Таносуҳ (реинкарнация) йўқ

Савол: Реинкарнация деган нарса борми? Унга ишониш тўғрими?

Жавоб: Реинкарнация деганда - руҳнинг инсондан инсонга ўтиши, дунёга бошқа бадан билан келиш, таносуҳда эса - руҳнинг ҳам инсонга, ҳам ҳайвон, ўсимлик ва жонсиз нарсаларга ўтиши тушунилади. Бу атамалар баъзан бир-бирининг ўрнида ҳам қўлланилади.

Имоми Раббоний ҳазратлари бундай билдирганлар: Қалблари хаста, илми оз бўлган баъзи кимсалар, ҳатто ўзларини шайх деб танитувчи баъзи динсизлар таносуҳга ишонишади. Улар: “Руҳлар камолга етмасдан олдин бир бадандан айрилса, бошқа бир баданга ўтади. Камолга етгач, инсонларга келмайди, таносуҳ йўли билан покланган бўлади” дейишади ва таносуҳ ҳақида кўплаб ҳикоялар тўқиб чиқаришади. Таносуҳга ишонган киши диндан чиқиб, кофир бўлади. Агар руҳлар таносуҳ билан камолга етса, жаҳаннам кимлар учун бўлади, кимлар азоб чекади? Бунга ишониш жаҳаннамни инкор қилиш ва ҳатто ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмаслик демакдир. Чунки уларнинг фикрича, руҳнинг камолга етиши учун восита бўлган баданга эҳтиёжи қолмаган бўлади ва демак, бадан билан ҳашр бўлишга (қайта тирилишга) ҳожат қолмайди. Бу ёлғончиларнинг сўзлари қадимги файласуфларнинг [ва ҳозирги медиумларнинг] сўзларига ўхшайди. Қадимги файласуфлар баданнинг қайта тирилишига ишонмасди. “Жаннат неъматлари ва жаҳаннам азоблари фақат руҳларга бўлади” дейишарди. Булар ўша файласуфлардан ҳам баттарроқдир. Чунки улар таносуҳни рад этиб, азоб фақат руҳга бўлишини айтганди. Булар эса ҳам таносуҳга ишонишади, ҳам охират азобини инкор қилишади. Бу динсизларга кўра, азоб фақат дунёда берилармиш.

Аллоҳу таоло дин буюкларининг руҳларини инсон шаклига киритган, бу шакллар инсондай ҳаракат қилган ҳолатлар бўлган. Бу ҳолатда муборак руҳлар бошқа баданларга кирган эмас. Бир руҳнинг бадан шаклини олиши таносуҳ эмас. Фаришталар ва жинлар ҳам инсон шаклига кириб кўп ишларни қилади, бу ҳам таносуҳ эмас. Таносуҳга ишонувчилар қабр азобига ва қиёмат кунига иймон келтирадиларми? Афсуски, бундай иймонсизлар ўзларини дин арбоби қилиб кўрсатиб, нашр воситалари орқали одамларга мусулмонликни ўргатиш ниқоби остида ёшларни динсиз, иймонсиз қилишга уринадилар. (2/58)

Таносуҳга ишонувчиларнинг кофир эканлиги “Барийқа” ва “Ҳадийқа” китобларида ҳам ёзилган. Қадимги юнон файласуфи Афлотун ҳам таносуҳга ишонарди. Таслис (уч худолик) эътиқодини биринчи бўлиб ўртага чиқарган ҳам мана шу кимса бўлади. Ҳазрати Исо кўкка чиқарилганидан сўнг, тўрт Инжилни ёзганлар асарларига шу таслис эътиқодини илова қилиб, инсониятни катта фалокатга етаклади.

Юқорида ботил эътиқод бўлган реинкарнация ҳақида тўхталган эдик. Бу ботил эътиқод кўпроқ ҳинд ва буддистларда учрайди. Ўлган кишининг руҳи бошқа одамга ўтмайди. Буни билдирадиган бирорта оят ёки ҳадис йўқ. Ҳеч қайси олим ҳам бундай гапни айтмаган. Қуръони каримда ўлим ва қайта тирилиш ҳақида кўплаб ояти карималар бор. Уларнинг ҳеч бирида руҳнинг бошқа бир инсонга ёки бошқа бир махлуққа кўчиб ўтишини кўрсатувчи ифода йўқ. Аллоҳу таоло инсонларга руҳ ҳақида етарли маълумот бермаган. "Исро" сурасининг “Сендан руҳ ҳақида сўровчиларга айтгил: “Руҳ Раббимнинг ишидандир, сизларга ундан жуда оз илм берилган” маолидаги 85-ояти ҳам руҳнинг моҳиятини билиш имконсиз эканлигини кўрсатади.

Шунингдек, “Икки марта ўлиб, икки марта тирилиш” ифодаси руҳнинг бошқа баданга кўчиши ҳақида эканлигини фақат зиндиқларгина айтади.

Қуръони каримда буюрилдики: Илк инсон лойдан, кейингилар нутфадан яратилди. Нутфа қон лахтаси, гўшт бўлади, сўнг жон берилади. Ҳамма ўлади, қиёматда тирилади. (Мўминун, 12-16)

"Бақара" сурасининг “Аллоҳ сизни ўлик ҳолингизда тирилтирди. Сўнгра ўлдиради, кейин яна тирилтиради, ниҳоят Унга қайтариласиз” маолидаги 28-оятини Байдовий ва бошқа тафсирлар қуйидагича изоҳлайди:

Боланинг она қорнида жон берилишидан олдинги ҳолати учун “ўлик”, жон берилишига эса “тирилиш” дейилган. Яъни инсон бир марта она қорнида, бир марта эса қабрдан кейин тирилтирилади. Иккита ўлик ҳоли бор: бири она қорнидаги руҳ берилишидан олдинги ҳолати, бири эса қабрдаги ҳоли. Яъни ҳаммаси бўлиб икки ўлим ва икки тирилишдир.

Кофирлар охиратда: “Эй Раббимиз, бизни икки марта ўлдирдинг, икки марта тирилтирдинг” дейдилар (Мўмин, 11) ва дунёга қайта юборишларини сўраб, яхши амаллар қилишларини айтадилар (Сажда, 12). Уларга дунёдан келганликлари билдирилиб, истаклари рад этилади (Иброҳим, 44).

Ва дейиладики: “Сизларга фикр юрита оладиган киши фикр юритгудек, панд-насиҳат олгудек умр бермадикми? Сизларга огоҳлантирувчилар [Пайғамбар, китоб, ақл, қарилик, ўлим кабилар] келмадими?” (Фотир, 37)

“Кофирлардан бирига ўлим келганида: “Раббим, мени орқага қайтар, ишламай қолдирган амалларимни тамомласам ва яхши ишлар қилсам” дейди. Йўқ, бу унинг айтган қуруқ гапидир. Қайта тирилтириладиган кунларигача уларнинг ортида орқага қайтишдан тўсувчи бир тўсиқ бордир. (Мўминун, 99-100)

"Духон" сурасининг 56-оятидаги “Инсон илк ўлимдан бошқа ўлимни тотмайди” ифодаси ўлим битта эканини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. Қуръони каримда “Икки марта ўлиб, икки марта тирилиш” ифодасига ўхшаш бошқа ифодалар ҳам бор. Масалан:

“Кечаси сизни ўлдирадиган [руҳингизни оладиган], кундузи нима қилганингизни биладиган; сўнгра белгиланган ажал тамомлангунга қадар кундузи сизни тирилтирадиган [уйғотадиган] Удир. (Анъом, 60)

Аллоҳу таоло ажали келганларнинг ўлим пайтида, ажали келмаганларнинг эса уйқу пайтида руҳларини олиши ва бунда фикрлайдиганлар учун ибрат борлиги билдирилган. (Зумар, 42)

Ушбу икки ояти каримада инсон ухлаётганда унинг руҳини Аллоҳу таоло олиши очиқ-ойдин билдирилмоқда. Руҳини олиш билан уни ўлдирган бўлмайди. Энди қайси зиндиқ: “Ухлаган одам ўлади, руҳи бошқа баданга ўтади” дея олади? Ягона ўлим ва ягона қайта тирилиш борлигини билдирувчи ояти карималардан учтаси қуйидагича:

“Инсон аввал ҳеч нарса эмаслигида Биз уни яратганимизни ўйлаб кўрмайдими?” (Марям, 67)

“Эй Расулим, сендан аввал ҳам бирор башарга абадийлик бермадик. Энди сен вафот этсанг, гўё улар абадий қоладиларми? Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир.” (Анбиё, 34; 35)

“Агар “Ўлимдан кейин, албатта, қайта тирилтириласиз” десанг, кофирлар “бу сеҳрдир” дейдилар. (Ҳуд, 7)

Савол: Ўлган одамларнинг руҳлари бола, ҳайвон ёки ўсимликка ўтармиш. Бу бола ўзига руҳи ўтган кишининг ўтмишдаги ҳаёти ҳақида гапириб, масалан: “Мен юз йил аввал мана бу ишларни қилгандим” дермиш. Ўлганнинг руҳи бошқасига ўтадими?

Жавоб: Бу ботил эътиқод кўпроқ ҳинд ва буддистларда учрайди. Реинкарнация деган нарса йўқ. Яъни ўлган кишининг руҳи бошқа баданга ўтмайди. Ёки бир киши дунёга бир неча бор келмайди.

Кўпинча динга ишонмайдиган кимсалар реинкарнация ҳақида гапиради. Динга ишонмайдиган бир киши агар диндан гапираётган бўлса, албатта унинг самимиятидан шубҳа қилинади. Буларнинг асл мақсади динни йўқотишдир. Улар динга ишонувчи бўлиб кўриниб, одатда, ичкилик оз ичилса гуноҳ эмаслиги, тасаттур (ҳижоб) Қуръонда йўқлиги, унинг кераксизлиги, жаннат ва жаҳаннам дунёда эканлиги ҳақида оғиз кўпиртиришади.

Ҳазрати Одамни инкор қилиш учун илк инсонлар ваҳший бўлганлигини, маймундан тарқалганлигини, тил билмаганлигини ҳам айтади. Ҳолбуки, Аллоҳу таоло барча нарсаларнинг илмини, касб-ҳунарини ҳазрати Одамга ўргатганини билдирган. (Бақара, 31)

Мусулмонлар бошқа сайёраларда инсон ёки инсонга ўхшаш жонли мавжудот йўқлигини билдиргани учун дин душманлари “НУЖ” (номаълум учувчи жисм) деган ёлғонни тўқиб чиқаришди. Аллоҳга ишонмайдилар, “Кўк худолари”, “Худоларнинг аравалари” дея романлар ёзади.

Фол очишнинг илмий ҳеч қандай қиймати йўқлиги ва асоссиз эканлиги ҳаммага маълум бўлса-да, фақат Исломият фолни қоралагани учунгина фолга оид мақолалар, шарҳлар нашр этишади. Аслида ўзлари хурофотчи бўла туриб, мусулмонларга туҳмат қилади. Қисқаси, булар динни йиқитиш учун очиқчасига эмас, балки мана шундай таъвилли, билвосита йўллар билан динга ҳужум қилиб: “ёпишмаса ҳам, изи қолади” деган умидда Исломиятга лой чаплашга уринади. Буларнинг сўзи динда ҳеч қандай қийматга эга эмас.

Жин инсоннинг ичига кира олади. Бу хусус ҳадиси шарифда таъкидланган. Улар инсоннинг сезги ва ҳаракат асабларига таъсир кўрсатиб, ҳаракат ва товуш ҳосил қилади. Инсон ўзининг бу сўз ва ҳаракатидан хабари бўлмайди. Шу тариқа ўз вақтида Римда, Будапештда ва Туркияда гапирадиган чақалоқлар ва беморлар кузатилган. Уларни гапиртираётган жин узоқ ўлкалардаги ёки қадим замонлардаги нарсаларни сўзлагани сабабли, баъзи кимсалар бу болаларни икки руҳли ёки бошқа инсоннинг руҳи кириб қолган деб ўйлашган. Динимиз бунинг нотўғри эканини очиқ-ойдин билдирган.

Имоми Ғазолий ҳазратлари бундай деб айтган: “Турли ёшдаги баданлари бошқа-бошқа бўлган инсон, худди ўша бўй ва худди ўша шаклда, лекин бошқа зарралардан ташкил топган бадан билан қабрдан туради. Бу хусус яхши тушунилгач, агар инсон инсонни еса, ейилган аъзо қайси инсон билан бирга яратилади - еган биланми ёки ейилган биланми - деган саволларга ҳожат қолмайди. Чунки ўша аъзоларнинг ўзлари эмас, балки ўхшашлари яратилади.”

Қуръони каримда маолан буюрилдики: “Улар кўкларни ва ерни яратган Аллоҳ, уларнинг ўзлари кабиларини ҳам [ўхшашларини ҳам] яратишга қодир эканини ўйлаб кўрмайдиларми?” (Исро, 99)

Ҳар бир одам вафот этган пайтидаги шакли, бўйи ва аъзолари билан қабрдан туради. Ҳар бир кишининг думғаза суяги ўзгармайди, бошқа аъзолар мана шу суяк устида қайтадан яратилади, руҳлар эса бу янги баданларни топиб, у билан бирлашади. Руҳларнинг бу бошқа баданлар билан бирга бўлиши таносуҳ эмас. Инсон бадани ва аъзолари дунёда ҳам ўзгариб туради. Ёши қирқдан ошган инсоннинг гўшти, ёғи, териси ва суяклари бошқа, болалик чоғидаги эса бошқа. Лекин у барибир ўша инсонлигича қолаверади. Чунки инсон дегани – руҳ деганидир. Бадан ўзгариб турса-да, руҳ ўзгармайди.

Руҳ ўзгармаганидек, бармоқ изи ҳам ҳеч қачон ўзгармайди. Ҳеч бир инсоннинг бармоқ изи бошқасиникига ўхшамайди. Инсон бармоқ учларидаги чизиқларнинг шакли, у туғилмасидан аввал, руҳ бадан билан бирга бўлган пайтларда шаклланади. Инсон ўлиб, чириб кетгунгача ҳеч ўзгармайди. Беш минг йиллик мумияларда ҳам улар ўзгармасдан қолгани кузатилган. Бармоқ учидаги чизиқларнинг ҳар бири ёнма-ён тизилган тешикчалардан ташкил топган. Ҳар бир тешикчадан тер сизиб чиқади. Одам бирор нарсани ушлаганда, сизиб чиққан тер ўша нарсанинг устида чизиқлар шаклида из қолдиради. Терни бўяйдиган дори сурилса, ўша кишининг бармоқ изи кўринади. Ўғрини бармоқ изидан топиш мумкин.

Ўлган кишининг руҳи бошқасига ўтмайди. Фан ривожлангани сайин бу ҳолат янада осонроқ тушунилади. Масалан, барча инсонларнинг бармоқ излари базага олинса, илгари ўлиб кетган одамнинг руҳи кириб олганлиги айтилаётган боланинг бармоқ изи билан солиштирилганда, улар бир-бирига тўғри келмаслиги кўринади. Буни бошқа усуллар билан ҳам тасдиқлаш мумкин.

Инсон ўз руҳи туфайли оёқда туради. Ақли ва фикри руҳи туфайли мавжуддир. Инсоннинг вужуди дурадгорнинг асбобларига ўхшайди. Инсон ўлгач, асбоблари йўқолгани учун руҳ бу асбоблар билан иш қила олмайди. Бироқ руҳ ўлик бўлмагани учун бориб-келади, инсонларни танийди. Ҳатто вафот этган авлиёларнинг руҳлари тирик инсонларга ёрдам ҳам беради. Бу ёрдам дунёдаги жисмоний аъзолар орқали эмас. Аллоҳу таоло руҳларга аъзоларсиз ҳам иш қилиш хусусиятини берган. Вафот этган Хизр алайҳиссаломнинг руҳи кўп кишиларга турли ёрдамлар кўрсатиб келмоқда.

Бир кишига амалиёт орқали бошқа бирининг бутун аъзолари кўчириб ўтказилса ҳам унинг фикрлашида, ақлида заррача ўзгариш бўлмайди. Бу худди дурадгорнинг эски асбоблари ўрнига янгиларини олганига ўхшайди. Асбоб ўзгариши билан дурадгордаги қобилият ва маҳорат ўзгармайди. Ўтмас арра ўрнига яхши кесадиган арра келса, иши осонлашади. Кўрмайдиган кўз ўрнига соғлом кўз қўйилса, кўра бошлайди. Қони, юраги ва ҳатто мияси алмашса ҳам, бу фикрлашига таъсир қилмайди. Соғлом аъзо қўйилса, иш осонроқ бажарилади; чунки инсон - руҳ демакдир. Инсон ўлиши, ҳатто ёниб кетиши билан руҳ йўқ бўлиб кетмайди. Шунчаки унинг асбоблари [бадани] қўлидан олинган бўлади. Охиратда унга янги асбоблар берилади, янги бадан яратилади. Руҳ ўзига берилган вужуд воситасида ё неъматга эришади ёки азобга дучор бўлади. Яъни ё жаннатга, ё жаҳаннамга боради.

Руҳнинг моҳиятини билмаган ёки Аллоҳнинг қудратига шубҳа қилган кимса, инсон ёниб кетгач йўқ бўлади, қабр саволи ва қабр азоби бўлмайди деб ўйлайди. Ҳолбуки, қабр саволи ва азоби ҳақ.

Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Қабр ё жаннат боғчаларидан бир боғча ёки жаҳаннам чуқурларидан бир чуқурдир.” (Термизий)

Ақл етмайдиган нарсаларни ақл билан ечишга уриниш жуда нотўғри. Ақл кўзга ўхшаса, дин илмлари ёруғликка ўхшайди. Кўз ёруғлик бўлмаса, қоронғида кўрмайди. Кўз қоронғида кўра олмаган нарсаларига “йўқ” дея олмайди. Ақл ҳам маънавиятни, метафизикани англай олмайди. Ақлимиздан фойдаланишимиз учун Аллоҳу таоло дин нурини юборди. Кўз ёруғликсиз қоронғида жисмларни кўра олмаганидек, дин илмларисиз ҳам ақл маънавий нарсаларни англай олмайди.

Америкадаги ҳинду ваҳшийлари камон ўқлари учига суртадиган “Кураре” номли заҳар нерв учларини фалаж қилади. Мушак ҳаракатлана олмайди. Оғриқ бермагани учун инсон заҳарланганини сезмайди. Қўл-оёғини қимирлата олмайди, ерга йиқилиб, тошдек қотиб қолади. Кўриб-эшитса ҳам, лекин кўзини юмиб-оча олмайди, тилини қимирлатиб бақира олмайди. Қабр азобини ҳам шунга ўхшатиш мумкин. Ўлик азобни ҳис қилади, лекин қимирлай олмайди.

Динга ишонмайдиган бир нодон: “Капалаклар доим ўлиб-тирилади” деб, реинкарнация ҳақиқат эканини ёқламоқда. Дунёда ҳар бир жонзотнинг ҳаёт цикли мавжуд. Капалакларда тухум, қурт, ғумбак ва капалак цикллари бўлади. Капалакларнинг насли шу тариқа давом этади. Бунинг таносуҳ хурофотига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўсимликларнинг, қовун, тарвуз ва уруғдан униб чиқадиган бошқа сабзавотларнинг кўпайиши ҳам шунга ўхшайди. Масалан, бир тарвуз уруғи тупроққа ташланса, уруғдан яшил ўсимта пайдо бўлади. Яшил ўсимтадан эса тарвуз етилади. Тарвузнинг ичида яна уруғлар бўлади. Шу тариқа наслини давом эттиради. Янги етилган тарвузларнинг уруғи экилган тарвуз уруғига ўхшайди, деб “эски уруғ қайта пайдо бўлди” дейиладими? Ёки “тарвуз ўлиб-ўлиб тириляпти” дейиладими? Ҳар бир жонли мавжудот ўлади. (Раҳмон, 26)

Савол: Руҳ нима? Ўлгандан кейин руҳ қаерга боради?

Жавоб: Аллоҳу таоло инсонларга руҳ ҳақида етарли маълумот бермаган. "Исро" сурасининг “Сендан руҳ ҳақида сўрайдилар, айтгил: “Руҳ Раббимнинг ишидандир, сизларга ундан жуда оз илм берилган” маолидаги 85-ояти каримаси ҳам руҳнинг моҳиятини билиш имконсиз эканини билдирмоқда.

Имоми Раббоний ҳазратлари шундай дедилар: Аллоҳу таоло инсон руҳини билиб бўлмайдиган суратда яратди. Руҳ модда ёки жисм эмас, маълум бир жойи йўқ. Руҳ баданнинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам эмас; на ёпишган, на ажралган. Фақат уни борлиқда тутиб туради. Баданнинг ҳар бир заррасини тирик тутадиган қувват руҳдир. Оламни борлиқда тутиб турган Аллоҳу таоло баданни ҳам руҳ воситасида тирик тутиб туради. (“Мактубот” таржимаси)

“Ахлоқи Алоий” китобида шундай дейилган:

«Ақл етадиган маълумотларни англайдиган, сезги аъзоларидан мияга келадиган туйғуларни қабул қиладиган, бадандаги барча куч ва ҳаракатларни бошқарадиган ҳамда ишлатадиган қувват руҳдир. Руҳ кўз воситасида рангларни, қулоқ орқали товушларни қабул қилади, асабларни ишлатади. Мушакларни ҳаракатга келтиради ва шу тариқа баданга иш қилдиради. Бундай ишларга "ихтиёрий ишлар" дейилади. Ақлни ишлатиш, фикрлаш ва кулиш каби амалларни бажарадиган қувват руҳдир. Руҳ парчаланмагани ва бўлаклардан ташкил топмагани учун ҳеч қачон ўзгармайди, бузилмайди ва йўқ бўлмайди. Руҳ санъаткорга, ҳунармандга ўхшайди. Бадан эса, унинг қўлидаги асбобга ўхшайди. Инсоннинг ўлими - руҳнинг бадандан айрилишидир. Бу ҳунарманднинг асбоби йўқолишига ўхшайди.»

Имоми Ғазолий ҳазратлари айтдилар:

“Жасаддан айрилган руҳ ё азобга, ё неъматга эришади. Яхшиларнинг руҳи юксалади, ёмонларники етти қават ер қаърига қулайди. Бадандан айрилган руҳ ҳеч қандай асбоб ва воситасиз ҳамма нарсани билади. Шу сабабли турли неъмат ёки азобларга дуч келади.

Руҳ баданда турганида бирор аъзо, масалан, оёқ шол бўлса, руҳ бу оёққа таъсир қилолмайди. Ўлим эса, барча аъзоларнинг шол бўлишига ўхшайди; аммо руҳ бадандан айрилгач, яна билади, кўради, англайди, қувонади ва хафа бўлади, бу ҳолатлари йўқолмайди.

Бу ҳоллари барча руҳлар йўқ қилингунгача давом этади. Ҳар одам қайта тирилганида, ҳар бир руҳ қайтадан пайдо бўлган жасадга боғланади.”

Савол: Дежавю нима дегани? Бунинг реинкарнация билан алоқаси борми?

Жавоб: Дежавю энциклопедияларда қуйидагича таърифланади: Дежавю – ҳозир бошидан кечираётган бир ҳодисани аввал ҳам бошидан ўтказгандек ёки кўраётган бир жойни аввал ҳам кўргандек бўлиш туйғусидир. Французча “déjà” (аввалроқ) ва “voir” (кўрмоқ) феълининг ўтган замон шакли бўлган “vu” сўзларининг бирлашишидан келиб чиққан. Миянинг чарчоқ ёки бошқа сабаблар билан бирор тасвир ёки овозга ўхшаш  маълумотни қабул қилиш вақтида англай олмаганидан келиб чиқиши мумкин. Мия бу маълумотни англаганида, киши аввал ҳам буни бошидан кечиргандек туйғуни ҳис этади. Бундан ташқари, миянинг ўнг ва чап ярим шарлари миллисониядан ҳам кичикроқ вақт фарқи билан ишлашидан ҳам келиб чиқиши мумкин. Бир ярим шар маълумотни иккинчи ярим шардан аввал қабул қилгани учун, кеч англаган томон бу воқеа аввал ҳам юз бергандек туйғуни ҳосил қилади. Бу ҳолат нерв аксонларидаги кичик бир оғишдан келиб чиқади.

Дежавюнинг акси “jamais-vu” бўлиб, жамевю деб ўқилади. Бу ҳолатда инсонлар ўзларига таниш бўлган муҳитда бегоналик ҳис қилишлари мумкин. Дежавюга ўхшаш сабаблар билан юзага келади. Тадқиқотларга кўра, инсонларнинг 50 фоиздан кўпроғи ҳаётида камида бир марта дежавю ҳолатини бошдан кечирган. Кўпчилик маълум вақт ўтгач, охирги марта қачон дежавюга дуч келганлигини унутади. (Википедия)

Дежавюнинг реинкарнация [таносуҳ] билан ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Савол: Баъзилар одамлардаги илк ўлим, иккинчи ҳаёт деган нарсаларни айтишяпти, агар бунинг асли бўлса, бу илк ўлим қандай содир бўлган?

Жавоб: Имоми Ғазолий ҳазратлари “Дурратул-Фахира” номли китобларида бу ҳақда бундай деганлар:

“Одам алайҳиссалом яратилиб, бели масҳ этилгач, унинг насли зарралар ҳолида чиқди. Уларнинг бир қисми ўнг томонидан, бир қисми чап томонидан жой олди. Ҳар бир инсоннинг заррасини бир-биридан ажратди. Одам алайҳиссалом уларга қаради ва уларнинг зарралардек эканлигини кўрди. "Воқеа" сурасидаги бир ояти каримада маолан:

“Мана бу ўнг томондагилар жаннат аҳлининг амалини ишлайдиган бўлгани учун жаннатийдирлар. Уларнинг амалларидан Менга бирор фойда ёки зарар йўқдир. Бу чап томондагилар эса, жаҳаннам аҳлининг амалини ишлайдиган бўлгани учун дўзахийдир. Улардан ҳам Менга бирор фойда ёки зарар йўқдир” деб буюрилди.

Одам алайҳиссалом Аллоҳу таолодан сўради:

- Ё Рабби! Жаҳаннам аҳлининг амали нима?

- Менга ширк келтириш ва Мен юборган пайғамбарларга ишонмаслик ҳамда улар орқали юборган китобларимдаги амр ва тақиқларимга амал қилмай, Менга исён қилишдир.

Шунда Одам алайҳиссалом Аллоҳу таолога дуо қилиб: “Ё Рабби! Буларни ўзларига гувоҳ қил! Шояд, жаҳаннам аҳли амалини қилмасалар” деди.

Аллоҳу таоло ҳам уларнинг нафсларини гувоҳ қилиб: “Мен сизнинг Раббингиз эмасманми?” деб буюрди. Барчаси: “Ҳа, Раббимизсан. Биз гувоҳмиз”, дедилар. Ушбу аҳдномадан сўнг уларни яна эски маконларига юборди, чунки уларнинг ҳаётлари фақат руҳоний ҳаёт эди. Жисмоний ҳаёт эмасди.

Аллоҳу таоло уларни Одам алайҳиссаломнинг пуштига жойлаштирди. Руҳларини қабз қилиб, Арш хазиналаридан бирига сақлаш учун қўйди.

Отанинг нутфаси онанинг бачадонига етиб, боланинг жисмоний сурати шаклланганида у ҳали ўлик бўлади. Аллоҳу таоло бачадонда ўлик бўлган бу болага руҳ беришни мурод қилганида, Аршда сақланаётган руҳни бу жасадга қайтаради. Бола ўшанда ҳаракатлана бошлайди. Аллоҳу таолонинг руҳлардан: “Мен сизнинг Раббингиз эмасманми?” деб сўраган мисоқидан (аҳдномасидан) кейинги ўлим, яъни руҳнинг Арш хазиналарига юборилиши биринчи ўлим ва ҳозирги она қорнидаги ҳаёт иккинчи ҳаётдир.”