Фолбинлик, ботил ишончлар ва хурофотлар
Савол: Фол очиш гуноҳми? Фолбинлик, жодугарлик ва сеҳргарлик бир нарсами?
Жавоб: Юлдуз фоли, қаҳва фоли, кафт фоли каби фолнинг ҳар қандай тури хурофотдир. Ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинади:
“Фолбиннинг, сеҳргарнинг айтганларига ишонган киши, Қуръони каримга иймон келтирмаган бўлади.” (Табароний)
“Фол очтирган киши, фолбинга ишонмаса ҳам, қирқ кунлик намози қабул бўлмайди.” (Муслим)
Жинчилар ва жодугарларнинг айтганларига, қилганларига ишониш – баъзан тўғри чиқиб қолса ҳам – Аллоҳдан бошқасининг ҳамма нарсани билишига ва ҳар бир хоҳлаган ишини яратишига ишониш бўлиб, куфр ҳисобланади. Сеҳр (жоду) ўрганиш ҳам, ўргатиш ҳам ҳаромдир. Мусулмонларни зарардан ҳимоя қилиш учун ўрганиш ҳам ҳаромдир. Хайрли иш қилиш учун ҳам ҳаром ишни бажариш, сеҳрни ечиш учун сеҳр ишлатиш жоиз эмас. Сеҳр қилаётганда куфрга сабаб бўладиган бирор амални бажариш куфрдир. Агар бундай бўлмаса, катта гуноҳдир. Ҳадиси шарифда: “Сеҳр қилган, қилдирган ва бунга ишонган биздан эмас”, деб буюрилган. (Баззор)
Буржларга қараб фол очиш ҳам хурофотдир. Агар ҳар бир буржда туғилганлар бир хил характерга эга бўлганида, бутун дунёдаги одамлар буржлар сонича, яъни атиги 12 хил характерли бўлиб қоларди. Бир буржда туғилган икки кишидан бири олим, бошқаси золим, бири қаттиққўл, бошқаси ювош бўлиши мумкин. Инсонларнинг характерини буржлар белгиламайди.
Савдода илк тушган пулни иякка суртиш, каптарга қоғоз торттириш, меҳмон кетган уйни 3 кун супурмаслик, сешанба куни йўлга чиқмаслик, совунни ё пичоқни қўлдан-қўлга бермаслик, ёмон гап айтилганда қўли билан бирор жойни чертиб «шайтон қулоғига қўрғошин» дейиш, жанозада куракни бировнинг қўлига бермай ерга ташлаш, чиллали аёлнинг чилласи чиққунча ташқарига чиқмаслиги, ёнида доим кимдир бўлиши, ҳатто “ҳеч ким бўлмаса супурги қўйиш керак” дейиш, чилласи чиқмаган икки чақалоқни бир-бирининг ёнига келтирмаслик — буларнинг бари ботил ишончлардир.
Наврўзни, Рождествони нишонлаш, дард ва тилак учун зиёратгоҳлардаги дарахтларга латта боғлаш, қабрларга шам ёқиш, жанозани баланд овозда такбир ёки марш билан олиб бориш, мотам белгиларини тақиш, гулчамбарлар олиб бориш жоиз эмас.
Савол: Ҳидираллазни нишонлаш жоизми?
Жавоб: Ҳидираллазни диний жиҳатдан эмас, балки баҳор келди деб нишонлаш жоиз.
Бидъат аҳли қуйидагиларни ҳам хурофот деб ҳисоблаган бўлса-да, уларнинг хато эканлиги турли китобларда ёзилган:
Қуръон ва ҳадисда бўлмаса-да, ижмо ёки қиёси фуқаҳо билан пайдо бўлган ҳукмлар бидъат эмас.
Икки ҳайит орасида никоҳ қилиш жоиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом жума кунига тўғри келган ҳайит куни, намоздан кейин никоҳ қилиш сўралганда: “Икки ҳайит орасида никоҳ бўлмайди”, деб буюрганлар. Яъни вақт тиғиз, ҳайитлашгандан кейин яна жума намози учун масжидга келамиз демоқчи бўлганлар.
Кўз тегмаслиги учун қўрғошин қуйиш, кўзмунчоқ тақиш, далага от калласини илиб қўйиш бидъат эмас. Буларга қаралганда, кўзлардаги нур биринчи бўлиб ўша нарсага тушади ва кўз тегишининг олди олинади. (Ҳиндия)
Майит эшитиши сабабли унга талқин бериш суннатдир.
Дафндан кейин қабристонда майит эгаларига таъзия билдириш бидъат эмас.
Пайғамбаримизнинг одат сифатида қилган ишларини қилмаслик (масалан, енги калта кўйлак киймаслик) ёки у зот қилмаган ишларни қилиш (масалан, санчқи ва қошиқ ишлатиш) бидъат эмас.
Вафот этган авлиёларга атаб назр қилиш, яъни муборак бир зотни васила қилиб, Аллоҳу таолога ёлвориш жоиздир. Масалан: “Агар беморим тузалса, савоби Саййидат Нафиса ҳазратларига бўлсин деб, Аллоҳ учун бир қўй назр қилиб сўяман”, дейиш. Бу ерда Аллоҳ учун сўйилган назрнинг савоби Саййидат Нафиса ҳазратларига бағишланади, унинг шафоати билан Аллоҳу таоло беморга шифо беради, бало ва қазоларни даф қилади. Қўйни қабр олдида сўйиш ҳаромдир. Бу бутпарастларнинг бут ёнида сўйишларига ўхшаб қолмаслиги керак.
Ишларни Аллоҳу таоло амалга оширишига ишониб, зиёратгоҳлардаги авлиёлардан ёрдам сўраш, улар ҳурматига дуо қилиш ҳам бидъат эмас. Мавлоно ҳазратлари: “Мен вафот этгач, мени ёдга олинг, имдодингизга етаман”, деб буюрганлар. Дайламий келтирган “Қабрдагилар бўлмаса, ер юзидагилар ҳалок бўларди” ҳадиси шарифи ҳам Аллоҳу таолонинг изни билан ўликларнинг тирикларга ёрдам беришини кўрсатади.
Бир боғда оиламиз билан ўтирган эдик. Бир қиз яқинимизга келиб: “Шу кўзойнагимни тақиб олай, фолингизга шундай қарайман”, деди. Мен эса уни узоқлаштириш учун: “Биз фолга ишонмаймиз”, дедим. У дарров: “Яхши-ку, лекин “Фолга ишонма, фолсиз ҳам юрма” дейишмаганми? Сиз барибир ишонманг, мен фолингизга қарайман, ғамдан қутулиб, ҳузур топасиз”, деди. Фолбинни кетказгач, атрофдагиларга Пайғамбаримизнинг “Фолбинга ишонган киши Қуръонга иймон келтирмаган бўлади” деган сўзларини айтдим. Менинг ҳадис сўзлаганимни эшитган бидъат соқолли бир йигит келиб: “Амаки, дуомни олишни истамайсизми?” деди. Унинг нима демоқчи эканлигини тушунмадим. Мен қўлимдаги нонни бериб: “Дуо қилсанг қилавер, нега сўраяпсан?” дедим. У қўли билан пул ишорасини қилди. Шунда тушундимки, у “Пул бер, сенга дуо қилай” демоқчи экан. Ваҳоланки, динни кун кўришга восита қилиш тўғри эмас. Аллоҳу таоло Одам алайҳиссаломга: “Эҳтиёт бўл, авлодинг динни тирикчилик воситасига айлантирмасин, дин орқали дунё манфаатини кўзлайдиганларга ҳайф бўлсин!” деб буюрган.
Мозор ёнидан ўтаётганда “Фотиҳа” ўқий деб тўхтадим. Бир йигит келиб: “Амаки, тайёр хатм бор”, деди.
— Неча пул?
— Амаки, Қуръон сотиладими?
— Унда сенга нима беришимиз керак?
— Кўнглингиздан чиққани...
— Сен қоримисан?
— Албатта. Ёнимдаги “Таборака” сурасини кўрсатиб: “Шуни ўқиб бер-чи?” дедим.
— Амаки, қори бўлган домламиз эди, хатмни ҳам у тайёрлаган. Мен шунчаки вазифадорман.
- Хатм пулини домла билан тенг бўлишасанми?
- Йўқ, мен пулнинг ҳаммасини унга бераман. У эса шароитга қараб кўп ёки оз бир қисмини менга беради.
- Домла пулга Қуръон ўқиш жоиз эмаслигини билмайдими?
- Шуни ҳам билмаслиги мумкинми?
- Билса, нима учун хатмларни сотмоқда?
- Амаки, биз хатм сотмаяпмиз. Ҳадя қиляпмиз. Пул берадиганлар бўлса, уни оламиз.
Шунда тушундимки, улар пул эвазига Қуръон ўқиш жоиз эмаслигини била туриб, «хатм сотиш» билан шуғулланишмоқда. Унга пешона тери билан пул топишни насиҳат қилдим.
Молини, товарини кўрсатаётганда савдогарнинг “Аллоҳ” дейиши ёки калима келтириши гуноҳдир. Буларни пул топишга восита қилиш бўлади. Харидор жалб қилиш учун дўконга диний лавҳалар осиш ҳам динни тижоратга аралаштиришдир.
Шахсий ёки сиёсий манфаат учун ёки обрў орттириш учун диндан фойдаланишга “дин истисмори” (суиистеъмоли) дейилади, бунинг динимиздаги номи риёдир. Лавозим эгаллаш, олқиш тўплаш, одамларни ортидан эргаштириш, ҳар қандай бир манфаат каби Аллоҳ розилигидан бошқа ният билан қилинган ҳар бир иш риё бўлади. Риё катта гуноҳдир. Имоми Ғазолий ҳазратлари риёнинг ҳаромлигини таъкидлаганлар.
Жаноби Пайғамбаримиз “Охирзамонда дунё манфаати учун динни восита қиладиган, кўз-кўз қилувчи, сўзлари асалдан ширин кимсалар чиқади. Улар қўй териси ёпинган бўрилардир” деб марҳамат қилганлар.
Савол: Аёл киши вафот этганда сочлари кўкрагини ёпадиган даражада узун бўлиши керакми?
Жавоб: Бу нотўғри, бунинг асоси йўқ.
Савол: Қулоқ шанғиллаши ёмонлик аломатими? Бу вақтда ўқиладиган дуо борми?
Жавоб: Қулоқ шанғиллаши ёмонликка аломат эмас. Кўп кишиларни қулоғи шанғилайди. Ҳадиси шарифда: “Қулоғи шанғиллаган киши мени эсласин, менга салавот айтсин. Сўнгра “Мени хайр билан ёд олганга Аллоҳ раҳмат этсин” десин!”, деб буюрилган.
Савол: Кўз учиши ёмонликми?
Жавоб: Йўқ. Буни яхшиликка йўйиш жоиз.
Савол: Газеталардаги буржларни ўқиш ҳукми нима?
Жавоб: Жоиз эмас.
Савол: Инсон характери буржларга кўра бўладими?
Жавоб: Халқ орасида зодиак (буржлар камари) устида жойлашган 12 та юлдуз туркумига «буржлар» деб ном берилган. Зодиак — осмонда Қуёш ва асосий сайёралар йўли устида жойлашган деб тасаввур қилинадиган хаёлий бир камардир. Уни буржлар камари деб ҳам аташади. Қуёшнинг буржларга нисбатан ҳолати ўзгариб қолгани сабабли, бугунги кунда буржларнинг бирортаси ўз номи билан аталадиган ҳудудда жойлашмаган.
Шу боис, 20-асрда Қуёш 1 январда Тоғ эчкиси буржида эмас, балки Ёй (Қавс) буржида бўлади. Шунинг учун ҳам муайян бурж остида туғилганлар маълум бир феъл-атворга эга бўлади, деб айтиб бўлмайди. Агар ҳар бир буржда туғилганлар бир хил характерга эга бўлганида, бутун дунёдаги одамлар бор-йўғи 12 хил характерли бўлиб қоларди. Ваҳоланки, бир буржда туғилган икки кишидан бири олим, иккинчиси золим, бири қаттиққўл, бошқаси эса ювош бўлиши мумкин. Инсонларнинг характерини буржлар белгиламайди.
Савол: Кечаси тирноқ олиб бўлмайдими?
Жавоб: Тирноқни кечаю кундуз, ҳафтанинг исталган куни олиш мумкин. Жума куни намоздан кейин олиш афзалроқ.
Тирноғи узун бўлган кишининг ризқи машаққат ва қийинчилик билан ҳосил бўлади. Ҳадиси шарифда: “Жума куни тирноғини олган киши, бир ҳафта давомида балолардан омон бўлади”, деб марҳамат қилинган. Жума намози учун ғусл қилиш, хушбўйликлар суртиш, янги ва тоза кийимлар кийиш, соч ва тирноқ олмоқ суннатдир. Тирноқларни жума намозидан олдин ёки кейин олиш суннат ҳисобланади. Намоздан кейин олиш эса афзалроқдир. (Дуррул мухтор)
Ҳадиси шарифда: “Жума куни тирноқ олиш шифога сабаб бўлади”, деб буюрилган. (Абу Шайх)
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг жума намозига боришдан олдин тирноқларини олганлари зикр этилган. Пайшанба куни ҳам тирноқ олиш жоиздир. Кесилган тирноқларни кўмиш яхши бўлади. Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:
“Соч ва тирноқларингизни тупроққа кўминг, сеҳргарлар улар ёрдамида сеҳр (жоду) қилмасинлар!” (Дайламий)
Савол: Бирор тилакнинг қабул бўлиши учун Макка ёки Мадинадан келтирилган бир миқдор хамирга, у бир кеча уйда тургандан сўнг, бир стакан ун, шакар ва сут қўшилади. 10 кун давомида бу хамирнинг ёнида ҳожат намози ўқилади. Сўнгра бу хамир тўртга бўлинади. Бир бўлаги билан ширинлик пиширилиб, уйдагилар ейди. Қолган уч бўлаги эса қўшниларга берилади. Улар ҳам айни шу ишларни бажариб, тилак билдирадилар. Бундай нарсанинг динимизда ўрни борми?
Жавоб: Буларнинг асли йўқ, уйдирма нарсалардир.
Савол: “Юлдузнома”га қараш гуноҳми?
Жавоб: Юлдузнома фол китобидир, унга қараш ва ишониш ҳаромдир, ҳатто куфргача олиб бориши мумкин.
Савол: Ёсин ўқилиб тугун тугиляпти, қирқ дона бўлганда қабрга қўйиляпти, шундай қилиш жоизми?
Жавоб: Уйғун эмас, бидъатдир.
Савол: Баъзи зиёратгоҳларга пул ташлашяпти. Бунинг зарари борми?
Жавоб: Қабрларга пул ташлаш, ип боғлаш каби нарсалар динимизда йўқ. Буларнинг ҳеч қандай фойдаси бўлмаганидек, бидъат бўлгани учун зарарли ҳамдир.
Савол: Қайчи каби кесувчи асбобларни қўлдан-қўлга бериб бўлмайди, дейилади. Берилса, ўша икки киши уришиб қолади, дейилади. Қайчи доим ёпиқ туриши керак, очиқ турса, кафан бичади, дейилади. Буларнинг асли борми?
Жавоб: Асли йўқ, хурофотдир.
Савол: Тадқиқотларга кўра, хурофотлар динни билмайдиган ёки жуда кам биладиган кишилар, айниқса аёллар орасида жуда кенг тарқалган. Бу хурофотларни кимлар ва нега вужудга келтирмоқда?
Жавоб: Одатда буларни миссионерлар тўқиб чиқаради. Жоҳиллар қўли билан буларни ёйишга ҳаракат қилишади. Бундан мақсадлари — мусулмонларни ўзлари ўйлаб топган хурофотлар билан банд қилиш ва уларнинг эътиқодини бузишдир. “Мадинадан келган хат”, “Маккадан келган хабар”, “Тушда кўрилган дуо” каби хурофотларни ўйлаб топишади, кейин эса “Қаранг, мусулмонлар хурофотлар билан шуғулланишяпти”, дейишади. “Ушбу дуони 7 кишига ёки 13 кишига юборинг, юбормасангиз бошингизга бало келади. Юборган киши кутилмаган совғага дуч келади” каби хурофотлар интернетда айланиб юрибди. Бундай ишларга восита бўлиб, миссионерларнинг ўйинига алданмаслик керак.
Савол: Ҳидираллаз нима? Баъзилар: “Ҳидираллаз бир одат, нишонлашнинг ҳеч қандай зарари йўқ”, деса, бошқалар кофирларнинг муқаддас куни дейишади. “Саодати Абадия” китобида эса: «Наврўз ва Ҳидираллаз кунлари кофирлар орасида қадрли ҳисобланади», дейилган. Ҳидираллазни нишонлашни бирор зарари борми?
Жавоб: Одат дейиш нотўғри бўлади. Мусулмонликда милодий ойлар ичида муборак кун ва кеча йўқ. 6 май Ҳидираллаз (Хизр ва Илёс) куни мусулмонликка тўғри келмайди. Ҳазрати Хизр билан ҳазрати Илёс учрашган кун деб нишонланадиган бир хурофотдир. Нишонлаш гуноҳдир. Ўша куни кўплаб хурофотлар амалга оширилади.
Савол: “Янги туғилган чақалоқнинг илк чўмилтирилган сувини тупроққа тўкиш керак”, дейишади. Шундай нарса борми?
Жавоб: Бундай нарса йўқ.
Савол: Юмалоқ муҳр шаклида қўлда ёзилган калимаи тавҳидни “нубувват муҳри” деб тарқатишяпти. Шунингдек, ўша ёзувга қараган киши ҳақида: “Агар ўша йил ичида вафот этса, иймон билан охиратга кетган бўлади”, дейиляпти. Нубувват муҳри деб бу ёзувни тарқатиш жоизми?
Жавоб: Ундай ёзиш ҳам, тарқатиш ҳам дуруст эмас. Турли фитналарга сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, агар инсоннинг эътиқоди тўғри бўлмаса, диннинг буйруқларига амал қилинмаётган бўлса, калимаи тавҳидга йилига бир марта эмас, балки минг марта қаралса ҳам, иймон билан вафот этишини айтиш жуда нотўғри бўлади.
Иймон билан вафот этиш учун нималар қилиш кераклигини динимиз билдирган. Бу каби ёзувларга эътибор бермаслик лозим.


