Расм чизиш
Савол: Пайғамбарларнинг, авлиёнинг ёки кофирларнинг ёхуд ҳайвонларнинг расмларини чизиш ҳаромми?
Жавоб: Хоҳ ҳурмат кўрсатиш учун, хоҳ ҳақорат қилиш учун бўлса ҳам, хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, хоҳ инсон, хоҳ ҳайвон расми бўлсин, жонли расм чизиш ва ҳайкал ясаш ҳаромдир, катта гуноҳ бўлади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Жонли расм чизганга қиёматда “Чизган расмингга жон бер” дея азоб берилади.” (Муслим)
“Дунёда [заруратсиз] жонлининг расмини чизганга қиёматда бу расмга жон бериши айтилиб, азоб берилади. Ҳолбуки у бу расмга жон бера олмайди.” (Насоий)
“Жонли расм чизган кимса қиёматда энг шиддатли азоб кўради.” (Бухорий)
“Жонли расмни чизиб Аллоҳу таолонинг яратганларига ўхшатишга уринганлар қиёматда энг шиддатли азобга учрайди.” (Бухорий, Муслим)
“Эй Али, бутларни, расмларни йўқ қил!” (Муслим)
“Қўлингизга тушган жонли расмларни йиртиб ташланг.” (Муслим)
“Расм, жунуб ва ит бўлган хонага раҳмат фаришталари кирмайди.” (Абу Довуд, Насоий, Ибни Ҳиббон)
“Ит ва ҳайкал бўлган хонага раҳмат фаришталари кирмайди.” (Муслим)
“Жаброил алайҳиссалом “Биз ит ва расм бўлган хонага кирмаймиз” деди.” (Бухорий, Табароний)
“Мени оламларга раҳмат сифатида юборган Аллоҳу таоло чолғуларни, жоҳилият ишларини ва бутларни йўқ қилишимни амр этди.” (Абу Нуайм)
“[Заруратсиз] жонли расм чизганларнинг жойи жаҳаннамдир. Охиратда чизган расмларига жон берилади, бу расмни чизганларга жаҳаннамда азоб берилади.” (Бухорий, Муслим)
Расулуллоҳ жонлиларнинг расмини чизганларни лаънатлади. (Бухорий)
Исовий динига Афлотун фалсафаси ва римликларнинг бутпарастлиги аралашиб, расмларда, ҳайкалларда илоҳлик сифатлари [абадий бор бўлиш, ҳар истаганини яратиш, ўлдириш, тирилтириш, шифо бериш, ғайбни билиш сифатлари] борлигига ишонишди. Бундай эканлигига ишониладиган расмларга, ҳайкалларга бут дейилади. Булар Аллоҳу таолога шерик қилинган бўлади. Буларга ҳурмат кўрсатишга сиғиниш дейилади. Бу сиғинишга эса ширк дейилади.
Хонада усти бекитилган расм сақлаш жоиздир. Гувоҳнома, ҳужжат ва бошқа керакли эҳтиёжлар учун суратга тушиб, усти бекилган ҳолда сақлаш жоиздир.
Ислом дини инсонларни масхара қилишга, жонлиларга сиғинишга ва ёшларни фаҳшга етаклашга, оилалар бузилишига восита бўладиган инсон расмларини, ҳайкалларни ҳаром қилган. Жонзотларнинг анатомик аъзоларини ва ўсимликларнинг ҳамда ҳар турли физикавий, кимёвий, астрономик, иншоот расмларини ҳалол қилган. Илмда, технологияда керакли расмлар чизилишини, булардан фойдаланишни амр қилган. Ислом дини ҳамма нарсада бўлганидек расмларни ҳам фойдали ва зарарли қилиб, иккига ажратган. Фойдалиларини амр қилган, зарарли бўлганларини тақиқлаган. (Саодати абадия)
Савол: Пайғамбаримизнинг қабри ва қабр тоши деб тарқатилаётган расмлар тўғрими?
Жавоб: Йўқ, тўғри эмас. Пайғамбаримизнинг қабри муҳофаза учун бекитилган. Ҳатто суратга туширишнинг ҳам иложи йўқ. Фақат ташқаридан зиёрат қилинадиган жойдан суратга тушириш мумкин. Расулуллоҳнинг қабри, қабр тоши ёки мақбарасининг ичи деб кўрсатилган расмлар ёлғон. Бошқа мақбараларнинг эски расмлари пайғамбаримизнинг қабрининг расми деб нияти бузуқ ёки жоҳил кишилар томонидан тарқатилмоқда.
Савол: Фотоаппаратда расмга тушириш билан расм чизиш бошқа-бошқа нарсами?
Жавоб: Ҳа, фарқлидир. Фотоаппаратда суратга тушириш кўзгудаги тасвирнинг собитлаштириш каби бўлиб, жоиздир. Лекин инсон ёки ҳайвон расмини чизиш бир зарурат бўлмагунча жоиз эмас.
Савол: Фотографлик касби жоизми?
Жавоб: Қўл билан чизилмагани учун жоиздир. Ҳаром расмларни суратга тушириш жоиз эмас.
Савол: Пайғамбарларнинг ва Асҳоби киромнинг, масалан ҳазрати Умарнинг, ҳазрати Алининг тамсилий расмларини чизиш жоизми?
Жавоб: Йўқ, жоиз эмас.
Савол: Миниатюр расмлар ҳам расм ҳукмидами?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Исломиятдан аввалги баъзи ҳақ динларда жонли расм чизиш ёки ҳайкал ясаш жоиз эдими?
Жавоб: Ҳа, жоиз эди. Бир ояти карима маоли:
“Улар Сулаймон учун хоҳлаган нарсаларни – қалъалар, ҳайкаллар, катта ҳовуздай лаганлар ва собит қозонлар ясар эдилар. Эй Довуд хонадони, шукр қилинглар! Чунки Менинг бандаларимдан шукр қилувчилар жуда камдир!” (Саъба, 13)
Бу ерда зикр этилаётган ҳайкаллар — пайғамбарлар ва олимларга тегишли суратлар эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда шундай деганлар:
«Улар ораларидан солиҳ бир киши вафот этса, қабри ёнида масжид қуришар, масжид ичига эса унинг суратини чизишарди». Бу ишлар орқали солиҳ зотларнинг ибодатларини эслаб, ибодатга янада қаттиқроқ риоя қилишсин, деб шундай қилишар эди. Бу ҳолат ўша пайтда сурат чизишнинг мубоҳ бўлганини кўрсатади. Бироқ Муҳаммад алайҳиссаломнинг дини билан бу амалиёт насҳ этилган [бекор қилинган] ва жонли махлуқотнинг суратини чизиш ҳамда ҳайкалини тайёрлаш ман этилган. (Қуртубий тафсири)
Шайхулислом Мустафо Сабрий афанди расм ҳақида шундай деган:
Заруратсиз жонли махлуқотнинг расмларини чизишни динимиз тақиқлаган. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Охиратда энг шиддатли азобга қуйидаги кимсалар мустаҳақ бўлади:
1. Бир пайғамбарнинг қотили;
2. Бир пайғамбар томонидан ўлдирилган;
3. Ота-онасидан бирининг қотили;
4. Жонли мавжудотларнинг суратини чизган;
5. Илмидан фойдаланилмаган олимлар.”
“Қиёмат куни жаҳаннамдан даҳшатли бир гавда чиқади. Гавдадаги бошнинг ҳар тарафга боқиб даҳшат сочувчи икки кўзи, ғоят хассос икки қулоғи ва чақмоқдек калималарини тинглаганларни ақлини бўлиб, “Мен ушбу уч тоифа инсонга азоб бериш учун вазифалиман: 1. Қайсар золим. 2. Ширк келтирганлар. 3. Жонли махлуқотнинг расмини чизувчилар” дейди.”
“Расм чизувчиларнинг жойи жаҳаннамдир. У ерда расм чизган кимсанинг ҳар чизган расми учун бир шахс яратилиб, у томонидан азоб берилади.”
“Қиёматда жонли мавжудотнинг расмини чизганларга “Чизган расмингизга жон беринг” дейилади ва азобга дучор бўладилар.”
“Раҳмат фаришталари ит ёки расм бўлган хонага кирмайди.”
“Жонли махлуқотнинг расмини чизган кимсага шу расмга жон бергунча азоб берилади.”
Изоҳ: Албатта унинг чизган расмига жон бериши асло мумкин эмас. Азоби ҳам абадий бўлади. Бу ерда абадий дейиш узоқ вақт деганидир. [Жазосини олгандан кейин жаннатга киради.]
“Қиёматда энг шиддатли азобга учрайдиган кимса Аллоҳнинг яратиш сифатини тақлид қилганлардир. Жаноби Ҳақ “Менинг яратишим каби яратишга уринган кимсачалик золим, ҳаддини билмайдиган киши йўқ” деб буюрган.”
Изоҳ: “Ҳеч бир рассом жаноби Ҳақнинг яратувчилик сифатини тақлид қилиш мақсадида расм чизмайди. Шу сабабли ушбу ҳадиси шарифнинг уларга алоқаси йўқ” деб айта олмаймиз. Чунки ҳеч бир рассомнинг Аллоҳу таоло билан яратиш учун мусобақа қилишга уринмаслигини пайғамбаримиз ҳам билардилар. Лекин бу ҳаракати нияти нима бўлишидан қатъий назар яратиш каби қабул этилади ва шу даражада яратишга интилган деб ҳисобланади.
Ўлик-тирик бировнинг расмига йиллар мобайнида сиғинилса, бу расм бундан бирон нарса ололмайди. Айбдорларнинг расмини чизиш ёки келгусида жиноят қиладиган бўлса, расмларини сақлаш зарурат бўлгани учун “Заруратлар узрли нарсаларни мубоҳ қилади” қоидасига кўра, буларнинг гуноҳи бўлмайди.
Тарихий шахсларнинг қилган катта хизматлари хотирланиши учун чизилган расмларнинг, ясалган ҳайкалларнинг ҳурмат билан ёдга олиниши ва келажак авлод учун ўрнак бўлиши фойдали эканлиги ҳақидаги иддао тўғри эмас. Динимиз буларни расм жиҳатидан бошқа фойдасиз ва бекорчи харажати туфайли ҳам тақиқлайди. Чунки ҳайкалларнинг ўрнига шу каби улуғ шахсларнинг номидан бир қатор хайр-ҳасанотлар қилинса, бундан ҳамма фойдаланади. Бундан ташқари, савоб умид қилинган шахслардан фойда олиш масаласида ҳам, хотирлатиш ва эҳтиром кўрсатиш вазифалари янада жиддий ва иқтисодий тарзда амалга ошади. Устига устак, тирикларга ҳам, ўликларга ҳам заррача манфаат келтирмайдиган, руҳсиз расм ва ҳайкаллардан ибрат оладиган кўзлар учун ҳақиқий бир фойда бўлмайди.
Ҳазрати Умар учун бир ҳайкал ясалмаганлиги унинг шон-шуҳратига заррачалик нуқсон келтирмайди. Расулуллоҳ учун ҳам бир ҳайкал ясаш ҳурмат эмас, аксинча бориб турган адабсизликдир. Исо алайҳиссаломнинг деворларга чизилган расмларига афсусланмаликнинг иложи йўқ.
Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) замонида фатҳ қилинган ҳудудлардан бири бўлмиш Кисро саройидан моддий қиймат ва зийнати жиҳатдан жуда қимматбаҳо, бугунги куннинг ўзида миллионлар, ҳатто миллиардларга баҳоланиши мумкин бўлган зийнатли бир гилам ғанимат сифатида қўлга киритилган эди. Ҳазрати Умарнинг амри билан ушбу қимматли гилам бўлакларга бўлиб, кичик парчаларга ажратилган ва ғозийларга улашилган.
Бу воқеага ҳайрон бўлувчилар чиқиши мумкин. Аммо яхшилаб ўйлаб қаралса, Ҳазрати Умарнинг бу ишдаги қарори унинг буюклигига хос бир ҳаракат эканлиги аниқ бўлади. Чунки янги динга кирган бир халқнинг қалбига ортиқча зийнат ва исрофга мойиллик – айниқса, аёлларга хос бўлган зийнатпарастлик балосини олиб кирмаслик лозим эди. Дунёга ҳеч қандай қадр бермайдиган ҳазрати Умар учун бундай нарсаларнинг аҳамияти йўқ эди.
Агар ортиқча дабдабанинг ҳукмдор учун бирор фойдаси бўлганида эди, бу аввало Кисро давлатининг ишига ярар эди ва уни емирилишдан сақлаб қоларди.
Табиат манзараси акс этган гўзал расмлар ҳам инсон учун бевосита зарур бўлган нарсалардан ҳисобланмайди. Аммо шундай чиройли расмлар учун баъзи бойлар миллионлаб пул сарфлашдан тортинмайди. Ҳолбуки, ана шу пуллар билан кўплаб муҳтож инсонларни хурсанд қилиш мумкин эди.
Тирик мавжудотларнинг суратларини чизиш ва бу каби тасвирларни уйда сақлаш тақиқланганининг ҳикмати — бутпарастликнинг олдини олиш, деб ўйловчилар бор. “Бугун бундай расмларга ёки ҳайкалларга сажда қилиб, уларга ибодат қиладиган одам қолмади. Ёки мен ҳеч қачон расмга сажда қилмайман”, деб ўз-ўзига фатво берадиган баъзи “ақллилар” бор. Бундайлар ақл ва фаросатдан йироқдирлар. Бу ҳолат “Ичкиликнинг ҳаромлиги — маст қилгани учун. Мен эса маст бўлмайдиган даражада ичаман”, деган одамнинг гапига ўхшайди. Ҳар бир масалада буйруққа айнан ва тўлиқ итоат қилувчи хизматкор, амрнинг сабабини излаб, уни ўзича тушунишга уринувчи хизматчидан кўра мақбулдир.
Катта бир уламонинг энг жоҳил ва ахмоқ хизматчисига берган амрларини, ана шу хизматчи: “Хўжайин бундай демоқчи бўлса керак, бу билан ана шуни назарда тутган бўлса керак”, деб ўзича талқин қилса, жуда ғалати ва нотўғри ишлар юзага келади.
Ҳолбуки, Аллоҳу таоло ёки Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бизнинг ўртамиздаги нисбат ва масофани ушбу мисолдаги хизматкор билан хўжайин орасидаги нисбатга тенглаштириб ҳам бўлмайди. Шу боис, “фалон ҳукмнинг сабаби шу экан”, деб фатво чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Расмнинг ҳаромлиги юқорида айтиб ўтилганлар билан чекланиб қолмайди. Унда яна кўплаб ҳикматлар бор. Диний ҳукмларнинг яширин ҳикматларини изоҳлашга уриниш бизга ўхшаган ожизларнинг иши эмас. Бундай юксак масалаларга аралашиш — ҳаддидан ошиш бўлади.
Савол: “Саодати абадия” китобида “Расмни юқорига осиш ҳаром бўлганидек, муборак зотларнинг суратларини ҳам баланд жойга осиш ҳаромдир”, дейилган. Одатда, отам газетани ўқигандан сўнг белдан юқори, стол устига қўяди. Онам эса, тирик жонзот суратли пакетни илгичга осади. Улар бу ишни қилиш билан ҳаром иш қилган бўлишмайдими?
Жавоб: Суратни баландга илиш билан пакетни илгакка осиш бир хил эмас. Муборак зотларнинг суратини одамлар эҳтиром ила баланд жойга осишади. Газета ёки пакет эса ҳурмат учун эмас, балки оёқ остида қолиб, ифлос бўлиб кетмаслиги учун тепага олиб қўйилади. Шу боис, пакет осган ёки газетани ердан олиб баландга қўйган кишиларга “ҳаром ишлади”, деб айтиш нотўғри бўлади.
Расмлар баланд жойда бўладими, ерда бўладими — қайси ҳолатда бўлмасин, у хонага раҳмат фаришталари кирмайди. Намоз ўқиётганда ҳам расмларнинг юзини бекитиш лозим. Чунки тирик жонзот сурати намоз ўқиётган кишининг боши устида, олди томонида, ўнг ёки чап тарафида, деворга чизилган ёки мато, қоғоз каби нарсаларга туширилиб осилган ёки қўйилган бўлса, бундай ҳолда намоз макруҳ бўлади. Агар расм намоз ўқиётган кишининг орқасидаги деворда ёки шифтида бўлса, макруҳлик енгилроқ бўлади. Агар тирик жонзот сурати устига босиладиган, ўтириладиган ёки суяниладиган нарсада бўлса, намоз макруҳ бўлмайди. Бироқ бундай хонага раҳмат фаришталари кирмайди. Шу боис, газетани ўқиб бўлгач, ундаги расмлар кўринмайдиган қилиб юзи ёпилиши керак, очиқ ҳолда расм қолдирмаслик лозим.
Савол: Мактаб вазифаси сифатида тирик жонзотларнинг суратларини чизиш жоизми? Шунга ўхшаб, тиббиёт фанларида фойдаланиш учун чизиладиган анатомия суратлари ҳам жоизми?
Жавоб: Ҳа, зарурат ёки эҳтиёж бўлса, тирик жонзотнинг суратларини чизиш жоиз бўлади.
Ислом дини — инсонлар устидан масхара қилиш, тирик мавжудотларга сиғиниш, ёшларни ҳаёсизликка тортиш ва инсонларни йўлдан оздириш воситасига айланадиган инсон суратлари ва ҳайкалларни ҳаром қилган. Бироқ тирик мавжудотларнинг анатомик аъзолари, ўсимликлар, ҳамда физика, кимё, астрономия, қурилиш каби ҳар хил соҳага оид суратларни ҳалол деб билган ва уларга рухсат берган.
Ислом дини илм ва техникада зарур бўлган суратларни чизишни ва улардан фойда олишни амр этган. Ҳар бир масалада бўлганидек суратлар масаласида ҳам уларни фойдали ва зарарли турларга ажратган: фойдали суратларни маъқуллаган, зарарлиларини эса ман этган. (Саодати абадия)


