Дунёда авлиёлар бор
Савол: “Саодати Абадия” китобида ҳижрий 14-асрнинг ярмидан кейин дунёнинг ҳеч бир ерида валий кўрилмагани билдирилиб: “Ҳеч бир ислом ўлкасида тасаввуф олими йўқ кабидир”, деб ёзилган. Яъни, ҳозирги вақтда дунёда авлиё йўқ, демоқчими?
Жавоб: Ундай эмас, “йўқ” дейилмаяпти, “йўқ кабидир” дейилган. Абдулғани Наблусий ҳазратлари айтдиларки:
“Авлиёни инкор қилиш, диннинг бирор ҳукмини инкор қилиш каби куфрдир. Аллоҳу таоло Анбиёсини ва авлиёсини бошқалардан устун тутган, бошқаларга бермаган каромат ва мўъжиза каби ноёб ҳодисаларни бу зотларга эҳсон этган”. (Ҳадийқа)
Дунёда, албатта, авлиё бўлади. Дин китобларида “бирлар”, “учлар”, “еттилар”, “қирқлар”, “беш юзлар” деб номланган авлиёлар бор. “Абдол” деб аталган авлиёлар ҳар доим бўлади. Учта ҳадиси шариф мазмуни қуйидагича:
“40 кишидан иборат бўлган абдолларнинг баракоти билан душман устидан ғолиб келасиз ва балолардан қутуласиз”. (Ибн Асокир)
“Ҳар асрда солиҳлар бўлади. Улар беш юз киши бўлиб, қирқтаси абдолдир”. (Абу Нуайм)
“Ер юзида ҳар доим [абдоллардан] қирқ киши бўлади. Ҳар бири Иброҳим алайҳиссалом каби баракотлидир. Уларнинг баракоти билан ёмғир ёғади”. (Табароний)
Бу авлиё зотларни ҳамма ҳам таниши, албатта, қийин. Зотан, “мен авлиёман” деган киши валий эмас. Авлиё ўзини яширади. Шунинг учун авлиёни таниш мушкил. Бугун очиқчасига “мен авлиёман” дейдиган фирибгарлар кўп. Ҳатто баъзи кимсалар: “Бизнинг устозимиз хотамул–авлиёдир (охирги валийдир). Энди бошқа валий келмайди”, дейишади. Уларнинг бу гапи ҳам нотўғри.
Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари бундай деганлар:
“Бу замонда беш вақт намозини ўқийдиган, ҳаромлардан сақланадиган киши умумий авлиёлик синфига дохил бўлади. Яна бир хусусий авлиёлик ҳам борки, бу тасаввуф йўлида илгарилаганларга Раббимизнинг эҳсон этган даражаларидир. Мана, бу замонда бундай авлиёлар йўқ кабидир”.
Ҳақиқий муршид бўлган авлиё қиёматгача мавжуддир. У илм ва ихлос соҳиби бўлган толибларга ўзини танитади. Душманлардан ва аҳмоқлардан ўзини яширади. Ёмон кимсалар қимматбаҳо нарсаларнинг сохтасини, тақлидини бозорга чиқариб, инсонларни алдашади. Шу тариқа ёмон йўл билан манфаат кўради. Бу кимсалар ёлғонлар билан “истидрож” кўрсатиб, уни каромат деб жоҳилларни алдашади. Мусулмонлар учун энг катта фалокат – уларнинг тузоғига тушишдир. Ўзларининг эса диндан, иймондан, Аҳли суннат олимларининг китобларидан хабарлари йўқ. Сўзлари билан куфр ёйишади. Ҳаракатлари билан ҳаром иш қилишади. Жоҳилларни овлаш билан кун кечиришади. (Ҳақ сўзнинг васиқалари)
Асҳоби киром ва Тобеини изом замонларида авлиёлар кўп эди. Хоҳлаганалар уларни зиёрат қилиб баракатланиб, дуоларини оларди. Охирзамон яқинлашгани сайин куфр аломатлари ва бидъатлар кўпайди. Уламо ва авлиё камайди. Сўнгги вақтларда эса умуман кўринмас бўлиб кетди. (Фойдали билимлар)
“Кўринмас бўлиб кетди” дегани – “йўқ” дегани эмас, балки “ҳамма ҳам кўра олмайди, оз киши билади” демакдир. Афсуски, “кўрилмаяпти, йўқ кабидир” деган ифодаларни рўкач қилиб: “Қаранг, тасаввуф ва авлиё душманлиги қилиняпти”, дейдиганлар чиқмоқда. Бу нотўғри ва туҳматдир. “Саодати Абадия” китоби бутунлай тасаввуф улуғларининг, Аҳли суннат олимларининг ва авлиёларнинг китобларидан таржима бўлиб, уларнинг сўзларидир. Ҳаммаси ўша муборак инсонларнинг китобларидан нақл қилинган. Тасаввуфга ва авлиёга душманлик қилиш иддаоси жуда хунукдир.
Бир нарсанинг сохтасидан қоч дейиш – унинг яхшисидан ҳам қоч дегани эмас. “Ҳақиқий сариёғ олинг, бошқа моддалар аралашганини олманг”, дейиш сариёғга нисбатан ҳақорат бўладими? Аксинча, сариёғнинг аҳамияти билдирилган бўлади. Ҳар бир нарсанинг ҳам сохтаси, ҳам ҳақиқийси бўлади.
Савол: Баъзилар: “Бизнинг устозимиз охирги валий эди, энди бундан кейин авлиё ҳам, муршид ҳам келмайди”, дейишади. Бундай дейиш авлиёларнинг илдизини қуритиш маъносига келмайдими?
Жавоб: Бутун дунёда ҳеч қандай валий йўқлигини айтиш нотўғридир. Қиёмат қойим бўладиган вақтда нафақат авлиё, балки бирорта ҳам мўмин қолмайди. Бугунги кунда ҳам авлиё зотлар камайди, кўринмас бўлиб қолдилар, лекин “асло қолмади” дейилмайди. Ҳар асрда “учлар”, “еттилар”, “қирқлар” каби авлиё зотлар бўлади.
Бундан ташқари, ҳар юз йилда бир динни қувватлантирадиган, бидъатларни йўқ қиладиган мужаддид зотлар келади. Минг йилда бир келадиган мужаддидлар ҳам бор. Икки ҳадиси шариф мазмуни шундай:
“Ҳар юз йилда бир мужаддид келади ва динни қувватлантиради”. (Бухорий)
“Дунё абдоллар соясида оёқда туради. Аллоҳу таолонинг ёрдами уларнинг баракоти билан келади”. (Табароний)
Бу ҳадиси шарифларни инкор қилиш таҳликалидир. Уларни таъвил қилишга уриниш ҳам жоиз эмас.
Ҳазрати Маҳдий ҳам авлиё зотдир. У зот ҳам келадилар. “Келиб кетди” дейдиганларга ишонмаслик керак.
Имоми Раббоний ҳазратлари айтдиларки:
“Қутбул-абдол ёки қутби мадор ҳар доим бўлади. Ҳозир ҳам бор. Расулуллоҳ алайҳиссалом замонларида ҳам бор эди. Уларни “қутбул-ақтоб” ҳам дейишади; уларни ҳеч ким танимайди. Ҳатто баъзан ўзлари ҳам ўзларини билмайди. Қутби иршод эса қайюми оламдир. Ҳар бир одамга рушд [тўғри йўл] ва иймон у воситасида келади. Исломиятни ҳимоя қилади. Ислом дини эгасиз қолмайди. Дин душманлари қўрқмасдан динни йиқишга, ўзгартиришга ҳужум қила олмайдилар”. (3/3)
Қутби абдол, яъни қутби мадор оламда, дунёда ҳар бир нарсанинг бор бўлиши ва борлиқда тура олиши учун файз келишига восита бўлади. Қутби иршод эса оламнинг иршоди ва ҳидояти учун файзлар келишига восита бўлади. Ҳар бир нарсанинг яратилиши, ризқларнинг юборилиши, дард ва балоларнинг даф этилиши, беморларнинг тузалиши, баданларнинг офиятда бўлиши қутби абдолнинг файзлари орқали бўлади. Иймон соҳиби бўлиш, ҳидоятга эришиш, ибодат қила олиш, гуноҳларга тавба қилиш эса қутби иршоднинг файзлари орқали бўлади. Ҳар замонда, ҳар асрда қутби абдол бўлади. Ҳеч қачон усиз бўлиши мумкин эмас, чунки олам у билан низом топади. Улардан бири вафот этса, унинг ўрнига бошқаси тайинланади; фақат Қутби иршоднинг ҳар доим бўлиши лозим эмас. Шундай вақтлар бўладики, олам иймондан ва ҳидоятдан бутунлай маҳрум қолади. (Маориф-и ладунния)


