Авлиёга авлиё деб бўлмайдими?
Савол: Бир салафий: “Бировни авлиё дейиш ёки вафот этган бўлса, “марҳум” ёхуд “раҳматуллоҳи алайҳ” дейиш ғайбдан хабар бериш бўлгани учун ширкдир. Масалан, Абдулқодир Гейлонийга ёки бошқа бировга авлиё дейиш куфр бўлади”, дейди. Бу нотўғри эмасми?
Жавоб: Албатта нотўғри. Бировга “марҳум” дейиш билан ғайбдан хабар берилган бўлмайди. Саҳобаи киромнинг барчаси жаннатийдир. Уларнинг ҳар бирининг номи тилга олинганда “Розиаллоҳу анҳ” дейилади. Асҳоби киромдан ўн кишининг исмлари айтилиб, жаннат билан муждаланиши уларга хос алоҳида бир икромдир. Аслида эса саҳобаларнинг ҳаммаси жаннатийдир. Қуръони каримда маолан: “Ҳаммасига ҳуснони [жаннатни] ваъда қилдик”, деб буюрилган. (Ҳадид, 10)
Ҳадиси шарифда бундай деб марҳамат қилинди:
“Мени кўрган мусулмон жаҳаннамга кирмайди.” (Табароний)
Пайғамбарлар, авлиёлар ва шаҳидлар жаннатга кирганидек, иймон билан вафот этган ҳар бир гуноҳкор мусулмон ҳам муҳаққақ жаннатга киради. Шу боис, вафот этган мусулмонларга “Марҳум” ёки “Раҳматуллоҳи алайҳ” дейилади. Олимларнинг исми тилга олинганда “Раҳматуллоҳи алайҳ” дейиш эса мустаҳабдир. (Радд-ул мухтор)
Мусулмон деб билинган бир киши иймонсиз ўлса-ю, аммо унинг иймонсиз кетгани маълум бўлмаса, унга нисбатан ҳусни зан [яхши гумон] қилиб “Раҳматуллоҳи алайҳ” дейиш жоиз бўлади. Динимиз зоҳирга (ташқи кўринишга) қараб ҳукм беради. Аксинча, бир ғайридин мусулмон бўлиб, мусулмонлигини яширса ва ҳеч кимга ҳеч нарса демагани учун ҳамма уни христиан деб ўйласа, у иймон билан вафот этган тақдирда ҳам унга “мусулмон” дейилмайди. Чунки динимиз зоҳирга қараб ҳукм беради. Мусулмон бўлиб яшаб, иймонсиз ўлган кишига ҳам, иймонсиз кетгани билинмагани учун “мусулмон” дейилади. Мусулмонга “Марҳум” ёки “Раҳматуллоҳи алайҳ” дейиш жоиздир. Шу сабабли Аҳли суннат олимларининг барчасига ҳусни зан қилиш, исмлари тилга олинганда “Раҳматуллоҳи алайҳ” дейиш лозим. Мўминларни, кофир бўлиб ўлган тақдирда ҳам биз билмаганимиз учун яхшилик билан ёдга олишимиз керак. Бир ҳадиси шарифда: “Ўлганларингизнинг яхшиликларини эсланг!” деб марҳамат қилинди. (Термизий)
Ислом олимларини раҳмат билан ёд этиш зарур. Гуноҳкор бўлса ҳам, вафот этган мусулмонни яхши деб айтиш жоиздир. Бу ҳақда бир неча ҳадиси шариф қуйида келтирилган:
“Вафот этган мўминнинг яхши эканига гувоҳлик берилса, Аллоҳу таоло унинг ёмон эканини билса-да: «Мусулмонларнинг бу маййит ҳақидаги гувоҳликларини қабул қилдим. Унинг ёмонликларини ҳам авф этдим», деб буюради.” (Баззор)
“Сиз кимнинг яхшилигини айтсангиз, жаннат унга вожиб бўлади, кимнинг ёмонлигини айтсангиз, жаҳаннам унга вожиб бўлади. Сиз ер юзида Аллоҳнинг гувоҳларисиз.” (Бухорий)
“Қайси мусулмоннинг яхшилигига тўрт киши гувоҳлик берса, Аллоҳу таоло уни жаннатга қўяди. Уч, ҳатто икки киши гувоҳлик берса ҳам шундайдир.” (Бухорий)
Саййид Абдулқодир Гейлоний ҳазратлари каби авлиё зотларни минглаб олимлар яхшилик билан ёд этиб, жаннатий эканликларини айтишган. Аллоҳу таоло икки мусулмоннинг гувоҳлигини қабул қилади-ю, шунча олим ва авлиёларнинг иттифоқ билан айтган сўзларини қабул қилмайдими?
Динимиз кўринишга қараб ҳукм беради. Бир ғайридин ҳам иймон келтириб, мусулмон бўлиб вафот этиши мумкин. Ҳатто мусулмон бўлган, лекин атрофидагилардан чўчигани учун мусулмонлигини очиқламаган бўлиши мумкин. Шундай бўлса-да, бундай мусулмонга нисбатан “марҳум”, “раҳматлик” дейиш жоиз бўлмайди.
Савол: Бир ёш атеист бир сўзнинг икки ёки ундан ортиқ маъноси бўлишини билмагани учун “валий” сўзига ёпишиб олибди. У: “Ҳеч Аллоҳнинг валийси бўладими?” деб сўрамоқда. “Валий нима дегани? Васий, кузатувчи дегани. Мактабга борадиган ҳар бир ўқувчининг валийси (васийси) бўлади. Ўқувчига валийси масъул бўлади. Аллоҳнинг валийси деганда эса, Аллоҳни ҳимоялайдиган киши тушунилади. Демак, сизнинг Аллоҳингизни ҳимоялаб-кузатиб турадиган валийлар борми?” демоқда.
Жавоб: Бу нақадар жоҳиллик. Бир сўзнинг бир неча маъноси бўлишини деярли ҳамма билади. Маълумки, “юз” сўзининг бир неча маъноси бор. “Ота” сўзи ҳам шундай: мафия отаси, камбағаллар отаси каби турли маъноларда ишлатилади.
Валий – авлиё, каромат соҳиби, Аллоҳга яқин бўлган зот демакдир. Валий сўзи кўпликда “авлиё” бўлади. “Ўқувчиларнинг валийлари тўпланди” дейилганда, бу ерда авлиёлар тушунилмайди.


