Бадандаги тукларни тозалаш
Савол: Танадaги қайси тукларни олиш керак, қайсиларини олиш мақбул эмас?
Жавоб: Қўлтиқ ва чот тукларини ҳар ҳафта қиртишлаб олиб тозалаш суннатдир. 15 кунда бир тозалаш ҳам мумкин. 40 кундан ошириб юбориш гуноҳ бўлади. Эркакнинг эркакка, аёлнинг ҳам аёлга тизза билан киндик орасига қараши ҳаром бўлгани учун ўз жинсидан бўлса ҳам бошқага чот тукларини лазер, эпиляция, мумли эпиляция каби бир усулда олдириши жоиз бўлмайди.
Эркакларнинг қош тердиришлари жамол нияти, яъни чиркин кўринмаслик нияти билан жоиз, зийнат учун бўлса жоиз эмас.
Аёлларнинг қошларини тердириши, ингичкалаштириши жоиз эмас. Пешона, ёноқ, ияк ва лаб устидаги туклар билан икки қош орасидаги тукларни олиб ташлашлари жоиздир.
Эркакларнинг ҳам болдирларидаги, кўкрак ёки елкаларидаги тукларни эҳтиёжсиз қирдиришлари жоиз эмас.
Савол: Сартарошлар қулоқнинг ич қисмидаги тукларни спиртли оловда куйдиришади. Бу шаклда тукларни йўқ қилиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.
Савол: Чумоли тухумининг ёғидан тукларни тўкишда фойдаланиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.
Савол: Жунубликдан ғусл қилаётганда ёки ғусл қилишдан аввал тукларни қиртишлаш дурустми? Ёки ғуслдан кейинга қолдириш керакми?
Жавоб: Ғусл қилмасдан ёки ғусл битмасдан аввал тукларни қиртишлаш жунуб учун макруҳдир. Ҳайзли учун макруҳ эмас.
Савол: Бакенбардни қулоқ юмшоғигача ўстириш жоизми?
Жавоб: Йўқ, умуман ўстирмаган яхши. Қулоқнинг устигача кесиш лозим.


