Бошқасининг молидан рухсатсиз фойдаланиш
Савол: Яқин бир дўстимнинг молини ундан рухсатсиз фойдаланишим ёки ейишим жоизми?
Жавоб: Бошқаларнинг молини эгасидан рухсатсиз фойдаланиш ҳаром. Масалан, дўстининг ручкасини ундан хабарсиз олиб мактуб ёзиш ҳаром бўлади.
Дўстининг чўнтагидаги ёки столидаги қанд-конфет каби нарсаларни олиб ейиш ҳам жоиз эмас. Лекин жуда яқин бўлган ва рухсат бериши аниқ бўлган бир дўстининг молидан фойдаланиш ёки нарсасини ейиш жоиз. Лекин бугунги кунда бундай дўст топиш жуда қийин. Шунинг учун су-и занга [ёмон гумонга] сабаб бўладиган нарсалардан сақланиш керак.
Фатҳ-ул-Мусулий ҳазратлари бир дўстининг уйига кирди. Дўсти уйда йўқ эди. Хизматчиси бор эди. Ундан сандиғининг калитини сўради. Хизматчи уни танигани учун калитни берди. Фатҳ-и Мусулий ҳазратлари сандиқни очиб керагича пул олиб кетди. Дўсти буни эшитиб жуда қувонди. Дарров хизматчисини озод қилди.
Бу юксак даражага етган авлиё зотлар пулга муҳтож бўлган пайтларида дўстларига ҳолатни билдиришарди. Дўстлари эса: “Қанча керак?” деб сўраш ўрнига, ҳамёнини чиқариб уларга тутқазишарди. Дўстлари эса фақат керакли миқдорнигина олиб, қолганини қайта ўз жойига қўйишарди.
Ҳатто баъзилари шундай эди: агар бир дўсти ундан пул сўраса, “Нега унинг эҳтиёжини аввалроқ пайқамадим? Нега сўрашга мажбур бўлди?” деб ўзига ғазабланиб, афсус билан кўз ёш тўкарди. Улар доим дўстларидан эҳтиёжлари бор-йўқлигини сўраб турар, ҳолларидан доимий хабар олиб туришарди. Аслида дўстдан “Қандайсан?” деб сўраш — “Агар бирор эҳтиёжинг бўлса, айт, имконим бўлса ёрдам беришга тайёрман” деган маънони англатарди. Шунчаки одатга айланган, бефарқ “Қандайсан?” дейиш эса ҳақиқий дўстликка тўғри келмайди.
Савол: Айрим дўстларим ким билан ёзишганини, нималар ёзганини билгим келади. Қандайдир йўл билан ёки паролини бузиб, бошқаларнинг электрон почтасига, компьютердаги бошқа файлларига ёки шахсий суратларига қараш гуноҳ ҳисобланадими? Бу ҳолат қул ҳаққига кирадими?
Жавоб: Агар ўзи рухсат берган бўлса, гуноҳ ҳисобланмайди. Аммо рухсатсиз қаралса, бу катта гуноҳ ҳисобланади ва қул ҳаққига киради. Ҳатто умумий рухсат берилган бўлса ҳам, унинг компьютерида шахсий маълумотлар бўлиши мумкин, шунинг учун фақат керакли миқдордагина қараш керак. “Бошқа нима бор экан” деб титкилаш тўғри эмас. Ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинган:
“Дўстининг ёзувига рухсатсиз қараган одам, гўёки дўзах оловига қараган бўлади.” (Табароний)
“Дўстининг хатига рухсатсиз назар ташлаган одам, оловга қараган кабидир.” (Абу Довуд)
“Ким бир уйнинг ичига рухсатсиз қараса, у ҳаром иш қилган бўлади.” (Абу Довуд, Термизий)
“Кимки бировнинг уйига рухсатсиз қараса, уриб кўзини чиқаришга лойиқ бўлади.” (Муслим)
Бошқаларнинг шахсий маълумотларига рухсатсиз назар ташлаш қул ҳаққини бузиш бўлганидек, уни бошқаларга кўрсатиш ҳам ғийбат ва сўз ташишга киради. Бу ҳам ҳаромдир. Бир кишига электрон хат юбориганда унда фақат ўз ёзувимиз эмас, бошқаларнинг ёзувлари ёки аввалги жавоблари ҳам бўлса, уларни яширин [bcc] қисми орқали бошқаларга жўнатиш — у маълумотларни рухсатсиз тарқатиш бўлади.
Агар шундай иш қилинган бўлса, тавба қилиш ва ўша шахсдан ҳалоллик сўраш лозим.
Савол: Мен иш жойимда ахборот-технология (IT) бўлими масъулиман. Агар бошқаларнинг ёзувларига ёки компьютерларига рухсатсиз қараш жоиз бўлмаса, менинг бундай қилишим ҳам гуноҳ ҳисобланадими?
Жавоб: Агар иш доирасида зарурат бўлмасдан қаралса гуноҳ ҳисобланади. Аммо зарурат туғилса, фақат зарур бўлганича қараш мумкин.
Савол: Хусусий ишхонада ишга оид қурилмани, масъул шахснинг рухсатисиз шахсий эҳтиёжимиз учун фойдаланишимиз жоизми?
Жавоб: Ҳеч қандай қурилмани рухсатсиз ишлатиш жоиз эмас. Лекин агар бу иш, иш жойига зиён етказмаса ва одатда бундай нарсаларга рухсат бериладиган бўлса — масалан, телефонни қувватлаш, иш жойининг электр энергиясидан фойдаланиб электр устараси билан соқол олиш, таҳорат ёки ғусл учун сувдан фойдаланиш, иш жойидаги компьютерда шахсий хат ёзиш кабилар — бундай ҳолларда одатий равишда рухсат берилади. Шу сабабли, бундай ҳолларда айрим қурилмалардан рухсатсиз фойдаланиш мумкин ҳисобланади.


