Одамга кўра ҳалол-ҳаром ўзгарадими?
Савол: Баъзи егуликларнинг зарар берадиганларга, аллергияси борларга ҳаром, зарар бермаганларга мубоҳ эканлигини айтмоқдасиз. Ҳалол-ҳаром одамга қараб ўзгарадими? Бировга ҳаром бўлган нарса, бошқасига ҳалол бўлиши мумкинми?
Жавоб: Истиснолар кўп. Бировга ҳалол бўлган нарса, бошқасига ҳаром бўлиши мумкин. Қуйида бунга далиллар келтирамиз:
1. "Бойга закот фарз бўлишига қарамай фақирга фарз эмас. Ҳаж ҳам ҳаммага фарз эмас. Қурбон сўйишда ҳам бой-фақир деб ажратилади. Садақа-и фитрда ҳам шундай." (Дурар)
Демак, бировга фарз бўлган ибодат бошқасига фарз эмас.
2. "Тик туриб намоз ўқиш [қиём] фарз. Лекин хасталарга фарз эмас." (Жавҳара)
Демак, бирига фарз бўлган бир хусус, бошқасига фарз бўлмаслиги мумкин.
3. "Вақт кирмаса намоз фарз бўлмайди. Қутбларга яқин ҳудудларда хуфтон ва бомдод намози фарз бўлмайди. Лекин ўқиган яхши." (Тахтовий)
Демак, ҳар амр ҳамма учун эмас.
4. "Таҳоратнинг фарзи тўртта. Оёқлари бўлмаган киши учун фарзи учта бўлади." (Ҳалабий)
Демак, ҳатто таҳоратнинг фарзи ҳам соғлом ёки мажруҳ эканлигига қараб ўзгаради.
5. "Тўрт раъкатлик фарзларни тўрт раъкат қилиб ўқиш фарз. Лекин сафарий бўлганларга фарз эмас. Ҳатто икки раъкат қилиб ўқиши вожибдир." (Ибни Обидин)
6. "Ҳур аёлга кафт ва юзидан ташқари вужудининг ҳамма жойини бекитиши фарз, очиши ҳаром бўлганига қарамай жорияларга (чўри) ундай эмас. Жория бошини, қўлини, ҳатто тиззадан пастини ҳам очиши мумкин." (Ҳиндия)
7. "Ўз ака-ука ёки опа-сингили билан турмуш қуриш ҳаромдир, лекин бегоналар билан турмуш қуриш ҳаром эмас." (Баҳр-ур-роиқ)
8. "Бойларнинг тиланиши, ҳатто закот олиши ҳаромдир. Лекин бунинг истиснолари бор. Масалан ҳадиси шарифда марҳамат қилинадики:
“Илм ўрганаётган кишининг 40 йиллик нафақаси бўлса ҳам бундай бой талабага закот бериш жоиздир.” "(Радд ул мухтор)
Демак, бир бойга ҳаром бўлган нарса бошқа бойга ҳалол бўлиши мумкин.
9. "Ўлакса ва шароб ҳаромдир. Очликдан ва чанқоқдан ўладиган кишиларга булар ҳаром эмас." (Баззозия)
10. Баъзи дорилар, масалан, пенициллин баъзиларга аллергия беради, ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Вужудига аллергия берадиган дориларни қўлланиш ҳаром бўлади. Лекин бу дорилар бошқаларга ҳаром бўлмайди. (Барийқа)
Дориларда бўлганидек егуликларда, мева-сабзавотларда ва кўкатларда ҳам аллергия берадиганлари бор. Органларида заифлик бўлганларга зарар берадиган озиқ ва дорилар соғлом бўлганларга зарар бермайди. Баъзи кишиларга балиқ, сут, тухум, гармдори, бақлажон, гилос каби егуликлар зарар беради. Булар фақат зарар берадиган кишиларга ҳаром ёки макруҳ бўлади. Зарар бермайдиганларга эса мубоҳдир. "Афюн ва бошқа заҳарли гиёҳларнинг кўп миқдори ҳаром, лекин кам миқдорини дори сифатида ишлатиш жоиздир." (Ҳадийқа, Завожир)
“Чойдаги теин билан қаҳвадаги кофеин айни моддадир. Чойда 2,5%, қаҳвада 1,3% миқдорда кофеин бўлади. Кофеин зеҳнни очади, қон айланишини орттиради, вужудга иссиқлик беради, чарчоқни кетказиб, ҳазм қилишни осонлаштиради. Ортиқчаси асаб тизимига таъсир қилади. Юрак хасталари, асаблари заиф одамларга ва болаларга кофеиннинг оз миқдори ҳам ёмон таъсир кўрсатади.” (Озиқ кимёси, 658-бет)
Тиббиёт китоблари ҳам айнан ислом олимларидек билдирмоқда. Яъни бир нарса, масалан кофеин, теин, никотин каби нарсалар баъзиларга зарар беради, баъзиларга эса зарарсиз. Зарар берадиганларга бу нарсалар албатта ҳаромдир. Лекин зарар бермаганларга ҳам ҳаром дейиш динни ўзгартириш бўлади.
"Тамаки ҳам зарар бермайдиганлар учун мубоҳдир." (ал-Уқуд-уд-дуррия)
Савол: Сигаретнинг зарарларини билдирган мутахассис олимлар энди шакарнинг зарарларини ҳам санаб битира олмаяпти. “British Medical Journal”да чоп этилган илмий мақолада шакарнинг юзга яқин зарари санаб ўтилиб “Шакар сигарет каби таҳликали бўлиб, гиёҳванд моддалар тоифасига киритилиши керак” дейилмоқда. Шунчалик зарари кўп бўлган шакарни ейиш ҳам ҳаром бўлиши керак эмасми?
Жавоб: Шакар ҳам, бошқа зарарли озиқлар каби ҳаммага бирдек таъсир кўрсатмайди. Қанд хастасига бўлган зарари билан бошқаларга бўлган зарари бирдек эмас. Ҳамма нарсанинг кўпи зарарли бўлганидек, шакарнинг ҳам кўпи зарарли бўлиши мумкин. Зарар бермайдиган даражада шакар ейиш ҳаром эмас. Сигарет ҳам шундай. Агар зарар берадиган бўлса, ҳаром бўлади.
Савол: Хаста бўлган кишининг спирт каби ҳаром бўлган моддани дори сифатида ишлатиши жоизми?
Жавоб: Бу ҳақда “Ибни Обидин”да бундай дейилган:
“Ишлатилиши ҳаром бўлган бир нарсани тоза бўлсин, ифлос бўлсин, дори сифатида ишлатиш ҳаромдир. Лекин касалликка яхши таъсир қилиши маълум бўлса ва ундан бошқа дори топилмаса, ишлатишига рухсат берилган.”
Савол: Қуръон мусулмонлиги дея аҳли суннат олимлари билдирган хусусларни инкор қилувчи, Қуръонда бундай нарса йўқ дея Пайғамбаримиз билдирганларига амал қилиш лозим эмаслигини даво қиловчи бир машҳур киши “Расулуллоҳ ишламаган ва тақиқлаган ҳамма нарсага амал қилиш керак эмас. Масалан, пиёз, саримсоқ емаганига кўра, мусулмонлар ҳам емаслиги лозим бўлганидек, бир аёл билан хилватда қолиш, уни қучоқлаш, қўлига ёки бошқа жойига тегиш Қуръонда тақиқланмаганига кўра, Расулуллоҳ тақиқласа ҳам амал қилиш керак эмас” деган. Пайғамбаримиз пиёз-саримсоқ ейишни тақиқлаганларми? Тақиқларга амал қилиш керак эмасми?
Жавоб: Пайғамбаримиз пиёз ва саримсоқ ейишни тақиқламаганлар. Бошқаларни беҳузур қилмаслик шарти билан пиёз, саримсоқ каби ҳидли гиёҳларни ейишнинг зарари йўқ. Буларни еб масжидга келиш тақиқланган. Бу хусусдаги уч ҳадиси шариф маоли қуйидагича:
“Саримсоқ-пиёз ейиш ҳаром эмас, лекин ҳиди кетмасдан масжидга яқинлашманг!” (Ибни Ҳузайма)
“Саримсоқ, пиёз, кўк пиёз ва турп еган киши масжидга яқинлашмасин. Чунки одамлар беҳузур бўладиган нарсалардан фаришталар ҳам безовта бўлади.” (Табароний)
“Саримсоқ енг, у билан даволанинг. Саримсоқ етмиш дардга даводир. Агар ёнимга фаришта келмаганида эди, албатта мен ҳам ердим.” (Термизий, Ҳаким)
Бир ўлкага келган кишининг аввало бироз хом пиёз ейиши соғлиққа фойдали. Пиёз микробларга қарши курашиш кучини орттиради. Пиёздан кейин карафс [сельдерей] ейилса, ҳидини кетказади. Пайғамбаримиз одамларни ва ҳар доим келиш эҳтимоли бўлган ваҳий фариштасини безовта қилмаслик учун хом пиёз ва саримсоқ емасдилар. Пишганини ердилар. Пайғамбаримизнинг энг сўнгги еган овқатларининг ичида ҳам пишган пиёз бор эди. Ҳадиси шарифда “Пиёз ва саримсоқни пишган ҳолда енглар!” деб марҳамат қилинди. Шунда беҳузур қилувчи ҳиди кетади. (Мавоҳиб)
Расулуллоҳ нимани амр қилган бўлсалар уни ишлаш, нимани тақиқлаган бўлсалар ундан сақланиш кераклиги, динга тегишли ҳар сўзининг ваҳий эканлиги, Унга итоатнинг Аллоҳга итоат, Унга исённинг Аллоҳга исён эканлиги Қуръони каримда билдирилган. (Ҳашр, 7; Нажм, 4; Нисо, 80)
Пайғамбаримизнинг амрига амал қилиш керак эмаслигини даво қилган у кимса аслида Қуръони каримга ишонмаганлигини ошкор қилмоқда.
Савол: Саримсоқ еб, одамлар орасига чиқишади. Кўплар ҳидидан беҳузур бўлишади. Бундай ишлари дурустми?
Жавоб: Пиёз, саримсоқ еб, сигарет чекиб, ёқимсиз ҳиди билан бошқаларни роҳатини бузиш тўғри эмас. Бундай ҳидлардан фаришталар ҳам безовта бўлади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Оғзингизни тозаланг! Киромон котибин фаришталари учун оғиздаги овқат қолдиқларининг ҳидидан ҳам бадбўй ҳид йўқ.” (Дайламий)
“Оғзингизни мисвок билан тозаланг, чунки Қуръон ўқийсиз.” (Абу Нуайм)
“Кечаси намоз ўқиш учун уйғонган киши оғзини мисвок билан тозаласин. Чунки бир фаришта намозда Қуръон ўқиган одамнинг оғзига яқинлашиб уни тинглайди.” (Дайламий)