Устида расми бор нарсалардан фойдаланиш

Савол: Ота ва устоз расмларини деворга осишга бўладими?

Жавоб: Яхши эмас. Уч зарари бор:

Биринчиси, инсон ва ҳайвон расмини белдан юқорига осиш ҳаром. Ўсимлик ва жонсиз нарсаларнинг расмини осишнинг зарари йўқ.

Иккинчиси, жонзот расми бўлган хонага раҳмат фаришталари кирмайди. Расмли газета бўлса ҳам кирмайди. Газетани ўқиб бўлгандан кейин усти ёпиқ бўлган жойга қўйиш керак. Фотосуратларнинг барчаси альбомда сақланиши лозим. Расмлар берк жойда бўлса раҳмат фаришталари киради.

Учинчиси, деворда жонзот расми бўлган хонада намоз ўқиш макруҳ бўлади.

Савол: Орқадан туширилган суратни деворга осишга бўладими?

Жавоб: Жоиз, намозга зарари йўқ.

Савол: Намозни макруҳ қилмайдиган расмли хонага раҳмат фариштаси кирадими?

Жавоб: Киради. Чунки расм ҳукмида эмас.

Савол: Инсон ва ҳайвон расмларини деворга осиш ҳаром дейилган. Деворга осмасдан стол устига тўшасак бўладими?

Жавоб: Белдан юқори бўлса яна ҳаром бўлади. Белдан паст жойда турса ҳаром бўлмайди, лекин очиқ тургани учун у хонага раҳмат фаришталари кирмайди. Усти берк жойга, масалан альбомга солиш керак.

Савол: Бир ҳадисда жонзотларнинг очиқда турган расми бор уйга раҳмат фаришталари кирмаслиги билдирилган. Уйнинг бир хонасида расм бўлса, бошқа хоналарига ҳам раҳмат фаришталари кирмайдими?

Жавоб: Бу ерда байт деган уй эмас, хона назарда тутилган. Шунинг учун раҳмат фаришталари бошқа хоналарга киради. Байт сўзи кўп ҳолларда хона маъносида ишлатилади. Бир неча мисол келтирамиз.

1. Байтуллоҳ: Аллоҳнинг уйи, яъни Каъба деганидир. У битта хона шаклида.

2. Байт-и мақдис [муқаддас]: Масжид-и Ақсодир.

3. Байт-и атиқ: Каъба-и муззама.

4. Байтулмол: Хазина хонаси.

5. Байт-ул анкобут: Ўргимчак ини, ўргимчак тўри.

6. Байт-уз-зифоф: Чимилдиқ.

7. Байт-ул аруз: Келин хонаси.

8. Байт-ул адаб: Ҳожатхона, туалет. Байт-ур-роҳати ҳам дейилади. Роҳатланиш хонаси деганидир.

9. Байт-ул хало: Туалет.

10. Луғатларда "дор" калимаси маскан сифатида билдирилади. Фуқаҳо эса "дор" сўзини ичида бир неча байти [хонаси] ва ҳовлиси бор жой деб таърифлаган.

Шунинг учун Расм бор уйга раҳмат фаришталари кирмайди” деган ҳадисдаги "байт" сўзини "уй" деб эмас, "хона" деб тушуниш керак. Агар хато равишда бу сўзни “уй” деб талқин қилса, унда беш хонали уйнинг ҳаммасига фаришталар кирмайди. Ҳатто шу бинода жойлашган бошқа уйларга ҳам фаришталар кирмайди, деган хулоса чиқиб қолади. Аммо хоналар қандай мустақил бўлса, уйлар ҳам мустақил ҳисобланади. У ҳолда, агар бир хонанинг ўзида расм бўлса, бунинг учун бутун бино, ҳатто унга туташган бошқа биноларга ҳам раҳмат фаришталари кирмайди, деб ўйлаш нотўғри бўлади. Ҳар бир хона мустақилдир. Масалан, уйнинг бир хонаси ҳожатхона бўлиши мумкин, бошқа хонаси эса намоз ўқиладиган масжид сифатида хизмат қилиши мумкин.

Савол: Расмга ҳурмат кўрсатишга баъзан ҳаром, баъзан куфр бўлади дейилади. Ҳурмат кўрсатиш дегани нима?

Жавоб: Бир расмни белдан юқори осиш унга ҳурмат саналади, бу ҳаромдир. Инсон расмига ҳурмат кўрсатиш икки сабаб билан бўлади:

1. Устозининг ота-онасининг, бошлиғининг, авлиёнинг расми бўлгани учун ҳурмат кўрсатади. У кишида илоҳлик сифатларидан, яъни Аллоҳу таолога махсус бўлган сифатлардан бирининг борлигига ишонмайди. Уни махлуқ деб билади. Уни севишини билдириш ёки уни севинтириш учун ҳурмат қилади. Бундай ҳурмат кўрсатиш куфр бўлмаса ҳам ҳаром бўлади. Ғайримуслимларнинг расмига мана шу шаклда ҳурмат кўрсатиш куфр бўлади.

2. Расмнинг эгасида ёки олов, қуёш, сигир каби бир нарсада ёхуд хочда илоҳлик сифати борлигига ишониб, истаганини яратади, истаганини қилади дея ҳурмат кўрсатиш куфр, ширк бўлади.

Савол: Ов ҳайвонларининг ичини сомон билан тўлдириб безак сифатида фойдаланиш жоизми?

Жавоб: Жоиз эмас. Расмдан ҳам зарарлироқдир.

Савол: Бир зарурат бўлмагунча инсон ва ҳайвон расмини чизишга бўлмайди. Лекин фотосуратини олиш жоиз бўлганлигига кўра очиқ жойда фотосурат қўйиш, баланд жойга фотосурат осиш жоиз бўлмайдими?

Жавоб: Расм чизиш билан суратга олишнинг ҳукми фарқли бўлса ҳам расм каби фотосуратни ҳам баландга осиш жоиз эмас. Очиқда фотосурат бўлган хонага раҳмат фаришталари кирмайди.

Савол: Бир манқибада баён қилинади. Раҳмат фаришталари авлиё бир зотга “Гиламнинг остида расмлар бўлгани учун биз вафот этганларнинг ёнига кирмаймиз” деганмиш. Расмларни усти берк жойда сақлаш жоиз эмасми?

Жавоб: Манқибалардан ҳукм чиқариш адашишга сабаб бўлади. Расмларни усти берк жойда сақлаш жоиз. Намозни ҳам макруҳ қилмайди. (Ҳадийқа)

Савол: Деворга ҳар турли гилам осиш жоизми?

Жавоб: Деворга совуққа қарши жун ёки ипак гилам осиш жоиз. Зийнат, яъни безак учун бўлса макруҳдир. Гилам устида жонли мавжудот расми бўлса, ҳаром бўлади.

Савол: Уйининг деворларида инсон ёки ҳайвон расми бўлган киши бизни меҳмонга таклиф қилса, бориш дурустми?

Жавоб: Деворида инсон ёки ҳайвон расми бўлган уйга заруратсиз кирилмайди. (Иҳё-ул-улум)

Савол: Инсон ёки ҳайвон расми осилган хонага раҳмат фаришталари кирмаслигини ва ўша хонада ўқилган намознинг макруҳ эканлигини биламиз. Лекин ҳурмат кўрсатмаслик шарти билан намоз ўқилмайдиган ёки ҳар доим ўтирилмайдиган бир хонага, масалан ошхона, ҳаммом деворига жонзот расмини осиш жоизми?

Жавоб: Йўқ, жоиз эмас. Белдан юқорига осиш ҳурмат кўрсатиш деганидир. Жонзот расмларини белдан юқори осиш ҳурмат бўлиб, ҳаромдир.

Муборак зотларнинг расмларини баландга осиш ҳаром бўлганидек буларни белдан паст жойларга қўйиш ҳам ҳаромдир. (Саодати абадия)

Баландга осиш жонзот расмига ҳурмат кўрсатиш бўлгани учун, пастга қўйиш ҳам бу зотларга ҳақорат бўлагни учун ҳаром бўлмоқда. Усти берк, альбомларда сақлаш лозим.

Савол: Рўмолча, пул ёки шунга ўхшаш айрим нарсаларда тирик жонзотнинг сурати бўлади. Бундай сурат бор нарсаларни ишлатиш ва сақлаш динимиз нуқтаи назаридан ман этилганми?

Жавоб: Ибн Ҳожар Ҳайтамий Маккий ҳазратлари бу ҳақдаги фатволаридан бирида бундай дейди:

«Рўмолча, пул каби нарсаларда тирик жонзот сурати бўлиши зарарли эмас. Чунки тирик жонзот суратини эҳтиром қилинган жойларда ишлатиш жоиз эмас, лекин эҳтиром қилинмайдиган нарсаларда жоиздир».

Шунинг учун ерда ётган ёки ерга тўшаладиган буюмларда, ёстиқ, гилам, рўмолча, пул, мактуб маркалари устида, ҳамма жойи ёпиқ бўлган чўнтак, сумка, шкаф каби жойларда ва кийимнинг киндикдан пастки қисмларида тирик жонзот сурати бўлиши жоиз ҳисобланади. Аммо белдан юқори жойларда бўлиши ёки деворга осиб қўйилиши ҳаромдир. Аёллар сурати ва аврат жойи очиқ суратларни, ҳатто шаҳватсиз ҳолатда ҳам, ҳар қандай жойда ишлатиш ёки уларга шаҳват билан қараш ҳаром ҳисобланади.