Энг устун садақа
Савол: Энг устун садақа қайси?
Жавоб: Бу садақа берувчининг ёки олувчининг ҳолатига қараб ўзгаради. Масалан, оч киши бўлса уни тўйдириш энг устун садақа бўлади. Бир кишининг моддий имконияти бўлмаган қарздор дўсти бор бўлса, у учун энг устун садақа бу дўстини қарздан қутқариш бўлади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Энг устун садақа сув беришдир.” (Насоий)
“Энг устун садақа оч қолган жонзотни тўйдиришдир.” (Байҳақий)
“Энг устун садақа аразлашиб қолган икки кишини яраштириб қўйишдир.” (Табароний)
“Энг устун садақа тилини тийишдир.” (Дайламий)
“Энг устун садақа яширинча берилганидир.” (Табароний)
“Энг устун садақа илмни ёйишдир.” (Табароний)
“Энг устун садақа илм ўрганиб, сўнгра буни бошқаларга ўргатишдир.” (Ибни Можа)
“Энг устун садақа сенга гинаси бор яқинига берилганидир.” (Табароний)
“Энг устун садақа соғлом, мол-мулкка ўч бўлиб, бойликни умид қилиб, фақирликдан қўрқаётган вақтда берилган садақадир.” (Муслим)
“Энг устун садақа ҳақ сўзни ўз ўрнида айтишдир.” (Ҳаким)
“Энг устун садақа Рамазон ойида берилганидир.” (Термизий)
Савол: Садақа бераётганда қандай тартибда берилади?
Жавоб: Бу кишининг ҳолига кўра ўзгаради. Масалан, аввало қарзини тўлаши керак, лекин муддатли тўлов бўлиб, санаси келганда тўлай оладиган бу қарзидан қутулмасдан ҳам садақа бера олади. Закот қарзи бўлган ҳолда берилган садақа қабул бўлмайди. Имоми Раббоний ҳазратлари айтадики:
Закот нияти билан бир фақирга бир олтин бериш юз минг олтин садақа беришдан ҳам савоблироқдир. Чунки закот бериш фарз амалдир. Садақалар эса нофила ибодатдир. Фарз ибодатнинг олдида нофила ибодатларнинг ҳеч қандай қиймати йўқ. Денгиз олдида бир томчи сувдай ҳам эмас. Шайтон одамларни алдаб, қазоларни ўқитмай ва закотни бердирмай нофилаларни чиройли қилиб кўрсатмоқда. (3/17)
Ўз оиласининг нафақасини таъминламасдан туриб, бошқаларга садақа берилмайди. Садақа бераётганда ўз оиласидан кейин солиҳ бўлган қариндош-уруғларига берилиши керак. Бир ҳадиси шарифда “Фақирга берилган садақа бир садақалигича қолади, қариндошга берилган садақа эса, садақа ҳам-да силаи раҳм бўлиб, икки садақадир” деб марҳамат қилинган. (Насоий)
“Яқин қариндош ва қўшнига берилган садақанинг савоби икки баравар кўпроқдир.” (Табароний)
Бир аёл Расулуллоҳдан “Фақир эримга ҳадя берсам, садақа ўрнига ўтадими?” деб сўради. Расулуллоҳ бунга жавобан “Икки савоб берилади. Бири садақа, бири силаи раҳм савоби” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий)