс бўлиш эҳтимоли бўлган жойларда намозга туриш.

40. Қабрга қарата намоз ўқиш.

41. Ташаҳҳудда суннатга хилоф ўтириш

42. Иккинчи ракъатда биринчисидагидан уч оят миқдори узун сура ўқиш, макруҳдир.

Намоз ташқарисидаги макруҳлар

1. Ҳожатхона ёки хоҳлаган бир маконда таҳорат ушатишда, олд ва орқанинг қиблага тўғри келиши.

2. Истинжода олд ва орқанинг Қибла истиқоматига тўғри келиши. Ой ва қуёшга қараб таҳорат бузиш.

3. Кичкина болаларни ўша жиҳатларга қаратиб ҳожат қилдириш, катталарга макруҳ бўлади. Шунинг учун кичикларга бирор ҳаром иш қилдирилганда, гуноҳ уни ишлатган каттага ёзилади.

4. Оёқларни узрсиз, сабабсиз Қиблага узатиш ва ҳатто биттасини ҳам узатиш макруҳдир.

5. Қуръони каримга ва ҳақиқий диний китобларга оёқ узатиш, макруҳдир. Агар китоблар баландроқда бўлса, макруҳ бўлмайди.