Закот яширинча бериладими?

Савол: Закотни яширин берган яхшими ёки очиқча берган? Очиқча бериш риё бўлмайдими?

Жавоб: Фарз бўлган закотни очиқча бериш риё бўлмайди, янада савоблироқ бўлади. Закотнинг бундай очиқча берилиши закотини бермаган деган туҳматдан қутқаради, бошқаларга ҳам ўрнак бўлади. Ибни Обидин яширинча берилган нофила садақанинг савоби очиқча берилгандан 70 марта ортиқ деб айтган. Очиқча берилган закотнинг савоби эса яширинча берилгандан 25 баравар ортиқ, деб айтган.

Имоми Раббоний ҳазратлари айтадики:

Бир тийин закот бермоқнинг савоби миллионлаб сўм садақа бермоқдан кўпроқдир. Закот бериш Аллоҳу таолонинг амрини бажаришдир. Садақа ва хайр-ҳасанотнинг кўпи эса обрў, ҳурмат ва нафснинг шаҳватларини қозониш учун бўлади. Фарзлар бажарилаётганда орага риё аралашмайди. Нофила ибодатларда эса риё кўп бўлади. Шунинг учун закотни очиқча бериш лозим. (2/82)

Савол: Бой закот сифатида ажратган олтинини стол устига қўйса, фақир ҳам келиб буни менга закот қилиб қолдирганга ўхшайди, деб олса, закот саҳиҳ бўладими?

Жавоб: Бой олтинни стол устига қўйса ва бир фақир келиб буни олса, саҳиҳ бўлмайди. Фақир олаётганини бойнинг кўриши лозим. Фақирга кўрсатмасдан унинг уйига қўйиб кетиш ҳам шундай.