Тасаввуфнинг келиб чиқиши
Савол: Ваҳҳобийлар ва уларга алданган баъзи бидъат аҳли авлиёлар йўлини, яъни тасаввуф ва тариқатни назарда тутиб, "булар кейинчалик чиққан, бидъат", демоқда. Тасаввуфнинг динимиздаги ўрни нимадан иборат?
Жавоб: Бу борада Муҳаммад Маъсум Форуқий ҳазратлари шундай деганлар:
Зоҳирдаги камолот ва маънавий мақомларнинг барчаси Расулуллоҳ алайҳиссаломдан келади. Зоҳирий камолотга, юксалишга сабаб бўладиган буйруқ ва тақиқларни бизга дин олимлари билдирди. Қалбнинг, руҳнинг тозаланишига хизмат қиладиган махфий илмларни ва қалб ишларини тасаввуф буюклари бизга етказди. Қалбга ва баданга фойдали бўлган барча билимларимиз Расулуллоҳдан келади.
Ҳазрати Умар вафот этгач, ўғли ҳазрати Абдуллоҳ: “Илмнинг ўндан тўққизи кетди”, деди. Баъзиларнинг бу сўздан ҳайратланганини кўргач: “Мен айтган илм, ҳамма биладиган таҳорат ва ғусл каби маълумотлар эмас, Аллоҳу таолони танитадиган илмлардир”, деди.
Тасаввуф Расулуллоҳнинг йўлини кўрсатади. Тасаввуф буюклари ўз устозлари воситасида Расулуллоҳга боғланганлар. У зотларнинг иш усуллари кейинчалик тўқилган нарсалар эмас. "Фано", "бақо", "жазба", "сулук", "сайри илаллоҳ" ва шу каби номлар кейинчалик берилган бўлса-да, бу номлар ифодалайдиган маъноларнинг барчаси Расулуллоҳ алайҳиссаломдан келади.
“Нафаҳот” китобида билдирилганидек, фано, бақо каби номларни илк бор билдирган зот Абу Саид-ул Харроздир. Зикр ҳам Расулуллоҳдан келган. Расулуллоҳ алайҳиссаломга пайғамбарлик билдирилишидан олдин ҳам муборак қалблари билан зикр қилганлар. Расулуллоҳнинг кўп вақт сукут сақлаганлари, жим, тафаккурга берилиб турганлари дўст-душман ҳамма тарихчининг китобида ёзилган. Бундай ҳолатда бўлиш, номлари кейинчалик чиққан нарсаларнинг Расулуллоҳда ҳам мавжуд бўлганини кўрсатади. Бу номлар ҳадиси шарифларни изоҳлаш учун қўйилган. Масалан, тафаккур – фикрни ботилдан ҳаққа қараб буриш бўлиб, “Бир оз вақт тафаккур қилиш минг йиллик нафл ибодатдан фойдалироқдир” ҳадиси шарифидан олинган.
Агар: “Тасаввуфдаги усуллар, вазифалар ва қўлга киритиладиган ютуқлар Расулуллоҳдан келганида эди, алоҳида-алоҳида тасаввуф йўллари, тасаввуф сархушлиги ва динга мувофиқ бўлмаган нарсаларни сўзлаш бўлмас эди”, дейилса, бундай турли сўз ва ҳолатлар инсонларнинг истеъдодлари [қобилиятлари] турлича эканидан келиб чиқади. Расулуллоҳдан келадиган нисбатда, файз ва таъсирда ҳеч қандай фарқ йўқ. Фақат бунинг турли инсонларга ва турли мижозларга таъсири турлича бўлади. Ҳатто бир инсоннинг ўзида ҳам турли вақтларда ҳолат ва мижоз ўзгариб туради.
Барча камолот Расулуллоҳдан келади. Лекин ҳар кимнинг яратилиши ва тайёргарлигига қараб ҳар хил таъсир қилади. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида ҳам ҳар кимнинг истеъдодига қараб гапирар, маъно ва сирларни ҳар хил тақдим этардилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳазрати Абу Бакрга нозик илмларни тушунтираётганларида, ёнларига ҳазрати Умар келгач, сўзни ўзгартирдилар. Кейин ҳазрати Усмон келгач, сўзни янада ўзгартирдилар. Ҳазрати Али келганида эса бошқача тушунтиришни бошладилар. Чунки ҳар бирининг истеъдоди турлича эди. (5/59)
Ло илоҳа иллаллоҳ демоқ
Тасаввуфда энг кўп “Ло илоҳа иллаллоҳ” калимаи тоййибаси айтилади. “Сўзларнинг, зикрларнинг энг афзали ва фойдалиси – Ло илоҳа иллаллоҳ демоқдир” ҳадиси шарифи қуёш каби ҳар ерда нур сочиб турган бир пайтда, буни айтишни “кейинчалик пайдо бўлган” деб бўладими? Тасаввуф дегани бу суннати санияга ёпишиш ва бидъатлардан сақланиш демакдир.
Шундай экан, “Тасаввуф саодат замонида йўқ эди, кейин пайдо бўлди”, деган кимса агар суннати санияни йўқ қилмоқчи бўлган бир ислом душмани бўлмаса, унда манфаат топиш ва жоҳилларни алдаш учун шайхлик ниқоби остида исломга тўғри келмайдиган ёмонликларни қилаётганларни назарда тутаётгандир. Бундай “тасаввуфчилар” қанча ёмонланса, шунча кам. Бу ёмон кимсалар мусулмон бўлиб кўрингани учун мусулмонликни ёмонлаш мумкинми? Талабасига ёмонлик қилган ўқитувчи бор деб, ўқитувчилик касбига ёмон деб тамға босиладими? Ҳа, баъзи жоҳиллар, ахлоқсизлар [ва миссионерлар] шайх, пир қиёфасига кирдилар. Тасаввуф номи остида ҳар қандай ёмонликни қилганлар бўлди. Лекин уларга қараб, Расулуллоҳнинг суннатига ёпишган, ҳар қандай ёмонликдан сақланган Аллоҳ одамларига тил теккизиш жуда нотўғридир.
Тасаввуф аҳли айтдиларки:
Яхши одам ҳам, ёмон одам ҳам яхшилик қилиши мумкин. Ёмонлик қилмаслик эса, фақат Аллоҳ одамларига хос хусусиятдир. Сиддиқлар гуноҳ иш қилмайди. (Мактуботи Маъсумия, 2/106)
Аллоҳу таолога қовушиш, Унга яқинлашиш, Уни таниш, Уни севиш, файз олиш, нурланиш, ориф бўлиш, ботиний илм соҳиби бўлиш каби нарсаларнинг ҳаммаси қалб орқали амалга ошади. Буларга ақл етмайди, тушунолмайди. Аллоҳу таоло ҳар бир нарсага эришиш учун бир сабаб яратган. Бир нарсага эришиш учун ўша нарсанинг сабабига мурожаат қилиш лозим. Юқорида айтилганларга эришишнинг сабаби қалбни “мосиво”дан [Аллоҳдан бошқа нарсалардан] тозалашдир. Махлуқларнинг борлигини ва севгисини қалбдан чиқаришдир. Бунга “фано-и қалбий” дейилади. Агар қалб Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсани бутунлай унутса, юқорида билдирилган нарсалар қалбга ўз-ўзидан тўлади. Қалб кўринмайдиган, ушлаб бўлмайдиган нарсадир, яъни модда эмас, жой эгалламайди. Унинг юрак деб аталадиган гўшт парчаси билан алоқаси бор. Худди ақлнинг мия билан бўлган алоқаси каби. Шишага ҳаво киритиш учун тер тўкиш шарт эмас, ичидаги суюқликни бўшатиш кифоя. Шишадаги суюқлик бўшатилгач, ҳаво ўз-ўзидан киради. Қалб ҳам шундай. Махлуқларнинг севгиси, ҳатто фикрлари қалбдан чиқарилса, Аллоҳ севгиси, файз, нур ва маърифат ўз-ўзидан қалбга келади. Қалбни махлуқлардан тозалашга сабаб эса, Аҳли суннат эътиқоди, ҳаромлардан сақланиш, фарз ва нофила ибодатларни бажаришдир. Нофила ибодатлар ичида таъсири энг кучли ва тез бўлгани – зикр қилиш ва Аллоҳу таолонинг валийларидан бири билан бирга бўлишдир.
Файз олиш учун шу файзга эришган солиҳ бир кишини топиш, уни севиш ва унинг ҳузурида етишиш лозим. Ваҳҳобийларнинг “Фатҳул мажид” китоби ҳам бунинг лозимлигини билдирган. 335-саҳифасида: “Аллоҳу таолонинг севгисига эриштирувчи ўнта сабабдан тўққизинчиси – Аллоҳнинг содиқ севувчилари ҳузурида бўлишдир. Уларнинг сўзларини тинглаб фойдаланишдир. Уларнинг ҳузурида кам гапиришдир”, дейилган. Бундай солиҳ бандалар “Муршиди комил” ёки “Раҳбар, пир” деб аталади.
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Ҳар бир нарсанинг манбаи бор. Тақвонинг манбаи – орифларнинг қалбларидир”. (Табароний)
“Олимнинг ёнида бўлиш ибодатдир”. (Дайламий)
“Зикр садақадан фойдалироқдир”. (Ибни Ҳиббон, Байҳақий)
“Зикр нофила рўзадан хайрлироқдир”. (Дайламий, Байҳақий)
“Ҳар бир дарднинг шифоси бор. Қалбнинг шифоси – Аллоҳу таолони зикр қилишдир”. (Дайламий, Байҳақий, Муновий)
“Даражаси энг юқори бўлганлар – Аллоҳу таолони зикр этувчилардир”. (Байҳақий)
“Аллоҳу таолони кўп зикр қилган кишини Аллоҳу таоло севади”. (Байҳақий)
Тасаввуф – зикр қилиш, орифларни эслаш, уларни севиш ва Расулуллоҳнинг йўлига маҳкам ёпишишдир. Бу ва шунга ўхшаш ҳадиси шарифлар ҳамда улар асосланган ояти карималар тасаввуфни амр этмоқда. Бундай тасаввуфни ёмонлаб бўладими?
Савол: Китобларда Нақшбандия ёки Қодирия йўли билан Аллоҳга етишганлар борлиги ёзилган. Аллоҳга етиштирувчи йўллар кўпми?
Жавоб: Нажмиддин Кубро ҳазратлари: “Инсонларни Аллоҳу таолога етиштирувчи йўллар инсонларнинг сони қадар кўпдир”, деб айтганлар. Бу сўз толибларни етиштириш йўлларини билдирмоқда, йўқса эътиқодларида ҳеч қандай айролик йўқ. Барча авлиёларнинг эътиқоди ва иймони бирдир. Ҳаммаси Аҳли суннат вал жамоат эътиқодидадир. Ҳунармандларнинг турли иш соҳаларига бўлиниши қандай раҳмат бўлса, бу ҳам шундай; лекин эътиқодда бўлиниш ва парчаланиш бундай эмас. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Жамоат раҳматдир. Айрилиш эса азобдир”, деб марҳамат қилганлар.
Ҳар бир нарсадан, ҳар бир махлуқдан Аллоҳу таолога борадиган бир йўл бор, чунки ҳар бир махлуқнинг ўзи ва сифатлари Унинг қудратининг асаридир. Бу асарларнинг Соҳибини топган заковатли киши ўша йўлни ва ўша маънавий боғни кўради ва тушунади. “Аллоҳу таолонинг ризосига, маърифатига олиб борувчи йўллар махлуқларнинг сони қадардир”, деган сўз ҳам тўғридир. Бу йўлларнинг барчасидан мақсадга етишиш ислом аҳкомларини бажаришга боғлиқ. Барча йўлларнинг бошланиши Исломиятдир. Яъни Исломият бир дарахтнинг танасига ўхшайди. Барча тасаввуф йўллари эса шу дарахтнинг шохлари, томирлари, новдалари, барглари ва гуллари кабидир. (Мактубот-и Маъсумия)
Бу буюкларнинг китобларини ўқиш суҳбатнинг ярмидир. Яъни, бир буюк зотнинг китобини севиб ўқиган киши унинг суҳбатида бўлгандек ундан фойдаланади.


