Кўзмунчоқ

Савол: Кўзмунчоқ тақиш жоизми?

Жавоб: Ҳа, жоиз. Ибни Обидин ҳазратлари бундай деганлар: «Назар, кўз тегмаслиги учун полизга суяк, тулуп [ҳуркитувчи], ҳайвон калласи қўйиш жоиздир. Бир хотин полиздаги ҳосилга кўз тегмаслиги учун нима қилиш кераклигини сўраганида Пайғамбаримиз “Полизга ҳайвон калла суягини ос” деб буюрдилар. Қараган киши аввал буни кўриб, полиздаги ҳосилни кейин кўради.» (Радд-ул мухтор, 5-жилд, 232 ва 275-саҳифалар)

Кўзмунчоқ ва калла суягининг ўзи кўз тегишининг олдини олмайди. Буни Аллоҳу таоло қилади. Қараган киши аввал буларни кўрганида кўзларидан чиқаётган зарарли нурлар уларга тушади. Назар, кўз тегишининг ҳақ эканлиги ояти карима билан собитдир. Ҳадиси шарифда ҳам “Назар [кўз тегиш] ҳақдир” деб марҳамат қилинган. (Муслим)

Савол: Ўғил болаларга ҳам кўз тегишига қарши олтиндан ясалган буюмлар тақиш жоизми?

Жавоб: Олтинни кўз тегишидан сақланиш учун тақиш жоиз, безак учун тақиш жоиз эмас. “Мошааллоҳ” деб ёзилган олтинни гўдакнинг ёстиғига ёки бешигига илиб қўйиш жуда яхши бўлади. Назарлик [кўз тегишига қарши] бўлгани учун эгнига ҳам тақиш жоиз.

Қўрғошин қуйдириш (қўрқлик)

Савол: Қўрғошин қуйдириш хурофотми?

Жавоб: Йўқ. Хашак тутатиб, кўз теккан одамнинг атрофида айлантириш ва қўрқиб қолган болага шам, қўрғошин қуйдириш жоиз. Шифони берувчи Аллоҳу таолодир. (Ҳиндия)