Ҳайвон ички аъзолари
Савол: Сўйилган молнинг ичак-қорин, жигар, талоқ каби ички аъзоларини ейишга бўладими?
Жавоб: Учовини ҳам ейиш жоиздир. Қуръони каримда қон ҳаром қилингани учун ақлни ўлчов қилиб олган баъзи кимсалар ва баъзи мушриклар “Талоқ қондан иборат, жигар ҳам шундай, у ҳолда ейиш ҳаромдир” дейишади. Қуръони каримда маолан “Майта ва қон сизга ҳаром қилинди” дейилган. (Моида, 3) Майта сўйилмасдан ўлиб қолган, ўлакса ҳайвондир. Бир шарқшунос бу оятга қараб ўзича ўлган балиқнинг ҳаром эканлигини айтади. Шарқшуносга кўра, далил фақат Қуръон. Ҳолбуки Аллоҳу таоло маолан “Бир масалада келиша олмасангиз, бу ишнинг ҳукмини ўрганиш учун Қуръонга ва суннатга мурожаат қилинг!” деб буюрган. Қуръони каримга мурожаат қилган шарқшунос балиқни еб бўлмаслигини тушунади.
Талоқ қондир. Шарқшунос оятга қараб буни ҳам еб бўлмайди деб ўйлайди. Лекин суннатга мурожаат қилинса, балиқ ва талоқнинг ҳалол эканлиги маълум бўлади. Ҳадиси шарифда “Сизларга икки майта ва икки қон ҳалол қилинди. Икки майта балиқ ва чигиртка, икки қон эса талоқ ва жигардир” деб марҳамат қилинган. (Ибни Можа)
Пайғамбаримиз майтани изоҳламаганларида ҳеч бир мусулмон балиқ ея олмасди.
Савол: Қассобларда бўқоқ бези деб аталувчи бир нарса сотилади. Буни ейиш жоизми?
Жавоб: Одамлар бўқоқ безини ҳар хил тушунади. Бўқоқ бези бўлмаган аъзоларни ҳам шундай аташ учраб туради. Ўлчов шуки, номи муҳим эмас, муҳими без ёки без эмаслигидир. Без бўлганлари ейилмайди.
Савол: Товуқ емларига қон аралаштирилар экан. Бу емни еган товуқларни ейиш жоизми?
Жавоб: Динимизда кўрмасдан қатъий ҳукм бериш жоиз эмас. Ўзи кўриши ёки одил бир мусулмоннинг хабар бериши орқали билинади. Лекин сўраб-суриштириш керак эмас. Бир қисмига ҳийла ишлатилганини кўриб, қолган ҳамма қисмига ҳам ҳийла қилинганини қатъий айтиб бўлмайди. Бир товуқнинг нажосат егани аниқ маълум бўлса, бу товуқ уч кун алоҳида жойда боқилади. Бу уч кун мобайнида товуқнинг ичидаги нажосат кимёвий ўзгаришга учрайди. Уч кундан кейин бу товуқни ейиш ҳалол бўлади.
Шароб ҳам сиркага айланганда тоза бўлади. Тўнғиз ёғи ҳамда бошқа нажс ёғлар совун қилинганда тоза бўлади. Бутун кимёвий ўзгаришлар шундай. (Радд-ул мухтор, Саодати абадия)
Савол: Патларини юлиш осон бўлиши учун сўйилган товуқлар қайноқ сувга ботирилади. Бундай товуқларни ейиш жоизми?
Жавоб: Ёрилмасдан, қайноқ сувга солинса нажс бўлади. Ейиш ҳаром бўлади. Агар қорни ёрилиб, ичи ювилиб, тозаланганидан кейин қайноқ сувга солинса, патларига нажосат тегмаган бўлса, ейиш ҳалолдир. (Абуссуд афанди фатвоси)
Қайнамаган иссиқ сувга солинган ичи тозаланмаган товуқнинг фақат териси нажс бўлади. Бундай товуқнинг ичини тозалагандан сўнг уч марта совуқ сув билан ювилса, ҳамма жойи тоза бўлади. Қорин ҳам мана шундай уч марта ювилганда тоза бўлади. (Радд-ул мухтор)
Қандай сўйилгани, қандай қайнатилгани, нажс эканлиги қатъий маълум бўлмаса, ейиш гуноҳ бўлмайди. (Ашбоҳ)
Савол: Эшитишимга кўра, баъзи мол сўядиган жойларда пичоқларга бисмиллоҳ ёздириб, шу билан мол сўйишаркан. Баъзи жойларда эса машинага бисмиллоҳ ёзганлар. Баъзи жойларда эрталаб бир марта бисмиллоҳ айтиш етарли дейишади. Бундай сўйилган товуқ ва бошқа моллар ейиладими?
Жавоб: Бутун дин китобларида ҳар ҳайвон учун алоҳида бисмиллоҳ айтилиши кераклиги билдирилган.
Уй ҳайвонлари билан ёввойи ҳайвонларнинг сўйилиши фарқлидир.
Овчи қуёнга, какликка ўқ узаётганда, овга тозини [ов итини] қўйворганда, какликка, беданага бургут учирганда бисмиллоҳ айтиш билан ўша ҳайвон динга мос сўйилган ҳисобланади. Лекин бир товуққа бисмиллоҳ билан ўқ узилса, бу товуқ ейилмайди. Чунки товуқни тутиб, сўйиш имкони бор.
Катта фермаларда минглаб товуқ айни вақтда сўйиладиган бўлса, ҳар товуқ сўйиш жойига қўйилганда бисмиллоҳ айтиш керак. Сўнгра машинанинг тугмасига босаётганида ҳам бир марта бисмиллоҳ айтилса, кифоя бўлади. Чунки ҳар бири бисмиллоҳ билан қўйилган.
Савол: Бир жойда товуқларнинг оғзига пичоқ тиқиб, мияларини парчалаб ўлдиришади. Бу сўйилган товуқларни ейиш жоизми?
Жавоб: Сиз айтган шаклда сўйилган товуқларни ейиш жоиз эмас. (Тахтовий)
Савол: Ўлиб қолган товуқдан чиққан тухумни ейиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.