Чет элларда гўшт ейиш жоизми?
Савол: Христиан ўлкаларда қассобдан гўшт олиб ейиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз. Ким сўйганлиги, қандай сўйилгани аниқ маълум бўлмагунча, мусулмон ёки аҳли китоб аралаш бўлган ҳар қандай ўлкадан гўшт сотиб олиб ейиш жоиз.
Ўз тиллари билан бўлса ҳам Аллоҳни номи айтиб сўйилса, буни ейиш жоиз. Яҳудийлар Аллоҳнинг номини айтиб сўяди, уларнинг сўйгани ейилади. Христианларнинг қандай сўйгани номаълум бўлса, номаълум бўлгани учун яна ейилади. Шофиъий мазҳабида мол сўяётганда бисмиллоҳ айтиш шарт бўлмагани учун бисмиллоҳ билан сўйилмагани аниқ бўлган жойларда Шофиъий мазҳабини тақлид қилиб гўштдан ейиш мумкин.
Савол: Фалонча биз тарафларга келибди дея унга ҳурмат ёки шукр учун бисмиллоҳ айтиб сўйилган мол гўшти ейиладими?
Жавоб: Меҳмон ёки яхши кўрган инсони келганида севинганидан ёки ўша инсонга ҳурмат учун мол сўйиш жоиз эмас. Меҳмон келишдан ёки келганидан кейин назр қилинади ва назр сифатида, яъни Аллоҳу таоло учун сўйилади, гўштлари фақирларга тарқатилади. Бойларга едирилмайди. (Саодати абадия)
Мол Аллоҳнинг номи билан сўйилгани учун гўшти ҳаром бўлмайди. Фақирларга тарқатиш мақсадида бўлса ҳам келган меҳмоннинг номи ёки Исо алайҳиссалом, Муҳаммад алайҳиссалом номини айтиб сўйилса, бундай ҳайвоннинг гўшти ейилмайди. Бир ояти каримада маолан “Аллоҳдан бошқасининг номи билан сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейиш ҳаромдир” деб буюрилган. (Анъом, 145)
Биринчи мисолда мол Аллоҳ номи билан сўйилмоқда, лекин ният бузуқ, келган меҳмонга ҳурмат учун сўйилмоқда. Иккинчи мисолда эса нияти яхши бўлса ҳам Аллоҳ исми билан эмас, бошқаларнинг номи билан сўйилгани учун бу гўшт ейилмайди.
Савол: Бўри яралаган қўй жони узилаётган бўлса, буни сўйиб олса, гўшти ейиладими?
Жавоб: Ҳа, бисмиллоҳ билан бўғзидан сўйилса, гўшти ейилади. (Ҳиндия)
Савол: Бўри тирик қўчқордан узиб олган думбани ейиш жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас, чунки ҳадиси шарифда “Тирик ҳайвондан узиб олинган гўшт ўлакса ҳисобланади” деб марҳамат қилинган. (Ҳиндия)
Бўри қўчқорни ўлдирган бўлса, энди бу ўлакса бўлади, ейилмайди. Ўлмасидан аввал сўйиб олса, ейилади.
Савол: Бисмиллоҳсиз сўйилган ва ғайри муслимлар сўйган ҳайвонларнинг гўшти ейиладими?
Жавоб: Қасддан, яъни атайлаб бисмиллоҳ айтмасдан сўйилган ҳайвонни ва бисмиллоҳсиз тутилган ов ҳайвонини, китобсиз кофирлар, муртадлар сўйган, овлаган ҳайвонларни ейиш ҳаромдир. Бундай тутилган балиқни ейиш ҳаром эмас. Сўймасдан, бирор жойига пичоқ санчиб, энсасига ва пешонасига уриб еки бўғиб ёхуд дори, ток билан ўлдирилган ҳайвонлар ўлакса бўлади. Буларни ейиш ҳаромдир.
Китобли кофирларнинг ўз китобларига кўра ва ўз тиллари билан Аллоҳу таолонинг исмини айтиб сўйганларини, аёлнинг, ёш боланинг ва жунуб кишининг сўйганларини ейиш жоиздир. Бисмиллоҳ айтишни унутиб сўйилганни ва овланганни ейиш жоиз. Шофиъий мазҳабида бисмиллоҳсиз сўйилганни ейиш жоиздир. Моликий мазҳабида бисмиллоҳ айтиш унутилган бўлса ейилмайди.
Бисмиллоҳ билан қўйиб юборилган ов итининг ва ов қушининг тутиб, тишлаб яралаб ўлдирган ов ҳайвонлари ейилади. Тирик келтирган ов ҳайвонларини сўйиш лозим. Итнинг яраламасдан бўғиб ўлдирган ва яралаб гўштидан еган ов ҳайвони ейилмайди.