Авлиёларга тил теккизиш
Савол: Баъзилар Ибни Арабий ҳазратларига номуносиб сўзлар айтишмоқда. Авлиёларга тил теккизиш жоизми?
Жавоб: Имоми Раббоний ҳазратлари “Мактубот” асарида бундай деган:
“Катталаримиз томонидан маъқулланган ва буюк деб билинган Муҳиддин Арабийнинг кўплаб сўзлари аҳли суннатга мос келмаслиги ҳайратланарли ҳолдир. Хатолари кашфда, қалбда пайдо бўладиган маълумотларда бўлгани учун, бунга ижтиҳоддаги хатолардагидек қаралади. Уни улуғ деб биламан ва яхши кўраман. Бироқ, аҳли суннатга тўғри келмайдиган ёзувларини нотўғри ва зарарли деб биламан.
У ҳақида гапирадиганларнинг бир қисми ҳаддидан ошмоқда, яна бир қисми эса бутунлай маҳрум қолмоқда. Авлиёларнинг буюкларидан бўлган М. Арабий ҳазратлари кашфларидаги хатолари туфайли бутунлай рад этилмайди. Унинг ваҳдатул вужуд билими ташқи кўринишдан аҳли суннат эътиқодига мос келмаса-да, уларни мувофиқлаштириш осон. Орадаги фарқ фақат сўз ва ибораларда эканини кўрсатиб бердим”. (м. 266)
“Қиёс ва ижтиҳод диннинг 4 та асосидан биридир. Авлиёларнинг илҳомлари эса, бундай эмас. Буларга эргашиш буюрилмаган. Илҳом фақат соҳиби учун далилдир, бошқалар учун асос эмас. Тасаввуф аҳлининг аҳли суннатга тўғри келмайдиган сўзларига эргашилмайди. Лекин уларга яхши назар билан қараб, тил теккизилмаслиги керак, бундай гапларни шуъурсиз ҳолатидаги сўзлардан деб билиш лозим!” (м. 272)
“Шайхул Акбарни [яъни Ибни Арабийни] жоиз бўлмаган баъзи маълумотлари билан бирга яна мақбул инсонлар қаторида кўраман. У авлиёлар орасидадир. Уни рад этган, ёқтирмаган киши хавф остидадир”. (3–жилд, м. 77)
Имоми Суютий ҳазратлари “Танбиҳул ғабий” китобида Ибни Арабий ҳазратларининг улуғлигини ҳужжатлар билан исботлаган.
Абуссууд афанди ҳазратлари ҳам у кишига тил теккизиш мумкин эмаслиги ҳақида фатво берганлар.
Абдулғани Наблусий ҳазратлари Ибни Арабийдек улуғ бир авлиёга тил теккизиш жоҳил ва ғафлатда қолганларнинг иши эканини, буларнинг бошида эса Ибни Таймия туришини билдирганлар. (Ҳадийқа)
Савол: Ибни Таймия тарафдорлари: “Файласуфларнинг насс [оят ва ҳадис] билан зид бўлган ақлий далиллари уларни такфирдан қутқара олмагани ҳолда, тасаввуф аҳлининг насс билан зид келадиган кашфлари уларни қандай қилиб куфрдан қутқариши мумкин?” деб Ибни Арабий каби баъзи авлиёларни кофирга чиқаришга уринишмоқда. Бу қиёслаш тўғрими?
Жавоб: Тўғри эмас. Қиёслаш тўғри бўлиши учун муштарак ўхшашликлар бўлиши лозим. Дўст билан душман солиштирилмайди. Масалан, Аллоҳу таоло кофирлар учун “ўлик” деб буюрган. Кофир билан мўмин, яъни ўлик билан тирик солиштириладими? Қуръони каримда маолан шундай буюрилган:
“Кофирлар кар, соқов, кўр бўлганлари учун тўғри йўлга келмайдилар”. (Бақара, 18)
“Кўр билан кўрувчи [кофир билан мўмин], қоронғулик билан ёруғлик [ботил билан ҳақ], соя билан жазирама [Жаннат билан Жаҳаннам] бир бўлмайди. Тириклар билан ўликлар ҳам бир бўлмайди”. (Фотир, 19)
Юнон файласуфлари кофир, тасаввуф аҳли эса, Аллоҳу таолонинг дўсти, авлиёсидир. Авлиё билан кофир ҳеч қиёсланадими? Фиръавн ҳам “Мен тангриман” деган, Ҳалложи Мансур ҳазратлари ҳам. Бири кофир, бири мусулмон эди. Мусулмоннинг сўзини таъвил қилиш керак. Намоз ўқийдиган ва диннинг ҳар бир буйруғини бажарадиган бир мусулмон бирор ножўя гап айтган бўлса, унинг таъвилини излаш лозим.
Юнон файласуфлари: “Коинот, худди Аллоҳ каби азалий ва абадийдир, Аллоҳ жузъий нарсаларни билмайди, жисмоний қайта тирилиш йўқ”, каби кўплаб фикрлари туфайли кофир бўлганлар. Ислом файласуфи дейиладиган кимсалар ҳам агар шундай фикрласалар, улар ҳам шу ҳукмга кирадилар. Имоми Ғазолий ҳазратлари бундай фикрдаги дин олимлари ҳам худди шу ҳукмга киришини “Ал-Мунқиз”, “Таҳафут” ва “Илжом” асарларида билдирганлар.
Коинотни азалий ва абадий деб билган файласуфлар куфрга тушганини айтганлари учун имоми Ғазолий ва имоми Раббоний ҳазратлари каби Расулуллоҳнинг меросхўрлари бўлган улуғ олимларга файласуфлар томонидан тил теккизилмоқди. Ибни Рушд файласуфларни ҳимоя қилиш учун имоми Ғазолий ҳазратларини танқид қилувчи китоб ҳам ёзган. Бир файласуф ва Ибни Таймия тарафдори бўлган йигит: “Имоми Ғазолийнинг тўқима ҳадислар устига қурган барча ҳукмлари залолатдир, шунинг учун унинг асарларини ўқиган одам адашади”, деган эди.
Имоми Ғазолий ҳазратларини ёқтирмайдиганлар асосан файласуфлар ва Ибни Таймия тарафдорлари экани кўринмоқда. Нима мақсадда бўлмасин, бу улуғ зотни ёмонлаш асло жоиз эмас. Чунки улуғ олим Ибни Ҳожар Маккий ҳазратлари: “Имоми Ғазолийнинг ёзувларидан айб қидирган кимса ё ҳасадчи, ёки зиндиқдир”, деган. (Ал-иълом би-қавотил-ислом)
Ибни Обидин ҳазратлари айтадилар:
“Имоми Ғазолий ўз замонининг ҳужжатул исломи ва олимларнинг энг устуни эди. Унга тил теккизиган кимса жоҳилларнинг энг жоҳили, фосиқларнинг энг ёмонидир”. (Ал-Уқуд-уд-дуррия)
Котиб Чалабий ҳам бундай дейди:
“Агар барча диний китоблар йўқ бўлиб кетса, имоми Ғазолийнинг китоблари бу бўшлиқни тўлдира олади, ҳатто унинг “Иҳё” китобининг ўзи ҳам кифоя қилади”.
Саййид Абдулҳаким афанди ҳазратлари ҳам: “Имоми Ғазолийнинг “Иҳё” китоби барча олимлар наздида тўғри ва юксакдир. Бир ғайридин киши унинг варақларини яхши кўриб варақласа, мусулмон бўлиш шарафига ноил бўлади”, деган.
Тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих, ахлоқ ва тиб илмига оид уч юздан ортиқ асари бўлган имоми Суютий ҳазратлари “Танбиҳул-ғабий” китобида Ибни Арабийнинг улуғлигини ҳужжатлар билан исботлайди. Жинларга ҳам фатво берган Абуссууд афанди: “Ибни Арабийга тил теккизиб бўлмайди”, деб фатво берган. Фиқҳ, тафсир, ҳадис ва тасаввуфда жуда чуқур олим бўлган Абдулғани Наблусий ҳазратлари, Ибни Арабийдек улуғ бир авлиёга тил теккизиган кимса жоҳил ва ғафлатда эканини, буларнинг бошида эса Ибни Таймия туришини билдиради. (Ҳадийқа)
Тафсир, фиқҳ, тасаввуф, тарих, наҳв ва тиб бўйича кўп китоблар ёзган, орифибиллоҳ ва қутби замон бўлган имоми Шаъроний ҳазратлари бундай деган:
“Ибни Таймия тасаввуфни инкор этади, авлиёларга тил теккизади. Бундай китобларни ўқишдан йиртқич ҳайвондан қочгандек қочиш керак. Ибни Таймия ва унинг изидан юрган адашганлар Ибни Арабий ҳазратларини кофир деган бўлсалар-да, олимлар ва орифлар унинг улуғ авлиё эканлигини билдирганлар”. (Кибрит-и Аҳмар, Ал-явоқит, Табақат)
Савол: Доимо қилдан қийиқ қидириб юрадиган бир кимса: “Эй мусулмонлар, сизга ҳақиқатни тушунтиряпман. Ҳозирги давр ҳазрати Умарнинг, имоми Аъзамнинг манқибаларини, Абдулқодир Гейлонийнинг ёки бошқа авлиё зотларнинг кароматларини сўзлайдиган давр эмас”, демоқда. Унинг бу сўзлари нотўғри эмасми?
Жавоб: Албатта, асосий бузуқлик унинг ўзидадир. У буюк зотларнинг манқибалари илмдир, ибратли ва ҳикматли воқеалардир. Ҳазрати Умарнинг ҳаётини сўзлаш – Исломиятни тушунтириш демакдир! Имоми Аъзамнинг манқибалари, асосан, атеистларга берилган илмий ва мантиқий жавоблардир. Аллоҳу таолонинг борлигини исботловчи жуда қийматли, ақлий далиллардир. Авлиёлар манқибасини ўқиш ҳам жуда фойдали. Инсоннинг ҳаромлардан қочиб, янада яхшироқ ибодат қилишига ёрдам беради. Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари: “Авлиёлар манқибасини баён қилувчи “Рашаҳот” китобини ўқиш инсоннинг ихлосини оширади”, деб айтган. Шу сабабли Ислом олимлари авлиёлар манқибасини билдирувчи кўплаб китоблар ёзганлар. Агар кераксиз бўлганида ёзмас эдилар.
Савол: Ибни Арабий, Мавлоно каби авлиё зотларга тил теккизувчи бир салафий, бир сафар “Дуррул маориф” китобидаги: “Имоми Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни истинжо учун тош қидираётган эди. Шу пайт қўлига бир ёқут келди. У уни ерга улоқтириб: “Мен истинжо учун тош қидиряпман. Сен менга ёқут беряпсан. Ёқутинг ўзингга бўлсин, менга керак эмас”, деди”, деган ифодаси туфайли имоми Қушайрийга ҳам ҳужум қилмоқда. Бу ерда имоми Қушайрий бу сўзни дунё учун айтганми ёки, ҳошо, Аллоҳ учунми?
Жавоб: Албатта, дунё учун айтган. Зеро, дарров пастида изоҳи бор. Имоми Қушайрий имомлик даражасига юксалган. Имом – мужтаҳид, динда сўз соҳиби, олим зот демакдир. Оддий мусулмон ҳам, ҳошо, Аллоҳу таолога нисбатан шундай гап айтадими? У дунё молини истамаслигини билдирган. Ўзимизга лойиқ кўрмаган сўзни улуғ зотларга қандай лойиқ кўрамиз? Авлиё зотлар зоҳид кишилардир. Зоҳид дунёга рағбат қилмайди, интилмайди, унга асло аҳамият бермайди. Ёқут каби дунё молини отиб юборади.
Салафийлар мажозни билмаганлари учун “Аллоҳнинг қўли бор, Аллоҳ ўтиради” деб, Уни махлуққа ўхшатиб куфрга тушади. Имоми Қушайрий ҳазратлари ҳам: “Дунё, устимга келма! Ҳар нарсанг ўзингга бўлсин”, демоқда. Бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:
“Дунё [дунё моли] менга яқинлашмоқчи бўлди. “Мендан узоқлаш”, дедим. Кетаётиб: “Сен мендан қутулдинг, аммо сендан кейингилар мендан қутула олмайди”, деди”. (Баззор)
Олимларга ва уларнинг китобларига тил теккизишдан ҳамда салафийлар қулаган куфр чоҳига тушишдан қаттиқ сақланиш лозим.
Савол: Вафот этган авлиё зотларнинг яхшиликларини гапирадиган бир дўстимизга “ялоқи” (лаганбардор) дейишмоқда. Лаганбардорлик тирик одамга қилинмайдими? Ўлган киши учун шундай дейиш мумкинми?
Жавоб: Ялоқи – лаганбардор, хушомадгўй демакдир. Ўзига моддий манфаат келтирадиган кишига ҳаддан ташқари ҳурмат ва ҳайрат кўрсатиб, унга ёқишга уринган кимса назарда тутилади. Буни вафот этган кишилар учун айтиш нотўғри бўлади. Ўликдан қандай моддий манфаат олиниши мумкин? Масалан, имоми Аъзам ҳазратларининг ёки имоми Ғазолий ҳазратларининг буюклиги ҳақида гапирилса, гапирган кишига лаганбардор дейилмайди. Ҳатто масон Абдуҳ ёки Рашот Халифа каби ёмон кимсаларни мақтаганга ҳам лаганбардор дейилмайди. Адашган, жоҳил ёки ғаразли дейилади. Ҳар бир сўзни ўз ўрнида қўллаш керак.
Яна бир томони, хоҳ ҳаёт бўлсин, хоҳ вафот этган бўлсин, авлиё зотларни севиш, керак бўлса, уларни ҳимоя қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.
Савол: Ҳалложи Мансур ва Муҳиддин Арабий каби зотларнинг нотўғри тушунилган сўзлари сабабли, баъзилар бу зотлар ҳақида гапирганда, салафийлар каби: “Ҳаллож бундай деган”, “Муҳиддин бундай ёзган”, дейишади. Бу ҳурматсизлик эмасми?
Жавоб: Албатта, бу ҳурматсизликдир. У зотлар хато кашфлари туфайли узрли ҳисобланганлари учун гуноҳкор бўлмайдилар. Имоми Раббоний ҳазратлари бундай деган:
“Тасаввуф буюкларидан бир нечаси ўзларини ҳол ва сакр [маънавий мастлик] қоплаган пайтда тўғри йўл олимлари билдирганларига мос келмайдиган маълумот ва маърифатларни сўзлаган бўлсалар-да, буларни кашф йўли билан англаганлари учун айбдор ҳисобланмайдилар ва сўроққа тутилмайдилар. Уларга худди ижтиҳодда янглишган мужтаҳидлардек, янглишлари учун ҳам бир савоб берилади”. (1/112)
Китобларимизда ва имоми Раббоний ҳазратларининг мактубларида бу зотлар тилга олинганда “Ҳалложи Мансур (қаддасаллоҳу таоло сирраҳул–азиз)” ва “Шайхул Акбар Муҳиддин Арабий (қуддиса сирруҳ)” деб ҳурмат билан зикр этилади. (Саодати Абадия)
Имоми Муҳаммад Маъсум ҳазратлари айтганки: “Шайхул Акбар Муҳиддин Арабий ҳазратлари ҳадис илмида соҳиби иснод ва фиқҳ илмида ижтиҳод мақомида эдилар”. (1/29)
Бундай буюк зотларга нисбатан ҳурматсизлик қилган кимса фақат ўз тарбиясизлигини кўрсатган бўлади.
Савол: Баъзи кимсалар имоми Раббоний, Муҳиддин Арабий, Мавлоно Жалолиддин Румий каби зотлар ҳақида оғизга олиб бўлмайдиган, куфр билан айбловчи сўзларни айтмоқдалар. Бундай кимсаларга қандай жавоб бериш керак?
Жавоб: Мавзуга доир Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратлари “Макотиби шарифа” китобида шундай ёзган:
“Бир кимсанинг мақсади билинмасдан, фақатгина сўзига қараб унга кофир деб бўлмайди. Агар бир мусулмоннинг айтган сўзининг етмишта маъноси куфрни, битта маъноси эса иймонни кўрсатса, у кимсага кофир дейилмайди. Ҳадиси шарифда: “Куфри очиқ-ойдин билинмаган кимсага кофир деган кишининг ўзи кофир бўлади”, деб буюрилган.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда шундай маълумотлар борки, улар таъвил қилинмасдан тушунилмайди. Бир калиманинг Аллоҳу таоло ва Расулуллоҳ алайҳиссалом томонидан очиқ билдирилмаган маъноларидан Исломиятга мувофиқ келадиганини танлашга “Таъвил” дейилади. Буни ҳар ким ҳам қилолмайди. Авлиёларнинг сўзларини ҳам таъвил қилиш, мазмунан тушунтириш лозим. Агар таъвил қилинмаса, нотўғри тушунилади. Таъвил қилинганида эса валий зотга туҳмат қилиш хавфи қолмайди. Туҳмат қилиш ҳаромдир. Авлиёларнинг сакр ҳолида ёки ўзлари эришган неъматларни сўзлаётганда ёхуд шогирдларини руҳлантириш учун, ё бўлмаса мақсадни ифодалашга сўз топа олмаган вақтларида айтган баъзи гаплари таъвилга муҳтож бўлади. Масалан, имоми Раббоний ҳазратлари: “Расулуллоҳнинг ҳар бир ишига эргашиш керак”, демайди. “Эътиқодда, фиқҳ китобларида буюрилган ишларда ва қалб билан қилинадиган зикрларда эргашиш лозим”, дейди. Буларга эргашмаган киши валий бўлолмайди. Имоми Раббоний ҳазратлари ва бошқа авлиёларга эътироз билдирганлар уларнинг сўзларидаги нозикликни англай олмаганлардир.
Абдулқодир Гейлоний ҳазратларининг “Футуҳул-ғайб” китобининг форсий шарҳида бундай дейилган: “Орифларнинг қалбларига нозик ва англаб бўлмас билимлар келган вақтда, уларни ифодалаш учун сўз топа олмайдилар. Бундай сўзларни эшитганда “тўғрисини Аллоҳу таоло билади” дейиш керак, инкор қилишга уринмаслик лозим”.
Тасаввуф йўлидан мақсад – Аҳли суннат олимлари билдирган тўғри эътиқодга, Исломнинг гўзал ахлоқига эга бўлиш, фиқҳ китоблари кўрсатган амалларни бажариш, бидъатлардан сақланиш ва Аллоҳ дўстларининг қалбларига келадиган ҳолларга эришишдир. Авлиёларнинг сўзлари мушки анбар кабидир. Гўзал маънолар таратади. Уларга нотўғри маъно бериш – мушкни хас-ахлат билан ёпишга ўхшайди. Бироқ ахлат уюми мушкнинг хушбўй ҳидини тўсиб қололмайди”.
Савол: Имоми Раббоний ҳазратлари каби зотларга ишонмайдиганларга қандай жавоб бериш керак?
Жавоб: Ўтмишдаги инсонларнинг ҳолларини, илмларини, жаҳолатларини, салоҳият ва залолатларини англашнинг турли йўллари бор:
Биринчиси: Агар у киши бир мазҳаб ёки йўл соҳиби бўлса, у асос солган йўлни ўрганиш.
Иккинчиси: Унинг асарларини, китобларини ўқиш.
Учинчиси: У ҳақида инсоф билан гапириб, фазилат ва нуқсонларини билдирганларни тинглаш.
Агар имоми Раббоний ҳазратларига назар ташланса:
1. Имоми Раббоний ҳазратларининг йигирма тўққизинчи боболари ҳазрати Умар-ул-Форуқдир. Боболарининг барчаси ўз замонларининг улуғ олимлари бўлган.
2. Бир кишининг дунёга келишидан аввал хабар берувчи муждалар тахминий бўлади. Улар исм ёки шаҳар билан аниқ билдирилмайди. Маҳдий ҳақидаги хабарлар ва дин имомларимиз учун берилган муждалар ҳам шундай. Масалан:
“Дин ер юзидан кўтарилиб Сурайёга, яъни Ҳулкарга кетса, Осиёдан чиққан бир йигит уни тутиб қайтариб келади”.
“Инсонлар қийналиб, мушкилларини ҳал қиладиган олим излайдилар. Мадинаи мунавварадаги олимдан устунроғини топа олмайдилар”.
“Қурайш қабиласидан бўлганларга тил теккизманг. Улардан бир олим ер юзини илм билан тўлдиради”, мазмунидаги ҳадиси шарифлар ҳам шундайки, биринчиси имоми Аъзам Абу Ҳанифани, иккинчиси имоми Молик бин Анасни, учинчиси эса имоми Шофиъийнинг келишини муждаламоқда, дейилган.
Бу хабарлар қанчалик кучли бўлмасин, тахмин бўлиб, қатъий илмий ҳужжат эмас. Булар дўстлар учун илм каби қадрли бўлса-да, душманлар, қайсар ва инкор этувчиларнинг жаҳолатини оширади. Чунки қабул қилувчиларнинг кўплиги ва буюклиги қаршисида рад этиш ва қайсарлик қилиш ё пасткашлик, ёки жоҳилликдир.
Дин имомлари ҳақидаги ҳадиси шарифларни қабул қилмай қайсарлик қилувчи ваҳҳобийлар худди шундайдир. Маҳдийни инкор қилувчилар ҳам шу тоифадан бўлиб, кўплаб ҳадиси шарифларга ишонмаган бўладилар. Шу сабабли: “Маҳдийнинг келишига ишонмаган кофир бўлади”, дейилган.
Имоми Раббоний ҳазратлари ҳақида ҳам шундай муждалар борки, дўстлари учун улар қатъий ва муҳаққақдир. Душманларининг эса инкори ва қайсарлигини орттиради.
Шундай экан, ҳақларида жилд-жилд китоблар ёзилган, асарлари дунёни тўлдирган ва изидан борувчилар замонларининг энг қийматли, энг севикли инсонлари бўлган, яхшиликлари қуёшдек ҳар ерда порлаб турган авлиёларга нисбатан яхши гумон қилиш лозим эмасми?


