Ҳайвонларнинг закоти
Савол: Соима ҳайвон деб урғочи ҳайвонларга айтиладими? Эркак ҳайвонларнинг ҳам закоти бериладими?
Жавоб: Соима ҳайвон деб йилнинг ярмидан кўпида қир-адирда, яйловда текинга ўтлаб юрадиган гўшти ёки сути учун етиштириладиган эркак ёки урғочи ҳайвонларга айтилади. Фақат жуни учун, юк ташиш учун ёки миниш учун бўлса, соима синфига кирмайди, закоти берилмайди.
Савол: Уйда, уй боғчасида боқиладиган ҳайвонларнинг закоти бериладими?
Жавоб: Йилнинг ярмидан кўпида қир-адирда, яйловда текинга ўтлаб юрадиган гўшти ёки сути учун етиштириладиган эркак ёки урғочи ҳайвонларга соима дейилади. Фақат жуни учун, юк ташиш учун ёки миниш учун бўлса, соима синфига кирмайди, закоти берилмайди. (Мавқуфот)
Демак, текинга яйловда ўтламай, уйда боқиладиган бўлса, кўпайтириш ёки гўшти ва сути учун боқилса ҳам яна закоти берилмайди. Ер ҳайдаш, юк ташиш, миниш учун етиштириладиган ҳайвонларнинг закоти бўлмайди.
Савол: Сигирнинг закоти қандай бўлади, нечта сигир учун нечтасини бериш керак?
Жавоб: 30 тадан оз сигири бор киши буларнинг закотини бермайди. 30 сигир учун бир дона, бир ёшдан ёшган эркак ёки урғочи бузоқ берилади. 39 тагача шундай. 40 дан 59 тагача сигири бор одам бир дона икки ёшдан ошган эркак ёки урғочи мол берилади. 60 дан 69 гача сигир учун икки бузоқ берилади. 70 сигир учун бир ғунажин билан бир бузоқ берилади. 70 дан кейин ҳар ўнта учун шундай ҳисобланади. Ҳар 30 дона учун бир бузоқ, ҳар 40 дона учун бир ғунажин ҳисобланади. 80 га етганда икки ғунажин бўлади. Буйволлар закоти ҳам сигирлардек ҳисобланади. (Саодати абадия)
Савол: Туяларнинг закоти урғочи туя билан бериладими?
Жавоб: Беш туяси бор одам бир қўй беради. 24 туягача 4 қўй берилади. 25 дан 35 тагача бўлган туя учун икки ёшга тўлган урғочи бўталоқ берилади. 36 дан 45 тагача уч ёшга тўлган урғочи туя берилади. 46 дан 60 тагача юк ортиладиган, тўрт ёшга тўлган урғочи туя берилади. Бундан ортиғи учун ҳам муайян миқдорда урғочи туя берилади. (Саодати абадия)
Савол: Қўй ва эчкиларнинг закоти қандай берилади?
Жавоб: Қўйнинг нисоби 40 дона. 40 дан оз қўйи бор киши буларнинг закотини бермайди. 40 дан 120 гача қўйи бор одам фақат бир қўй беради. 121 дан 200 гача қўйи бор бўлса, икки қўй беради. 201 дан 400 гача қўйга 3 қўй берилади. 400 қўй учун тўрт қўй, сўнгра ҳар 100 қўй учун бир қўй қўшилади.
Қўй, эчки, эркак, урғочи закотлари мана шундай бўлади. Бир ёшга тўлмаган қўзиларнинг закоти берилмайди. Лекин қўйлари ҳам бўлса, у ҳолда қўзилар ҳам ҳисобга қўшилади. Бўталоқ ва бузоқларда ҳам шундай. Қўзи ҳеч қачон закот сифатида берилмайди. (Саодати абадия)
Савол: От ва эшакнинг закоти қандай берилади?
Жавоб: Эркак ва урғочи отлар бир жойда ва яйловда кўпайтириш учун боқилса, закотини бериш керак. Миниш ёки юк ташиш учун бўлса, закоти берилмайди. Фақат эркак от [айғир]лари бўлган закот бермайди, чунки булар кўпаймайди. Тижорат нияти билан боқиладиган бўлса, тижорат молидек закоти берилади. Тижорат учун бўлмаган хачир ва эшакларнинг закоти кўп бўлса ҳам берилмайди. (Саодати абадия)
Отнинг нисоби йўқ. Ҳар от учун бир мисқол [4,80 грамм] олтин берилади. Истаса отларнинг қиймати ҳисобланади. Қийматлари олтин нисобига етса, қирқдан бири берилади.
Савол: Бир кишининг 50 дона қўзиси ёки 40 дона бузоғи бўлса, буларнинг закотини берадими?
Жавоб: Бир ёшга тўлмаган қўзиларнинг ва икки ёшга тўлмаган бузоқларнинг закоти берилмайди. Лекин қўй ва сигирлари ҳам бўлса, қўзи ва бузоқлар ҳам ҳисобга қўшилади. Масалан, 30 қўйи ва 10 қўзиси бор одам закот беради. Закот қўзи билан эмас, қўй билан берилади. 20 сигир билан 5 бузоғи ва 5 ғунажини бор киши закот беради. 30 сигир учун бир дона бир ёшдан ошган эркак ёки урғочи бузоқ берилади. 39 тагача шундай. 40 дан 59 тагача сигири бўлган бир дона икки ёшдан ошган эркак ёки урғочи бузоқ беради.
Савол: Мўйнаси учун етиштириладиган ҳайвонларнинг закоти қандай берилади?
Жавоб: Ҳайвонларнинг қиймати нисоб миқдорига етадиган даражада кўп бўлса, қийматлари ҳисобланиб шундан закот берилади.
Савол: 274 та сигири бўлган қанча закот беради?
Жавоб: Бу ҳайвонларни уйда, боғчасида боқаётган бўлса, тижорат моли закоти берилади.
Йилнинг ярмидан кўп вақтида текин яйловда ўтлайдиган ҳайвонлар (соима) бўлса, ҳайвон закоти берилади.
Соима ҳайвон закотида ҳар 30 та учун бир бузоқ, ҳар 40 та учун бир ғунажин қўшилади.
Бу ҳисобга кўра, 274 та сигирнинг закоти қуйидагича ҳисобланади:
240 та сигир учун 6 та ғунажин ва қолган 34 та учун бир бузоқ закот қилиб берилади.
Жами 274 та сигир учун 1 бузоқ (бир ёшдан ошган) ва 6 та ғунажин (2 ёшдан ошган) закот қилиб берилади.