Узук тақмоқ

Савол: Узук тақиш хусусида динимизнинг ҳукми қандай?

Жавоб: Эркакларнинг олтин узук тақишлари тўрт мазҳабда ҳам жоиз эмас. Олтин ва кумуш безак сифатида фақат аёлларга ҳалолдир. Лекин буларни маҳрам бўлмаган эркакларга кўрсатишлари ҳаром бўлади.

«Олтин ва кумушни безак сифатида тақиш эркакларга ҳаром. Тош, бронза, гуруч, платина, мис ва бошқа моддалардан зийнат сифатида узук тақишлари аёлларга ҳам ҳаромдир. Олтин ялатилган кумуш узук ва кумуш қопланган олтин узук тақишлари жоиз. Узук тақмаслик янада яхшироқ. Байрамларда ҳамманинг узук тақиши мустаҳабдир. Кўз-кўз қилиш, мақтаниш учун тақиш эса ҳаром.» (Радд-ул мухтор)

Расулуллоҳнинг кумуш узуги бўлиб, уни ўнг қўл бармоғига тақардилар. Чап қўлига таққани ҳам кўрилган. Ўнг қўлга ҳам, чап қўлга ҳам тақиш жоиз. Синчалоқ бармоққа ёки ёнидаги бармоққа тақилади. Устида ёзуви бор узукни ҳожатхонага кираётганида чап қўлдан ўнг қўлга ўтказиш яхши бўлади. «Нуъмон бин Баширнинг бармоғидаги олтин узукни кўрган Расулуллоҳ жанобимиз “Жаннатга кирмасдан аввал нима учун жаннат зийнатини қўлланяпсан?” дедилар. Темир узук тақишни бошлади. Буни кўриб “Нимага жаҳаннам ашёсини тақиб юрибсан?” делилар. Буни ҳам ечиб ташлади. Бронза узук тақди. Расулуллоҳ буни кўриб “Нимага сендан бут ҳиди келяпти?” дедилар. “Қандай узук тақсам бўлади, ё Расулаллоҳ?” деб сўради. “Кумуш узук тақишинг мумкин. Оғирлиги бир мисқолдан [4,8 грамм] ошмасин ва ўнг қўлингга тақ!” деб марҳамат қилдилар.» (Мавоҳиб-и ладуния)

Савол: Узук қайси қўлнинг қайси бармоғига тақилади? Ҳар қандай маъдандан ясалган узук жоизми? Икки дона тақса бўладими? Эркак-аёлларда фарқ қиладими?

Жавоб: Ўнг қўлга ҳам, чап қўлга ҳам узук тақиш жоиз. Синчалоқ бармоққа [кичик бармоқ] ёки ёнидаги бармоққа тақилади. Дуруст бўлгани шу. Бошқа бармоқларга тақилса ҳам гуноҳ бўлмайди.

Эркаклар фақатгина кумушдан ясалган узук тақа олади. Оғрилиги 4,8 граммдан ошмаслиги керак. Икки узук тақилса ҳам бу оғирликдан ошиб кетмаслиги лозим. Аёллар эса олтин ва кумушдан бошқа моддалардан ясалган узук тақмайди ва таққан узукларини номаҳрам эркакларга кўрсата олмайди.

Аёл ва эркак учун узукнинг кўзи истаган моддадан бўлиши мумкин.

Савол: Платина ёки оқ олтиндан ясалган узук тақиш эркаклар учун жоизми?

Жавоб: Оқ олтин ҳам олтиндир. Кислота билан олтин оқ рангга келтирилади. Бу билан олтинликдан чиқиб қолмайди, фақат рангги ўзгаради. Шу жиҳатдан жоиз эмас. Агар усти кумуш билан қопланса жоиз бўлади. Эркаклар кумушдан бошқа узук тақа олмайди.

Савол: Пробаси 50%дан кам бўлган олтинларни аёллар узук сифатида тақа олмайдими?

Жавоб: Пробаси 50%дан кам бўлганида олтин бўлишдан чиқиб, бошқа маъданга айланади. Аёллар олтин ва кумушдан бошқа узук тақа олишмайди.

Савол: Турмуш қурган бир аёлнинг кўзли узук ёки никоҳ ҳалқаси тақиши жоизми?

Жавоб: Хотин-қизлар хоҳ турмушда бўлсин, хоҳ тул [бева] бўлсин, хоҳ бокира бўлсин, кўзли ёки кўзсиз, олтин ёки кумуш узук тақиб кўчага чиқиши жоиз эмас. Уйида истаган безакларини тақа олади. Хотин-қизларга узук ва зийнатлар гуноҳ эмас. Лекин ҳеч бир зийнат ашёси номаҳрамларга, бегоналарга кўрсатилмайди.

Савол: Унаштирилганда йигитга ҳам олтин узук тақилади, шу жоизми?

Жавоб: Жоиз эмас. Олтин суви юритилган кумуш узук тақиш мумкин.

Савол: Олтин узук тақиш эркакларга ҳаром бўлганига кўра, олтин узукни кумуш билан ёки кумушни олтин билан қоплатиш жоизми?

Жавоб: Маъданнинг ранги ва қопламаси эмас, ичи, жинси мўътабар бўлгани учун олтин суви юритилган кумуш узук тақиш эркакларга ҳам жоиз. «Кумуш қопланган олтин узук эса, олтин кўринмагани, кумуш кўрингани учун жоиз бўлади.» (Радд-ул мухтор)

Баъзи кишилар бу ердаги нозикликни тушунмайди. “Агар маъданнинг жинси аҳамиятли бўлса, кумуш қопланган олтин узук қанақасига жоиз бўлади?” дейишади. Кумуш қопланган олтин узук олтиндир. Чунки маъданнинг қопламаси эмас, жинси эътиборлидир. Лекин кумуш билан қоплатилганда олтин бўлишдан чиқмайди, сотадиган бўлсангиз олтин сифатида сотасиз. Лекин кумуш билан қопланган ҳолда ишлатиш жоиз бўлади.

Савол: Эркакларнинг кумуш қопланган мис узук тақишлари жоизми?

Жавоб: Ҳа, жоиз. Кумуш қопланган олтин узук тақиш кабидир, кумуш кўрингани учун қўлланиш жоиз бўлади.

Савол: Никоҳ узуги тақмасликнинг диний никоҳ учун зарари борми?

Жавоб: Узук тақмаслик яхшироқдир. Аслида никоҳ узуги деган узук йўқ. Аёл киши тақадиган бўлса, бошқа эркакларга кўрсатиши ҳаром бўлади. Эркаклар учун олтин узук ҳаром. Кумушдан тақиши жоиз.

Савол: Никоҳ узуги деб аталувчи олтин узук эркакларга ҳаром эмасми?

Жавоб: Олтин аёлларнинг зийнат ашёсидир. Эркакларга ҳаром. Пайғамбаримиз бир эркакнинг бармоғида олтин узук кўрганида дарров бу узукни чиқариб ерга отдилар. Сўнгра “Сизлардан бирингиз, чўғ бўлган оташни қўлига тақибди” дедилар. (Муслим) Расулуллоҳ кетганидан кейин ҳалиги одамга “Узугингни ол, бирон нарсага ишлатасан” дедилар. У зот “Аллоҳга қасам ичаманки, Расулуллоҳ отган нарсани олмайман” деб жавоб берди. (Муслим)

«Нажронлик бир киши қўлида олтин узук билан Расулуллоҳнинг ҳузурига келди. Расулуллоҳ ундан юз ўгириб дедиларки: “Нимага қўлингда оташ парчаси билан келдинг?” (Насоий) кумуш узук эркакларга ҳам жоиз. Ҳадиси шарифда “Олтин мушрикларнинг, кумуш мусулмонларнинг безагидир” деб марҳамат қилинган.» (Рамуз)

«Эркакларнинг олтин узук тақиши тўрт мазҳабда ҳам жоиз эмас.» (Мавоҳиб-и ладуния)

Савол: “Саодати абадия” китобида шундай дейилган:

“Ҳеч бир пайғамбар ўз динида ёки бошқа динларда ҳаром бўлган ёхуд бўладиган бир нарса ишламайди. Яъни кейинчалик ҳаром бўладиган нарсани аввалдан ҳалол бўлган пайтида ҳам ишлатмайди.” Яна айтиладики: “Пайғамбаримиз авваллари олтин узук тақардилар.” Бу икки гап бир-бирига зид эмасми?

Жавоб: Пайғамбарларнинг даражалари фарқлидир. Осон тушунилиши учун бир неча мисол келтирамиз. Чунки бу савол жуда кўп сўралади. Жамоат транспортларига ҳамма йўлкира тўлайди. Полиция ва ҳокимият ходимлари пул бермайди. Журналистлардан матбуот гувоҳномаси бўлганлари ҳам йўлкира тўламайди. Бошқа бермайдиганлар ҳам бор. Булар истиснодир.

Пайғамбаримизга ҳаром бўлган бир нарса умматига ҳалол бўлиши мумкин. Пайғамбаримизга фарз бўлган нарса умматига фарз бўлмаслиги мумкин. Умматга ҳаром бўлган иш пайғамбаримизга жоиз бўлиши мумкин. Бир неча мисол келтирамиз:

1. Умматга тўртдан ортиқ хотин олиш ҳаром бўлгани ҳолда пайғамбаримизга жоиз эди.

2. Аёлидан ажрашиш умматига жоиз бўлиб, пайғамбаримизга тақиқланган эди.

3. Бир киши ўлганидан кейин хотини бошқаси билан турмуш қура олади. Лекин Расулуллоҳнинг хонимлари бундан мустасно, улар турмуш қура олмайди. Улар бутун мўминларнинг оналаридир. Онага эса уйланмайди.

4. Фақирларнинг закот олиши жоиз. Лекин пайғамбаримиз фақир бўлсаларда закот олишлари ҳаром.

5. Бойларнинг закот бериши фарз. Лекин пайғамбаримиз бой бўлсалар ҳам закот беришлари фарз эмас.

6. Қурбонлик сўйиш пайғамбаримизга фарз эди. Умматига эса ҳанафий мазҳабида вожиб, қолган уч мазҳабда суннат.

7. Таҳажжуд намози пайғамбаримизга фарз эди. Лекин умматига нофиладир.

8. Пайғамбаримизга ёзув ёзиш, шеър айтиш ҳаром эди, лекин умматига жоиз.

9. Олтин қўлланиш ҳам умматига ҳаромдир. Бир ҳадиси шарифда “Олтин ва ипак умматимнинг хотинларига ҳалол, эркакларига ҳаромдир” деб марҳамат қилинган. Умматига ҳаром бўлган ҳолда унга жоизлиги учун қўлланган. Пайғамбарлар асло гуноҳ ишламайди.

Савол: Улуғлар узукларига нима ёздирар эди?

Жавоб: Пайғамбаримизнинг узугида “Муҳаммадун Расулуллоҳ” ёзилган эди. “Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳу таолонинг пайғамбари” деганидир.

Ҳазрати Сулаймоннинг узугида “Ло илоҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ” деб ёзилган эди. “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расулидир”, деганидир.

Ҳазрати Абу Бакрнинг узугида “Ниъмал қодир Аллоҳ” деб ёзилган эди. “Ҳамма нарсага кучи етадиган Аллоҳ қандай гўзал, қандай буюк қудрат соҳиби” деганни англатади.

Ҳазрати Умарникида “Кафо бил-мавт воизан” деб ёзилганди. “Воиз, насиҳатчи сифатида ўлим сенга кифоядир” деган маънони англатади. Ўлимни кунда йигирма беш марта ёдга олган киши шаҳид бўлиб вафот этиши ҳадиси шарифда билдирилган.

Ҳазрати Усмонникида “Ла-насбиранна” деб ёзилганди. “Албатта сабр қиламиз” деганидир. Сўзида турди ва сабр қилиб шаҳид бўлди.

Ҳазрати Алиникида “Ал-мулку лиллоҳ” деб ёзилганди. “Мулк Аллоҳникидир” деганни англатади.

Ҳазрати Ҳасанникида “Ал-иззату лиллоҳ”, яъни “Иззат, шон ва шараф Аллоҳу таолога махсус” деб ёзилганди.

Ибни Умарникида “Абадаллоҳ лиллоҳ”, яъни “Аллоҳ розилиги учун Аллоҳга ибодат қилувчи” деб ёзилганди.

Ҳазрати Муовияникида “Раббиғфир-ли”, яъни “Ё Рабби, мени мағфират қилгин” деб ёзилган эди. Ўғлиникида “Раббуналлоҳ”, яъни “Раббимиз Аллоҳ” деб ёзилганди.

Имоми Али Ризоникида “Ҳасбиаллоҳ”, яъни “Аллоҳу таоло менга кифоя” деб ёзилганди.

Қози Ибни Аби Лайлоникида “Ад-дунё ғарурун”, яъни “Дунё ёлғончи, ишониб бўлмайди” деб ёзилганди.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифаникида “Қул-ил-хайр ва илло фаскут”, яъни “Хайр гапир, хайр гапирмасанг, сукут сақла” деб ёзилган эди.

Имоми Абу Юсуфникида “Ман омила би-раъйиҳи надима” деб ёзилганди. “Маслаҳатлашмасдан, ўз қараши билан ҳаракат қилган одам пушаймон бўлади” деганни англатади. Истишорага [маслаҳатлашиш] аҳамият беришни билдирмоқда.

Имоми Муҳаммадникида “Ман сабара зафаро”, яъни “Сабр қилган зафарга қовушади, муродига етади, орзусига етади” деб ёзилганди. Аллоҳу таоло Қуръони каримда сабр қилганлар билан бирга эканлигини, сабр қилганларга мукофотларини ҳисобсиз беришини билдирмоқда.

Имоми Шофиъийникида “Ал-баракату фил қаноати”, яъни “Баракат қаноатдадир, қаноат қилган нажотга эришади, бой бўлади” деб ёзилган эди. Қаноат қилган кишига Аллоҳ кифоядир. Қаноат енгилмас қўшин, эгилмайдиган қиличдир. Қаноат қилган шукр қилган бўлади. 

Савол: Эркак киши ҳар бирининг оғирлиги уч граммдан бўлган икки кумуш узук тақса, бир мисқол, яъни 4,8 граммдан ошиб кетгани учун жоизми?

Жавоб: Жоиз эмас. Иккисининг йиғиндиси бир мисқол бўлса, жоиздир.

Савол: Эркакларнинг унаштириш ё никоҳ узуги тақиши керакми?

Жавоб: Йўқ, керак эмас. Урф-одат сифатида тақиш мумкин. Эркакларнинг кумушдан ташқари, олтин ва бошқа маъданлардан узук тақишлари жоиз эмас. Ҳайит ва жума кунлари оғирлиги 4,8 граммдан ошмайдиган кумуш узук тақишлари эса суннатдир. (Мавоҳиб-и ладуния, Радд-ул мухтор)

Савол: “Унаштириш узуги зийнат, яъни безак сифатида эмас, унаштирилгани ёки оилали эканлигининг аломати сифатида тақилгани учун эркакларнинг олтиндан ясалган никоҳ узуги тақишида ва аёлларнинг никоҳ узугини тақиб кўчага чиқишларининг зарари йўқ” деб айтиш нотўғри эмасми?

Жавоб: Албатта нотўғри. Яхши ният билан гуноҳ мубоҳга айланмайди. Кофир қиз “Мен билан рақсга тушсанг, мусулмон бўламан” деса, мусулмон йигитнинг яхши ният билан у билан рақс тушиши ёки бошқа гуноҳ ишлаши жоиз эмас. Бу ерда яхши нияти яроқсиз бўлиб, гуноҳи эса ёзилади. “Амаллар ниятга кўрадир” ҳадиси шарифи тоат ва мубоҳларга ниятга кўра савоб берилишини билдирмоқда. Гуноҳлар яхши ният билан ишланса ҳам гуноҳ бўлишдан чиқмайди.

Иккинчиси динимизда "унаштириш" ёки "никоҳ узуги" деган нарса йўқ. Урф бўлгани учун тақилади. Ўзи мубоҳ бўлишига қарамай, эркакка ҳаром бўлган олтин тақилмайди. Мутлақо олтин тақишни талаб қиладиган ҳолат бўлса, кумуш узукни олтин билан қоплатиб тақиш жоиз. Кўрганлар олтин деб ўйлайди, бунинг зарари йўқ. Аёлларга олтин жоиз бўлса ҳам ташқарида ва номаҳрам эркаклар кўрадиган жойларда тақишлари ҳаром бўлади. Оилали бўлган кишининг оилали эканлигини кўрсатувчи бир белгига ҳожат йўқ.

Савол: Биз томонларда йигит билан қиз унаштирилганида иккаласига ҳам "унаштириш узуги" тақилмоқда. Бу диннинг амрими?

Жавоб: Унаштириш узуги тақиш динимиз тарафидан амр қилинмаган. Бу халқларнинг урф-одати холос. Урф-одатни бажариш ҳар кимнинг ўз ихтиёридаги иш.