Садақа яширинча бериладими?
Савол: Фақирнинг шарафини пастга урмаслик учун садақани яширинча бериш лозимми ёки бошқалар ҳам ёрдам берсин дея ташвиқ этиш учун очиқча бериш яхшироқми?
Жавоб: Садақани, ёрдамларни баъзан очиқча бериш керак бўлса ҳам одатда яширинча бериш афзалроқ. Қуръони каримда маолан шундай буюрилди: “Садақани очиқча берсангиз гўзал бўлади. Яширинча берсангиз, сиз учун хайрлироқ бўлади.” (Бақара, 271)
Ҳадиси шарифларда ҳам қуйидагича марҳамат қилинди:
“Қиёматда, бошқа ҳимоя бўлмаган кунда Аллоҳу таолонинг ҳимоясидаги етти кишидан бири берган садақасини яширган, ўнг қўлининг берганидан чап қўлининг хабари бўлмаган кишидир.” (Бухорий)
“Яширинча [садақа, хайр-ҳасанот ва ибодатлар] ошкора қилингандан афзалдир. Лекин яхши ўрнак бўлса, ошкора бўлиши яширинча бўлишидан афзалдир.” (Дайламий)
“Садақани яширинча бериш жаннат хазинасидандир.” (Хатиб)
“Кечаси ўқилган намознинг кундузги намоздан устунлиги, яширинча берилган садақанинг очиқча берилган садақадан устунлиги кабидир.” (Табароний)
“Қуръонни ошкора ўқиган очиқча садақа берган каби, яширин ўқиган эса яширинча садақа берган кабидир.” (Термизий)
“Яширинча берилган садақа Аллоҳу таолонинг ғазабини сўндиради.” (Байҳақий, Табароний, Ибни Асокир)
Яна ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Яхши бир амал қилганнинг амал дафтарига яширинча бажарилган солиҳ амал сифатида ёзилади ва савоби 70 баравар орттирилади. Агар киши бу амалини ошкор қилса, ошкор қилинган амал савоби ёзилади. Орттирилган савоблари ўчирилади. Бу амалини такрор бошқаларга айтиб, номи тилга олинишидан ва мақталишидан хушланса, ошкора амал савоби ҳам ўчирилиб, риё, кўз-кўз қилиш сифатида ёзилади.” (Байҳақий)
Тиланишни касбга айлантириб олганлардан ташқари бир фақирга ҳамманинг кўз ўнгида садақа бериш унинг номусига тегиш мумкин. Муҳтожларнинг ёрдамни қимтинмай, бемалол олабилишлари учун хайр-ҳасанотлар яширинча берилиши лозим.
Ислом улуғлари садақани яширинча кўзи кўр кишининг қўлига бериб кетар ёки фақир ухлаётганда чўнтагига солиб қўяр ёхуд бир ёш бола воситасида фақирга юборишарди. Фақирни шукр қарзи остида қолдирмаслик учун яширинча беришарди.
Асосий мақсад риё ва миннатдан сақланишдир. Фақир берувчини кўрадиган бўлса, риё ва миннат аралашиши мумкин. “Кўз-кўз қилишга ва миннатга сабаб бўлган хайр-ҳасанот қабул бўлмайди” деб айтилган. Фарз бўлган закот очиқча берилгани яхши, бунда риё бўлмайди. Закотнинг бундай очиқча берилиши закоти бермади деган туҳматдан қутқаради, бошқаларга ҳам ўрнак бўлади. Ибни Аббос ҳазратлари яширинча берилган нофила садақанинг савоби очиқча берилгандан 70 баравар кўп, деб айтган. Закотнинг савоби эса яширинча берилгандан 25 баравар кўпдир.
Яширин берилган садақанинг 3 фойдаси:
1. Одамлар фақирнинг садақани эҳтиёжсиз олган деб ўйлаб, суизан қилиши мумкин. Фақир ёмонланиб, одамлар ҳам ғийбат қилиши мумкин.
2. Ҳадиси шарифда “Берувчи қўл олувчи қўлдан устундир” деб марҳамат қилинган. Садақа очиқча берилганда фақир уялиб, ҳижолат тортиб, обрўси тушиши мумкин. Мусулмонни ундай ҳолга тушрмаслик керак.
3. Садақа бир жинс ҳадядир. Ҳадиси шарифда “Бировга келган ҳадяга ёнида бўлганлар ҳам шерикдир” деб марҳамат қилинган. (Ҳаким)
Фақирнинг ёнида бўлганларга ҳам совғадан бир нарса бермаса, кўнгиллари оғриши мумкин. Бунга сабаб бўлиш эса яхши эмас.