Авлиёнинг сифатлари
Савол: Авлиёни (валийларни) қандай таниш мумкин, унинг сифатлари нималардан иборат?
Жавоб: Ишлаш фарз бўлгани учун пайғамбарлар ва валийлар (авлиё) ҳам меҳнат қилишган. Масалан, Одам алайҳиссалом деҳқончилик билан шуғулланган. Нуҳ алайҳиссалом дурадгор, Довуд алайҳиссалом темирчи бўлган. Авлиёи киром ҳам турли касб-ҳунар соҳиби эдилар. Аллоҳу таоло: “Суйганларимни [авлиёмни] халқ ичида яшираман, уларни ҳамма ҳам таний олмайди”, деб марҳамат қилган. Уларни танийдиган кишилар оз бўлса-да, мавжуд.
Авлиёнинг айрим сифатлари қуйидагича билдирилган:
1. Авлиёнинг каромати бўлади. Ғайбни нафақат валийлар, балки фаришталар ва ҳатто пайғамбарлар ҳам билмайди. Фақат Аллоҳу таоло хоҳласа, хоҳлаган бандасига билдиради. Пайғамбаримизнинг ғайбдан хабар берувчи кўплаб мўъжизалари бор. Авлиёнинг ҳам ғайбни билдирувчи кўп кароматлари кузатилган.
2. Авлиёни кўрган кишининг кўнгли унга мойил бўлади. Авлиёнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳаракати Исломга мос бўлади. Унинг ҳузурида бўлган кишилар қалбида Аллоҳ қўрқуви ва Аллоҳ муҳаббати пайдо бўлади. Бошқа нарсалардан совийди. Авлиё ўлик (иймонсиз ва ғофил) қалбларни тирилтиради, қалблардаги зангни тозалайди. Унинг ёнида турган кишининг гуноҳ қилиш истаги йўқола бошлайди.
3. Эътиқодида бузуқлик бўлган кимса авлиё бўлолмайди. Амал ва эътиқоддаги бидъат зулмати авлиёлик нурининг қалбга киришига тўсқинлик қилади. Қалб бидъатлардан тозаланмагунча ва тўғри эътиқод билан безанмагунча, ҳақиқат қуёшининг нурлари у ерга киролмайди.
4. Авлиё барча ёмон хулқлардан узоқдир. У гўзал ахлоқ билан безанган. Ўзига зулм қилганни афв этади, ундан аразлаганга яхшилик ва эҳсон қилади. Унда мол-дунё, мансаб ва шуҳратга ҳирс бўлмайди. Мақтанишни суймайди, ёмонланишдан қўрқмайди. Тавозе соҳибидир, ўзини ҳеч кимдан устун кўрмайди. Ҳеч кимни паст санамайди. Илм соҳибидир, ихлос билан амал қилади. Ҳеч кимга зарар етишини истамайди. Ҳаммага шафқат кўрсатади, жони ачийди. Инсонларнинг саодати учун ҳаракат қилади. Сўзида туради, омонатга хиёнат қилмайди. Суизан, ғийбат ва фитнадан қочади. Ҳақ бўлса-да, мунозара қилмайди. Бало ва қийинчиликларга сабр қилади. Неъматларга шукр қилади. Ишини арбоби билан маслаҳатлашиб қилади. Гуноҳ қилишдан ва айниқса иймонсиз кетишдан қаттиқ қўрқади. Кўп истиғфор айтади.
Қисқаси, авлиё – энг яхши инсон демакдир. Муҳаммад Салим ҳазратларидан: “Бир кишининг авлиё эканлиги қандай билинади?” деб сўрашганда, у зот: “Ширин сўзи, гўзал ахлоқи, очиқ чеҳраси, саховати, мунозара қилмаслиги, узрларни қабул қилиши ва ҳаммага раҳмдил бўлиши билан билинади”, деб жавоб берганлар.
Илгари Абдулқодир Гейлоний, имоми Раббоний ва Аҳмад Рифоий ҳазратлари каби муршиди комил бўлган валийлар бор эди. Уларнинг авлиёлиги баъзи сифатлари орқали билинарди. Бундай зотларнинг сифатлари китобларда баён этилган. Аллоҳу таолонинг севгисига эришган кишига Авлиё дейилади. Бошқаларнинг ҳам ушбу севгига эришишига восита бўлган зотга эса Муршид дейилади. Муршиди комилнинг, яъни йўл кўрсатувчи авлиёнинг аломати – эътиқодининг тўғрилиги ва Ислом аҳкомларига тўлиқ риоя қилишидир. Сўзлари ва ҳаракатлари Ислом аҳкомига мос бўлмаган киши ҳавода учса ҳам, йўл кўрсатувчи бўлолмайди.
Авлиё билан суҳбатлашиш ва уни кўриш Аллоҳу таолони эслашга сабаб бўлади. Аллоҳу таолодан бошқа ҳар бир нарса қалбга совуқ туюлади. Аллоҳу таоло: “Менинг авлиёларим шундай зотларки, мен зикр қилинсам, улар эсланади; улар эсланса, мен зикр қилинаман”, деб буюрган. Расулуллоҳдан (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) авлиёнинг аломатлари сўралганда: “Улар кўрилганда Аллоҳ эсга тушади”, деб марҳамат қилганлар. Бугунги кунда қилинадиган иш – илгари ёзилган Ислом олимларининг китобларини ўқишдир.
Қадимги муршидларнинг айрим сифатлари қуйидагича эди:
1. Зарур ақоид ва фиқҳ илмларини мукаммал билардилар. Фиқҳни билмаган киши авлиё бўлолмайди.
2. Доимо очиқ чеҳрали бўлиб, она шафқати билан талабаларни тарбия қилардилар.
3. Ҳеч бир талабанинг пулига кўз тикишмасди. “Аллоҳнинг авлиёси саховат ва гўзал ахлоқ устига барпо этилган” деган ҳадиси шарифга мувофиқ сифатларга эга бўлиб, талабаларига қўлларидан келган ёрдамни берардилар.
4. Талабаларининг сирларини яширардилар. “Танланганларнинг қалблари сирларнинг мозоридир” дейиларди.
5. “Устозга ҳам, талабага ҳам ҳурматли бўлинг” ҳадисига биноан марҳаматли ва тавозели эдилар.
6. “Ҳар бир илм соҳибининг устида янада яхшироқ билувчи бор” оятига мувофиқ илмлари билан кибрланмасдилар. Илми билан мағрурланадиганлар – илми кам бўлганлардир. Улар оз нарса ўрганиб, ҳамма нарсани билдим деб ўйлайди. Кўп илм соҳиблари эса, илмнинг чексизлигини ва унинг охирига етишдан ожиз эканликларини билганлари учун тавозени тарк этмайдилар. Зеро, олим – билмаганлари билганларидан кўп эканини англаб етган зотдир.
7. Билмаган нарсалари бўлса, “Билмаймиз” дейишдан тортинмасдилар. Пайғамбаримиз барча яратилганларнинг энг устуни бўлгани ҳолда: “Билмайман, Жаброил алайҳиссаломдан сўрайин-чи, кейин жавоб бераман”, деб марҳамат қилганлар. Ҳазрат Ибни Аббос ҳам: “Билмайман, дея олмаган киши ҳалок бўлибди”, деганлар.
8. Молоёъний, яъни беҳуда сўзларни гапиришмасди.
9. Талабалари ҳам юксак инсонлар эди. Ҳар бир талаба Аллоҳу таолонинг муҳаббати ва Унинг севгисига қовушиш иштиёқи билан ёнарди. Уйқулари қочар, кўз ёшлари тинмасди. Ўтмишдаги гуноҳларидан уялиб бошини кўтаролмас, ҳар бир ишида Аллоҳдан қўрқиб титрарди. Ҳар бир ишида сабр қилар ва кечиримли бўлар, ҳар қандай қийинчиликда, ташвишда айбни ўзидан қидирарди. Бировнинг қалбини оғритишдан қўрқар, қалбни Аллоҳу таолонинг уйи деб биларди. Асҳоби киромнинг барчасини “розиаллоҳу таоло анҳум ажмаин” деб яхши кўриб, ҳаммаларининг солиҳ эканлигини айтарди.
10. Илмига амал қилувчи эдилар. Яъни билганларини ҳаётга татбиқ этардилар. Илмига амал қилмайдиган, ўз қарашларини дин сифатида ўртага ташлайдиган ва бўлувчилик қиладиганлар – ёмон олимлардир. Бундайлар Қуръони каримда “китоб юкланган эшакка” ўхшатилган. (Жума, 5).
Савол: Увайсийлик нима?
Жавоб: Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёки авлиёнинг руҳлари орқали тарбияланган кишига Увайсий дейилади. Китоблардаги маълумотлар қуйидагича:
"Валийлардан бирига увайсий бўла олиш учун ҳар куни хилват жойда икки ракъат намоз ўқиб, бир марта Фотиҳа сурасини тиловат қилиб, савобини ўша зотнинг муборак руҳига бағишлаш ва бир муддат унинг руҳини тафаккур қилиш лозим. Бир неча кундан кейин унинг увайсийси бўлади." (Дурр-ул-маориф)
"Авлиёдан бирининг увайсийси бўлиш учун хилват жойда икки ракъат намоз ўқиб, савобини ўша авлиёнинг руҳига юбориб, руҳини ўйлаб кутиш керак." (Мақомати мазҳария)
Увайсий бўлиш учун эътиқод тўғри бўлиши ва динимиз буйруқларига амал қилиниши керак. Бундан ташқари, қаттиқ севиш ҳам шартдир. Бундай киши истаган валийсининг увайсийси бўла олади. Увайсий бўлган киши ҳам ўша валий томонидан тарбияланиб юксалади. Имоми Раббоний ҳазратлари каби Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ворисларидан бирига увайсий бўлган киши, айни пайтда Расулуллоҳга ҳам увайсий бўлган ҳисобланади.
Савол: Авлиё ҳам инсон бўлгани ҳолда унинг бошқа одамлардан фарқи нимада?
Жавоб: Авлиё ҳам инсондир, лекин бир валий авлиё бўлмаган минглаб мусулмонлардан устундир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Ҳеч бир нарса ўз мислининг минг баравари бўлолмайди. Лекин ҳақиқий мўмин [валий банда, орифи биллоҳ] минг инсондан яхшироқдир.” (Табароний)
Қуръони каримда ҳам бу мўминларнинг, яъни авлиё ва орифларнинг устун эканлиги билдирилган:
“Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, жуда устунсиз.” (Оли Имрон, 139)
Савол: Ҳар бир авлиё муршиди комилми?
Жавоб: Ҳар бир муршиди комил авлиёдир, лекин ҳар бир авлиё муршиди комил эмас, ҳатто муршид ҳам бўлмаслиги мумкин. Муршиди комил – бутун ишлари Исломиятга уйғун бўлган, тасаввуф илмида мутахассис Аҳли суннат олими демакдир. Теран олим, яъни мужтаҳид бўлмаган киши муршиди комил бўлолмайди. Бошқа илмларнинг мутахассисларига “комил” дейилмайди. Муршиди комил ижтиҳод даражасидаги юксак олим бўлгани учун ҳам илм, ҳам маърифат соҳибидир. Бунга “Зул-жаноҳайн” дейилади. Ақл билан англашиладиган билимларга “илм”, қалб билан англашиладиган билимларга “маърифат” ва “ирфон” дейилади.
Инсон интилиш билан авлиё бўлиши мумкин, лекин муршиди комил бошқачадир. Муршиди комил ҳам зоҳирий илмларда, ҳам тасаввуф билимларида ихтисос эгасидир. У комил ва мукаммилдир, яъни ҳам ўзи етишган, ҳам бошқаларни етиштира олиш қобилиятига эга бўлган буюк олимдир.
Бир киши китоб ўқимасдан ҳам авлиё бўлиши мумкин бўлса-да, лекин муршид бўлолмайди. Муршиднинг мужтаҳид бўлиши ва маърифатда “Вилояти хоссаи Муҳаммадийя” (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) мартабасида бўлиши лозим.
Имоми Раббоний ҳазратлари айтадики:
“Муршиди комилнинг боқишлари, назари қалб касалликларига шифо беради. Унинг таважжуҳи, яъни қалбини бирор кимсага қаратиши инсондаги ёмон, бузуқ хулқларни артиб-супуриб ташлайди.”
Абдулҳақ Деҳлавий ҳазратлари ҳам бундай дейди:
“Муршиди комилларнинг энг устунлари тўрт мазҳаб имомларидир. Бу тўрт имом Ислом динининг тўрт асосий устунидир.”
Савол: Олимлар устунроқми ёки тасаввуф йўлида илгарилаган авлиёларми?
Жавоб: Имоми Раббоний ҳазратлари бундай деган:
Илм ўрганган кимса нафсига берилиб гуноҳ қилса, ўзига зарар етказса-да, унинг илмидан фойдаланадиганлар топилади. У ўзини ёқса-да, бошқаларнинг қутулишига сабаб бўлади. Тасаввуф йўлида илгарилашга ҳаракат қилаётган киши эса, фақат ўзини қутқариш билан банд бўлади. Бошқаларга фойдаси тегмайди. Динимиз инсонларнинг саодати учун ҳаракат қиладиганларни фақат ўзини қутқаришга уринадиганлардан устун қўяди. Агар тасаввуф йўлидаги киши тасаввуфда билдирилган мақомларга эришиб, сўнгра инсонларни даъват этиш вазифаси билан шарафлантирилса, у Исломиятни билдирувчилардан ва ҳаммани саодатга эриштирувчилардан бўлади. Ислом олимлари каби устун ва қийматли бўлади. Бу Аллоҳу таолонинг шундай бир неъматидирки, Ўзи хоҳлаган танланган бандаларига эҳсон қилади. Унинг эҳсони жуда буюкдир. (1/48)
Савол: Илгари муршиди комил бўлган зотлар ўз шогирдларининг ҳолидан қандай хабардор бўлишарди?
Жавоб: Баъзилари ҳазрати Умар кўрганидек, худди телевизор экранидагидек аниқ кўришарди, бунга таййи макон дейилади. Баъзилари эса аломатларини кўриб англарди. Айримларига эса ҳеч кўрмасдан туриб қалбларига илҳом қилинарди.
Савол: Авлиё зотларнинг ҳаммаси Аҳли суннатмиди? Бидъат аҳлидан, бузуқ оқимлардан авлиё чиқмайдими?
Жавоб: Бидъат аҳли ҳақиқий мусулмон эмаску, улардан авлиё чиқсин. Тасаввуф буюкларининг ҳаммаси Аҳли суннат эди. Бидъат соҳибларидан ҳеч бири Аллоҳу таолонинг маърифатига яқинлаша олмаган. Авлиёлик нурлари уларнинг қалбига кирмаган. Амал ва эътиқоддаги бидъат зулмати авлиёлик нурининг киришига тўсқинлик қилади. Қалб бидъат ифлосликларидан тозаланмагунча ва Аҳли суннат эътиқоди билан безанмагунча, ҳақиқат қуёшининг нурлари у ерга киролмайди. Бу қалб яқийн нури билан ойдинлаша олмайди. (Мараж-ул-баҳрайн)
Савол: “Бир кимсани кўрганда ёки суҳбатига борилганда, агар дунё севгиси унутилиб, охиратга рағбат ортаётган бўлса, ўша киши Аллоҳ одами” дейилади. Бу гап тўғрими?
Жавоб: Ҳа, тўғри. Бир неча ҳадиси шариф маъноси қуйидагича:
“Авлиё кўрилганда Аллоҳ эсланади.” (Ибни Можа)
“Авлиё шундай кишиларки, улар кўрилганда Аллоҳ эсга тушади.” (Ибни Аби Шайба, Абу Нуайм)
“Ҳақ таоло: “Мен ёдга олинганда авлиём эсга тушади, уларни ёдга олганда мен эсга тушман” деб буюрди.” (И.Бағаавий, Масобиҳ)
“Шундай зотлар борки, Аллоҳни ёдга олишнинг калитидир. Уларни кўрганда Аллоҳ эсга тушади.” (Табароний)
“Ҳар олимнинг суҳбатига бораверманг! Фақат мана шу беш нарсадан қайтариб, бошқа беш нарсага даъват этадиган олимнинг суҳбатига боринг:
1. Шубҳадан яқийнга савк этувчи, [Шубҳали эътиқоддан сақлаб, қатъий иймонга йўналтирувчи];
2. Кибрдан узоқлаштириб, тавозега йўналтирувчи;
3. Адоват, душманликдан воз кечтириб, хайрга тортувчи;
4. Риёдан узоқлаштириб, ихлосга йўналтирувчи;
5. Дунёга ҳирс қўйишдан зуҳдга [таъмадан қаноатга] чақирувчи олим.” (Асокир)
Кўрилганда Аллоҳни эслатадиган зотларнинг суҳбатига бориш, шундай зотларни севадиганлар билан бирга бўлишга ҳаракат қилиш лозим. Агар бундай буюк зотлар топилмаса, уларнинг китобларини ўқиш керак, чунки “Китоб ўқиш – суҳбатнинг ярмидир” деб марҳамат қилинган.
Савол: Ҳадис душмани бўлган бир кимса: “Аллоҳу таоло: «Мен зикр қилинсам, авлиёларим эсланади. Улар зикр қилинса, мен эсланаман», деб марҳамат қилди” маъносидаги ҳадис ҳақида: “Бу ҳадис Қуръоннинг тавҳид эътиқодига зид”, деяпти. Бир ҳадис тавҳид эътиқодига зид бўлиши мумкинми?
Жавоб: Худди ҳадиси шарифнинг тавҳид эътиқоди билан Қуръони каримнинг тавҳид эътиқоди бошқа-бошқадек ажрим қилинмоқда. Баъзи мазҳабсизлар ҳам: “Бу ҳадис Қуръони каримнинг руҳига зид”, дейишади. Улар Қуръоннинг руҳи ҳадиснинг руҳидан фарқлидек алоҳида йўл очишади. Қуръони каримда Пайғамбарларнинг йўли билан Аллоҳу таолонинг йўлини ажратадиганларнинг ёмон ҳоли билдирилган:
“Аллоҳ ва Унинг расулларининг буйруқларини бир-биридан ажратиб, иккиси орасида бир йўл тутишни истаганлар кофирдирлар.” (Нисо, 150-151)
Ҳеч бир ҳадиси шариф, албатта, тавҳид эътиқодига зид бўлолмайди. Бу ҳадиси шарифни Абу Нуайм ва Имоми Бағавий каби буюк ҳадис олимлари нақл қилишган. Шунингдек, бу мавзудаги икки ҳадиси шариф маъноси қуйидагича:
“Авлиё кўрилганда Аллоҳу таоло эсланади.” (Ибни Можа, Ҳаким Термизий)
“Кўрганингизда сизларга Аллоҳни эслатадиган, гапириши илмингизни оширадиган, илми охиратни ўйлашингизга хизмат қиладиган зот билан бирга бўлинг!” (Абу Яъло)
Савол: “Бугунги кунда авлиё, муршид, даргоҳ ва тариқат йўқ. Шунинг учун диний маънода амир (раҳбар) ҳам йўқ”, дейишмоқда. Шу гаплар тўғрими?
Жавоб: “Авлиё ва муршиди комил йўқ” дейиш, ҳатто муршид деб билинган зотларга “муршид эмас” дейиш жуда нотўғри. Дунё авлиё зотлардан холи эмас. Балки улар камдир, лекин мутлақо бор. “Йўқ” дейиш ақли ёки илмининг нуқсонлиги аломатидир. Дин китобларида “бирлар”, “учлар”, “еттилар”, “қирқлар”, “беш юзлар” деб номланган авлиё зотлар ҳақида сўз боради. Абдол деб аталадиган авлиёлар ҳамма вақт бўлади. Икки ҳадиси шариф маъноси қуйидагича:
“Қирқ кишидан иборат абдолларнинг баракаси билан душман устидан ғолиб келасиз ва балолардан қутуласиз.” (Ибни Асокир)
“Ер юзида ҳар доим [абдоллардан] қирқ киши бўлади. Ҳар бири Иброҳим алайҳиссалом каби баракалидир. Уларнинг баракаси билан ёмғир ёғади.” (Табароний)
Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деб турганларида, буни қандай инкор қилиш мумкин? Авлиё зотларни ҳамма ҳам таниши, албатта, қийин. Олимларимиз: “Аллоҳу таоло Ўз ризосини тоатларда, ғазабини гуноҳларда, ўрта намозни беш вақт намозда, авлиёсини халқ орасида, Қадр кечасини эса Рамазон ойи ичида яширган”, деб айтганлар. Аслида, ким “мен авлиёман” деса, у валий эмас. Авлиё зотлар ўзларини яширадилар. Шу сабабли уларни таниш мушкул. Кўча-кўйда “мен авлиёман, мен муршидман” деб юрганлар кўп бўлса ҳам уларга эътибор бермаслик керак.
Учлар, еттилар, қирқлар деб аталадиган авлиё зотларни қандай инкор қилиш мумкин? Ҳадиси шарифда “Ҳар асрда солиҳ зотлар бўлади. Улар 500 киши бўлиб, қирқ нафари абдоллардир” деб марҳамат қилинган. (Абу Нуайм)
Бундан ташқари ҳар асрда келадиган, мужаддид бўлган буюк олим ва авлиё зотлар ҳам бор. Бир ҳадиси шарифда: “Аллоҳу таоло ҳар асрда динини янгилайдиган бир мужаддид юборади” деб марҳамат қилинган. (Абу Довуд)
Динни бидъатлардан тозалайдиган мужаддидларни инкор қилиш янада ёмонроқдир. Мужаддидларнинг кўпи муршиди комилдир. Ҳар доим аҳли суннат бўлган тўғри тоифа [бир гуруҳ] бўлади. Уларнинг бошида бир амир, муршиди комил бўлади. Бу тоифа қиёматгача давом этади. Бир ҳадиси шарифнинг маъноси қуйидагича:
“Умматимдан бир тоифа [гуруҳ] Аллоҳнинг амри билан ҳақ йўлда давом этади.” (Бухорий)
Муршидсиз бир ҳақ гуруҳни тасаввур қилиб бўлмайди.
“Мишкот”даги: “Умматим орасида тўғри йўлда бўлганлар ҳар доим топилади. Уларга қарши чиққанлар тўғри йўлда бўлган бу кимсаларга зарар бера олмайдилар”, деган ҳадиси шариф ҳам шуни кўрсатадики: “Авлиё йўқ, муршиди комил йўқ, амир йўқ” дегувчилар қиёматгача давом этадиган ҳақ йўлдаги гуруҳга асло зарар етказа олмайдилар.
Динимизнинг ёйилиши илгари хонақоҳ ва даргоҳлар орқали бўлган. “Хонақоҳ йўқ экан, демак муршид ҳам йўқ” дейиш аҳмоқликдир. Муршид фақат хонақода ўтирадиган зот эмас. Муршиди комил – барча сўзи ва иши Исломиятга уйғун бўлган, Исломни яхши биладиган Аҳли суннат олимидир. У инсонларнинг Аллоҳу таолонинг ризосини қозонишларига восита бўладиган зотдир. (Ислом ахлоқи)
Муршиди комилни топиш – энг буюк саодатдир. Уни излаш биринчи вазифадир. Ҳақиқий муршид қиёматгача мавжуддир. Холис бўлган толибларга (изловчиларга) ўзини танитади. Душманлардан ва аҳмоқлардан эса яширинади. (Ҳақ сўзнинг васиқалари)
“Дунёда бундай инсон йўқ” дейиш илмий эмас, балки индий [шахсий] фикр, холос. Нафс ҳеч кимга тобе бўлишни, итоат қилишни истамайди. У амирсиз яшашни хоҳлайди ва: “Мен китобларга қараб динимни ўрганаман”, дейди. Ҳолбуки, динимизда амирлик жуда муҳимдир. Ҳатто 2-3 киши бир жойга тўпланса ҳам, бири амир этиб тайинланади ва ўша амирга итоат қилинади. Амирсиз, ўзбошимчалик билан динга хизмат қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳазрати Али ҳам: “Мутлақо бир амир тайинланг! Амирсиз бўлиш – шайтон билан бирга бўлишдир”, деб айтган.
Савол: Одамларни Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) билдирган йўлга даъват этадиган ва “Муршиди комил” деб аталадиган зотлар ўз ишларида хато қилмайдиларми?
Жавоб: Бу борада имоми Раббоний ҳазратлари “Мактубот” китобида бундай деган:
“Мусулмон бўлиш учун дунёликка, яъни ҳаромларга қиймат бермаслик лозим. Дунёни эслашни ҳам қалбидан чиқарган кишига "солиҳ мусулмон" дейилади. Ҳалол бўлсин, мубоҳ бўлсин, мосивони, яъни Аллоҳу таолодан бошқа ҳар бир нарсани эслашни қалбдан чиқаришга "фанофиллоҳ" дейилади. Бунга эришган мусулмонга "валий, авлиё" дейилади. Одамларни мусулмон ва солиҳ қилиш учун ҳаракат қиладиган валийга эса "муршид" дейилади. Авлиё ҳар бир нарсани ўрганади ва билади. Дин ҳукмларига амал қилишда ва дунё ишларида ақлини ишлатади. Ҳисоб-китобида, ҳунарида, тижоратида ҳеч хато қилмайди. Лекин ақлидаги бу ўй-фикрлар қалбига таъсир қилмайди, юқмайди. Дунёни севадиган ва эслайдиган қалб – хастадир. Қалбнинг тоза бўлиши дунё деб аталган нарсаларни севишдан ва эслашдан қутулиш демакдир.”
Савол: Баъзи китобларда дин буюклари ҳақида “ҳиммат қилди” деган ибора учрайди. Шундай нарса борми ва агар бўлса, ҳиммат қилиш нима дегани?
Жавоб: Бу борада “Рашаҳот” китобида Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратларининг бундай деганлари нақл қилинган:
“Ҳиммат қилиш – Аллоҳу таолонинг исмлари билан муносабати бўлган бир зотнинг қалбида фақат бир ишнинг бажарилишини тутиши демакдир. У зот шу нарсага таважжуҳ қилади (диққатини қаратади), қалбига бундан бошқа ҳеч нарсани келтирмайди, фақат ўша ишнинг амалга ошишини истайди. Аллоҳу таоло ҳам ўша ишни яратади. Аллоҳу таолонинг одати шундайдир. Кофирларнинг ҳиммат қилган нарсалари ҳам ҳосил бўлгани кузатилган. Аллоҳу таоло менга ҳам бу қувватни эҳсон қилган. Бироқ, бу мақомда одоб лозимдир. Одоб эса банданинг ўзини Ҳақ таолонинг иродасига тобе қилишидир. Ҳақни ўз иродасига тобе қилиш эмас, балки Ҳақ таолонинг фармонига мунтазир (интизор), тайёр туришдир.”
Хожа Муҳаммад Яҳё ҳазратлари эса бундай деганлар:
“Тасарруф соҳиблари уч турлидир: Бир қисми Аллоҳу таолонинг изни билан, ҳар истаган вақтларида, хоҳлаган кишиларининг қалбига тасарруф қилиб, уни юксак мақомларга эриштирадилар. Баъзилари Аллоҳу таолонинг амри бўлмасдан туриб тасарруф қилмайдилар, фақат амр қилинган кишигагина таважжуҳ қиладилар. Яна бир қисми эса, ўзларига бир сифат ёки бир ҳол келган вақтдагина қалбларга тасарруф қиладилар.”
Савол: Ислом олимлари ва дин буюклари диннинг буйруқ ва тақиқларини сўз ва ёзув билан билдириб, шогирдларига ҳамда севганларига доимо насиҳат қилганларми?
Жавоб: Ҳа, доимо насиҳат қилганлар. Масалан, Муҳаммад Маъсум ҳазратлари “Мактубот” китобида севганларига хитобан насиҳат сифатида бундай деган:
“Афсуслар бўлсин, умр ўтиб кетди. Бирор хайрли иш қилмадим. Дунёнинг вафосиз ва ёлғончи экани энди яхшироқ тушунилди. Ҳаёт хаёлга айланди. Фитналари ва дардлари тугамади. Дўсту биродарлар вафот этиб кетдилар. Бу ҳолларни кўриб туриб ҳам ғафлатдан уйғонмаяпмиз, ибрат олмаяпмиз. Пушаймон бўлмаяпмиз, тавба қилмаяпмиз. Ғафлат давом этмоқда, гуноҳларимиз ортмоқда. Аллоҳу таоло "Тавба" сурасининг 126-оятида маолан: “Кўрмайдиларми, ҳар йили бир-икки марта дардларга, балоларга йўлиқадилар. Шунда ҳам тавба қилмайдилар, пушаймон бўлмайдилар”, деб буюрган. Бу қандай иймон? Бу қандай мусулмонлик? На китобдан, на суннатдан насиҳат олиняпти. На бошига тушган дардлардан, ҳодисалардан ибрат олиняпти. Узоқ йиллар бирга яшаган, бирга кезиб юрган, еб-ичган дўстларини, ҳамроҳларини ўйласинлар. Севганлари, бирга вақт чоғ қилганлари, ёрдамчилари нима бўлганини кўрмаяптиларми? Бирортасидан бирор нарса қолдими? Улардан хабар берувчилар борми? Умрларининг хирмонини шамол учириб кетди.
Ё Раббий! Уларнинг ажридан, файзидан бизни маҳрум қилма! Улардан кейин бизни фитналарга ташлама! Биз ғариблар, бир неча кунлик умримизни ғафлат билан ўтказмасликка ҳаракат қилайлик. Қуён уйқуси билан яшамайлик! Қалбимизни ўткинчи, ялтироқ, сохта лаззатларга бой бермайлик! Бу заҳарли ширинликларга алданмайлик! Аллоҳу таоло буюрган ибодатларни, У рози бўладиган яхши ишларни қилайлик! Нафс, шайтон ва ёмон кимсаларнинг ёлғонларига, фитналарига ишонмайлик! Қабр ва қиёмат азобларини ўйлаб, ўзимизни ҳозирданоқ асрайлик! Бу қисқа ҳаётни ва асли бўлмаган кўринишни тарк этиб, ўлишдан олдин ўлиш шарафига ноил бўлайлик! Аслимизнинг «ҳеч» эканини ўйлайлик! Омонат берилган зийнатларни тақиб олиб мақтанадиган аҳмоқ кимса устидан ҳамма кулади. Бузуқ ва ҳийлали мол сотувчини ҳеч ким севмайди. Борлиқ ва бор бўлганга ярашадиган ҳар бир нарса – ҳақиқий бор бўлганникидир. Аввали ва охири йўқлик бўлган кишининг камолоти ўз йўқлигини англашидир. Киши ўз нуқсонини билишидек ирфон бўлмайди!”
Савол: Авлиё деб билинган зотларнинг ҳаёти ўқилганда, уларда ҳам иссиқ-совуқ каби баъзи истаклар бўлиши кўринади. Ваҳоланки, китобларда авлиё бандаларнинг Аллоҳдан бошқа истаги, талаби бўлмайди, дейилади. Буни қандай тушуниш керак?
Жавоб: Бу борада имоми Раббоний ҳазратлари “Мактубот” китобида бундай деган:
“Кўпгина истаклар табиат қонунларидан келиб чиқади. Инсон токи тирик экан, бу истаклардан қутула олмайди. Иссиқ бўлса, бадан салқинлашни истайди. Совуқда эса исиниш эҳтиёжи пайдо бўлади. Баданнинг яшаб қолиши учун зарур бўлган эҳтиёжларни исташи бандаликка зид эмас. Бу истаклар нафснинг хоҳишлари эмас, уларнинг нафс билан алоқаси йўқ. Табиат қонунларидан ҳосил бўлган истаклар тақиқланмаган. Буларни исташ нафсга эргашиш бўлмайди. Бу истакларни қондириш мубоҳдир. Чунки нафс ё мубоҳларнинг ортиқчасини истайди, бу “фузул” дейилади. Ёки шубҳали ва ҳаром нарсаларни хоҳлайди. Яшаш учун зарурий бўлган нарсаларнинг нафсга алоқаси йўқ. Демак, нафсга эргашиш – ёмон ишлар, яъни фузул ишларни исташ ва қилиш демакдир. Чунки мубоҳларнинг ортиқчаси ҳаромга яқиндир. Шайтоннинг алдаши билан бир оз чегарадан чиқилса, ҳаромга тушиб қолинади. Шунинг учун мубоҳларни фақат зарурат миқдорида қилиш лозим. Шунда ҳаддидан ошса, фузулга тушади. Агар фузул ишлаётганда ҳаддидан ошса, ҳаромга тушади.
Кўпгина истаклар инсонда ўз-ўзидан мавжуд бўлмайди, балки ташқаридан келади. Уларнинг фойдали бўлганларини Аллоҳу таоло марҳамат қилиб инсонга юборади. Бир ҳадиси шарифда:
“Ҳар бир мўминнинг қалбида Аллоҳу таоло томонидан бир ваъз қилувчи бордир”, деб марҳамат қилинган.
Зарарли истакларни эса шайтон юборади. Шайтон инсонларга доимо ёмонлик ва душманлик қилишни васваса қилади. "Нисо" сурасининг 120-оятида маолан: “Шайтон инсонга кўп нарсани ваъда қилади ва кўп нарсаларни эслатади. Шайтон ваъда қилган нарсаларнинг ҳаммаси ёлғондир”, деб буюрилган.
Одамнинг ўз ичидан келган касаллиги билан ташқаридан келган ўткинчи касалликни ажратиб олиши жуда қийин. Ички ёмонлик билан ташқаридан келган ёмонликни фарқлаш жуда мушкул. Жоҳил кимса ўз касаллигини ташқаридан келган вақтинчалик ҳолат деб ўйлаб, ўзидан мамнун бўлади ва ўзини комил деб ҳисоблайди. Шу тарзда ҳалокатга учраши мумкин. Энг катта душманимиз – нафсимиздир. Ашаддий душманимиз – ҳар доим ёнимизда бўлган мана шу бузуқ ҳамроҳимиздир.”


