Азоннинг ўқилиши

Аллоҳу акбар

4 марта

Ашҳаду анло илоҳа иллаллоҳ

2 марта

Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ

2 марта

Ҳайя алас-салоҳ

2 марта

Ҳайя алал-фалоҳ

2 марта

Аллоҳу акбар

2 марта

Ло илоҳа иллаллоҳ

1 марта

 

Ёлғиз, бомдоднинг азонида “Ҳайя алал-фалоҳ”дан кейин икки марта “Ас-салоту ҳайрун минан-навм” калимаси айтилади. Иқоматларда эса, “Ҳайя алал-фалоҳ”дан кейин икки марта “Қад қоматис-салоту” дейилади.

 

Азон дуолари

 

Расулуллоҳ “саллаллоҳу алайҳи ва саллам” айтдиларки: «Азон ўқилаётганда, қуйидаги дуони ўқинг: Ва ана ашҳаду анло илоҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ло шарикалаҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ ва радиту биллоҳи роббан ва бил исломи динан ва би Муҳаммадин саллаллоҳу алайҳи ва саллам расулан набийё»

Яна бошқа бир ҳадиси шарифларида айтдиларки: «Эй менинг умматим, азондан кейин бу дуони ҳам ўқинг: Аллоҳумма робба ҳо зиҳид-даъватит-томмати вас-салотил-қоимати оти Муҳаммаданил-василата вал-фазилата вад-даражатар-рафиата ва бъасҳу мақоман Маҳмуданил-лазий ва адтаҳу иннака ло туҳлифул-миёд».

Азон калималарнинг маънолари

 

АЛЛОҲУ АКБАР: Аллоҳу таоло буюкдир. Унинг ҳеч кимга ва ҳеч нарсага эҳтиёжи йўқ. Қулларнинг ибодатларига ҳам муҳтож бўлишдан покдир. Ибодатларимизнинг Унга ҳеч қанақа фойдаси йўқдир. Бу муҳим маъно зеҳнларга яхшилаб жойлашсин деб, буни тўрт марта айтишади.

АШҲАДУ АНЛО ИЛОҲА ИЛЛАЛЛОҲ: Буюклиги билан ҳеч кимнинг ибодатига муҳтож бўлмагани каби ибодат қилинишга ва сиғинилишга Ундан бошқа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эканлигига ҳам гувоҳлик қиламан ва албатта ишонаман. Ҳеч нарса Унга асло ўхшамайди.

АШҲАДУ АННА МУҲАММАДАН РАСУЛУЛЛОҲ: Муҳаммад «алайҳи ва ало олиҳиссалоту вас-салом» Аллоҳнинг элчиси ва юборган Пайғамбари эканлигига ва Аллоҳу таолога фақат Пайғамбаримиз билдирган, кўрсатган ибодатларгина ярашишига гувоҳлик қиламан. Ва албатта шунга ишонаман.

ҲАЙЯ АЛАС-САЛОҲ, ҲАЙЯ АЛАЛ-ФАЛОҲ: Мўминларни саодатга, нажотга, қутилишга чақирадиган калималардир.

АЛЛОҲУ АКБАР: Ҳеч кимса, Унга лойиқ ибодат қила олмайди. Ким бўлишидан қатъий назар, ҳар қандай банданинг қилган ибодати, Аллоҳу таолога лойиқ бўлишдан узоқдир. Аллоҳу таолонинг улуғлиги, буюклиги Унга лойиқ ибодатнинг бажо келтирилишидан покдир, муаззаҳдир.

ЛО ИЛОҲА ИЛЛАЛЛОҲ: Ибодат учун ҳузурида таъзим қилинишга мустаҳақ, яъни ҳаққи бўлган ёлғизгина Удир. Унга лойиқ ибодатни ҳеч ким қилолмагани каби, Ундан ўзга ҳеч ким ўзига ибодат қилинишга ҳаққи йўқдир.

Намознинг шарафини, улуғлигини, уни халойиққа хабар қилиш учун танланган ушбу калималарнинг буюклигидан ҳам тушунса бўлади.