Динимизда бахтсизлик, омадсизлик йўқ

Савол: Қўшниларим менга: “Сени кўрсак, бизга омадсиз бўлади, ишимиз ҳеч юришмайди”, дейишади. Сешанба куни иш қилиш бахтсизлик  келтиради деб биладиганлар ҳам бор. Динимизда бахтсизлик, омадсизлик деган нарса борми?

Жавоб: Бахт: Яхшилик келтирадиган нарса ёки белги, хайр, яхшилик, барака.

Бахтсиз: Ёмонлик ва зарар келтиради деб гумон қилинадиган нарса.

Шумланиш: Бирор нарса ёки воқеани ёмонликка йўйиш.

Бирор нарсани, кунни ёки жойни бахтсиз деб ҳисоблаш яҳудийликда бор. Христианликда ҳам 13 рақами бахтсизлик келтиришига ишонилади. Динимизда эса бирор нарсани бахтсизликка йўйиш йўқ. Бироқ, “Шу иш ёки шу уй менга бахтсиз келди (тўғри келмади)” каби сўзларни айтишда монелик йўқ. Ҳадиси шарифларда шундай марҳамат қилинади:

“Мусулмонликда бирор нарсани ёмонликка йўйиш йўқдир.” (Мактуботи Раббоний, 3/41)

“Бирор нарсани бахтсизликка йўйма, хайрга йўй! Сизлардан бирингиз ўзига ёқмаган, шум деб гумон қилган нарсани кўрганда шундай десин: Ё Рабби! Яхшиликларни берувчи, ёмонликларни қайтарувчи фақат Сенсан. Ло ҳавла ва ло қуввата илло бика.” (Байҳақий)

“Юмшоқ муомала бахт, қўполлик эса бахтсизлик келтиради.” (Ҳароитий)

“Хайри ва шуми энг кўп бўлган аъзо тилдир.” (Табароний)

“Ёмон хулқ бахтсизлик келтиради.” (Табароний)

Илгари Арабистонда йўлга чиқишдан олдин қуш учиришарди. Қуш ўнгга учса, уни бахтдан санаб йўлда давом этишар, агар чапга учса, бахтсизлик деб орқага қайтишарди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом буни тақиқлаб, шундай буюрдилар: “Қушларга тегманг, уяларида қолсин!” (И.Мовардий)

Ҳазрат Икрима ҳикоя қилади: Бир қуш сайраб ўтганда, ўша ердагилар буни турлича талқин қилишди. Ибн Аббос ҳазратлари эса: “Бу яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам аломат эмас”, деб айтдилар. Бир воқеани яхшиликка йўйишда эса зарар йўқ. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўрган нарсаларини яхшиликка йўярдилар. Ҳеч бир нарсани бахтсизликдан санамасдилар. (И.Аҳмад)

Савол: Сафар ойининг бахтсиз ой экани, бу ойда бало ва мусибатлар келиши тўғрими? Яна қайси ой ва кун бахтсиз ҳисобланади?

Жавоб: Сафар ойи ёки бошқа ой ва кунларнинг бахтсиз экани ҳақидаги гаплар тўғри эмас. Динимизда бахтсиз кун ёки ой йўқ. “Мактуботи Раббоний”да шундай билдирилади:

Кунларнинг бахтсизлиги оламларга раҳмат бўлган Муҳаммад алайҳиссаломнинг келишлари билан ниҳоясига етган. Бахтсиз кунлар эски умматларда бор эди. Бир ҳадиси шариф мазмуни қуйидагича: “Кунлар — Аллоҳнинг кунларидир, бандалар ҳам — Аллоҳнинг бандаларидир.” (1/256)

Яъни, Аллоҳу таоло бандани ҳам, кунларни ҳам, ойларни ҳам бахтсиз қилиб яратмади. Банда динимиз буйруғига бўйсунмай, бахтсиз ишлар қилса, бахтсиз кимсага айланади. Баъзи кунларда ёмон ишлар қилса, ўша кунлар унга бахтсиз бўлиб туюлади.

Савол: Баъзи кунларда бахтсизлик бор, дейилади. Масалан, Аюб алайҳиссаломга бало келган кун чоршанба бўлгани учун, ўша куни қон олдириш, касал кўриш ва тирноқ олиш тақиқланган, дейишади. Чоршанба куни бахтсизми?

Жавоб: Бирор нарсани, кунни ёки жойни бахтсиз деб ҳисоблаш яҳудийликда ва христианликда бор. Масалан, христианлар 13 рақами бахтсизлик келтиришига ишонишади.

Динимизда бахтсиз кун бўлмаганидек, шумланиш деган нарсанинг ўзи йўқ. Имоми Ғазолий ҳазратлари: “Бахтсизликка ишониш шайтондандир”, деб айтган. Ҳазрати Икрима ҳам бундай билдирган: Расулуллоҳ кўрган нарсаларини яхшиликка йўяр, ҳеч бир нарсани бахтсизликка йўймасдилар. (И.Аҳмад)

Имоми Раббоний ҳазратлари ҳам бундай дейдилар: Кунларнинг бахтсизлиги Муҳаммад алайҳиссаломнинг келишлари билан тугаган. Ҳеч бир кун бошқа кунлардан устун эмас. Жума, Рамазон ва бошқа муборак кунлар Исломият уларни афзал кўргани учун устундир.

“Руҳул-баён”да Тавба сураси 37-ояти тафсирида бундай дейилган: “Расулуллоҳ ташриф буюргач, кунларнинг мўминларга бахтсиз бўлиши қолмади.”

Учта ҳадиси шариф мазмуни:

“Мусулмонликда бахтсизлик йўқдир.” (Мактуботи Раббоний, 3/41)

“Бахтсизликка ишонган биздан эмас.” (Баззор)

“Кишининг бахтсизлик ҳақидаги ўй-хаёли бирор ишни қилишига тўсқинлик қилса, Аллоҳга ширк келтирган ҳисобланади.” (И.Аҳмад)

Динимизда бахтсиз кун йўқ, аммо хайрли ва бахтли саналган муборак кун ва кечалар бор. Улар муборак бўлгани учун бошқа кунларни бахтсиз дейиш хатодир.

Чоршанба ва шанба кунлари ҳижома қилдириш макруҳдир. Бир ривоятда жума куни ҳам қон олдириш макруҳ дейилган. Макруҳ бўлиши бу кунларнинг бахтсиз эканини англатмайди.

Шанба куни рўза тутиш макруҳ, бир ривоятда жума куни ҳам рўза тутиш макруҳлиги билдирилган. Бу кунларда рўза тутиш макруҳ бўлгани учун уларни бахтсиз деб бўлмайди. Ҳайит кунлари рўза тутиш ҳаром бўлса-да, у кунлар ҳам бахтсиз эмас. Аллоҳу таоло бахтсиз кун ёки бахтсиз ой яратмаган. У Зот томонидан бор қилинган бирор нарса беҳуда эмас.

Ибни Обидин ҳазратлари ўз даврида душанба, чоршанба ва шанба кунлари касал кўрилмаслик ҳақида бир одат бўлганини, бу одатга амал қилишнинг зарари йўқлигини билдирган. Бу ифода у кунларда касал кўриш бахтсизлик келтиришини кўрсатмайди. Халқ одат қилган нарсаларга зид иш тутиб, эътирозларга сабаб бўлмаслик керак, дейилмоқда. Масалан, “Кўл балиқларини еган ўлади”, дейилади. Тиббий жиҳатдан акси исботланмагунча, бундай нарсаларни емаган маъқул.

Икки ҳадиси шариф мазмуни:

“Инсон шу уч нарсадан қутула олмайди: шумланиш, суизан ва ҳасад. Суизан қилганда унга мувофиқ иш тутманг. Бахтсиз деб ўйлаган ишингизни Аллоҳга таваккал қилиб бажараверинг. Ҳасад қилган кишингизга эса асло озор берманг!” (Байҳақий)

“Бирор нарсани бахтсизликка йўйган киши унга эътибор бермасин ва ишидан қолмасин!” (Табароний)

Савол: Уйга кўршапалак кириши бахтсизликми? “Шу иш менга бахтли ёки бахтсиз келди” дейиш жоизми?

Жавоб: “Бахтсиз” дейиш жоиз эмас, лекин “менга бахтсиз келди” (тўғри келмади) дейиш жоиздир. Масалан, “13 рақами — бахтсиз рақам” дейиш ёки “қора мушук кўриш бахтсизлик келтиради” дейиш жоиз эмас. Бироқ, бирор нарсанинг бизга ёмон таъсир қилганини айтишда монелик йўқ. Масалан, янги маҳаллага кўчиб ўтган кишининг: “Бу ер менга бахтсиз келди, бу ерга кўчганимиздан бери бошимиздан мусибат аримади”, дейишида зарар йўқ. Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади:

“Бирор нарсани бахтсизликка йўйма, яхшиликка йўй!” (Байҳақий)

Бахт  - яхшилик келтиради деб ишонилган нарса ёки белги, хайр, яхшилик, барака демакдир.

Бахтсиз  - ёмонлик ва зарар келтиради деб гумон қилинган нарсадир. Яҳудийлар ва христианлар бахтсизлик  бор деб ўйлайди.

Бахтсизлик — бирор нарса ёки воқеани ёмонликка талқин қилишдир. Динимизда бахтсизлик йўқ. Уйга кўршапалак кириши бахтсизлик эмас.

Савол: Бирор нарса сотиб олинганда “Хайрли, омадли бўлсин” дейилади. Мен “Омадли бўлсин” иборасини ёқтирмайман. Динда “омад” деган нарса борми?

Жавоб: Ҳа, динимизда бахт-яхшилик аломати бор, лекин бахтсизлик, омадсизлик йўқ. Бахт – яхшилик келтирувчи нарса ёки белги, хайр, барака демакдир. “Омадли бўлсин” дейиш — “Хайрли бўлсин, баракали бўлсин, яхши натижа берсин, фойдасини кўргин” деган маънони англатади. Бундай дуо қилишнинг ҳеч қандай зарари йўқ, аксинча, яхшидир.

Савол: Вақтда, бирор буюмда ёки жойда бахтсизлик, хосиятсизлик деган нарса борми?

Жавоб: Бирор нарсанинг, вақтнинг ёки жойнинг хосиятсиз бўлиши яҳудийликда бор эди. Исломиятда бахтсизлик йўқ. Жоҳиллар суннат ёки вожиб деб ўйлаб қоладиган нарсаларни қилиш макруҳ бўлади.

Савол: Ислом динида кунларда ёки буюмларда бахтсизлик деган нарса борми?

Жавоб: Бахтсизликка ишонмаслик керак ва у таъсир қилади деб ўйламаслик лозим. “Руҳул-баён”да Тавба сураси 37-ояти тафсирида шундай дейилган: “Расулуллоҳ алайҳиссалом ташриф буюргач, кунларнинг мўминларга бахтсиз бўлиши қолмади.”

Бир касалликнинг соғлом одамга албатта юқишини қабул қилмаслик керак. Аллоҳу таоло хоҳласа юқади, хоҳламаса юқмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом буюрдилар: “Мусулмонликда бахтсизлик ва касалликнинг соғлом кишига мутлақо ўтиши деган нарса йўқдир.”

Шу билан бирга, хавфли нарсалардан ва шубҳали жойлардан сақланиш вожибдир. Касалликка чалинмаслик учун чора кўриш лозим. Фолбинларга, коҳинларга ишонмаслик керак. Билинмайдиган нарсаларни улардан сўрамаслик лозим. Уларни йўқолган нарсаларни билади деб ўйламаслик керак. “Шарҳи Ақоид” китобининг бошида бундай дейилади: «Инсоннинг бирор нарсани билиши - сезги органлари, ишончли хабар ёки ақл орқали бўлади. Сезги органлари бештадир. Ишончли хабар иккитадир: Тавотур ва Пайғамбар хабарлари. Тавотур – ҳар асрдаги ишончли инсонларнинг барчаси бир хил сўзлашидир. Ақл орқали билиш ҳам икки турга бўлинади: ўйламасдан тез билинса “бадиҳий” дейилади. Ўйлаб, мулоҳаза юритиб билинса “истидлолий” дейилади. Ҳар бир нарса ўз бўлагидан катта эканлиги бадиҳийдир. Ҳисоб-китоб билан эришилган билимлар истидлолийдир. Сезги органлари ва ақл орқали биргаликда ҳосил бўлган билимлар эса “тажрибий” билимлардир.»

Кўриниб турибдики, Ислом дини, ҳисоб-китоб ва тажриба билдирмаган нарсаларни Ғайб деб атайди. Ғайбни фақат Аллоҳу таоло ва У Зот билдирган кишиларгина билади.