Кўринмайдиган ҳодиса ва мавжудотлар
Савол: Баъзилар: “Фаришта, жин, шайтон каби мавжудотларни кўрмаймиз. Кўринмайдиган нарсанинг ўзи йўқ”, дейди. Баъзилар эса назарни (кўз тегишини) ботил ишонч деб атайди. Бу мавзуларда оят ва ҳадислар йўқми?
Жавоб: “Фаришта, жин, шайтон каби мавжудотларни кўра олмаяпмиз, кўринмайдиган нарса эса, йўқ” деган сўз жуда ибтидойи, нотўғри ва илмга зид гап.
Дунё - имтиҳон (синов) майдонидир. Аллоҳу таоло "Бақара" сурасининг бошида ғайбга иймон келтиришни, яъни кўрмасдан туриб ишонишни буюрган. Яхши билан ёмонни, иймонли билан иймонсизни ажратиш учун имтиҳон керак. Аллоҳу таоло бандаларининг нима қила олишини, гуноҳ ё савоб содир қилишини имтиҳон қилмасдан олдин ҳам билади. Лекин, банда ҳали айб қилмасдан туриб жазоланса: “Айбим йўқ эди, адолатсизлик бўлди”, дейиши мумкин. Ана шундай анча сабаблар туфайли инсонлар имтиҳон учун дунёга юборилган.
Итоаткор билан исёнкор, гуноҳ қиладиган билан қилмайдиган аниқ бўлиши учун ҳаётда одамзотга баъзи таъқиқлар қўйилиб, баъзи ибодатларни бажариш мажбурияти юкланган. Масалан: “Нега чўчқа гўшти ёки бисмиллоҳсиз сўйилган қўй гўшти ҳаром?” деб сўралади. Бу фақат гўштнинг организмга зарари борлиги учун эмас, балки буйруққа бўйсунувчи билан бўйсунмовчини ажратиш учун ҳам ҳаром қилинган бўлиши мумкин эмасми?
Бу шундай имтиҳонки, саволлари ҳам, жавоблари ҳам маълум. Қабрда нима сўралади, охиратда нима сўралади - ҳаммаси аниқ. “Мен савол-жавобларни билмасдим” деб баҳона қила олмасиз. Жин, шайтон, кўз тегиши, жаннат-жаҳаннам каби нарсаларнинг кўринмаслиги ҳам имтиҳон. Агар ҳаммаси кўз олдимизда кўриниб турсайди, унда имтиҳоннинг нима маъноси қолади?
Яхши билан ёмонни, билган билан билмаганни, меҳнаткаш билан дангасани, ишонган билан ишонмаганни ажратиш учун имтиҳон керак эмасми, ахир?
Фаришта, жин ва шайтон каби мавжудотларни кўра олмаймиз, лекин уларнинг борлиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда таъкидланган. Хўш, кўзнинг ўзи ҳар доим ўлчов бўла оладими? Кўз нималарни кўради-ю, нималарни кўра олмайди?
"Фақат кўрганимга ишонаман" дейиш дунё ишларида тўғри бўлса ҳам, охират ишларида асло тўғри эмас. Ҳеч қачон ташқи кўринишга алданмаслик керак. Ақл кўпинча кўзнинг хатосини аниқлайди. Масалан, деразадан қуёшга қараганимизда, уни патирдек деб ўйлаймиз. Лекин ақл қуёшнинг ер шаридан анча катта эканини айтади. Демак, кўзимиз алданаётгани очиқ-ойдин ҳақиқат. Фариштага, шайтонга, жинга ёки кўз тегишига ишонмайдиганлар: “Биз фақат кўзимиз кўрган нарсага ишонамиз, қуёш эса тўпдек кичикдир”, дея олмайди-ку. Дея олмаганларидан кейин, кўз ҳар доим ҳам мезон бўла олмайди. Кўрмаган нарсаларини “йўқ” деб бўлмайди.
Кўз билан кўрилмайдиган нарсаларни “йўқ” дейиш ақлга эмас, балки сезги аъзоларига бўйсуниш демакдир. Ҳайвонлар сезги аъзоларига бўйсуниб яшайди, инсонлар эса ақлга. Инсоннинг сезги аъзолари ҳайвонларникидан анча заиф. Масалан, ит жуда кучли ҳид сезади. Инсон бунчалик ҳид ололмайди ёки қоронғида кўршапалакдек ҳаракат қила олмайди, мушук каби қоронғида кўра олмайди.
Магнит кучини кўз билан кўролмаймиз. Бироқ темирни тортишидан унда бир куч борлигини тушунамиз. Пультда кўзимиз билан кўрмайдиган бир куч телевизорни бошқаради. Узоқдан пульт воситасида автомобилнинг эшикларини очишимиз, уни ўт олдиришимиз мумкин. Лекин бу ишни бажараётган кучни кўзимиз билан кўра олмаймиз. Шундай экан, сезги, ҳисларга эмас, ақлга суяниб ҳаракат қилишимиз лозим.
Лазер нурлари билан ҳозир турли амалиётлар бажарилмоқда. Ҳатто темир ҳам кесилмоқда. Бу нурларни ёки магнит тўлқинларини кўз билан кўролмаймиз. Кўра олмаганимиз учун уларни “йўқ” деб оламизми? Айтсак, бу ақлга ва илмга тўғри келмайди.
Симдаги электр оқимини кўролмаймиз, лекин бажараётган ишларидан, масалан қўл теккизганимизда бизни уришидан ичида ток борлигини биламиз. Кўз билан кўрмаганимиз учун электрни инкор қилиш керакми?
Ернинг тортиш кучини ҳам кўзимиз билан кўра олмаймиз. Бироқ отилган жисмларнинг осмонга қараб эмас, балки ерга қараб тушишидан ерда бир тортиш кучи борлигини тушунамиз. Қоронғида кўра олмаганимиздек, жуда кучли ёруғликда ҳам кўра олмаймиз.
Инсондаги “руҳ” деб аталадиган борлиқни ҳам кўра олмаймиз. Аммо инсонларни тик тутиб, ҳаракат қилишини таъминлагани учун руҳнинг мавжудлигини англаймиз.
Яхшини ёмондан, ҳақни ботилдан ажратадиган инсонни ақлли деймиз. Ҳолбуки, ақлни ҳам кўра олмаймиз. Кўринмайдиган нарсаларни инкор этиш илмга зид бўлган аҳмоқликдир. Уни атеистлар қилади.
Кўз билан кўрилмаса-да, бор эканлиги ақл орқали тушуниладиган жуда кўп нарсалар бор. Баъзилар бир нарсага қараб ёқтирганларида, кўзларидан чиқадиган нурлар жонли ва жонсиз нарсаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Фан, балки бир кун келиб, бу нурларни ва уларнинг таъсирини яхшироқ тушунтириб берар. Назар (кўз тегиши) кўз билан кўрилмайди, лекин бошқа таъсир этувчи кучлар каби натижасидан бор эканлиги тушунилади. Жамиятда кўзи тегадиган инсонлар бор. Кўзнинг хотин-қиз ва болаларга кўпроқ таъсир қилиши тажрибалардан маълум.
“Жин ва шайтонни кўзимиз билан кўрмаяпмиз. Кўринмайдиган нарсаларга ишонмаймиз” деган сўзни фақат жоҳиллар, ақлсизлар ва баъзи динсизлар айтади. Фандан озгина хабари бўлган, нормал фикрлайдиган ва ақл эгаси бўлган кишининг фақат кўзига суяниб гапириши ёки қарор бериши мумкин эмас.
Ақл кўзга эмас, кўз ақлга бўйсунади. Кўз ҳамма нарсани кўра олмайди. Масалан, тажрибалар натижасида ҳаво таркибида турли газлар борлигини биламиз. Кўзимиз билан ҳавони ва унинг ичидаги газларни кўра олмаймиз. Кўра олмаганимиз учун ақлимизни кўзга бўйсундириб: “Ҳаво ва газ деган нарса йўқ, бор бўлганида кўрардик”, дейиш ақлни ва тажрибани инкор қилиш бўлади.
Бугунги кунда фан орқали сувнинг кислород ва водород деб аталадиган икки газдан таркиб топганини биламиз. Бу газларнинг бири ёнувчи, иккинчиси эса ёндирувчидир. Сувга боққанимизда на кислородни, на водородни кўришнинг иложи бор. Ҳатто сув рангсиз бўлгани учун оғзигача тўла шишадаги сувни ҳам кўра олмаслигимиз мумкин. Ақлни кўзга тобе қилиб: “Шишада сув, сувда эса газ йўқ”, дея оламизми?
Агар ақлнинг аҳамияти, инсонлик шарафи кўзнинг кўриш қуввати билан ўлчанганида эди, мушук инсондан шарафлироқ, ит одамдан азизроқ бўлиши керак эди. Чунки инсон ёруғлик кам жойда ё қоронғида кўра олмай турганида ит-мушук бемалол кўради. Демак, кўзга эмас, ақлга суяниб қарор бериш керак.
Баъзи заҳарли газлар рангсиз ва ҳидсиз бўлгани учун кўринмайди ва борлииги сезилмайди. Турмушда ишлатиладига баллондаги газ чиқиб, хонадаги одамларни заҳарламаслиги учун унга атайлаб ҳид қўшилади. Шу сабабли хонадаги газни кўзимиз билан кўрмасак-да, ҳидидан унинг борлигини англаймиз.
Иккита қалампирнинг қайсиси чучук, қайсиси аччиқ эканини кўзимиз билан била олмаймиз. Кўзнинг вазифаси бу эмас. Кўз маълум бир масофадан узоқдаги ва маълум бир ўлчамдан кичик бўлган жисмларни кўра олмайди. Кичик микроблар кўринмаганидек, жуда узоқдаги катта объект ҳам кўринмайди. Кўра олмаганимиз учун уларнинг йўқлигини даъво қила олмаймиз.
Кўз ҳамма нарсани кўра олмаганидек қулоқ ҳам ҳамма товушни эшита олмайди. Соғлом қулоқ маълум бир частота ва маълум масофадаги товушларни эшитиши мумкин. Ҳозирги вақтда бошқа шаҳарларда одамлар гаплашаётган бўлса-да, биз уларни эшитмаймиз ва кўрмаймиз. Биз эшитмаяпмиз деб, "улар гаплашмаяпти, ҳаммаси соқов" дейиш мумкинми? Уйимиз ичида турли частотадаги тўлқинлар бўлса-да, радио бўлмаса бу товушларни эшитолмаймиз. Биз эшитмаяпмиз деб, уларнинг мавжудлигини қандай инкор қиламиз?
Шу боис, фанга ишонадиган инсон кўра олмайдиган нарсасини дарров инкор эта олмайди. Аслида мавжуд бўлиб, биз кўра олмайдиган нарсаларни ақл рад этолмайди.
Баъзи сайёраларнинг борлигидан хабаримиз йўқ. Бугунги фан уларни ҳали англай олмагани учун бошқа сайёралар йўқ деб даъво қилиб бўлмайди. Жонзотларни ҳаракатга келтирувчи руҳни ҳам кўра олмаймиз, лекин уни инкор қилишнинг иложи йўқ.
Мисолларни кўпайтириш мумкин. Фандан хабари бор динсиз киши фақатгина: “Кўзим билан кўрмаганим учун жин, шайтон ва фаришта каби мавжудотлар бор деб айтолмайман, лекин менинг текшириш соҳамга кирмагани учун улар йўқ ҳам дея олмайман”, деса, инсоф билан иш тутган бўлади.
Кўз билан кўрилмайдиган нарсаларни “йўқ” дейиш ақлга эмас, балки сезги аъзоларига бўйсуниш демакдир. Бу эса, ҳайвон савиясига тушишдир. Чунки ҳайвонлар сезги аъзоларига ишониб яшайди, одамлар эса, ақл ва иймонга суяниб.


