Руҳ ва бадан
Савол: "Аъроф" сурасининг 172-оятидаги “Қолу бало” ибораси таъвил қилиниб, руҳлар баданлардан олдин яратилганлиги айтилмоқда. Тўғриси қандай?
Жавоб: Имоми Ғазолий ҳазратлари бундай деганлар: Одам алайҳиссалом яратилиб, бели масҳ этилгач, унинг насли зарралар ҳолида чиқди. Уларнинг бир қисми ўнг томонидан, бир қисми чап томонидан жой олди. Аллоҳу таоло буюрдики:
- Мана бу ўнг томондагилар жаннат аҳлининг амалини ишлайдиган бўлгани учун жаннатийдирлар. Уларнинг амалларидан Менга бирор фойда ёки зарар йўқдир. Бу чап томондагилар эса жаҳаннам аҳлининг амалини ишлайдиган бўлгани учун дўзахийдир. Улардан ҳам Менга бирор фойда ёки зарар йўқдир.
Одам алайҳиссалом сўради:
- Ё Рабби! Жаҳаннам аҳлининг амали нима?
- Менга ширк келтириш ва Мен юборган пайғамбарларга ишонмаслик ҳамда улар орқали юборган китобларимдаги амр ва тақиқларимга амал қилмай, Менга исён қилишдир.
Одам алайҳиссалом дуо қилди:
- Ё Рабби! Буларни ўз-ўзларига шоҳид (гувоҳ) қил! Шояд, жаҳаннам аҳли амалини қилмагайлар.
Аллоҳу таоло ҳам уларнинг нафсларини гувоҳ қилиб: “Мен сизнинг Раббингиз эмасманми?” деб буюрди. Ҳаммалари: “Ҳа, биз шоҳидмиз, Раббимизсан” дедилар. Аллоҳу таоло фаришталарни ва Одам алайҳиссаломни ҳам шоҳид қилдики, улар Аллоҳу таолонинг Раб эканлигини тасдиқладилар ва иқрор бўлдилар. Ушбу аҳдномадан сўнг уларни яна эски маконларига юборди, чунки уларнинг ҳаётлари фақат руҳоний ҳаёт эди. Жисмоний ҳаёт эмасди.
Аллоҳу таоло уларни Одам алайҳиссаломнинг пуштига жойлаштирди. Руҳларини қабз қилиб, Арш хазиналаридан бирида муҳофаза қилди. Она қорнида боланинг жисмоний сурати шаклланган вақтда у ҳали ўлик бўлади. Аллоҳу таоло бачадонда ўлик бўлган бу болага руҳ беришни мурод қилганида, Аршда сақланаётган руҳни бу жасадга қайтаради. Бола ўшанда ҳаракатлана бошлайди. Аллоҳу таолонинг руҳлардан: “Мен сизнинг Раббингиз эмасманми?” деб сўраган мисоқидан (аҳдномасидан) кейинги ўлим, яъни руҳнинг Арш хазиналарига юборилиши биринчи ўлим ва ҳозирги она қорнидаги ҳаёт иккинчи ҳаётдир. (Дуррат-ул-Фахира)


