Жин ва иллюзия

Савол: Жинларни иллюзия (шарпа, хаёл) дейдиганлар бор, шу тўғрими?

Жавоб: Баъзи кимсаларнинг жинларни хаёл (иллюзия) деб ўйлаб, уларни инкор қилишлари нотўғри. Қўрққанда кўзга кўрингандай туюладиган  шарпа, хаёллар, албатта, ҳақиқатда мавжуд эмас. Бироқ, бу хаёлларни жин деб гумон қилиш - жин ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликни англатади.

Бирор нарсани “йўқ” дея олиш учун аввало ўша нарсани таниш керак. Танимасдан туриб “йўқ” дейиш  нодонларча гап бўлади. Бундай кишиларни илм арбоби деб аташ ўринсиз. Барча пайғамбарлар хабар берган ва айниқса, Пайғамбаримиз турли вақтларда билдирган ҳақиқатни ақлга ёки тажрибага таянмасдан, шунчаки гумон билан “йўқ” деб инкор этиш илм аҳлига ярашадиган иш эмас.

Жинларга, фаришталарга, жаннат-жаҳаннамга ишонмайдиганлар: “Ким бориб кўрибди? Агар бор бўлса, кўрардик. Кўринмайдиган нарсага ишонилмайди”, дейишади. Улар кўзни ақлга эмас, балки ақлни кўзга бўсунади деб ўйлайди. Ҳолбуки, ақл сезги аъзоларидан юқорироқ турувчи қувват ва ҳис этилган нарсаларнинг тўғри-нотўғрисини ажратиб берувчи ҳакамдир.

Агар инсонлар фақат кўзига ишонса эди ва одамнинг қадри кўзнинг ўткирлиги билан ўлчанса эди, мушук, ит ва сичқонлар одамзотдан минг марта қадрли бўлиши керак эди. Чунки бу ҳайвонлар қоронғида ҳам кўради, одам эса кўра олмайди. Демак, бир нарсани кўзи илғамагани учун уни йўқ деб ишонмаган кимса одамзотни ҳайвонлардан паст тутган бўлади. Яъни ўзи икки оёқли ҳайвон бўлади.

Баданимиздаги сезиш, ҳис қилиш аъзоларимиз ақлнинг ёрдамчи асбобларидир. Ҳакам ва қўмондон эса ақлдир. Ақл кўринмайдиган ва эшитилмайдиган нарсаларни рад этмаганидек, йўқлиги ҳали исботланмаган ва моҳияти англашилмаган нарсаларни ҳам “йўқ” деб айтмайди. Бундай нарсаларни инкор қилиш ақлга тўғри келмайди. (Саодати Абадия)

Соғлом ақлга эга бўлган киши коинотдаги улкан низомни ўрганганида, буларнинг ўз-ўзидан бўлиб қолмаганини англайди. “Дунё ўз-ўзидан қандай қилиб асрлардан бери шундай тартиб билан айланиши мумкин? Албатта, уни айлантирувчи бор”, дейди. Борлиқнинг эгасига ишонган киши Унинг билдирганларига ҳам ишонади. Чунки жинларни ва шайтонларни инкор қилиш - Аллоҳу таоло билдирган хабарларни инкор қилиш демакдир. Шунинг учун ақлни ва фанни кўзга бўйсундирмай, аксинча, кўзни ақлга бўйсундириш лозим! Бироқ ақл ҳам ёлғиз ўзи ҳақиқатни топа олмайди.

Ақл кўзга, Исломият эса нурга ўхшайди. Яъни ақл тўғри қарор бера олиши учун Исломият нурига муҳтождир. Исломият нури эса, буларнинг мавжуд эканини билдирмоқда. Ҳар бир нарсани йўқдан бор қилган Аллоҳу таоло: “Инсонлар ва жинларни фақат Мени танишлари ва Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим”, деб буюрган. (Зориёт, 56)

“Нур-ул-ислом” китобида бундай дейилган: "Жинларнинг илк отаси Жондир. Қуръони каримда маолан қуйидагича буюрилган: “Жонни ҳам илгарироқ заҳарли, тутунсиз оловдан яратдик”. (Ҳижр, 27)

Шайтонлар Иблиснинг зурриётидандир. Иблис эса жинлар тоифасидандир. Қуръони каримда маолан: “Иблис жинлардан эди”, деб буюрилган. (Каҳф, 50)

“Жин” сурасининг илк оятларида жинлардан иймон келтирганлари ҳам борлиги билдирилган.

“Нос” сурасида жинлардан инсонларга зарар берадиганлари борлиги ва уларнинг зараридан Аллоҳга сиғиниш кераклиги баён этилган. Шу боис, жинларни инкор қилиб, уларнинг инсонларга зарар беришини рад этган киши кофир бўлади. Сулаймон алайҳиссаломнинг жинлардан ҳам тузилган аскарлари бор бўлгани Қуръони каримда билдирилган. (Намл, 17)

Жаҳаннам жинлар ва инсонлар билан тўлдирилади. (Сажда, 13) Жинларнинг мўмин ва кофирлари бор.

Қуръони каримда жинлар ҳақида яна кўплаб ояти карималар мавжуд. Ҳадиси шарифда жинлардан ҳимояланиш учун дуолар билдирилган. Кўз кўрмаган нарсани инкор қилиш ақлга ҳам, илмга ҳам зиддир.

Жинларни инкор қилиш Аллоҳу таолони инкор қилиш дегани. Шунинг учун ақл билан фанни кўзга бўйсундирмаслик керак! Аксинча, кўзни ақлга бўйсундириш лозим.  Бироқ ақл ҳам ёлғиз ўзи ҳақиқатни топа олмайди. Ақл кўзга, Исломият эса нурга ўхшайди. Яъни ақл тўғри қарор бера олиши учун Исломият нурига муҳтождир. 

Савол: Шайтон биттами ёки кўпми? Шайтонлар ҳам жинлар каби кўпаядими? Жин ҳам инсонга ёпишиб оладими? Жин билан шайтон ўртасида қандай фарқ бор?

Жавоб: Иблис жинлар тоифасидандир. Шайтон - йўлдан оздирувчи, тўғри йўлдан айирувчи деган маънони билдиради. Шу сабабли Иблиснинг болаларига шайтон дейилган. Қуръони каримда шайтонларнинг кўплиги билдирилган. “Исроф қилгувчилар шайтонларнинг биродарларидир”, деб буюрилган. (Исро, 27)

Шайтон билан жин орасида озгина фарқ бор. Шайтонлар ҳам жинлар сингари олов ва ҳаводан яратилган. Илк инсон тупроқдан яратилган бўлса-да, ҳозир у тупроқ эмас, балки гўшт ва суякдир. Жин ҳам олов ва ҳаводан яратилгани билан, у олов ва ҳаво эмас. Жин ва шайтонлар энг кичик тешиклардан ҳам ўта олади, инсоннинг ичига киради. Шайтоннинг васвасасидан қутулиш учун динга мос яшаш лозим. Ҳадиси шарифда бундай деб марҳамат қилинган: “Иблис ўз шайтонларига “Гўшт, аёл ва ичкилик билан одамларни алдашга ҳаракат қилинг! Булардан кўра таъсирлироғи йўқ” деб айтади”. (Дайламий)

Ҳаддан ташқари кўп гўшт ейишнинг зарарли эканлиги ушбу ҳадиси шарифдан ҳам англашилади.

Жин билан турмуш қуриш Шофиъий мазҳабида жоиз, Ҳанафийда эса жоиз эмас. Жиннинг кўпайиши газ (ҳаво) орқали амалга ошади. Шу сабабли, жин билан турмуш қуриш ҳақиқий никоҳ ҳисобланмайди. Жинлардан ва жинлар билан шуғулланувчилардан узоқ туриш керак.

Ҳар бир инсоннинг ёнида камида битта кофир жин ва битта шайтон бўлади. Ҳадиси шарифда буюрилганки: “Ҳар бир мусулмонга юз олтмиш фаришта вакил (қўриқчи) қилиб қўйилган. Агар инсон бир лаҳза ёлғиз қолдирилганида эди, шайтонлар унга ҳужум қилган бўларди”. (Табароний)

Савол: Шайтон фаришта эмасмиди?

Жавоб: Иблис фаришталарга устозлик қилган бўлса-да, унинг фаришта эмас, балки жин тоифасидан эканлиги мўътабар китобларда ёзилган.

Савол: Жинлар ва “жинчи”лар билан кўришиб, улардан фойдали маълумотлар ўрганиш мумкинми?

Жавоб: Йўқ. “Жинчи” фолбинларга ҳам бормаслик керак. Муҳиддин Арабий ҳазратлари бундай деганлар: “Ҳеч бир инсон жиндан Аллоҳу таолога тегишли бирор маълумот ололмайди, чунки жинларнинг диний билимлари одамларникидан паст савияда ва жуда оз. Улардан дунёвий билимлар оламан деб ўйлаган киши ҳам алданади, чунки бу фойдасиз нарса билан вақт ўтказишга сабаб бўлади. Улар билан танишган киши кибру ҳавога берилади”. (Футуҳот)

Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари ҳам бундай деганлар: “Инсоннинг жин билан танишиши, дўст бўлиши зарарлидир. Улар билан гаплашиш фосиқ (гуноҳкор) билан дўстлашиш кабидир. Улар билан танишган киши фойда кўрмайди. Жин билан танишишга интилмаслик, балки авлиёларнинг руҳониятидан файз олишга ҳаракат қилиш лозим”. (Кашкул рисоласи)

Авлиё зотларни таниш, севиш ва улар томонидан севилиш буюк неъматдир.