Ҳайвонларга азият бермоқ
Савол: Гўшти ейиладиган ва ейилмайдиган ёввойи ҳайвонларни ҳар қандай мақсадда ўлдириш гуноҳми? Масалан сувсарни мўйнаси учун, кийикни гўшти учун овлаш жоизми?
Жавоб: Ҳеч бир ҳайвонга азият, исканжа қилиш, сувда чўктириб ёки оловда ёқиб ўлдириш жоиз эмас. Ҳайвонга азият бериш ғайримуслим ватандошга азият беришдан ҳам катта гуноҳ. Ғайримуслим ватандошга азият бериш эса мусулмонга азият беришдан катта гуноҳдир. (Дурр-ул мухтор)
Мақсадсиз бир ҳайвонни ўлдириш жоиз эмас. Охиратда “Уни нимага ўлдирдинг?” деб савол берилади. Ҳайвонларни бир-бири билан уриштириш ҳам жоиз эмас. Ҳайвонларнинг ҳақига риоя қилиб, уларга нисбатан раҳмдил бўлиш лозим. Ҳадиси шарифда “Марҳамат қилгинки, марҳамат кўрасан” деб марҳамат қилинди. (Ширъа)
Зарарли ҳайвонларни ўлдириш жоиз бўлгани каби сувсар, бўрсиқ каби ҳайвонларни териси ва мўйнаси учун, кийик каби ҳайвонларни гўшти учун ўлдириш жоиз. Тўнғиздан ташқари гўшти ейилмайдиган ҳайвонларни пул эвазига ғайримуслимларга экспорт қилиш ҳам жоиз. (Шарҳ-и Ниқоя)
Зарарсиз ҳайвонларни ўлдириш жоиз эмас. Зарарлиларини ҳам азиятсиз ўлдириш жоиздир. (Барийқа)
Савол: Ҳайвонларга ҳар турли азият бериш ҳаром эканлигига кўра, уларни қисирлаштириш ҳаром эмасми?
Жавоб: Ҳожат бўлмасдан ҳайвонни қисирлаштириш, ҳайвонга азият бўлгани учун ҳаромдир. Лекин бир манфаат учун жоиз, гуноҳ бўлмайди. (Ҳиндия)
Қисирлаштирилган ҳўкизлар иш бажаришда унумли бўлади. Қисирлаштирилган қўчқорлар янада ёғли ва гўшти ҳам лаззатли бўлади. Пайғамбаримиз қисирлаштирилган бир қўчқорни қурбонликка сўйгандилар. (Б.Орифин)
Савол: Ҳайвонларга ҳам шафқатли бўлиш керак эмасми?
Жавоб: Ҳайвонларга ҳам шафқатли бўлиш ва яхшилик қилиш керак. Пайғамбаримиз “Марҳаматли бўлмасдан иймонли бўла олмайсиз” деганларида у ердагилар “Ё Расулаллоҳ, барчамиз марҳаматлимиз” дедилар. Шунда пайғамбаримиз “Фақат инсонларга нисбатан эмас, бутун махлуқотга марҳаматли бўлиш керак” деб марҳамат қилдилар. (Табароний)
Масалан, бир ҳайвонни сўядиган киши пичоқни ҳайвоннинг кўз ўнгида чрахламаслиги керак. Бир куни бир киши қўйни сўйиш учун ерга ётқизади ва пичоғини чархлашни бошлайди. Пайғамбаримиз буни кўриб “Сен бу ҳайвонни сўймасдан туриб унга ўлимни тоттирмоқчимисан? Нима учун пичоғингни ҳайвонни ётқизишдан олдин чархламадинг?” дедилар. (Ҳаким)
Бутун ҳайвонларга яхшилик қилиш лозим, азият беришдан сақланиш мкерак. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Бир аёл бир мушукни ёпиқ жойга қамаб қўйди. Мушукка еб-ичадиган нарса бермади. Ташқаридан бирон нарса топиб ейиши учун ҳам чиқармади. Мушук ўлди ва аёл ҳам шу туфайли жаҳаннамга лойиқ бўлди.” (Бухорий)
“Чанқаган бир мўмин қудуққа тушиб сув ичди. Бир ит ҳам қудуқ оғзида чанқоқдан ўладиган аҳволда турар эди. Бу киши ҳайвонга ачиниб, пойафзалларидан бирига сув олиб итга сув берди. Унинг бу ҳаракатидан Аллоҳу таоло рози бўлиб, бу кишини жаннатга киритди.” (Муслим)
“Ер юзидаги махлуқларга ачинмаганга кўкдагилар ачинмайди.” (Табароний)
“Марҳаматли бўлмаганга, марҳамат қилинмайди.” (Бухорий)
Асҳоби киром “Ё Расулаллоҳ, ҳайвонларга яхшилик қилганга ҳам савоб бериладими?” деб сўрадилар. Пайғамбаримиз “Ҳар жонли ҳайвонга қилинган яхшиликка савоб берилади” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий)
Саҳобалардан бир зот баён қилади:
“Расулуллоҳнинг мушук сув ичганидан кейин қолган сув билан таҳорат олгани ҳам кўрилган.” (Абу Нуайм)
Саҳобадан бир аёл баён қилади:
Асҳоби киромдан Абу Қатода таҳорат олиши учун бир идишга сув қўйдим. Бир мушук келиб бу идишдан сув ичишни бошлагач, Абу Қатода яна бироз сув ичиши учун идишни мушукни олдига суриб қўйди. Менинг ҳайрон бўлиб турганимни кўргач “Эй қардошимни қизи нимага ҳайрон бўласан. Пайғамбаримиз “Мушук ифлос эмас, атрофимизда юради” деб айтганлар” деди. (Термизий)
Ҳазрати Абу Ҳурайра шундай деган:
“Бир куни чопоним ичида кичик мушук боласини олиб юргандим. Расулуллоҳ буни кўриб “Бу нима?” деб сўрадилар. Мен “Мушукча” деб жавоб бердим. Шунда Расулуллоҳ “Эй Абу Ҳурайра”, яъни мушукни яхши кўрадиган, уларга оталик қиладиган киши” дедилар.
Бир куни Аҳмад Рифоий ҳазратларининг чопони этагида мушуги келиб ухлаб қолди. Намоз вақти кирди. У эса мушукни уйғотишга кўзи қиймади. Бироз вақт уни меҳр билан кузатди. Уйғонмаслигини англагач, чопоннинг мушук ётган қисмини кесиб қолдириб, намозга кетди. Қайтиб келганида мушук уйғониб кетиб қолганди. Кесилган қисмни олиб, чопонига тикиб қўйди.
Абу Бакр Воситий ҳазратлари шундай баён қилади:
Бир куни кетаётганда бошим устидан бир қуш учишни бошлади. Паришонхотирлик билан қушни ушлаб олдим. У қўлимдалигида бошқа бир қуш атрофимда учишни бошлади. Қўлимдаги қушнинг онаси деб ўйлаб, қушни қўлимдан қўйворишим билан у ўлиб қолди. Бунга қаттиқ қайғурдим. Ўша кундан бошлаб менда бир муаммо бошланди ва бир йилгача ўтиб кетмади. Бир кечаси тушимда пайғамбаримизни кўрдим. Унга бир йилдан бери муаммо таъсирида қолганимни, жуда ориқлаб, тик туриб намоз ўқий олмайдиган ҳолга келганимни арз этдим. Шунда “Бунинг сабаби ўша қушнинг сендан шикоятчи бўлишидир” деб жавоб бердилар. Уйимиздаги мушук болалаган эди. Мен бошимга тушган ташвишларни ўйлаб ўтирганимда бир илоннинг мушук боласига ҳамла қилмоқчи эканини кўриб қолдим. Ҳассамни илонга қараб отгандим, у қочди. Мушукнинг онаси келиб, боласини олиб кетди. Ана шундан кейин соғлиғим яхшиланди, намозларимни тик туриб ўқишни бошладим. Ўша кеча яна тушимда пайғамбаримизни кўрдим. У “Соғайишингнинг сабаби, бир мушукнинг сенга ташаккур этишидир” дедилар.
Савол: Ҳайвонларга азият бериш катта гуноҳ эканлигига кўра, сичқон, илон каби зарарли ҳайвонларни ўлдириш жоиз эмасми?
Жавоб: Одамларга зарар берадиган чумолини сувга ташламасдан, ёқмасдан ўлдириш жоиз. Сичқон, чаён каби зарар берадиганларни ҳам азият бермасдан ўлдириш жоиз. Ҳадиси шарифда “Заҳарли калтакесакни бир уришда ўлдирганга юз, иккинчи уришда ўлдирганга камроқ, учинчи уришда ўлдирганга ундан ҳам кам савоб берилади” деб марҳамат қилинди. (Муслим)
Савол: Уйда ин солган ўргимчакларни ўлдириш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Қутуриш хасталигининг олдини олиш учун дайди итларни ўлдириш жоизми?
Жавоб: Хасталик эҳтимоли бўлса, жоиздир.
Савол: Ҳайвонларни ўлдириш жоизми? Масалан пашшани бир зумда кўмирга айлантирадиган восита билан ёқилиши ҳам жоизми?
Жавоб: Ҳайвонларни сувда чўктириб ва ўтда ёқиб ўлдириш жоиз эмас. Динимиз зарарли ҳайвонларни ортиқча қийнамасдан ўлдиришни амр қилган. Масалан калтакесакни бир уришда ўлдирганга юз савоб, иккинчи уришда ўлдирганга 50 савоб, бир неча уришда ўлдирганга камроқ савоб берилади. Демак, қийнамасдан тезда ўлдириш керак. Пашшанинг сиз айтган шаклда ўлдирилиши қўл билан ёки дори билан ўлдиришдан анча енгил. Бир онда кўмирга айланади. Оловга ташлаш билан бир хил эмас. Жоиздир.
Сиз айтган восита атайлаб пашшани ўзига тортиб ёқмайди. Бир майдон ҳосил қилади. Бу воситадан тарқалган нур пашшаларни жалб қилади. У ерга яқинлашганда дарҳол ўлади. Яъни оловда ёниб ўлмайди. Оловгача етиб борганлари бўлса ҳам улар ўлганидан кейин бориб оловга тушади. Шу сабабли бунинг динан зарари йўқ. Динимизда оловда ёқиш жоиз эмас. Бу эса оловда ёқиш дегани эмас.
Савол: Ҳайвон ҳақини ўташ учун нима қилиш керак?
Жавоб: Аввало тавба қилиш лозим, сўнгра ҳайвонларга яхшилик қилишда давом этиш керак.
Савол: Ўлган ҳайвонни оловга ташлашнинг зарари борми?
Жавоб: Бир зарурат бўлмагунча ўлган ҳайвонни ҳам оловга ташламаслик керак. (Барийқа)
Савол: Йўлда, автомобилда ўртача тезликда кетаётганда бир товуқ ёки мушук йўлга югуриб чиқиб, уни уриб кетсак, бунга биз жавобгар бўламизми?
Жавоб: Қасддан қилинмагани учун ва ўлган ҳайвон бўлгани учун жавобгар бўлмайсиз. Ўлган ёш бола ёки катта одам бўлса, бунинг каффорати ва дияти бўларди. Бир она гўдаги билан ухлаётганида уйқусида гўдакни босиб ўлдириб қўйса, қасддан эмаслигига қарамай онанинг каффорат бериши керак. Ҳозирда каффорат сифатида 60 кун рўза тутиши керак.
Савол: Ҳайвонларни калтаклаш ва ўлдириш жоизми?
Жавоб: Одамга ва егуликларга зарар берган ҳайвонларни, масалан чумолиларни, пашшаларни ўлдиришнинг зарари йўқ. Сичқон, чаён каби зарарли ҳайвонларни ҳар доим ўлдириш жоиз. Қутурган ит ва йиртқич ҳайвонларни сўйиб, отиб ёки заҳарлаб ўлдириш жоиз.
Ҳайвонларни калтаклаш жоиз эмас. Калтаклаш тарбия учун бўлади. Ҳайвоннинг ақли бўлмагани учун тарбия қилинмайди. Ҳеч бир сабаб билан ҳеч бир жонзотнинг юзига уриш жоиз эмас.
Ҳайвонлар билан ҳалоллашиш мумкин бўлмагани учун уларга қарши доимо яхши муомала қилиш лозим. Бир ҳайвонга азият берган бўлса, тавба қилиб, пушаймон бўлиб, бошқа ҳеч бир ҳайвонга азият бермаслик керак. Азият берилган ҳайвонга яхши муомала қилиш лозим.
Савол: Каптарлар қишлоғимиз масжидини ифлос қилишмоқда, яна уя ҳам қуриб олишган. Уларни ўлдириш жоизми?
Жавоб: Масжидни ифлос қилаётган қушларни ҳайдаб чиқаришнинг иложи бўлмаса, сўйиб гўшти ейилади. Азият берадиган ҳайвонлар ҳар доим ўлдирилиши мумкин.
Савол: Ҳайвонларни оловда ёқиш ва сувда чўктириш гуноҳ эканлигига кўра, боғимизни суғораётганда у ердаги турли қўнғиз ва чумолилар сувда чўкиб ўлмоқда. Бунинг зарари борми?
Жавоб: Мақсадингиз чумоли ва бошқа ҳашаротларни ўлдириш эмас, боғни суғориш бўлгани учун зарари йўқ. Ичида чумоли бўлган ўтинни ерга уриб қоқиб юборгандан кейин ёқиш жоиз. Унинг ичида биз кўрмаган чумолилар қолиб кетса ҳам зарари йўқ. Биз чумолини эмас, ўтинни ёқяпмиз.
Савол: Қўзи ва ҳайвонлар аралашиб кетмасин дея қулоқларини кесиб турли белгилар қўйиш жоизми?
Жавоб: Дуруст эмас. Кесмасдан буёқ билан белгилаш керак.
Савол: Германияда биология ўқитувчисиман. Ўлик ҳайвоннинг бирор аъзосини кесиб тадқиқ қилиш динан гуноҳми?
Жавоб: Йўқ, гуноҳ эмас.
Савол: Хўроз ва ит, қўчқор уриштириш, бокс матчларини томоша қилиш, циркка бориш гуноҳми? Дорбоз, акробатларни томоша қилиш каби ҳайвонот боғига бориб томоша қилиш ҳам гуноҳми?
Жавоб: Хўроз, ит ва қўчқор уриштириш ҳайвонларга зулм бўлгани учун гуноҳдир. Одамларни бир-бири билан уриштириш ҳам гуноҳдир. Аврат жойлари очиқ бўлиши эса алоҳида бошқа гуноҳдир. Боксда одамнинг ёки бошқа жонзотнинг юзига уриш ҳам гуноҳ. Циркларда одатда таҳликали намойишлар, акробатик дастурлар, дорбозлар бўлади. Циркка бориш бу намойишларни қўллаб-қувватлаш деганидир. Бу гуноҳ бўлган нарсаларни томоша қилиш ҳам гуноҳдир. Чунки дин китобларида айтиладики:
“Дорбоз дордан тушиб ўлса, томошабинлар ҳам гуноҳга киради. Чунки улар томоша қилмаганларида эди, дорбоз таҳликали намойишлар қилмас ва дордан тушиб ўлмасди. Ўлдирилган киши ажали келгани учун ўлган бўлса-да, ўлдирган ёки ўлимига сабаб бўлган кимса ҳам жазосини кўради.” (Саодати абадия)
Ёввойи ҳайвонларни қафасда сақлаш, қамаб қўйиш, масалан бир арслонни, бир филни ёки бир айиқни ўрмондан олиб тор жойга қўйиш ҳайвонга зулм бўлади. Уларни томоша қилиш учун бундай жойларга борган киши зулмни қўллаган ҳисобланади. Агар ҳеч ким томоша қилишга бормаса, бу ҳайвонларни қафасда сақламас эди. Уларнинг қафасда сақланишига томошабинлар сабаб бўлмоқда. Динимиз “Гуноҳга сабаб бўлиш, гуноҳ ишлаш кабидир” деб буюрган. Гуноҳ ишланадиган жойлардан узоқ туриш керак.
Савол: Одамларга зарар берадиган бит, бурга, чаён каби ҳашаротларни ва зарар берадиган чумолиларни ўлдириш жоизми, жоиз бўлса қандай ўлдириш керак?
Жавоб: Бу борада “Барийқа” китобида шундай дейилган:
“Одамларга ва егуликларга зарар берадиган чумолиларни азият бермасдан ва сувга ташламасдан ўлдириш жоиз. Ичида чумоли бўлган ўтинни ерга уриб-уриб, сўнгра ёқиш жоиз. Сичқон, бит, бурга, чаён ва чигирткани ҳар доим ўлдириш жоиз. Битни тирик ҳолда ерга ташлаш ва ҳар жонзотни ёқиш макруҳдир. Зарар берган мушукни, қутурган итни ва йиртқич ҳайвонларни ўткир пичоқ билан сўйиш, отиш ва заҳарлаш жоиз. Калтаклаш жоиз эмас. Калтаклаш тарбия учун бўлади. Ҳайвоннинг эса ақли бўлмагани учун тарбия қилиб бўлмайди. Ўлдирилши вожиб бўлган ҳашаротни бошқа чора бўлмаганда ёқиб ўлдириш жоиз бўлади.”
Савол: Одамларга зарар берадиган ҳар турли ҳайвонни ўлдириш ҳатто ёқиш тўғрими?
Жавоб: Битни, чаённи ва ҳар ҳайвонни тириклигича ёқиш жоиз эмас. Ичида чумоли бўлган ўтинни ерга уриб-уриб қоққандан кейин ёқиш жоиз. Қутурган ит каби зарарли ҳайвонларни азият бермасдан ўлдириш жоиз. Бошқа чора бўлмаса, ёқиш ҳам жоиз. Зарар бермайдиган ҳайвонларни ўлдириш макруҳдир.
Савол: Ипак қуртини оловда иситиб, қайноқ сувга солиб ўлдириш жоизми?
Жавоб: Ипак қуртини ўлдириш учун пиллани қуёш остига қўйиш жоиз. Қуёш остида ўлдирмасдан оловда иситиб, қайноқ сувга солиб ўлдиришнинг жоиз эмаслиги “Барийқа”да ёзилган.


