Руҳнинг моҳияти ва руҳ чақириш

Савол: Руҳнинг моҳияти нима? Руҳ уйқудалигмизда худди ўлимдагидек бадандан ажраладими?

Жавоб: Руҳнинг моҳиятини билиш имконсиздир. Ояти каримада маолан бундай деб буюрилган: “Сендан руҳ ҳақида сўрайдиганларга айт: Руҳ Раббимнинг ишидандир, сизларга эса жуда оз илм берилган”. (Исро, 85)

Ақл етадиган маълумотларни англайдиган, сезги аъзоларидан мияга келадиган туйғуларни қабул қиладиган, бадандаги барча куч ва ҳаракатларни бошқарадиган ҳамда ишлатадиган қувват руҳдир. Руҳ кўз воситасида рангларни, қулоқ орқали товушларни қабул қилади, асабларни ишлатади. Мушакларни ҳаракатга келтиради ва шу тариқа баданга иш қилдиради. Бундай ишларга "ихтиёрий ишлар" дейилади. Ақлни ишлатиш, фикрлаш ва кулиш каби амалларни бажарадиган қувват руҳдир. Руҳ парчаланмагани ва бўлаклардан ташкил топмагани учун ҳеч қачон ўзгармайди, бузилмайди ва йўқ бўлмайди. Руҳ санъаткорга, ҳунармандга ўхшайди. Бадан эса, унинг қўлидаги асбобга ўхшайди. Инсоннинг ўлими - руҳнинг бадандан айрилишидир. Бу ҳунарманднинг асбоби йўқолишига ўхшайди. (Ахлоқи Алоий)

Имоми Ғазолий ҳазратлари айтдилар: Жасаддан айрилган руҳ ё азобга, ё неъматга эришади. Яхшиларнинг руҳи юксалади, ёмонларники етти қават ер қаърига қулайди. Бадандан айрилган руҳ ҳеч қандай асбоб ва воситасиз ҳамма нарсани билади. Шу сабабли турли неъмат ёки азобларга дуч келади. Руҳ баданда турганида бирор аъзо, масалан, оёқ шол бўлса, руҳ бу оёққа таъсир қилолмайди. Ўлим эса, барча аъзоларнинг шол бўлишига ўхшайди; аммо руҳ бадандан айрилгач, яна билади, кўради, англайди, қувонади ва хафа бўлади, бу ҳолатлари йўқолмайди.

Уйқуда ҳам худди ўлимдагидек руҳ бадандан айрилади; бироқ тушдаги айрилиш билан ўлим пайтидаги айрилиш орасида катта фарқ бор. Ояти каримада бундай дейилди: “Аллоҳ руҳларни ўлим пайтида, ўлмаганларникини эса, уйқу пайтида олади. Ўлимига ҳукм қилганларини ушлаб қолади, қолганларини эса, маълум муддатгача қўйиб юборади. Албатта, бунда фикрлайдиганлар учун ибратлар бор”. (Зумар, 42)

Имоми Раббоний ҳазратлари айтдилар: Уйқуда руҳнинг бадандан айрилиши бир кишининг ватанидан сайр қилгани хурсанд бўлиб чиқиб кетишига ўхшайди; сайр қилиб бўлгач, яна қувонч билан ватанига қайтади. Ўлимдаги айрилиш эса, ундай эмас. Бу айрилиш ватани вайрон бўлган, уйлари ва бинолари йўқ бўлган кишининг ўз юртини тарк этишига ўхшайди. Шунинг учун уйқудаги айрилишда қийинчилик ва оғриқ бўлмайди. Аксинча, қувонч ва роҳатлик бўлади. Ўлимдаги айрилишда эса, жуда кўп оғриқ ва машаққатлар юзага келади. Ухлаётган одамнинг ватани дунё бўлиб, унга ҳаётдаги одамларга қилинадиган муомала қилинади. Ўлган одамнинг ватани эса, йўқ бўлади, у охиратга кўчади. Энди унга охират муомаласи қилинади. (3/31)

Аллоҳу таоло инсон руҳини билиб бўлмайдиган суратда яратди. Руҳ модда ёки жисм эмас, маълум бир жойи йўқ. Руҳ баданнинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам эмас; на ёпишган, на ажралган. Фақат уни борлиқда тутиб туради. Баданнинг ҳар бир заррасини тирик тутадиган қувват руҳдир. Оламни борлиқда тутиб турган Аллоҳу таоло баданни ҳам руҳ воситасида тирик тутиб туради. (1/287)

Савол: Баъзи медиумлар: “Йўқолган нарсаларни ва бошингизга келадиган ишларни биламиз”, дейишади. Медиум финжон билан руҳ чақираётганда: “Фалончининг руҳи кел”, дейди. Бирон савол берилса, финжон “ҳа” ёки “йўқ” ёзуви томонга ёки ҳарфлар устида ҳаракат қилади. Шу тариқа саволга жавоб берилади. Баъзан тўғри чиққан ҳолатлар ҳам бўлади. Бунинг сабаби нима?

Жавоб: Қуръони каримда ғайбни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмаслиги билдирилган. (Жин, 26)

Ғайб - сезги аъзолари, ҳисоб-китоб ёки тажриба орқали билиб бўлмайдиган нарса дегани. Бировнинг тиллалари ўғирланса ва у медиумга ёки фолбинга борса, улар ўғрини таърифлаб беришади. Баъзан бу тўғри чиқади. Ўғирланган нарса биз учун ғайб бўлса-да, ўғрига ва уни кўрганларга ғайб эмас. Агар ўғрини бирон жин кўрган бўлса, жин уни таърифлайди ва ўғри топилади. Бу "жин ғайбни билди" дегани эмас. “Руҳ чақириш” маросисида келадиган нарса ҳам аслида жиндир. Жин ҳам келажакни, ғайбни билмайди. Уларнинг билмаслиги Қуръони каримда ёзилган. (Саба, 14)

Жин ғайбни билмаганидек, фаришта, ҳатто пайғамбар ҳам  билмайди. Аммо Аллоҳу таоло билдирса, албатта, улар ҳам билади. (Жин, 27)

Пайғамбаримизнинг туялари йўқолиб қолганда, мунофиқлардан бири: “Жаннат ва жаҳаннамдан гапиради-ю, лекин ўз туяси қаердалигини билмайди”, деди. Шу заҳоти Аллоҳу таоло туянинг қаердалигини Расулига билдирди. Пайғамбаримиз туянинг жилови бир дарахтга илиниб қолганини кўриб, таърифлаб бердилар. Бориб кўришса, айтилган жойда экан. (М.Коинот)

“Биргивий васиятномаси”да бундай дейилган: «Бир киши: “Мен ўғирланган, йўқолган нарсаларни ва уларнинг жойини биламан”, деса, буни айтган ҳам, унга ишонган ҳам кофир бўлади. “Менга жин хабар беряпти, шунинг учун биламан”, деса ҳам кофир бўлади. Чунки жин ҳам ғайбни билмайди. Ғайбни фақат Аллоҳ билади». Қозизода буни шундай изоҳлайди: “Ғайбни Аллоҳу таоло ваҳий ва илҳом қилган бандалари ҳам билади. Жин ғайбни билмайди. Аммо жин: «Мен бир авлиёдан эшитдим, шундай экан», деса, бу куфр бўлмайди. Бироқ жинлар ёлғончи бўлганлари учун улар «фалондан эшитиб айтяпман» деса ҳам ишониш керак эмас. Аллоҳу таоло ваҳий орқали пайғамбарларга ғайбни билдирганидек, илҳом орқали авлиёларга ва мўминларга ҳам билдиради”.

Аллоҳу таоло ғайбни пайғамбарига, авлиёсига ва хоҳлаган бандасига билдиради. Авлиёларнинг кароматлари кўп кузатилган. Масалан, ҳазрати Умарнинг Мадинада туриб, Эрондаги қўшинни кўриши ва қўмондонга: “Тоғ томонга чекин!” деб ҳайқиргани машҳурдир. Авлиёларнинг руҳлари ҳам ёрдам беради. (Шавоҳид-ун-нубувва)

Руҳ чақирувчилар “ўлганнинг руҳи келяпти” деб одамларни алдайди. Кофирларнинг руҳлари ҳибс қилинган, уларнинг келиши мумкин эмас. Мусулмонларнинг руҳлари эса фосиқ ва кофирларнинг чақириғи билан келмайди. Кофирларнинг руҳи ҳибсда бўлгани учун тушда ҳам кўринмайди, шайтон уларнинг қиёфасига кириб кўринади. (Мифтоҳ-ул-жанна)

Руҳ чақирувчиларнинг руҳ ҳақида айтган гапларининг ҳаммаси ёлғон. Чунки Қуръони каримда инсонларга руҳ ҳақида жуда оз илм берилгани айтилган. (Исро, 85)

Руҳ чақирувчилар шундан кўп нарса билишни иддао қилса, бу оятни инкор этган бўлади. Имоми Раббоний ҳазратлари таносуҳга (руҳнинг бир бадандан иккинчисига ўтишига) ишонган киши кофир бўлишини билдирганлар. (2-жилд, 58-мактуб)

Динга зид ҳаракатларда бўлган ёмон кимсалардан ҳам баъзи ғайритабиий ҳолатлар содир бўлиши мумкин. Бундай кишиларни азиз, муборак, улуғ зот деб ўйламаслик керак. Ҳозирги кунда шундай ғаройиб ҳолатларни кўрсатганларга дарров “авлиё” дейишмоқда. Ваҳоланки, уларнинг кўпида иймон ҳам бўлмаслиги мумкин. Авлиё киши каромат кўрсатишдан уялади.

Муҳаммад Маъсум Сарҳандий ҳазратлари айтадилар: “Бошқаларнинг кўнглидагини билиш, йўқолган нарсалардан дарак бериш ва дуоларининг қабул бўлиши каби Аллоҳу таолонинг одатидан ташқари ҳолатларнинг бир инсонда содир бўлиши унинг валий (авлиё) эканига аломат эмас. Бундай ҳолатлар истидрож эгаларида ҳам, риёзат чекиб нафсини поклаган кофирларда ҳам кузатилади. Баъзиларида риёзат чекмасдан ҳам ҳосил бўлмоқда.  Авлиё бўлиш учун риёзат чекиш шарт бўлмаганидек, каромат кўрсатиш ҳам шарт эмас. Лекин риёзат чекиш кароматларнинг кўпайишига ёрдамчи бўлади.  Пайғамбарлардан бошқа ҳар бир кишининг охирги нафаси шубҳалидир. Шу сабабли иймонсиз ўлишдан қаттиқ қўрқиш керак”. (Мактуботи Маъсумия, 182-мактуб)

Аллоҳу таоло ҳар бир нарсани бир сабаб билан яратади. Бу сабабларга иш бажарадиган таъсир, қувват берган. Инсонларнинг барча иш-ҳаракатлари Аллоҳу таолонинг одат чамбари ичида юзага келади. Аллоҳу таоло севган бандаларига икром бўлсин деб, душманларини эса, алдаш учун одат чамбари ташқарисида, сабабсиз нарсалар яратади. Бу ғайритабиий ҳолатлар беш хил бўлади:

1. Пайғамбарлардан содир бўладиганларга мўъжиза дейилади.

2. Авлиёдан содир бўладиганларга каромат дейилади.

3. Авлиё бўлмаган солиҳ мусулмонлардан содир бўладиганларга фаросат дейилади.

4. Фосиқ ёки гуноҳи кўп мусулмонлардан содир бўладиганларга истидрож дейилади.

5. Кофирлардан содир бўладиганларга сеҳр дейилади.

Ёмон кимсалар ва ғайридинлардан содир бўлган ғайритабиий ҳолатларни кўриб, уларни яхши одам деб ўйламаслик керак.

Жин инсоннинг ичига кира олади. Бу хусус ҳадиси шарифда таъкидланган. Улар инсоннинг сезги ва ҳаракат асабларига таъсир кўрсатиб, ҳаракат ва товуш ҳосил қилади. Инсон ўзининг бу сўз ва ҳаракатидан хабари бўлмайди. Шу тариқа ўз вақтида Римда, Будапештда ва Туркияда гапирадиган чақалоқлар ва беморлар кузатилган. Уларни гапиртираётган жин узоқ ўлкалардаги ёки қадим замонлардаги нарсаларни сўзлагани сабабли, баъзи кимсалар бу болаларни икки руҳли ёки бошқа инсоннинг руҳи кириб қолган деб ўйлашган. Динимиз бунинг нотўғри эканини очиқ-ойдин билдирган.

Савол: Руҳ чарчайдими?

Жавоб: Руҳ чарчамайди.

Савол: Ҳайвонларнинг руҳи ва ақли борми?

Жавоб: Инсонларда бор бўлган руҳ ҳайвонда бўлмайди. Ҳайвондаги руҳ унга ҳаёт, яъни жонлилик бағишлайдиган бир кучдир. Руҳнинг форсчаси “жон”дир. Яъни ҳайвон ҳам жонлидир. Аммо биздаги руҳ унда мавжуд эмас. Ҳайвонда ақл ҳам бўлмайди. Уларнинг ўз шаҳватлари етовида яшашлари гуноҳ ҳисобланмайди. Ақли бор кишига гуноҳ бўлади.

Одамлар ва ҳайвонлар орасидаги энг катта фарқ - инсоний руҳидир. Инсонийлик шарафи ушбу руҳдан келади. Бу руҳ илк бор Одам алайҳиссаломга берилди. Инсонларга хос бўлган бу руҳ ҳайвонларда йўқ. Моддиюнчилар ва файласуфлар бу руҳдан хабардор бўлмаганлари учун инсонни маймунга яқин деб ўйлашлари мумкин. Илк инсонларнинг шакли ва тузилиши асло маймунга ўхшамаган, ўхшаган тақдирда ҳам инсон инсондир. Чунки унда одамий руҳ бор. Маймун эса, ҳайвондир, чунки у бу руҳдан ва руҳ туфайли юзага келадиган устунликлардан маҳрум.

Савол: Ҳайвонларнинг жонини ким олади?

Жавоб: Ҳайвонларда  одамлардагидек одамий руҳ бўлмайди. Уларга жонлилик берувчи, яъни аъзоларининг ишлашини таъминловчи асаб тизимларида бир қувват бор. Буни ҳайвоний руҳ ёки жон деб атаганлар. Инсонларда ҳам бу ҳайвоний руҳ бўлиши билан бирга, қўшимча равишда олами амрдан келган руҳлари ҳам бор. Азроил алайҳиссалом инсонларга хос бўлган руҳни олади. Фосиқ ва кофирларнинг руҳини эса бошқа ўлим фаришталарига буюриб олдиради.

Савол: Руҳ жисмми, у баданга қандай таъсир қилади?

Жавоб: Эни, бўйи ва баландлиги бўлган, шаклга кирадиган моддага жисм дейилади. Руҳ жисм эмас. (Ислом ахлоқи)

Инсон - руҳ деганидир. Эшитувчи, тасарруф ва қувват соҳиби бўлган нарса руҳдир. Бадан меҳнат қилишдан чарчаса-да, руҳ чарчамайди. Баданда руҳнинг борлиги сут таркибида ёғнинг борлигига ўхшамайди. Масалан, қўли кесилган кишининг руҳидан ҳеч нарса камайиб қолмайди. Ўзганинг юраги билан яшаётган инсоннинг руҳида ўзгариш бўлмайди, шунинг учун ахлоқи бузуқ кишининг юраги бу одамга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Қалб билан юрак бир хил нарса эмас. Юрак деб аталувчи гўшт парчаси ҳайвонда ҳам бўлади. Инсонга хос бўлган қалбга “кўнгил” дейилади. Кўнгил кўринмайди, аммо таъсирлари орқали борлиги тушунилади. Қалб электр оқимига, юрак эса, электр чироққа ўхшайди. Лампочка ичида электр оқими борлигини у ёруғлик сочгандагина англаймиз. Худди шу электрга ўхшаб қалб ҳам модда эмас, жой эгалламайди. Юракда асарлари кўрингани учун "қалбнинг ўрни юрак" дейилади. Юракни алмаштириш худди лампочкани алмаштиришга ўхшайди. Яъни кимдан, қандай юрак кўчириб қўйилмасин, барибир ҳаётдаги кишининг қалб қувватининг таъсири кўринади. Лампочка алмашгани билан шаҳардаги электр оқими камайиб ёки кўпайиб қолмаганидек, юрак алмашгани билан қалб қувватининг таъсири ўзгармайди.

Ёниб турган лампочкани бураб олганда, яъни ток билан алоқаси узилганда, токнинг бир қисми кесилган бўлмайди. Бошқа лампочка тақилса, унинг ҳам спиралини қиздириб, ёруғлик сочишига сабаб бўлади. Солиҳ кишининг юраги фосиққа ёки кофирга кўчириб қўйилса, у кишининг қалби яна гуноҳ ишлашни хоҳлайверади, ёмон ўйлайди. Аксинча, фосиқнинг юраги солиҳ кишига тақилса, у кишининг қалби барибир гуноҳ қилишни истамайди, доим яхшиликни ўйлайди. Юракнинг маънавий функцияси йўқ. Ўлгандан кейин у чириб кетади. Ёхуд бирор йиртқич ҳайвон еса ёки ёниб кетса ҳам фарқи йўқ, чунки инсон бадан эмас, руҳ деганидир. Бадан ўзгарса ҳам руҳ ўзгармайди.

Инсон ўз руҳи туфайли оёқда туради. Ақли ва фикри руҳи туфайли мавжуддир. Инсоннинг вужуди дурадгорнинг асбобларига ўхшайди. Инсон ўлгач, асбоблари йўқолгани учун руҳ бу асбоблар билан иш қила олмайди. Бироқ руҳ ўлик бўлмагани учун бориб-келади, инсонларни танийди. Ҳатто вафот этган авлиёларнинг руҳлари тирик инсонларга ёрдам беради. Бу ёрдам дунёдаги жисмоний аъзолар орқали эмас. Аллоҳу таоло руҳларга аъзоларсиз ҳам иш қилиш хусусиятини берган. Вафот этган Хизр алайҳиссаломнинг руҳи кўп кишиларга турли ёрдамлар кўрсатиб келмоқда.

Бир кишига бошқа бирининг бутун аъзолари кўчириб ўтказилса ҳам унинг фикрлашида, ақлида заррача ўзгариш бўлмайди. Бу худди дурадгорнинг эски асбоблари ўрнига янгиларини олганига ўхшайди. Асбоб ўзгариши билан дурадгордаги қобилият ва маҳорат ўзгармайди. Ўтмас арра ўрнига яхши кесадиган арра келса, иши осонлашади. Кўрмайдиган кўз ўрнига соғлом кўз қўйилса, кўра бошлайди. Қони, юраги ва ҳатто мияси алмашса ҳам, бу фикрлашига таъсир қилмайди. Соғлом аъзо қўйилса, иш осонроқ бажарилади; чунки инсон - руҳ демакдир. Инсон ўлиши, ҳатто ёниб кетиши билан руҳ йўқ бўлиб кетмайди. Шунчаки унинг асбоблари [бадани] қўлидан олинган бўлади. Охиратда унга янги асбоблар берилади, янги бадан яратилади. Руҳ ўзига берилган вужуд воситасида ё неъматга эришади ёки азобга дучор бўлади. Яъни ё жаннатга, ё жаҳаннамга боради.

Руҳнинг моҳиятини билмаган ёки Аллоҳнинг қудратига шубҳа қилган кимса, инсон ёниб кетгач йўқ бўлади, қабр саволи ва қабр азоби бўлмайди деб ўйлайди. Ҳолбуки, қабр саволи ва азоби ҳақ.

Абдулҳақ Деҳлавий ҳазратлари бундай деган: Одам ўлса ҳам, руҳи ўлмаслигини ояти карима ва ҳадиси шарифлар очиқча билдирган. Руҳнинг онгли, шуурли эканлиги, зиёратга келганларни ва улар қилган ишларини англаши ҳам баён этилган. Валийларнинг руҳлари тириклик чоғларида бўлганидек, вафотларидан кейин ҳам юксак мартабададир. (Мишкот)

Савол: Баъзилар: “Қуръон Аллоҳнинг каломи бўлиб, маҳлуқ бўлмаганидек, инсонларнинг руҳи ҳам Аллоҳнинг нафасидир, маҳлуқ эмас”, дейишади. Руҳлар маҳлуқ эмасми?

Жавоб: Руҳлар маҳлуқдир (кейин яратилган). Юқоридаги фикр жуда нотўғри. Ислом олимлари: “Инсон - руҳ деганидир”, деб айтганлар. Шундай экан, инсон руҳига “маҳлуқ эмас” дейиш нақадар хато ва аҳмоқона бўлади. Имоми Раббоний ҳазратлари айтадилар: “Олимлардан баъзилари: «Етти нарса, яъни Арш, Курси, Лавҳ, Қалам, Жаннат, Жаҳаннам ва Руҳ деб аталувчи маҳлуқлар йўқ бўлмайди, абадий қолади», дедилар. Бу сўзлар ушбу маҳлуқлар йўқ бўлолмайди дегани эмас. Аллоҳу таоло бор қилган нарсаларидан хоҳлаганини яна йўқ қилади, хоҳлаганини эса Ўзи биладиган ҳикмат ва сабабларга кўра асло йўқ қилмайди ва улар абадий қолади”. (Мактубот, 3/57)

Савол: “Биз руҳни яхши биламиз. Руҳнинг вазни бор. Бир кишини ўлишидан олдин тортдик, ўлгач 26 граммга енгиллашди. Тажриба билан маълум бўлдики, руҳнинг вазни 26 граммдир”, дейдиганлар бор. Руҳнинг моҳиятини билдирадиган бирон илм борми?

Жавоб: Руҳнинг моҳиятини билиш имконсиз. Ояти карима маоли: “Сендан руҳ ҳақида сўраганларга айт: Руҳ Раббимнинг ишидандир, сизларга руҳ ҳақида жуда оз илм берилди”. (Исро, 85)

Аллоҳу таоло “Сизларга оз илм бердим” деб турган бир пайтда, руҳшуносларнинг Аллоҳни ёлғончига чиқаргандек: “Биз руҳни яхши биламиз”, деб лоф уришларига эътибор берилмайди. Руҳни худди бир моддадек: “Вазни 26 грамм”, дейиш жуда нотўғри. Чунки имоми Раббоний ҳазратлари бундай дейдилар: “Руҳ ҳар қандай нарсадан кўра латиф [модданинг энг енгили бўлган водород газидан, ҳатто электрондан ҳам енгил] бўлгани учун, ҳатто модда ҳам бўлмагани учун, нима билан бирлашса, ўшанинг ҳолатига, шаклига ва рангига киради”. (1/99)

Савол: Баъзи инсонлар билан худди аввалдан танишдекмиз, уларни яхши кўрамиз ва тез тил топишамиз. Бунинг сабаби нима?

Жавоб: Руҳлар яратилган пайтда бир-бири билан танишган бўлса, дунёда ҳам бир-бирини яхши кўради. Икки ҳадиси шариф:

“Мўминларнинг руҳларидан иккитаси, ораларида бир кунлик масофа бўлса-да, бирлашадилар. Ваҳоланки, бири иккинчисини асло кўрган эмас”. (И. Аҳмад)

“Руҳлар яратилган вақтда танишган бўлсалар, бир-бирларига яқинлик кўрсатадилар; танишмаган бўлсалар, бир-биридан нафратланиб, қочадилар”. (Муслим)

Савол: Бир ҳикояда айтилишича, бир олим зот 1915 йилда Масжиди Набавийда йиғлаб ўтирганда, у ернинг чироқчиси нега йиғлаётганини сўрайди. У эса: “Расулуллоҳ билан ҳар доим кўриша олардим, ҳозир кўришолмаяпман”, дейди. Чироқчи тушида Расулуллоҳни кўради. У зот: “Ҳозир Чаноққалъа урушидаман, турк аскарларига ёрдам беряпман”, деб марҳамат қилган эмишлар Бу уйдирма эмасми?

Жавоб: Ҳа, бу бутунлай уйдирмадир. Чунки руҳ модда эмас, у бир вақтнинг ўзида бир неча жойда бўлиши мумкин. Чаноққалъадаги руҳни чироқчи кўряпти-ю, олим зот нега кўролмайди? Бу христиан хурофотчиларининг уйдирмаси бўлиб, улар шундай нарсаларни ўйлаб топиб, кейин мусулмонлар устидан куладилар.

Аҳмад ибн Ҳожар Ҳайтамий ҳазратлари айтадилар: “Расулуллоҳ ўлим тўшагида ётган ҳар бир кишига кўринганларидек, турли жойларда, турли шаклларда бир лаҳзада кўринишлари ҳам мумкин. Бу воқеалар Аллоҳу таолонинг қудрати кенглигини кўрсатади. Аллоҳу таолонинг қудрати билан авлиё зотларнинг турли шакллар олганлиги кўп кўринган. Ҳасан Мусулийнинг ва бошқаларнинг ҳам бундай кўринганлиги маълум”. (Фатовал кубро, 2-жилд, 9-бет)

Аллоҳу таоло Азроил алайҳиссаломга бир вақтнинг ўзида бир неча кишининг жонини олиш қувватини берган. Худди шунингдек, агар муршиди комил бўлган бир зотнинг бири шарқда, бири ғарбда икки талабаси бўлса ва иккисининг ҳам ажали бир вақтда келса, Аллоҳу таоло у зотга иккаласига ҳам етиб бориб, иймон билан жон беришларига ёрдам бериш кучини эҳсон қилади. Салафийлар Аллоҳу таолонинг бундай қудрат соҳиби эканини англай олмайди.

Савол: Руҳни “сут таркибидаги ёғдай” деб таърифлаш тўғрими?

Жавоб: Тўғри эмас. Чунки руҳ модда ёки жисм эмас. Ёғ эса моддадир. Қуръони каримда руҳнинг моҳиятини билиб бўлмаслиги билдирилган. Руҳнинг фақат баданни тик тутадиган, унга жонлилик берадиган бир қувват экани маълум, аммо моҳияти номаълум. Руҳнинг нима эканлигидан зиёда нима эмаслиги маълумдир.

"Исро" сурасининг 85-ояти руҳнинг нима ё қандай эканлигини тушунтиришни ман этади. (Ислом ахлоқи)

Баданда руҳнинг борлиги сут таркибида ёғ бўлишига ўхшамайди. Сутнинг бир қисми олинганда ёғнинг ҳам бир қисми олинган бўлади. Аммо бир аъзоси, масалан, қўли кесилган кишининг руҳида умуман камайиш бўлмайди.

Руҳни радио тўлқинларига ўхшатиш мумкин. Бу тўлқинлар модда эмас, жой эгалламайди, лекин “ҳар ерда бор” дейилади. Чунки ҳар ерда турган радиода овоз ҳосил қилади.

Руҳни электрга ҳам ўхшатиш мумкин. Ёниб турган лампочка бураб олинганда, яъни ток билан алоқаси узилганда, токнинг қуввати йўқ бўлиб қолмайди. Бошқа бир лампочка ўрнатилса, унинг ҳам спиралини қиздириб, ёруғлик сочишига сабаб бўлади. Лампочка куйганда ток йўқ бўлмаганидек, инсон ўлганда руҳи ҳам ўлган бўлмайди.

Солиҳ бир кишининг юраги фосиқ ёки кофир кимсага кўчириб ўтказилса, беморнинг қалби барибир гуноҳ ишлашга интилиб, ёмон ўйлашда давом этаверади. Аксинча, фосиқ одамнинг юраги солиҳ кишига қўйилса, у кишининг қалби яна аввалгидек гуноҳ ишлашни хоҳламайди ва доим яхши ўйлайди. Қалб бошқа, юрак бошқа нарса. Қалб ҳам руҳга ўхшаб модда эмас. Модда ва жисм бўлган юракнинг маънавий функцияси йўқ. Ўлгандан кейин чириб кетади ёки уни ҳайвон еса ёхуд ёниб кетса, фарқи йўқ. Чунки инсон - руҳ дегани. Бадан ўзгарса ҳам руҳ ўзгармайди, унда камайиш ёки кўпайиш бўлмайди. Шунинг учун “руҳ сутдаги ёғга ўхшайди” дейиш нотўғри.

Савол: Ўтган кунги бир ёзувда Пайғамбаримизнинг Чаноққалъада жанг қилган мусулмонларга ёрдам бергани инкор қилиняпти. Мўъжиза қандай қилиб инкор этилади?

Жавоб: Астағфируллоҳ, ҳеч бир мусулмон мўъжизани инкор этмайди. Пайғамбаримиз ҳам, авлиё зотлар ҳам Аллоҳу таолонинг изни билан ёрдам берадилар. У ёзувда “Пайғамбаримиз урушда ёрдам бермади, авлиё зотлар ёрдам бера олмайди” дейилмаган. Ҳикоядаги зидлик шундаки:

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Чаноққалъада жанг қилаётганлари, яъни қабри шарифларида бўлмаганлари учун бир олим зот кўра олмаяпти-ю, аммо чироқчи кўра оляпти. Агар Чаноққалъада бўлганлари учун кўрилмаётган бўлса, чироқчи қандай кўряпти? Агар “бу туш, узоқда бўлса ҳам кўрилиши мумкин” дейилса, унда ҳар куни кўрадиган олим зот нега кўра олмаяпти? Ҳикояни тўқиган кимса бу зиддиятни ҳисобга олмаган. “Фалончи солиҳ киши бу ҳикояни айтиб берди” дейилади. Динда ҳамманинг сўзи ўлчов бўла олмайди. Руҳлар ҳар ерга боради. Мадинада бўлган ҳам кўради, Америкада бўлган ҳам кўради. Чироқчи кўрган нарсани олим зот ҳам кўради. Аммо олим зот кўрган нарсани чироқчи кўра олмаслиги мумкин. Чалкаш ҳикоялар тўқиб, тасаввуф душманларига танқид қилиш имконини бермаслик керак.

Савол: Руҳ билан нафснинг лаззатлари бир-бирига зид эканлиги китобларда ёзилган. Шундай бўлса-да, руҳ қандай қилиб нафснинг озиғини ўзиники деб ўйлаши мумкин?

Жавоб: Бу ҳақда “Мактубот”нинг 99-мактубида шундай дейилган:

“Руҳ ва жасад ҳар томонлама бир-бирига акс ва зид бўлгани учун, уларнинг бирга яшашлари учун Аллоҳу таоло руҳни нафсга ошиқ қилди. Бу севги уларнинг бир баданда бирлашишларига сабаб бўлди. Қуръони карим бизга бу ҳолат ҳақида хабар беради. "Ват-тин" сурасининг бир оятида маолан: “Биз инсоннинг руҳини гўзал суратда яратиб, сўнгра уни энг паст даражага туширдик” деб буюрилди. Руҳнинг бу даражага туширилиши ва бу ишққа тутилиши, ёмонлашга ўхшаса-да, аслида бир мақтовдир. Мана шу руҳ, нафсга бўлган ишқи ва севгиси туфайли ўзини нафс оламига отди ва нафсга тобе, асир бўлди. Ҳатто ўзидан кечди, ўзини унутди ва нафси аммора ҳолига келди.

Руҳ ҳар нарсадан кўра латиф бўлгани, модданинг энг енгили бўлган водород газидан, ҳатто бир электрондан ҳам енгил бўлгани ва модда ҳам бўлмагани учун, нима билан бирлашса, ўшанинг ҳолига, шаклига ва рангига киради. Ўзини унутгани сабабли, аввал ўз оламида, ўз даражасида турганида эга бўлган Аллоҳу таоло ҳақидаги билимларини ҳам унутди, жоҳил ва ғофил бўлди. Нафс каби жаҳолат қоронғилиги билан қорайди. Аллоҳу таоло жуда марҳаматли бўлгани ва раҳми келгани учун пайғамбарлар юбориб, бу буюк зотлар воситасида руҳни Ўзига чақирди ва севгилиси бўлган нафсга эргашмасликни, нафсга қулоқ солмасликни унга буюрди. Агар руҳ бу амрга қулоқ солиб, нафсга эргашмаса ва ундан юз ўгирса, фалокатдан қутулади. Йўқ, агар бошини кўтармай, нафс билан бирга қолишни, бу дунёдан айрилмасликни истаса, йўлидан адашади ва саодатдан узоқлашади.

Руҳ шу ҳолатда қолганида, нафснинг ғафлати билан жоҳиллиги руҳнинг ҳам ғафлати билан жаҳолатига айланади. Аммо агар руҳ нафсдан юз ўгирса, ундан совиса ва унинг ўрнига Аллоҳу таолони севса ҳамда ўзи каби бир махлуқни севишдан қутулиб, чексиз бор бўлган Зотга ошиқ бўлса ва бу ишқ билан ўзидан кечса, унда зоҳирнинг, яъни нафснинг ғафлати ва жаҳолати ботинга, яъни руҳга ўтмайди. У Аллоҳу таолони бир лаҳза ҳам унутмайди. Нафснинг ғафлати унга қандай таъсир қилсин, ахир у нафсдан бутунлай айрилган-ку. Мана шу вақтда зоҳир ғафлатда бўлса-да, ботин огоҳдир, уйғоқдир. Ҳар он Рабби билан биргадир.”

Савол: Руҳ қандай борлиқ ва у махлуқотлар ичида нимага ўхшайди?

Жавоб: Қалб ва руҳни қадимги юнон файласуфлари ва уларнинг тақлидчилари “Нафси нотиқа”, қисқача қилиб “нафс” деб аташган. Ҳолбуки, тасаввуф ва ахлоқ илмлари мутахассиси бўлган Имоми Раббоний ҳазратлари нафс, қалб ва руҳнинг бир-биридан фарқли қувватлар эканини ва “Нафси нотиқа” нафснинг номи эканини билдирганлар. "Исро" сурасининг 85-оятида маолан: “Сендан руҳ ҳақида сўрайдилар. “Руҳ Раббимнинг яратган махлуқларидан биридир” деб жавоб бер” деб буюрилди.

Бу ояти карима руҳнинг нима эканини тушунтиришни ман этади. Шу боис Ислом олимлари руҳнинг нима экани ҳақида гапиришдан сақланганлар. Фақат Қуръони каримдан шу нарса англашиладики, руҳнинг фақат ҳақиқатини, нима эканини гапириш тақиқланган. Аммо унинг хоссаларини, хусусиятларини тушунтириш тақиқланган эмас. Шу сабабли олимларнинг кўпчилиги талабаларга ва савол берувчиларга қалб ва руҳнинг жисм эмаслигини, балки жавҳари басит эканини айтганлар. Ақл етадиган илмларни англайдиган, ҳис қилиш аъзоларидан мияга келадиган туйғуларни қабул қиладиган, бадандаги барча қувват ва ҳаракатларни идора қиладиган ҳамда ишлатадиган нарса мана шу иккисидир. Тасаввуф буюклари ва калом олимлари шундай деганлар.

Савол: Инсон ўлганда руҳи нима бўлади, бирор жойга борадими ёки йўқ бўладими?

Жавоб: Инсон ўлиб, жасад чириб кетгач, қалб ва руҳ йўқ бўлмайди. Ўлиш - уларнинг бадандан айрилиши демакдир. Бадандан айрилгач, мужаррад, яъни моддий бўлмаган оламга қўшилади. Қиёматгача йўқ бўлмайди. Дин олимлари, файласуфлар ва мутаассиб бўлмаган илм-фан вакиллари шундай деганлар. Табиатшуносларнинг (натуралистларнинг) озгина қисми бу иттифоқдан ажралиб, тўғри йўлдан адашганлар. Улар инсонни саҳродаги ўтларга ўхшатишди. Инсон ўт каби униб чиқади, ўсади ва йўқ бўлади, руҳи қолмайди, дейишди. Шундай деганлари учун улар “Ҳашҳошийлар”, яъни “Ўтчилар/ хашакилар” деб аталди. Дин олимлари ва файласуфлар бу ўтчиларнинг фикрларини турли далиллар билан рад этдилар.

Савол: Ўз ақлини ўлчов қилиб олиб, тасаввуф олимларининг руҳ оламидан кашф йўли орқали англаб билдирганларини “ақлга тўғри келмайди” деб қабул қилмаслик ақлга ва илмга тўғри келадими?

Жавоб: Бу борада Шаҳобуддин Суҳравардий ҳазратлари шундай деб билдирган: “Миллионлаб юлдузлар бир жойга тўпланиб бир тизим қурганини ва ҳар бир тизим бўшлиқда бузилмасдан ҳаракат қилишини айтган астрономия мутахассисларининг сўзларига кўрмасдан ишонилганидек, тасаввуф аҳли кашф этган ва билдирган олами мисол ва руҳ оламига ҳам ишониш лозим.”

Инкор этувчиларга эмас, хабар берувчиларга ишониш тўғри бўлади. Ақли бор, фан илмларидан хабари бўлган киши Аллоҳу таолонинг борлиги ва бирлигини дарров англайди ва исботлайди. Охиратга ишониш эса бундай эмас. Бунга Аллоҳу таоло хабар бергани учун ишонилади. Ҳолбуки, ақлга таянувчи киши ўзи бу руҳ оламига ва унинг сирларига етиша олмаса ҳам, уни билмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда “бўлмайдиган нарса эмас” деб, уни рад этмаслиги лозим. Зеро, ўз ақлига эргашганлардан бири бўлган Ибн Сино шундай деган: “Бўлиши мумкин эмаслиги исботланмаган нарсага «бўлиши мумкин эмас» демаслик керак. Чунки исботламасдан туриб «бўлмайди» дейиш, худди тушунмаган нарсасига ишонмаслик каби айб ва қусурдир.”