Уйи йўқ ҳам закот беради

Савол: Бир тақвим саҳифасида шундай дейилган:

“Закот бериладиган молнинг ҳам қарздан, ҳам эгасининг аслий эҳтиёжларидан ортган бўлиши шарт. Аслий эҳтиёжларнинг бошида ўртача бир уй келмоқда. Шу билан бирга оила аъзоларидан боқишга масъул бўлганларининг бир йиллик нафақаси бўлиши керак. Қўлидаги олтини ёки пули нисоб миқдорига етган бўлса ҳам яшайдиган ўртача уйи ва бир йиллик нафақаси бўлмаган кишига закот фарз эмас. Бу худди суви бор йўловчи йўлда сувсиз қолишини ҳисобга олиб сувини ишлатмасдан таяммум қилишига ўхшайди. Бундай ҳолатда сув йўқ ҳукмида бўлгани учун таяммум жоиздир. Худди шунингдек бир кишининг аслий эҳтиёжларига сарфланадиган бўлса, нисобдан ортиқ пули бўлишига қарамай йўқ ҳукмида бўлади. Масалан бир кишининг 40 қўйи бўлса, бирини закот сифатида бериши керак. 39 та бўлса орадаги фарқ битта бўлишига қарамай закот фарз бўлмайди. Чунки Аллоҳу таоло ояти каримада “Аллоҳ сиз учун қулайлик истайди, қийинчилик истамайди” деб буюрилган. Аллоҳу таоло ҳеч кимга тоқатидан ортиқ бир юк юкламайди.”

Шундай бойлар борки, пулини уйга сарфламайди, уйга берадиган пулини савдога тиккан ёки акция, вексел олиб уй ижарасидан кўп даромад келтирмоқда. Бундай бойларга ҳам уйи йўқ деб закот фарз бўлмайдими?

Жавоб: Динимизда тўрт далил бор. Ақл далил эмас. Тўрт далилнинг ҳеч бирида уйи бўлиш керак деган шарт билдирилмаган. Мавзуни очиқча ёритган фиқҳ китоблари борлигига қарамай уни ақл билан изоҳлашга уриниш ҳақиқатга кўз юмиш бўлади.

Ҳеч бир фиқҳ китобида “Уйи бўлмаган бойга закот фарз эмас” деган шарт бўлмаганидек “Бир йиллик нафақа” шарти ҳам  йўқ. Бу бутунлай шахсий фикрдир. Закотни таяммумга ўхшатиш ҳам шахсий қиёсдир. “Аллоҳ қулайлик истайди, қийинчилик истамайди” ифодасини уйи бўлмаган учун далил келтириш умуман нотўғри.

Қулайлик бўлсин дея пайпоқ устига масҳ қилиш, беш вақт намозни бир вақтда жамлаб ўқиш динни ўзгартириш бўлади. Бомдод намозига туриш қийин, лекин “Аллоҳ қулайлик истайди” дея бомдод намозини ўқимаслик динга зиддир. Бир ой рамазон рўзасини тутиш қийин деб уч кун рўза тутиш осон, лекин Аллоҳнинг амри бажарилган бўлмайди. Бир кун рўза тутиш бундан ҳам осон. Энг осони эса умуман тутмаслик ва ҳеч закот бермаслик. Демак, ўлчов қулайлик эмас, диннинг амрига бўйсунишдир. Динимиз қирқ қўйдан бири закот сифатида берилади, деб буюрилган. Бундан камига закот фарз бўлмайди, деган. Дин нимани амр қилган бўлса, шуни ишлаш лозим.

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“20 динорга етгунча олтиннинг закотини бериш керак эмас. 20 динор бўлиб, орадан бир йил ўтса, ярим динор закот бериш керак бўлади. Бундан кўп бўлса, ҳисоби ҳам шунга кўра бўлади.” (Абу Довуд)

“Кумуш 200 дирҳамга етганида, 5 дирҳами закот сифатида берилади.” (Абу Довуд, Термизий, Аҳмад)

“Нисоб миқдорига етиб, закоти берилган мол канз [сақлаб қўйилган] бўлмайди.” (Абу Довуд, Ҳаким, Хатиб)

Қуйидаги ёзувлар “Радд-ул мухтор”“Дурар”“Ҳиндия”“Саодати абадия”“Жавҳара”“Дурр-ул мунтақо”“Жомиур-румуз”“Уюн-ул басоир”“Тахтовий” каби қийматли асарлардан олинган:

Исломиятга мос ва ҳузурли яшаш учун керакли нарсаларга эҳтиёж ашёси дейилади. Булар егулик, киядиган либослар, уй каби нарсалардир. Бу эҳтиёж ашёсининг мавжуд бўлиши шарт эмас. Агар мавжуд бўлса, қиймати нисоб миқдорига қўшилмайди. Эҳтиёж ашёсини олиш учун тўпланган пул эса нисоб миқдорига қўшилади. Чунки закот учун эҳтиёж ашёсига эга бўлиш шарт эмас. Бу ашё мавжуд бўлса ҳам нисобга қўшилмайди.

Олтин билан кумуш пул сифатида ёки аёлларнинг тақинчоғи сифатида ишлатилсин, уй, егулик, кафан сотиб олиш учун сақлаб қўйилган бўлсин, қилич каби эҳтиёж ашёси бўлса ҳам закот нисоби ҳисобига қўшилади.

Тижорат учун бўлмаган уй, хонадон, ускуна, юк машинаси, кема ва станокларнинг закоти берилмайди. Еб-ичадиган, киядиган ва яшайдиган уй каби керакли нафақадан бўлган эҳтиёж ашёси сотиб олиш учун йиғаётган олтин, кумуш ва қоғоз пулларнинг барчаси нисоб миқдорига қўшилади, яъни закотлари берилади.

Савол: Битта маҳмадаона “Бойнинг уйи бўлмаса, ижарада яшайдиган бўлса, унга закот фарз эмас. Уй унинг эҳтиёжидир. Закот учун қирқдан бири, яъни 2,5%ини бериш керак. Буни бериш уй олиш учун тўпланаётган пулга катта таъсир кўрсатади. Уй олгунча, бу пул менимча закот нисобига қўшилмаслиги керак. Қуръонда нисоб ҳақида оят йўқ. Лекин нисобни изоҳлаган ҳадислар билан пайғамбарнинг татбиқи ва фиқҳчиларнинг қарашлари бор. Ҳазрати пайғамбарнинг татбиқи ўз даврининг ўртача бойлик ўлчовини белгилайдиган ижтиҳодига асосланган. Пайғамбарнинг ижтиҳоди боғловчи эмас, йўл кўрсатувчидир. Яъни ўзгармас бир ўлчов эмас. Нисоб ҳозирги замоннинг шартларига кўра янгидан ҳисобланиши керак” деб ёзмоқда.

Қуръонда нисоб миқдори айтилмаган, демоқда. Қуръонда беш намоз вақтлари ҳам йўқ. Лекин Расулуллоҳ буни билдирдику! Унинг билдириши нима учун ўзгармас далил бўлмайди? У ҳолда намоз вақтлари ҳам, намознинг фарзлари ҳам ўзгармас далил бўлишдан чиқарилиб, дин реформа қилиниши керакми? Бу одамнинг қарашлари тўғрими?

Жавоб: Туяга бўйнинг қийшиқ дейишганида, қаерим тўғри эди, деган экан. Юқоридаги қарашларнинг барчаси нотўғри. Бу одам асрлардан бери келаётган фиқҳ китобларнинг ҳеч бирига ишонмаяпти, фиқҳчиларнинг қараши деб менсинмаяпти. Ҳатто Расулуллоҳнинг ҳукмларига ҳам ижтиҳод, ўзгармас далил бўла олмайди, демоқда. Булар ўзгариши керак, демоқда. У одамга ҳадисларни далил келтирсак, булар ўзгармас далил эмас дейди. Мазҳабимиз фиқҳ китобларини далил кўрсатсак, булар бир қараш, менинг ҳам ўз қарашим бор, дейди. У бир мазҳаб ёки далилни қабул қилмаяпти. Лекин биз мазҳабга ишонадиган, Расулуллоҳ қўйган ҳукмларни боғловчи ва фиқҳ китобларини далил деб қабул қилувчи ўқувчиларимиз учун бутун қийматли фиқҳ китобларимизда ёзилган ҳукмларни билдириб ўтамиз.

1. Олтин, кумуш ва тижорат ашёсида закот нисоби қирқдан бирдир.

2. Қўйда қирқдан бир, сигирда ўттиздан бир, беш туяда бир қўй.

3. Қазилма бойликларда бешдан бир, ердан олинадиган ҳосилда ўндан бирдир. Агар пул ёки насос билан суғорилса, йигирмадан бирга тушади.

Бу ерда билдирилган закотга тобе моллар жуда арзонлаб кетса ҳам, жуда қимматлашса ҳам нисбатлари қиёматгача ўзгармайди. Мазҳабсизлар ёқтирмасдан ўзгартирса ҳам ўзгариб қолмайди.

Шундай бойлар борки, пулини уйга сарфламасдан бунга берадиган пулга тижорат қилади ёки акция сотиб олади. Бу одамга кўра, бундай бойлар уйи бўлмагани учун закот бермайди.

Қийматли фиқҳ китобларида пул нима учун жамғарилаётганлигига қарамай нисоб миқдорига етса, закотини бериш кераклиги юқорида ёзувда билдирилди.