Мол сўйиш

Савол: Ҳар ўлкада гўштли овқат ейиш жоизми?

Жавоб: Мусулмонлар, мушрик бўлмаган христианлар ва яҳудийлар сўйган мисмил ҳайвонларнинг гўштлари ейилади. "Мисмил" деб йирик ва майда қорамолга айтилади. Атеистлар, динсизлар, буддистлар, ҳиндлар ва бошқа ботил динларга мансуб кимсалар сўйган ҳайвон гўшти ейилмайди. Мушрик бўлган христианлар ва мушрик яҳудийлар сўйган мол гўшти ҳам ейилмайди. Лекин мушрикми деб суриштириш керак эмас. Христиан ёки яҳудий сифатида маълум бўлган кимсаларнинг сўйганлари ейилади. Мусулмонман дегани ҳолда муртад бўлган кимсаларнинг сўйганлари ейилмайди. Буларни ҳам сўраб-суриштириш лозим бўлмаганлиги учун қассобларда ва дўконларда сотиладиган гўштларни ейиш жоиз, яъни танзиҳан макруҳдир.

Савол: “Аллоҳ номини айтмаган, лекин бунинг аксини ҳам сўзламаган китоб аҳлининг сўйгани ейилади. Албатта бисмиллоҳ айтган бўлиши ёки ўз тилларида Аллоҳ исмини сўзлаши шарт эмас” дейишмоқда. Бисмиллоҳсиз сўйилган мол ўлакса бўлмайдими?

Жавоб: Ҳа, ўлакса бўлади. Бир ояти карима маоли: “Ўлакса, оқувчи қон, тўнғиз ва Аллоҳдан бошқасининг номи билан сўйилган ҳайвонларни ейиш ҳаромдир.” (Анъом, 145)

Бир ҳадиси шарифда қуйидагича марҳамат қилинган:

“Бисмиллоҳ билан отган ўқинг билан овлаганингни егин, ов итини ҳам бисмиллоҳ билан қўйворган бўлсанг ва ўргатилган ит бўлса, тутганини ейсан. Ит ўргатилмаган бўлса, вақтида етиб сўйиб олсанг ейсан.” (Муслим)

Бисмиллоҳ қасддан тарк этилса, ўлакса бўлади. Унутилса, зарари йўқ. Шофиъий мазҳабида бисмиллоҳсиз сўйилганни ейиш ҳам жоиз. Моликий мазҳабида эса бисмиллоҳ унутилса ейилмайди. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Мол сўяётганда бисмиллоҳни унутса, унинг гўштидан еяётганда айтиш кифоя.” (Байҳақий)

“Мол сўйишда бисмиллоҳ билан бирга такбир ҳам келтиринг.” [Бисмиллоҳи Аллоҳу акбар] (Табароний)

Мусулмоннинг ёки аҳли китоб бўлган кофирнинг Аллоҳу таолонинг исмини ёки бир сифатини, ҳар қандай тил билан айтиб, сўйгани ейилади. Айтмаса, сўйгани ўлакса бўлади. (Ҳиндия)

Савол: Қуръони каримда аҳли китобнинг сўйган моли ейилиши билдирилган. Бугунги христианлар ҳам аҳли китоб ҳисобланадими? Сўйганларини ейиш мумкинми?

Жавоб: Бугунги христианларнинг динларининг асоси таслис, яъни учхудоликдир. Яъни “Исо тангри ёки тангрининг ўғли. Абадий бўлган тангри уни жуда яхши кўради. Унинг ҳар истагини яратгани учун ундан сўраймиз, унга ва уни тамсил қилувчи иконаларимизга (бутларимизга) шу ният билан ёлворамиз. Тангри ва ўғил, жуда севилувчи кимса деганидир” дея ишонувчиларга аҳли китоб дейилади ва сўйганлари ейилади. Мол сўйишда Исо ёки уч тангридан бири деса, ейилмайди. Шундай ишонса-ю, лекин тил билан айтмаса, ейилади.

Расмда, ҳайкалнинг соҳибида ва хочда улуҳият сифати борлигига ишониб, масалан, истаганини яратади, хастага шифо беради, дея ҳурмат кўрсатиш куфр, ширк бўлади. Ҳурмат кўрсатиши ибодат, сиғиниш бўлади. Христианлардан “Исо Аллоҳнинг ўғли, фаришталар эса қизлари” дея қиз-эркак расмларига ва ҳайкалларига ҳурмат кўрсатадиганлар мушрикдир. Барнабас ва Ариус мазҳабида бўлганлар бундай ишонмаганликлари учун мушрик эмас, аҳли китобдир.

Бир пайғамбарга ва унинг кейинчалик бузилиб кетган муқаддас китобига ишонган бир кофир бу пайғамбар тангри ёки ўғли деса ҳамда бутларга ёлворса ҳам бунга аҳли китоб дейилади. Чунки "илоҳ", "раб", "тангри", "ота" каби номлар ёрдам берувчи, яратилишга сабаб бўлган, жуда севилувчи маъносида ҳам ишлатилади.

Бу номларни ҳазрати Исога бу маънолар билан айтганга мушрик дейилмайди. Унга уч тангридан бири ёки тангри дейилиши ҳақиқий сўз эмас, маъжоз бўлади. Исо ҳам абадийдир. Ҳамма нарсани йўқдан бор қилади деган христианлар аҳли китоб эмас, сўйганлари ейилмайди. Ҳазрати Исони яхши кўрганлари учун истаганларининг яратилишига сабаб бўлиши учун бутларга, ҳайкалларга ёлворган христианлар аҳли китобдир. Аҳли китобнинг ҳам ҳаммаси кофир. (Ҳиндия)

Савол: Динсизлар сўйган ҳайвон гўшти ейиладими?

Жавоб: Йўқ, ейилмайди. Мусулмон қассобдан олинган гўшт қандай сўйилгани номаълум бўлса ва ҳалол бўлиш эҳтимоли бор бўлса [яъни сўйганлар мусулмон ва динсиз аралаш бўлса] ейиш жоиз бўлади. (Мизон-ул кубро, Ҳадийқа, Барийқа, Мазоҳиб-и арбаъа, Ҳаёт-ул ҳайвон)

Савол: Сўймасдан, бирор жойига пичоқ санчиб, пешонасига уриб ёки бўғиб ёхуд дори билан, ток билан ўлдирилган ҳайвонлар гўшти ейиладими?

Жавоб: Йўқ, бу шаклда ўлган ҳайвонлар ўлакса бўлади. Буларни ейиш ҳаром бўлади.

Савол: Қочиб кетган сигир, товуқни милтиқ билан, тўппонча билан отиб, гўштини ейиш мумкинми?

Жавоб: Йўқ, жоиз эмас. Чунки сигир, қўй, товуқ ов ҳайвони эмас. Милтиқ билан отилса, ўлишидан аввал пичоқ билан сўйиш лозим. Сўйилмаса гўшти ейилмайди. (Бадоий)

Савол: Молни сўйишдан аввал уриб ҳушидан кетказишнинг дин тарафидан зарари борми?

Жавоб: Уриб ҳушидан кетказиш дуруст эмас, лекин сўйилгани учун ҳаром бўлмайди. Жони узилмасдан, яъни ўлишидан аввал сўйилса, гўшти ейилади. Ҳушидан кетказишнинг ейиш жиҳатидан зарари йўқ.

Савол: Нафас йўли ва шоҳ томири кесилмасдан, бошқа томири кесилиб оз миқдорда қон оқса, бу ҳайвоннинг гўшти ейиладими?

Жавоб: Ейилади.

Савол: Қурбонлик қўйини машина уриб кетиб, қони оқиб ўлди. Бунинг гўшти ейиладими?

Жавоб: Ейилмайди. Ўлишидан аввал сўйиб улгурса, ейилади.

Савол: Отган каклигим яраланиб олдимга тушди. Пичоғим бўлмагани учун калласини юлиб ташладим. Буни ейиш жоизми?

Жавоб: Отилганда қон чиққан бўлса, жоиз.

Савол: Швейцарияда молни аввал ҳушидан кетказиб кейин сўйишаркан. Буни ейиш жоизми?

Жавоб: Ҳа, жоиз.

Савол: Энсасидан сўйилган мол гўштини ейиш жоизми?

Жавоб: Жоиз.

Савол: Аёллар ҳам мол сўйиши мумкинми?

Жавоб: Ҳа, аёллар ҳам мол сўйиши мумкин, зарари йўқ. Одатда мол сўйиш катта куч-қувват талаб қилгани учун аёллар катта молларни сўя олмайди. Товуқ, ғоз каби паррандаларни бемалол сўйиши мумкин.