Кичик тадбиркор ва савдогарнинг закоти
Савол: Бизнинг растамиз, хомашёмиз ва қайта ишланган ашёмиз бор. Станокларимиз ҳам бор. Буларнинг барчасининг закоти бериладими?
Жавоб: Раста тижорат учун бўлмагани, яъни сотилмагани учун закоти берилмайди. Унинг нархи миллиарддан ошса ҳам. Қанчалик қийматли бўлса ҳам станокнинг закоти ҳам берилмайди. Косибларнинг, ишлаб чиқарувчиларнинг хомашёлари ёки тайёр маҳсулотларининг закоти берилади.
Кресло сотадиган бир савдогар мавжуд креслоларнинг закотини беради. Сотаётган ўриндиқлардан икки комплектини ишлатиш учун уйига оладиган бўлса, уларнинг закотини бермайди.
Зайтун ёғи сотадиган савдогар йилда 40 литр ёғ ишлатадиган бўлса, бунинг закотини бермайди. Тижорат учун бўлган бутун озиқ-овқатлардан бир йиллик уй эҳтиёжи учун ажратиб қўйганларининг ҳам закоти берилмайди. Яъни нисобга қўшилмайди.
Савол: Дорихоналарда товар тез-тез алмашиб туради. Бу молларнинг закоти қандай ҳисобланади?
Жавоб: Товар алмашишининг аҳамияти йўқ. Баққол, мева-сабзавот сотувчиларда ҳам шундай эмасми? Дўконда қанча сўмлик мол бўлса шунинг закоти берилади.
Савол: Заргар дўконидаги асиллик даражаси 375, 750 ва 999 бўлган олтинлардан қайси бирига кўра закот беради?
Жавоб: Асиллик даражаси юқори бўлганидан бериш афзалдир.
Савол: Олтинларга берилган ишлов ҳам ҳисобга қўшиладими?
Жавоб: Ёмби ва ишлов берилган олтинлар тарозида тортилади ва унинг қирқдан бири закот қилиб берилади. Закот олтин билан берилгани учун унинг ишлов берилганлиги ёки берилмаганлигининг аҳамияти йўқ.
Савол: Олтин олиш нархидами ёки сотиш нархида ҳисобланади?
Жавоб: Қўлдаги олтиннинг қирқдан бири закот қилиб берилгани учун олиш ёки сотиш нархини ҳисобга қўшишнинг кераги йўқ.
Савол: Закот учун бир молга эгалик қилганидан бир йил ўтиши керак, дейилади. Мен мева-сабзавот сотаман. Баъзилари бир кунда, баъзилари бир ҳафтада тугайди. Шунда мен буларнинг закотини беришим керак эмасми?
Жавоб: Товарнинг эмас, бой бўлганидан бир йил ўтгач қўлидаги молларнинг закотини бериш фарз бўлади. Масалан, 3 ражабда нисоб миқдорига етадиган молингиз бўлса, қўлингиздаги моллар алмашиб келаси йил 3 ражабда яна нисоб миқдоридаги молингиз бўлса, бу молларнинг закотини бериш фарз бўлади. Бу моллар қўлингизга энди тушган бўлса ҳам.
Савол: Ипак қурти, балиқ ва товуқ боқадиган киши буларнинг закотини қандай беради?
Жавоб: Уларнинг қийматлари нисобга қўшилади.
Савол: Шериклардан бири закот бермаса, бошқаларга ҳам гуноҳ бўладими?
Жавоб: Гуноҳ бўлмайди. Ҳар ким ўз ҳиссасидан масъулдир. Лекин закот бермаган киши билан шерикчилик қилиш дуруст эмас. Аллоҳнинг амрини бажармаган ва фақирнинг ҳаққи бўлган закотни бермаган кимса бошқа гуноҳ ҳам ишлаши мумкин. Шеригига хиёнат ҳам қилиши мумкин. Аллоҳдан қўрқмаган кимсадан ҳамма нарса кутиш мумкин.
Савол: Олти бош сутини сотадиган сигирим бор. Буларнинг закоти қандай берилади?
Жавоб: 30 бош бўлмагунча сигирларнинг закотлари берилмайди. Даромадидан қўлингизда нима қолган бўлса ва аввалги пулларингиз билан нисобга етса, ўшанда даромадининг закоти берилади.
Савол: Закот савдо қиладиган молдан ёки қиймати олтин билан бериладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Закот даромаддан бериладими?
Жавоб: Закот даромаддан эмас, тижорат молидан ёки жами пулдан берилади.
Савол: Тижорат учун қурилиш қиламан. Сармоямни қурилишга инвестиция қилсам, йил охирида қўлимда пул қолмаса, қурилишнинг закоти бериладими?
Жавоб: Қурилишга киритилган инвестициянинг закоти берилмайди. Бир йилдан кейин мавжуд молнинг бозорга кўра қийматининг закоти ҳисобланади. Молни сотганидан кейин қўлига тушган пулдан закот берилади.
Савол: Пудратчиман. Қурадиган уйни нақд уч юз мингга сотдим. Бу уйни 200 мингга қуриб битказа оламан. 300 дан 200 ни чиқариб, қолган 100 мингдан закот бераманми?
Жавоб: Йўқ, ҳаммасининг закоти берилади.
Савол: Бировнинг участкасига кўп қаватли бино қуриб, участкаси эвазига хонадон (квартира) беришга келишганман. Бу бино тўлиқ битмаган. Унинг закоти қандай берилади?
Жавоб: Мавжудининг закоти берилади. Сотиладиган чала иморат тижорат молидир. Участка эвазига бериладиган хонадонлар (квартиралар) қарз ҳисобланади. Закоти берилмайди. Сотиладиган хонадонларнинг (квартиранинг) закоти берилади.
Савол: Қурилиш ҳолидаги сотиладиган биноларнинг закоти қандай берилади?
Жавоб: Сотиб олинган бутун материалларнинг пули тижорат моли каби нисобга қўшилади. (Бинонинг қурилган қисмининг тахминий нархи эмас.) Ёки бинолар сотилганидан кейин ўтган йилларники ҳам бирга берилади. (Яъни қурилишни бошлаган ва давом этган йилларники.)