Кўзга сурма қўйиш

Савол: Эркакларнинг кўзига сурма қўйиши жоизми?

Жавоб: Эркакларнинг безаниш, зийнат учун сурма қўйишлари жоиз эмас. Лекин шифо мақсадида сурма қўйишлари жоиз. Киприкларнинг тўкилмаслиги, кўзлар қувватланиши учун сурма қўйиш фойдалидир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Исмид билан кўзларингизга сурма қўйинг! Чунки бу кўзларни қувватлантиради, киприкларни кўпайтиради.” (Термизий)

[Пайғамбаримиз ҳар кечаси сурма қўйганлиги билдирилган.]

“Энг яхши сурма, исмид сурма тошидир. Чунки у кўзни порлатади, киприкларни узайтиради.” (Насоий)

“Исмид билан сурма қўйишда давом этинг, чунки у киприкларни узайтиради, кўз чилпиқларини кетказади ва кўзни қувватлантиради.” (Табароний)

“Сурма қўйиш, яшилликка ва чиройли юзга қараш кўзни қувватлантиради.” (И.Суютий)

[Сурма кўз қалами деб аталадиган бўёқлардан фарқ қилади. Атторларда бўлади. Баъзи ҳожилар Ҳижоздан қайтишда сурма ҳам олиб келишади.]

Савол: Аёлларнинг кўчага чиқаётганда сурма қўйишлари дурустми?

Жавоб: Сурма макияжга киради. Бегоналарга макияжли кўриниш жоиз эмас. Аёл фақат эри учун безаниши мумкин.

Савол: Суннат нияти билан аёллар кўзларига сурма қўя оладими?

Жавоб: Соғлиқ учун, суннат дея қўйиши мумкин. Масалан, кечқурун қўйилиб, эрталаб ювиб ташланади. Бегоналарга кўриниши ҳаром бўлади. Бегоналар учун безаниши жоиз эмас.

Савол: Эркакларнинг кўзига сурма қўйишлари динимиз тарафидан дурустми? Баъзилар бунинг яхши эмаслигини, кибр аломати эканлигини айтишмоқда.

Жавоб: Бу ҳақда “Баҳр-ур роиқ” китобида шундай дейилган:

“Эркак кишининг шифо мақсадида сурма қўйиши жоиз. Зийнат учун қўйиши эса жоиз эмас. Жамол ва зийнатни бир-бирига аралаштирмаслик керак. Жамол хунукликни йўқотиш, виқор соҳиби бўлиш ва шукр қилиш учун неъматни кўрсатиш деганидир. Кўз-кўз қилиш, мақтаниш учун неъматни кўрсатиш жамол эмас, кибр бўлади. Нафсининг заиф ва бузуқ эканлигини кўрсатади. Жамол эса нафсининг тарбияланган ва комиллигини кўрсатади. “Аллоҳу таоло жамилдир. Жамол соҳибларини севади” ҳадиси шарифи жамол соҳиби бўлишни мадҳ этмоқда. Жамол учун қилинган бир нарса зийнатга ҳам сабаб бўлса, зарари йўқ. Жамол учун тоза, чиройли кийиниш ҳалол, мубоҳдир. Кибр учун кийиниш эса, ҳаром, гуноҳдир. Бундай кийинганида ҳолида, бошқаларга бўлган муомаласида ўзгариш бўлиши кибр аломати бўлади.”

Кўриниб турибдики, жамол хунукликка, бошқаларнинг жирканишига, ҳақорат қилишларига сабаб бўладиган нарсаларни ишламаслик, буларни бекитиш, йўқ қилишдир. Зийнат эса бошқаларнинг ҳавасини келтирадиган, улардан устунликни таъминлайдиган, мақтанадиган нарсаларни қилишдир. Жамол учун яшаган жойида одат бўлган нарсалардан, ҳаром бўлмаган энг яхшиларидан фойдаланиш керак.