Тариқат ва тариқатчилик
Савол: Дин китобларидан динни ўрганиб бўлмайдими? Дин фақат бирор тариқатга боғланиш орқали ўрганиладими?
Жавоб: Илгари ҳақ тариқатлар бор эди. У ерларда динимизнинг буйруқ ва тақиқлари тушунтирилар, динга амал қилиш йўллари ва тасаввуф илми ўргатиларди. Вақт ўтиши билан улар жуда камайиб кетди, балки бутунлай қолмади. Асли бўлмаганидан кейин эса, сохталари (тақлидчилари) кўпайди. Ҳар бурчакда бир шайх пайдо бўлди. Ҳозирги вақтда ҳақ тариқат мавжуд бўлган тақдирда ҳам, тариқатга кириш шарт эмас. Адашган тариқатчилар кўп бўлиб, улар орасидан ҳақ бўлганини ажратиб олиш қийин, чунки ҳақ деб ўйлаб ботил йўлга кириб қолинса, ундан қутулиш жуда оғир бўлади. Йўқса, ҳақ тариқат, номидан ҳам кўриниб турганидек, ҳақдир. Энг хавфсиз йўл эса – авлиё зотларнинг китобларидан ўрганишдир.
Ҳозир қилинадиган иш – динимизни ўша улуғларнинг китобларидан, ваколатли олимлар томонидан тўғри таржима қилинган манбалардан ўрганиш ва уларга мувофиқ яшашга ҳаракат қилишдир. Бу китобларни ўқиган киши ҳам билмаганларини ўрганади, ҳам китобда номи зикр этилган авлиё зотларни таниб, қалби уларга мойил бўлади ва боғланади. Уларнинг бутун дунёга таратган нурларидан баҳраманд бўлиб, камол топа бошлайди. Хом тарвуз қуёш нурлари қаршисида вақт ўтиши билан пишиб етилиб, ширин бўлганидек, у ҳам тарбияланиб, комил инсонга айланади. Нафси ҳам ғафлатдан қутулиб, намознинг ҳаловатини туя бошлайди, ибодатлардан завқ олади. Гуноҳлардан, ҳаром қилинган нарсалардан, ёмон хулқлардан нафратланади. Гўзал хулқлар унинг одатига айланади. Ҳаммага яхшилик қилади. Халққа фойдаси тегади. Абадий саодатга эришади ва бошқаларни ҳам эриштиради.
Савол: Бирор тариқатга кириш фарз, вожиб ёки суннатми? Бир мақолада: “Ҳақ тариқат бўлса ҳам, тариқатга кириш шарт эмас”, дейилган. “Шарт эмас” дегани, эҳтиёж йўқ деганими ёки фарз эмас деганими?
Жавоб: Фарз ёки вожиб эмас деганидир. Агар шундай бўлганида, оят ёки ҳадис билан билдирилган бўларди. Тасаввуф улуғлари, авлиё зотлар тариқатга киришни мустаҳаб деб айтадилар. Динни ўз бошимизча ўрганишимиз қийин. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илм устоздан [олимдан, устоздан] ўрганилади”, деб марҳамат қилганлар. Шунинг учун илгари тариқатга кирилиб, муршиди комилдан дин ўрганиларди. Бугунги кунда эса кўплаб бузуқ тариқатлар ҳам мавжуд. Ҳар ким ҳақ деб бирор тариқатга кирмоқда. Ҳар бир шайхнинг кўплаб муридлари бор. Шайхлик даъво қилаётганларнинг кими маҳдийман, кими халифаман дейди, ҳатто пайғамбарман деяётганлар ҳам бор. Ҳаммаси ҳам ўз тариқатини тўғри деб даъво қилади. Зотан, тўғри деб билмаса, у тариқатда нима қилади? Ушбу ачинарли вазият туфайли адашган оқимга тушиб қолмаслик ва жуда эҳтиёт бўлиш лозим. Нақлни [ишончли манбаларни] асос қилиб олган китобларни ўқиган киши ҳақни ботилдан ажрата олади. Бундай дейиш тариқатга қарши бўлиш дегани эмас. Бир нарсанинг сохтасидан қоч дейиш, унинг яхшисидан ҳам қоч дегани эмас. Одатда ҳар бир нарсанинг сохтаси кўп бўлади. “Ҳақиқий сариёғ сотиб олинг, сохта ва аралашмасидан қочинг” ёки “Бозорда ҳақиқий сариёғ топиш жуда қийин” дейиш сариёғни ҳақоратлаш бўладими? Аксинча, сариёғнинг аҳамияти билдирилган бўлади.
Савол: Илгари одамлар нега муршиди комил қидирганлар? Муршиди комилсиз Аллоҳнинг ризолигига эришиш мумкин эмасмиди?
Жавоб: Имоми Раббоний ҳазратлари айтганларки:
Аллоҳу таолога етказувчи йўлни топиш жуда зарурдир. Инсон ҳар томонлама жуда ожиздир. Аллоҳу таоло эса ҳар жиҳатдан юксак ва қусурлардан покдир. Ундан келадиган файзларни қабул қилиш учун берувчи билан олувчи ўртасида бир алоқа, бир яқинлик бўлиши керак. Инсонларда эса бу яқинлик йўқ. Шунинг учун бу йўлни биладиган бир йўлбошчига эҳтиёж шартдир. (1/169)
Шундай зотни яхши кўрган киши унинг китобларини суюб ўқиса, уни одоб ва муҳаббат билан ёдга олса, бунинг натижасида унинг ҳам қалби тозаланади ва файз ола бошлайди. Аллоҳу таоло танамизни, моддий борлиғимизни вояга етказиш учун қуёш энергиясини сабаб қилганидек, руҳ ва қалбларимизни камолга етказиш учун ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг қалбини ва ундан тараладиган нурларни сабаб қилган. Қалбга, руҳга озуқа бўлган авлиёларнинг суҳбатлари ва ёзганлари ҳам доимо Расулуллоҳнинг муборак қалбларидан таралган нурлар воситасида ҳосил бўлгандир. (Саодати Абадия)
Савол: Шайхулислом Абуссууд афанди тасаввуф аҳлига қаттиққўллик қилиб, уларнинг қатл этилишига фатво берганми?
Жавоб: Улуғ дин олими Абуссууд афанди ҳазратларининг тасаввуф аҳлига нисбатан қаттиққўллик қилгани ҳақидаги даъво тўғри эмас. Аммо у тасаввуф аҳли орасига аралашиб кетган адашган тариқатчилар ҳамда “Тасаввуфда юксак даражага етганлар учун диний мажбуриятлар соқит бўлади. Улар учун ҳалол билан ҳаромнинг фарқи йўқ”, дегувчиларга қарши қаттиқ турган ва уларнинг фитна чиқариш, исломиятни бузиш ҳаракатлари туфайли қатл этилишига фатво берган.
Исломиятдан ва тасаввуфдан хабари бўлмаган кимсалар динни дунёвий даромад манбайига айлантириб, тасаввуфга, ҳатто ибодатларга мистик бир ҳаракат сифатида мусиқани олиб кирганлар. Динимизда “тасаввуф мусиқаси” деган нарса йўқ.
Савол: Ироқдан келиб, Европада оғзига олов оладиган, юзларига ниш санчиб чиқарадиган ва бу қилмишларини каромат деб атайдиган кимсаларнинг ҳолати исломиятга тўғри келадими?
Жавоб: Аллоҳу таоло бундай кимсаларнинг Мусо алайҳиссалом даврида ҳам яшаганини хабар беради. Буларни каромат эмас, сеҳр деб атайди. Бундай кўзбўямачиликнинг ҳаром экани “Фатавойи ҳадисия” китобида ёзилган. Булар мусулмонларни алдамоқда. Бу ҳаракатлар дин эмас, динсизликдир. Япониядаги ғайридинлар ҳам циркларда булардан ҳам ҳайратланарли нарсаларни намойиш этмоқда. Исломият – иллюзия, дорбозлик ёки сеҳргарлик дини эмас. Исломият – ишониш, бажариш ва сақланиш керак бўлган нарсаларни, чиройли ва чиркин хулқларни ўрганиш ҳамда ҳаммага яхшилик қилиш динидир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинади:
“Бир кимсанинг ҳавода учганини, денгиз устида юрганини ёхуд оғзига олов солиб ютганини кўрсангиз, лекин у динга тўғри келмайдиган бир ишни қилса ва каромат аҳлиданман деса, уни сеҳргар, ёлғончи, адашган ва инсонларни тўғри йўлдан оздирувчи деб билинг!” (Ал-Мунир)
Имоми Раббоний ҳазратлари ҳам бундай деганлар:
Нафси жилоланган баъзи кимсалар ғайритабиий ҳолатлар кўрсатиб, адашиш чоҳига қуламоқда. Авлиёни бундай ёлғончилардан ажратиб турувчи энг яққол фарқ – унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳаракати динга мувофиқ бўлиши, ёнида бўлганларнинг қалбида Аллоҳ қўрқуви ва муҳаббати ҳосил бўлиши ҳамда дунёвий нарсалардан совушидир. (2/92)
Муҳаммад Маъсум Форуқий ҳазратлари айтганларки:
Охиратда, жаҳаннамдаги абадий, чексиз азобдан қутулиш учун ислом олимларининг билдирганларига ишониш керак. Авлиёларнинг ушбу билдирилганларга тўғри келмайдиган кашфлари қийматсиздир. Тасаввуфдан мақсад – нафснинг яширин айбларини англаш, динга амал қилишнинг осонлашиши ва ихлосга эришишдир. (1/182)
Савол: Фиқҳ ўрнига тасаввуф китобини ўқиш тўғрими ва зикр нима?
Жавоб: Фиқҳни билмасдан туриб динга амал қилиш мумкин эмас. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Ибодатларнинг энг қийматлиси – фиқҳ ўрганиш ва ўргатишдир”. (Ибн Абдилбарр)
“Ҳар бир нарсанинг таянадиган устуни бор. Диннинг асосий устуни – фиқҳ билимидир”. (Байҳақий)
“Фиқҳ ўрганмасдан ибодат қиладиган кимса, кечаси қоронғуда бино қуриб, кундузи уни бузиб ташлайдиган кишига ўхшайди”. (Дайламий)
Имоми Молик ҳазратлари айтдилар:
«Фиқҳ ўрганмай, тасаввуф билан шуғулланган киши диндан чиқиб, зиндиқ бўлади. Фиқҳ ўрганиб, тасаввуфдан хабари бўлмаган киши эса бидъат аҳли, яъни адашган бўлади. Ҳар иккисига эришган киши ҳақиқатга етади.» (Мараж-ул-баҳрайн)
Иброҳим Адҳам ҳазратларига кеча-кундуз ибодат қиладиган, важдга келиб ўзидан кетадиган бир йигит ҳақида гапириб бердилар. У йигитнинг ёнига бориб, уч кун меҳмон бўлди. Жуда ажабтовур ҳолатларни кўрди. Йигитдаги бу ҳолат шайтонданми ёки йўқми, шуни билишни истади. Унинг еганига қаради. Таоми ҳалолдан эмас эди. Бу ҳолатлар шайтондан эканини англади. Йигитни ўз уйига таклиф қилди. Йигитга ҳалол таом берди. Йигитдаги аввалги ишқ ва ғайрат қолмади. “Менга нима қилдингиз?” деб сўради у. Иброҳим Адҳам ҳазратлари йигитга: “Сендаги ҳолатлар шайтондан эди. Ҳалол еганингдан кейин шайтон ичингга кира олмади. Асл ҳолатинг намоён бўлди”, деб жавоб берди. (Тазкират-ул-авлиё)
Кароматни инкор қилиш – катта адашишдир. Чунки каромат пайғамбар мўъжизасининг давомидир. Аммо истидрожни каромат деб ўйламаслик керак! Мўъжизадан ташқари юз берадиган ғайритабиий ҳолатлар каромат, фиросат, истидрож ва сеҳр деб аталади. Валийнинг сув устида юриши – каромат, роҳибнинг сув устида юриши – сеҳр, фосиқники эса – истидрождир.
Зикр – Аллоҳу таолони ёдга олиш демакдир. Бу ҳам қалб билан бўлади. Зикр қилинганда қалб тозаланади, яъни қалбдан дунё муҳаббати чиқиб, Аллоҳ севгиси жойлашади. Баъзи кимсаларнинг бир жойга тўпланиб, ҳай-ҳуй қилиши, ўйнаши ва айланиши зикр эмас. Юз йилдирки, тариқат ниқоби остида кўплаб нарсалар тўқиб чиқарилди. Саҳобаи киромнинг йўли унутилди. Жоҳиллар, фосиқлар шайх бўлиб олиб, зикр ва ибодат номи остида гуноҳ ишлар қилишди. Бугунги кунда ҳеч бир ислом мамлакатида тасаввуф олими йўқ даражада. Аммо сохта муршидлар, мусулмонларни шиладиган тариқатчилар жуда кўп. Дин улуғларининг қадимдан қолган соф, холис китобларини ўқиб, зикр ва фикрни шуларга қараб тузатиш лозим. Тариқатчилик, шайхлик, муридлик каби номлар пардаси остида иш юритадиган мол ва дин ўғриларига алданмаслик, улардан қочиш керак.
Ҳар бир нарсанинг сохтаси ҳам, ҳақиқийси ҳам бор. “Тасаввуф пардаси остида иш кўраётган мол ва дин ўғриларига алданмаслик керак”, дедик. Тасаввуф олимининг йўқ даражада, яъни жуда оз эканини билдирдик. Зотан, қийматли нарсалар кам, уларнинг сохталари эса кўп бўлади. Биз барча нашрларимизда тасаввуф улуғларининг ҳаётларини, маноқибларини ҳикоя қилиб берамиз. Тасаввуф – авлиёлик демакдир. Тасаввуфга ҳеч ким қарши чиқа олмайди. Ҳақиқий тасаввуфга қарши чиқиш – мусулмонликка қарши чиқиш деганидир. Аммо сохта сўфиларга қарши чиқиш ҳар бир мусулмонга лозимдир.
Тасаввуфни, яъни тариқатни ўрганишдан аввал илм ўрганиш керак. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Бир соат илм ўрганиш ёки ўргатиш – саҳаргача ибодат қилишдан кўра савоблироқдир”. (Абу Нуайм)
Бадраддин Сарҳандий ҳазратлари айтдилар:
Имоми Раббоний ҳазратларидан Бухорий, Мишкот, Ҳидоя, Шарҳи Мавоқиф китобларини ўқидим. У киши ёшларни илм ўрганишга тарғиб қилар, “Аввал илм, кейин тасаввуф”, дер эдилар. Менинг илмдан қочиб, тасаввуфдан завқ олаётганимни кўргач, ҳолимга раҳм қилиб: “Китоб ўқи, илм ўрган, жоҳил сўфи шайтоннинг қўғирчоғи бўлади, рутбат-ул-илми аъларрутаб, яъни мартабаларнинг энг юксаги – илм мартабасидир”, дедилар. (Ҳадарот-ул-қудс)
Бир мухлисимиз узун мактубида қисқача шундай дейди: “17 ёшли қизман. Мактабда бир дугонам менга бир тариқатга киришни тавсия қилди. Унинг тавсиясига биноан бир тариқатга кирдим. Хўжа деб атайдиганимиз ушбу шахс менга маълум тасбеҳларни айтишимни буюрди. “Сен қазо намозларини ўқима. Бунинг жавобгарлигини ўз бўйнимга оламан”, деди. Кейинчалик устоз, хўжа эмас, балки сеҳргар эканини билганим ушбу одам менга ширинликлар ва шунга ўхшаш нарсалар едирди. Иссиқ-совуқ [жоду] қилган экан. Менга яқин бўлишга ҳаракат қилар, мени қучоқлар эди. Вақт ўтиши билан яхши дўстларимдан ва динимдан совушни бошладим. Энди намоз ўқишни ҳам ташлаб қўйдим. Мусиқага жуда берилиб кетдим. Ёмон одам бўлиб қолишимга сабаб бўлган бу сеҳрдан қандай қутулишим мумкин?”
Жавоб: Бунга ўхшаш электрон хатларни жуда кўп оламиз. Нақшбандий, Қодирий, Рифоий каби номлар ортига яшириниб, тариқат номи остида инсонларни ёмон йўлларга бошлайдиганлар кун сайин кўпайиб бормоқда. “Сизлардан намозни соқит қилдим, гуноҳингиз менинг бўйнимга”, дейдиган адашганларнинг тузоғига тушмаслик учун, аввало, динимизни яхши билишимиз керак.
Агар гули сўлаётган ушбу қиз, бегона эркак билан бир хонада ёлғиз қолишнинг, у билан гаплашишнинг, қўлини ўпишнинг ҳаром эканини, пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч бир аёлга муборак қўлларини ўптирмаганларини, ҳеч кимда гуноҳларни кечириш ваколати йўқлигини билганида эди, бошига бундай оғир кўргуликлар тушмасди.
Мусиқа, ҳар қандай чолғу асбоби инсонни худди ароқхўр ёки гиёҳванд каби ғафлат ичида, мудраб қоладиган қилиб қўяди. Шу тариқа, нафсларни жунбушга келтириб, абадий саодатдан маҳрум бўлишга сабаб бўлади. Ислом дини инсонларни ушбу офатдан, бу чексиз фалокатдан асраш учун мусиқанинг зарарли турларини ҳаром қилган ва тақиқлаган.
Мусиқадан узоқ туришга ҳаракат қилинг. Ҳар бир қийинчиликнинг чораси – намоз ўқишдир. Намозни тўғри адо этсангиз, ҳар қандай ёмонликдан узоқлашган бўласиз. Ҳаромнинг ҳар қандай туридан қочишингиз ва ёмон дўстлардан узоқ юришингиз лозим.
Озарбайжон–Бокудан бир мухлисимиз узун мактуб ёзибди. Бокуда бир адашган тариқат шайхи бор экан. Ушбу шайхнинг кўплаб бузуқ қарашларини билдирибди. Пок инсонларнинг ҳам бу шайхнинг қурбонига айланишидан хавфсирамоқда. “Ҳеч бўлмаса бир нечасига жавоб ёзинг, шайхнинг адашган экани ўртага чиқсин”, демоқда.
1. Бузуқ шайх, “Ҳар бир нарса каби гуноҳни ҳам ишлатувчи Аллоҳу таолодир. Шунинг учун гуноҳ ишлаганларни хуш кўриш керак”, деяётган экан.
Аллоҳу таоло, “Ёмонлик қилманг, гуноҳ ишланманг”, деб буюрган. Астағфируллоҳ, агар Ўзи гуноҳ ишлатувчи бўлса, нега “гуноҳ ишламанг” деб буюрсин?
2. Бузуқ шайх “Ҳар бир нарса Аллоҳу таолонинг бир парчасидир”, деяётган экан. Бундай дейиш ҳам куфр бўлади.
3. Бузуқ шайх “Кўпчилик айб санамаган нарса гуноҳ бўлишдан чиқади”, деяётган экан. Бу ҳам зиндиқларнинг сўзи. Бугун дунёнинг кўп қисми ичкиликни гуноҳ деб ҳисобламайди дея, ичкилик гуноҳ бўлишдан чиқадими? Бутун инсонлар нима деса десин, Аллоҳу таоло ҳаром қилган бўлса, ҳаромдир. Пайғамбаримиз билдирган бўлсалар, ҳаромдир.
4. Бу бузуқ “Кофир хор кўрилмаслиги керак”, деяётган экан. Қуръони каримда кофирларга қарши кўплаб ояти карималар бор. Пайғамбаримиз нима учун кофирларни хор кўриб, улар билан жанг қилдилар?
5. Яна у “Қурбонлик қилиш – нафсни қурбон қилишдир”, деб қурбонлик буйруғини инкор этаётган экан. Исломиятда қурбонлик қилиш бўлмаса, пайғамбаримиз нима учун қурбонлик қилганлар ва қурбонлик қилишни буюрганлар?
6. Шайхликни даъво қилаётган бу бузуқи реинкарнацияга ишонади. Ваҳоланки, бунинг куфр эканини аввал ҳам билдирган эдик.
7. Яна у “Жаннат ва жаҳаннам бу дунёда”, деяётган экан. Бу қараш ҳам Қуръони каримни инкор қилиш бўлади.
Кўпи ҳуруфийлик ишончига ўхшайдиган бузуқ қарашлардан бир нечаси шулардир. Демак ҳамма жойда инсонларни тўғри йўлдан оздирадиган шайтон малайлари бор экан. Динимизни яхшилаб ўрганмасдан туриб, қизиқиш учун бўлса ҳам, ҳар қандай шайх билан кўришиш тўғри эмас. Тариқат динга зид бўлмайди. Ҳар бир нарсанинг сохтаси чиққанидек, кунимизда сохта тариқатлар жуда кўп. Бугун қилинадиган иш – илгари ёзилган ислом олимларининг китобларини ўқишдир.
Савол: Бегона эркак билан бегона аёл охират биродари бўлиши мумкинми? Қўшнимиз бўлган бир аёл бир эркак билан охират биродари бўлиб олибди. Бир хонада бирга қолиб, еб-ичиб ўтиришади. “Номаҳрамлик шартлари ўртадан кўтарилгани учун бизга гуноҳ бўлмайди” ва “Биз айни пайтда тариқатдошмиз”, дейишмоқда. Ушбу масаланинг динимиздаги ўрни қандай?
Жавоб: Бир эркак бегона аёлга “Сен билан охират биродари бўлайлик”, деса ёки бир эркак бошқа эркакка, “Охират биродари бўлайлик”, деса ва ака-укадек яшасалар, улардан бири иймонли, наригиси иймонсиз вафот этса, бири жаннатга, бошқаси жаҳаннамга кетади. Иймонлининг иймонсизга ҳеч қандай фойдаси тегмайди.
Агар икки киши шунчаки дўст бўлса, улардан бири солиҳ, наригиси фосиқ мусулмон бўлса, солиҳ киши охиратда фосиқ дўстига шафоат қилади. Шунинг учун солиҳлар ва ҳаромдан қочадиган кимсалар билан дўстлашиш керак!
Бир эркак бегона аёл билан “охират биродари” бўлиб олиб, у билан ёлғиз қола олмайди. У аёл унга барибир бегонадир. У билан уйланиши мумкин. “Ўртадан номаҳрамлик шартлари кўтарилади” дейиш – динсизлар, мулҳидлар ва зиндиқлар тўқиб чиқарган нарсалардир. Никоҳ бўлмасдан туриб ҳеч бир бегона аёл эркакка ҳалол бўлмайди. Бир хонада ёлғиз иккови қолишлари ҳаром бўлади.
Абдулқодир Гейлоний, Аҳмад Рифоий, имоми Раббоний ҳазратлари каби тасаввуф улуғлари даврида уларнинг йўлидан юрадиган тариқат аҳли бор эди. Ҳозирги кунда эса, уларнинг номини ниқоб қилиб олиб, тариқат номи остида турли расвогарчиликларни содир этаётган кимсалар кўпайди. Бундай кимсалар динимизни бузишга, йўқ қилишга уринаётган бузуқлардир. Ислом олимлари билдирган йўлдан айрилган кимса залолатга қулайди. Динимизнинг ҳукмлари очиқ-ойдиндир. Ҳаром маълум, ҳалол маълумдир. Ҳеч ким ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром қила олмайди. Ҳаромни ҳалол деган киши кофир бўлади. Исломиятда дин биродарлиги бор. Дин биродари билан ҳам уйланиш мумкин. Охират биродари бўлиш ҳам дин биродари бўлиш демакдир. Киши охират биродари билан ҳам уйланиши мумкин. (Ҳадийқа)
Савол: Тариқат динга зид бўладими? Бирор жойга боришим керакми?
Жавоб: Тариқат динга зид бўлмайди. Ҳар бир нарсанинг сохтаси чиққанидек, кунимизда сохта тариқатлар кўпдир. Бугун қилинадиган иш – илгари ёзилган ислом олимларининг китобларини ўқишдир. Аввало динимизнинг буйруқларини яхши ўрганиш лозим. Бидъатларни ва ҳаромларни диннинг буйруғидек бажариб юрамиз-у, ўзимизнинг бундан хабаримиз бўлмайди. Ислом олимларининг китобларини ўқишда давом этишингиз кифоядир. Бирор жойга боришингиз шарт эмас.
Савол: Авлиё билан авлиёлик даъво қилаётган сохтакорни бир-биридан ажратиш мумкинми?
Жавоб: Авлиёни авлиёлик даъво қилувчи ёлғончилардан ажратиб турадиган энг очиқ фарқ – унинг бутун сўз ва ҳаракатлари динга мувофиқ бўлишидир. Авлиёнинг ҳузурида бўлганларда Аллоҳ севгиси кучаяди, ҳаромлардан совуйдилар. Аммо бугун дунёда бундай солиҳ кишиларни топиш қийин. Ҳақиқий пулни билмайдиган одам сохтасини қўлга киритганда, уни ҳақиқийсидан ажратиши осон бўлмайди. Бундан фойдаланган ёлғончилар ўзларини сувга тушган балиқдек ҳис этмоқда. Буларни яхши таний олиш учун динимизни яхши билиш керак. Сўзи ва ҳаракати динга тўғри келмайдиган кимса, авлиё бўлиш нари турсин, ҳатто солиҳ мусулмон ҳам бўла олмайди.
Савол: Динга амал қилишда сустлик қиладиган, ҳатто бидъат аҳли бўлган кимсалардан кароматга ўхшаш ғайритабиий ҳолатлар содир бўлмоқда. Бундай кимсалар каромат аҳли саналадими?
Жавоб: Муҳаммад Маъсум Форуқий ҳазратлари билдирадики, Расулуллоҳга эргашишда суст бўлганларни, Унинг нурли йўлидан айрилганларни дин арбоби деб ўйламангиз! Уларнинг ялтироқ ёзувларига ва оташин нутқларига алданмангиз! Яҳудийлар, христианлар ва буддавийлар ҳам ширин ва ёқимли сўзлар, ҳийлали мантиқлар билан ўзларининг тўғри йўлда эканликларини, инсонларни яхшиликка, саодатга чақираётганликларини билдирмоқда.
Абу Умар бин Нажиб ҳазратлари “Амал қилинмаган илмнинг эгасига зарари фойдасидан кўра кўпроқдир”, деди.
Бутун саодатларнинг йўли исломиятдир. Қутулиш йўли Расулуллоҳнинг изидан боришдир. Ҳақ билан ботилни ажратадиган аломат – Расулуллоҳга эргашишдир. Унинг динига тўғри келмайдиган ҳар бир сўз, ҳар бир ёзув ва ҳар бир иш қийматсиздир. Ғайритабиий ҳодисалар очлик ва риёзат чекиш орқали ҳам ҳосил бўлади. Бу фақат мусулмонларга хос эмас.
Ибн Муборак ҳазратлари “Мустаҳабларни бажаришда сустлик қилган кимса суннатларни адо этолмайди. Суннатларни бажаришдаги сустлик эса фарзларнинг бажарилишини қийинлаштиради. Фарзларда сустлик қилган кимса эса маърифатга, Аллоҳу таолонинг ризолигига эриша олмайди”, деди. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда “Гуноҳ ишлаш инсонни куфрга судрайди”, деб буюрилган.
Авлиёларнинг улуғларидан Абу Саид Абулхайрдан сўрадилар: “Фалончи сув устида юраркан. Бунга нима дейсиз?” У “Бунинг қиймати йўқ. Ўрдак ва бақа ҳам сувда сузади”, деди. “Фалончи ҳавода учяпти”, дедилар. У, “Пашша ва калхат ҳам учяпти. Пашшачалик қиймати бор”, деди. “Фалончи бир лаҳзада у шаҳардан бу шаҳарга боряпти”, дедилар. У, “Шайтон ҳам бир нафасда шарқдан ғарбга боради. Бундай нарсаларнинг динимизда қиймати йўқ. Мард бўлган киши одамларнинг орасида бўлади. Олди-сотди қилади, уйланади, аммо бир лаҳза ҳам Раббини унутмайди”, деб билдирди. (2/110)
Энг яхши инсон, динимизга энг бўйсунган кишидир. Баъзи гўзал хулқларга эга бўлган киши ҳам яхши инсондир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Тавозели бўлган, қозончини қалолдан топган, хулқи гўзал бўлган, ҳаммага юмшоқ муомалада бўладиган ва ҳеч кимга ёмонлик қилмайдиган киши яхши инсондир”. (Барийқа)
“Бундан менга зарар келмайди” дейиладиган, ҳузурига ҳеч бир хавфсирамай бориладиган кимса яхши инсондир. Қўполлик қилади, қалбни синдиради деган андиша билан ёнига яқинлашилмайдиган кимса эса ёмон инсондир. Ҳадиси шарифда буюрилдики:
“Инсонларнинг энг ёмони – зараридан қутулиш мақсадида ёнига яқинлашилмайдиган кишидир”. (Бухорий)
Савол: Етарли илм ва амал соҳиби бўлган кишидан каромат кўриниши мумкинми?
Жавоб: Ихлос соҳиби бўлиш ҳам шартдир. Агар илми ва амали билан ғурурланадиган бўлса, фалокатга дучор бўлади. Ихлоссиз ёки бидъат аҳли бўлган кимсада ғайритабиий ҳолатлар юз бераётган бўлса, булар каромат эмас, истидрождир, жуда хавфлидир. Шунинг учун шайхлик даъво қилувчи сохта олимлардан кўриниб турадиган ғайритабиий ҳолатларни каромат деб ўйламаслик керак.
Илмининг, амалининг кўплиги билан манманликка берилган кимса маърифат соҳиби эмасдир. Масалан, жин тоифасидан бўлган Иблис фаришталардан ҳам устунроқ билимга эга эди, уларга устозлик қиларди. Бироқ у нотўғри қиёс қилди. Олов тупроқдан кўра хайрлироқ (афзалроқ) эканини айтди. Аллоҳу таоло нотўғри буйруқ берганини даъво қилиб, Унга исён этди. Кибрланган Иблис шу тариқа Аллоҳу таолонинг ғазабига учраб, лаънатга лойиқ бўлди. Раҳмат даргоҳидан абадий ҳайдалди. (Ислом олимлари энциклопедияси)
Савол: Ҳақиқий тариқатлар ва муршиди комиллар кўп бўлган даврларда тариқатга кириш фарзмиди? Агар фарз бўлган бўлса, бугунги кунда ўша бўшлиқни қандай тўлдиришимиз керак?
Жавоб: Тариқатга кириш фарз эмас, мустаҳабдир. Ахлоқ илмларини ўрганиб, қалбни поклашга ҳаракат қилиш лозим. Ушбу билимларни ўрганиб, уларга амал қилиш билан қалб тозаланади. Агар қалбни поклаш фақатгина тариқат орқали бўлганида эди, тариқатга кириш ҳам вожиб бўларди. Қалбни поклашнинг йўллари кўпдир. Қалбнинг покланиши вожиб, “Ислом аҳлоқи” китобидаги билимларни ўрганиш эса, фарздир. Мустаҳабни бажариш орқали вожиб адо этилади, лекин бу қийин. Фарз бажарилганда эса, вожиб ўз-ўзидан адо этилган бўлади. Шу сабабли, кунимизда тўғри китобларни ўқиш, ўқийдиганлар билан бирга бўлиш ва агар бор бўлса, амирга ҳам итоат қилиш лозим. Бугунги кундаги адашган тариқатлардан бирига кирган кимса динини бузган ва ўзини хавф остига қўйган бўлади. Бу тариқатларнинг адашган ёки адашмаган экани аҳли суннат олимларининг китобларига мувофиқ келиш-келмаслигидан билинади. Масалан, агар тариқат шайхи маҳдий эканини даъво қилаётган бўлса, тўрт мазҳабдан бирига эргашмаётган бўлса, саҳобаи киромларнинг баъзиларини ёмонлаётган бўлса, ҳаром бўлган мусиқани мубоҳ деб ҳисоблаётган бўлса, у кимсанинг тўғри йўлда эмаслиги англашилади.
Савол: Маломийлик нима?
Жавоб: Илгари муносиб тариқатлар бўлгани каби маломийлик (маломатий)ҳам дуруст эди. Қадимги маломийлар ибодатларининг кўринишига аҳамият бермасди. Ҳаммага ширин сўзлаб, кулиб боқиб, қалбларни забт этишга уринарди. Нафл ибодатларни қилмас, фарзларга қаттиқ диққат қаратардилар. Дунёга берилмаган эди. Буларни қаландар деб ҳам аташарди.
Маломатийларнинг бугунги ёлғончи тақлидчилари эса, ҳар турли гуноҳларни қилади. “Қалбларимиз тоза, ҳар бир ишни Аллоҳ ризоси учун қиляпмиз. Риёдан, хўжакўрсиндан қутулиб, холис Аллоҳнинг одами бўлиш учун гуноҳ қиляпмиз. Аллоҳу таолонинг ибодатга эҳтиёжи йўқ. Бандаларнинг гуноҳ қилиши Унга ҳеч қандай зарар, зиён етказмайди. Асл гуноҳ – махлуқотларни хафа қилиш, жонни оғритишдир. Ибодат эса, инсонларга яхшилик, эҳсон қилишдир”, дейишади. Булар – динсиз зиндиқлардир.
Бугунги кунда маломийларнинг бир шайхлари бор. Унинг ҳузурида бир-икки дақиқа ўтирган кишининг қалби “Аллоҳ” дермиш. Кўнгилда ичилган шароб билан дарров мастдек бўлиб қолармиш. Шоҳ томиридан ҳам яқин бўлган Аллоҳнинг борлигини ҳис қилиб, У билан бирга яшармиш. Ўз нафсидан (ўзидан) устун бўлган ҳеч қандай таъсир ва ваколатни тан олмасмиш. Фақат ўз вужудида кўриб-ҳис қилганларига ишониб, бошқа нарсага ишонилмасмиш. Ўз борлиғидан ва ўз яккалигидан бошқа борлиқ йўқмиш. Бу сўзлар Аллоҳу таолони инкор қилиш бўлиб, куфрдир, зиндиқликдир. (Саодати Абадия)
Савол: Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратлари, “Тариқатга кирган кимса ўз вазифаларини давом эттирмаса, тариқатдан чиққан бўлади”, деб билдиради. Нима учун тариқатдан чиққан бўлади?
Жавоб: Ўша улуғ зотнинг даврида ҳақ тариқатлар бор эди. Тариқатга кириш мустаҳаб эди. Инсон тариқат воситасида динини ўрганишга ҳаракат қиларди. Муршиди комил бўлган шайхлар муайян бир зикр ва вазифа берардилар. “Шуларни егин, мана буларни емагин, мана шунча зикр айт!” дейиларди. Мурид ҳам буни қабул қиларди. Кейинчалик буни бажармаса, берган ваъдасида турмаган ҳисобланарди. Улуғларнинг сўзини тутмаган киши эса, уларнинг йўлидан чиққан бўларди.
Мусулмон киши ҳам мусулмондек инонмаса ва иймонининг тақозосини бажармаса, у ҳам мусулмонликдан чиқади. Ҳақ мазҳабга мансуб бўлган киши ҳам мазҳаби билдирган ҳукмларга бўйсунмаса, мазҳабидан чиққан, мазҳабсиз бўлиб қолган бўлади.
Савол: Илгари мусулмонлар ўз динларини, ватан туйғусини мадрасаларда, даргоҳларда ўрганишарди. Хўш, кейинчалик улар нима бўлди?
Жавоб: Усмонийлар даврида ёшлар динларини ва ватан севгисини ўрганиш учун бир олимнинг, бир валийнинг атрофига тўпланишарди. Улуғ олимлар кўрсатган ушбу йўлга тариқат дейилди. Тариқатлар ҳар томонга ёйилди. Мусулмон ва ватанини севадиган ёшлар кўпайди. Давлатларни қўлга киритган масонлар бу ҳолатни кўргач, тариқатлар орасига динсиз кимсаларни аралаштирдилар. Ҳақиқий мусулмонлар камайиб, тугагач, тариқатлар динсизларнинг, ахлоқсизларнинг қўлида қолди.


