Қўшнининг девордан ошган шохдаги мевалари
Савол: Қўшни боғидаги дарахтнинг ҳовлимизга осилиб турган шохларидаги мевалардан ва ерга тўкилганларидан еса жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас. Дарахтдан ҳамма ўтадиган кўчага тушган бўлса, ёнғоқ каби чиримайдиганларини эгаси рухсат бергани маълум бўлса, ейиш жоиздир. Гилос каби чирийдиган мева бўлса, эгаси тақиқлагани маълум бўлмагунча олиб ейиш мумкин. Териб уйига олиб кетиш жоиз эмас.
Савол: Ижарачи уйнинг боғидаги мевалардан ея оладими?
Жавоб: Уй эгаси рухсат берган бўлса, ейиши мумкин. Дарахтни эккан одамдан рухсат олиш лозим.
Савол: Қўшнимиз боғимизнинг бир қисмини эгаллаб олиб, у ерга мевали дарахтлар экди. Ҳозир дарахтлар мева солиб турибди. Бу еримизни суд орқали қайтариб олдик. Энди бу дарахтлардаги меваларни ея оламизми?
Жавоб: Эккан одамдан, яъни қўшнингиздан рухсат олмагунча ейиш жоиз эмас.
Савол: Ўн йил аввал дарахт эккан ер участкаси бошқа одамга тегишли экан. Ер ҳужжатларини қўлимизга олгандан кейин буни билдик. Дарахтнинг мевалари бизники эмасми? Дарахтларни ер эгасига сотишим жоизми?
Жавоб: Сиз экканлигингиз учун дарахтлар сизники. Сотишингиз ҳам, мевасидан ейишингиз ҳам мумкин.
Савол: Бир кишининг боғига қўшнисининг мева дарахтларининг шохлари девор ошиб эгилса, буларни кесиши ёки кестириши мумкинми?
Жавоб: Бу ҳақда “Мажалла” китобининг 1196-моддасида шундай дейилади:
“Бир кишининг боғидаги дарахт шохлари қўшнисининг ҳовлиси ёки боғи томонига тарвақайлаб кетган бўлса, қўшнисининг уларни боғлаб орқага қайтартиришга ёки кесишга ҳаққи бор. Лекин, дарахт сояси полизидаги сабзавотларга зарар етказаяпти, деб уларни кесишни талаб қила олмайди.” Отиф бей милодий 1912 йили чоп этилган шарҳида бу моддани изоҳлаб, бундай деган:
“Қўшни, дарахт эгасига ёки қозига мурожаат қилиб, шохларни орқага қайиртириши ёки кесдириши мумкин. Агар қўшни буларга мурожаат қилмасдан, боғи томонга узалган шохларни ўзи кесса, бунга ҳақлидир. Лекин боғига узалмаган жойидан кесиб, зарар етказса, бу зарарни дарахт эгасига қоплаб беради, яъни товон тўлайди. Агар шохларни боғлаб орқага қайириш мумкин бўлса-да, мурожаат қилмасдан ўзи кесса, яна шунингдек зарарни қоплаб беради. Дарахт эгасига мурожаат қилиб, у шохларни орқага тортмаса, боғ эгаси уларни кесиши мумкин, шунингдек кесиш харажатларини ҳам дарахт эгасидан талаб қилиш ҳуқуқига эга.”