Тақинчоқларнинг закоти
Савол: Аёллар тақиб юрадиган инжу, зумрад, олмос ва бриллиант каби тақинчоқларнинг ҳам закоти бўладими?
Жавоб: Аёлларнинг олтин ва кумушдан ташқари, бошқа тақинчоқлари, қанчалик кўп бўлса ҳам закот нисобига қўшилмайди. Лекин қурбон нисобига қўшилади. Яъни нисобдан ортиқ тақинчоқлари бўлган аёл бой ҳисобланади, қурбонлик сўйиши вожиб бўлади.
Савол: Олтин қопланган маржон ёки занжирнинг закоти қандай ҳисобланади?
Жавоб: Олтин миқдори ярмидан кам бўлган аралашманинг закот нисоби оғирлиги билан эмас, қиймати билан ҳисобланади.
Савол: 100 грамм оғирлигида беш дона билагузугим бор эди. Пулим бўлмагани учун билагузукнинг бирини сотиб закотимни бермоқчи бўлдим. Заргарга кетаётганимда билагузугимни ўғирлатдим. Энди закот беришим керакми?
Жавоб: Молингиз нисоб миқдоридан камайгани учун закот авф этилади. Агар бу билагузук пулига бир мол сотиб олганингизда яна нисоб миқдоридан камаярди, лекин закотини беришингиз керак бўларди. Чунки ўз ихтиёрингиз билан нисобдан тушган бўлар эдингиз.
Савол: Шофиъий мазҳабида аёлларнинг тақинчоқлари закот нисобига қўшиладими?
Жавоб: Нисобга қўшилмайди, яъни закоти берилмайди.
Савол: Шофиъий мазҳабида бир аёлнинг минг билагузуги бўлса ҳам закотини бермайдими?
Жавоб: Шофиъий мазҳабида “Аёлларнинг тақинчоқлари закот нисобига қўшилмайди” дегани “Одат сифатида фойдаланадиган тақинчоқлари закот нисобига қўшилмайди” деганидир. Тақинчоқ сифатида минг билагузук тақилмайди.
Масалан, одат сифатида кўпи билан 10 билагузук тақадиган бўлса, булар закот нисобига қўшилмайди. “Аёлнинг тақинчоқлари 200 мисқолдан ошадиган бўлса, ортиқчаси закот нисобига қўшилади” деган олимлар ҳам бор. Демак, аёлнинг одатдаги тақинчоқлари закот нисобига қўшилмайди. Лекин одат бўлганидан ортиқчаси закотга қўшилади. Ҳанбалий ва Моликий мазҳабларида ҳам аёлнинг тақинчоқлари закот нисобига қўшилмайди. Ҳанафий мазҳабида эса олтин кимда, қаерда, қандай мақсадда қўлланадиган бўлса ҳам нисобга етса, закоти берилади. (Мазоҳиби Арбаъа)