Таъсири аниқ бўлган дорилар
Савол: Хасталанганда таъсири аниқ бўлган дорилардан фойдаланмаслик гуноҳми?
Жавоб: Албатта гуноҳ. Баъзи дориларнинг, масалан антибиотиклар ва сульфамидларнинг бактерияга қарши таъсири, ноннинг очликни, сувнинг чанқашни кетказиши кабидир. Ёнғинни сув билан ўчириш ҳам шундай. Таъсири аниқ бўлган бу каби дориларни истеъмол қилмаслик таваккал эмас, аҳмоқликдир, ҳаромдир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Ҳар хасталикнинг дориси бор. Фақатгина ўлимга чора йўқ.” (Табароний)
Ҳазрати Мусо касал бўлиб қолганида “Дорисиз ҳам Аллоҳу таоло шифо беради” дея дори ичмади. Аллоҳу таоло “Дори ичмасанг, шифо эҳсон қилмайман” деб буюрди. Дорини ичганидан сўнг шифо топди. Лекин сабабига қизиқди. Аллоҳу таоло “Таваккал қилиш учун менинг одатимни, ҳикматимни ўзгартиришни истайсанми? Дориларга таъсир қувватини берадиган ким? Албатта таъсирларни яратадиган ҳам мен” деб буюрди. (К.Саодат)
Шифокорларга бориш, берган дориларини ичиш керак. Лекин шифони доктор ва доридан эмас, Аллоҳу таолодан кутиш лозим. Қуръони каримда маолан бундай дейилган: “Иймонингиз бор бўлса, Аллоҳу таолога таваккал қилинг!” (Моида, 23)
Дори ичиш, ояти карима ва дуо ўқиш, ёнида олиб юриш инсоннинг умрини узатмайди, ўлимга моне бўлмайди, ажални кечиктирмайди. Ажали етмаган кишининг дардларини, оғриқларини кетказиб, сиҳатли, роҳат ва бахтли яшашига сабаб бўлади. Доридан фойдалангандан кейин ҳам шифо топмаган, операция столида жон бераётганлар оз эмас. Шу жиҳатдан шифокорга, дорига эмас, Аллоҳга ишониш керак. Аллоҳу таолога ишонган мусулмон эса, динимизнинг амрига бўйсуниб шифокорга боради, берган дориларини ичади.