Ҳалол таомнинг аҳамияти
Савол: Ҳозирги болалар нима учун истаганимиздек улғаймаяпти?
Жавоб: Болани ҳалол озиқ-овқат билан парваришлаш керак. Ҳаром овқат болаларга таъсир қилади, боладан дуруст бўлмаган ишлар содир бўлади. Ҳадиси шарифда “Еб-ичадиганларингиз ҳалол, пок бўлсин! Фарзандларингиз шулардан ҳосил бўлади” деб марҳамат қилинган.
Фарзандларни ахлоқсиз аёлларга эмиздирмаслик лозим. Пайғамбаримиз аҳмоқ аёлларни ҳам сут она қилмасликни, сутнинг ёмон таъсири бўлишини билдирганлар. Бундан кофир аёлни сут она қилиб бўлмайди деган маъно чиқармаслик керак. Чунки фиқҳ олими Ибни Обидин ҳазратлари “Кофир аёлнинг мусулмон гўдакка ва мусулмон аёлнинг кофир гўдакка сут она бўлиши жоиздир” деб айтган. (Радд-ул мухтор)
Иброҳим Адҳам ҳазратларига кечаю кундуз ибодат қиладиган, важдга [маънавий лаззатлар таъсирида руҳи жўшиб, қалбининг ўзидан кетиши] тушиб ҳушидан кетиб қоладиган бир йигит ҳақида гапиришди. Йигитнинг ёнига бориб, уч кун меҳмон бўлди. Жуда ажойиб ҳоллар кўрди. Йигитнинг бу ҳоли шайтонданми ёки раҳмонданми билмоқчи бўлди. Еяётган нарсаларига қаради. Ҳалолдан эмасди. Бу ҳолларнинг шайтондан эканлигини англади. Йигитни уйига зиёфатга чақирди. Йигитга ҳалол егуликлар едирди. Йигитдаги эски ошиқлик ва ғайрат қолмади. Йигит “Менга нима бўлди?” деб сўради. Иброҳим Адҳам ҳазратлари йигитга “Сендаги ҳоллар шайтондан эди. Ҳалол еганинг учун шайтон киролмади. Асл ҳолинг юзага чиқди” деди. (Тазкиратул авлиё)
Ҳаром ейиш қалбни қорайтиради, хаста қилади. Зуннун Мисрий ҳазратлари айтганлар:
Қалб қорайишининг 4 аломати бор:
1. Ибодатларининг лаззатини ҳис қилмайди.
2. Аллоҳ қўрқуви хотирига келмайди.
3. Кўрганларидан ибрат олмайди.
4. Ўқиган-ўрганганларини тушуниб, англай олмайди.
Муҳаммад бин Фадл Балхий ҳазратлари эса, бундай деганлар:
Қалбнинг қорайишига 4 нарса сабаб бўлади:
1. Ўрганганига амал қилмаслик.
2. Билмасдан ишлаш.
3. Билмаганларини ўрганмаслик.
4. Бошқасининг ўрганишига моне бўлиш.
Нафс ёмон истаклардан [дин тақиқлаган нарсалардан] қутқарилса, қалб тозаланади.