Муассаса ва жамғармаларга закот бериш

Савол: Қуръони каримдаги “фи сабилиллоҳ” калимасига Аллоҳ йўлида бўлган ҳар қандай муассаса ва жамғарма киради дея, уюшмадан партиягача бўлган ҳар ташкилотга, айниқса диний идорага закот бериш кераклиги айтилмоқда. Бу тўғрими?

Жавоб: Қуръони каримда закот берилиши билдирилган 8 синфдан бири “фи сабилиллоҳ”, яъни Аллоҳ йўлидагилардир. Бу синфга кирувчилар:

1.Фи сабилиллоҳдан мақсад, фақир аскарлардир. (Нур-ул изоҳ)

2. Фи сабилиллоҳдан мақсад, жиҳод ва ҳаж йўлидаги муҳтожлардир. (Радд-ул мухтор)

3. Имоми Абу Юсуфга кўра, урушга бора олмаган фақирлар, имоми Муҳаммадга кўра эса ҳаж йўлидаги фақирлардир. (Дурар)

4. Ғазо ёки ҳаж учун йўлга чиқиб, нафақаси тугаб қолганлардир. (Тахтавий)

5. Уч мазҳабга кўра, ғозий ва аскарлардир. Ҳанбалийга кўра, ҳаж йўлидагилар ҳам киради. (Мизон)

6. Ғозийлар эканлиги борасида тўрт мазҳаб ҳам иттифоқ қилган. (М.Арбаъа)

7. Зоҳид-ул Кавсарий ҳазратлари “Мақолат” китобида “Хайрия жамғармаларига закот берилиши жоиз эмас. Мужтаҳид имомлардан ҳеч бири хайрия жамғармаларига закот берилишини билдирмаган ва бу борада ижмо ҳосил бўлган. Кейин келган олимларнинг сўзлари бу ижмони буза олмайди” деб билдирилган. [Демак, бугун ҳақиқий бир олим чиққан тақдирда ҳам муассаса, масжид, мадраса ва жамғармаларга закот берилишига фатво берадиган бўлса, ижмони буза олмагани учун фатвоси яроқсиз, яъни кучга эга бўлмайди. Ҳолбуки, ҳақиқий олим асло ижмони бузувчи, қарши фатво бермайди.]

"Бадоий"да "фи сабилиллоҳ" калимаси билан Аллоҳ йўлида меҳнат қиладиганлар билдирилган. Масалан бой бўлса ҳам илм талабасига закот берилади. “Дурр-ул мухтор”да айтиладики: Дин илмини ўрганаётган ва ўргатаётганлар, яъни иши, касби шу бўлганлар  бой бўлсалар ҳам ишлаб пул топишга вақтлари бўлмагани учун закот олиши мумкин. Ибни Обидин ҳазратлари буни изоҳлаб шундай деди: Ҳадиси шарифда “Илм ўрганаётган талабанинг қирқ йиллик нафақаси бўлса ҳам унга закот бериш жоиздир” деб марҳамат қилинган. Шунга қарамай, турли муассасалар, жамғармалар "закот фонди" дея банкда ҳисоб очиб, шу ҳисобга пул тўплашмоқда. Юқорида келтирилганлардан маълум бўлганидек, бу йўллар билан берилган пуллар закот ўрнига ўтмайди.

Ибни Обидин ҳазратлари "Бадоий"да "фи сабилиллоҳ" калимасининг бутун қурбатлар “Аллоҳ учун бўлган бутун ишлар” дея изоҳланганини билдирмоқда ва "Наҳр" китобидан олиб “Олимлар закот тўпловчилардан бошқа бутун синфларга фақир бўлиш шарти билан закот берилишида иттифоқ қилганлар” деганини, бундан ташқари “Масжид, кўприк, йўл қурдириш, ҳаж ва жиҳод қилиш каби тамлик ҳисобланмайдиган жойларга закот берилмайди” ҳукмини Зайлоийдан нақл қилиб билдирган. [Тамлик: закотни фақирнинг қўлига беришдир.]

Ўлкамизда динга хизмат қиладиган, илм талабаси етиштирадиган ётоқхоналар, Қуръон курслари, мадраса, масжид, вақфлар ва бошқа хайрия жамғармалари бор. Шу муассасада ишлайдиган ходим бирон фақирдан ваколат олади. Фақир муассаса ходимига ваколат бераётганда “Менинг номимдан закот олишга ва олган закотни хоҳлаган жойга беришга сени вакил тайинладим” дейди. Ёки фақатгина “Сени умумий вакил тайинладим” дейиши кифоя. Вакил олган закотни талабаларнинг эҳтиёжларига, жамғарма, масжид, мадраса сингари хоҳлаган муассасанинг ҳожатларига сарфлай олади. Шу тариқа ўзи хоҳлаган хайрия жамғармаси ё масжид-мадрасага ёрдам берган ҳам-да динга мос закот берган бўлади.

Бундай ваколат бермасдан тўғридан ҳеч қайси муассасага, диний идорага закот берилмайди. Бериладиган бўлса, закот эмас, садақа бўлади. Закот қарзидан қутулган бўлмайди.

Савол: Битта шаввоз “Ташкилотларга закот берилмайди, ваколат бериш орқали ҳам бериб бўлмайди. Закотни олган шахс бу закотни ташкилотларга берса, закот саҳиҳ бўлмайди” демоқда. Бу тўғрими?

Жавоб: Ташкилот, муассаса, хайрия уюшмалари ва диний идорага тўғридан-тўғри закот берилмайди. Лекин закотни олган шахс фақир бўлса ёки фақирнинг вакили бўлса, унга закот беришнинг ҳеч қандай зарари йўқ. Закотни олгандан кейин олган фақир ўзиники бўлган ўша маблағни ташкилотларга ҳадя қилиши мумкин. Ташкилотларга закот фақат мана шу йўл орқали берилади. Закотни берган киши ташкилотга эмас, фақирга беряпти. Фақир эса олган закотини ўзи хоҳлаган жойига сарфлайди, истаган жойига ҳадя қилади. Фақир олган закотини ташкилотга берса ҳам, қиморга тикса ҳам берилган закот саҳиҳ бўлади. Гуноҳ бўлган жойга сарфласа, бунга фақирнинг ўзи жавобгар бўлади. Лекин закот тўғри берилган бўлади. Фақирнинг сарфлайдиган жойи закот берувчини қизиқтирмайди. Солиҳ фақирларга бериш, албатта, афзалроқ. Солиҳ фақир олган закотини хайрия жамғармаларига берадиган бўлса, бунинг ҳеч қандай зарари йўқ. Ўзига ҳам савоб бўлади.

Оиша (розиаллоҳу анҳо) айтдики: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонамга келдилар. Қозонда гўшт қайнаётган эди. Нон билан уйда бор бўлган егуликдан бир нарса икром қилдим. “Гўшт қайнаётган эди” дедилар. “Хизматчимиз Барирага садақа қилиб берилган гўшт эди. Сиз садақа [закот] емаганингиз учун бундан бермадим” дедим. “Бу гўшт Барира учун садақа. Унинг бизга бергани эса ҳадя бўлади” деб марҳамат қилдилар.” Фақир олган закотини бойга бериши мумкин. Бергани ҳадя бўлади. Бойнинг ҳам буни олиши ҳалол бўлади. Чунки фақир ўз мулкидан бермоқда. (Ашиот-ул ламаот)

Кўриб турганимиздек, Пайғамбаримизга закот, садақа олиш жоиз бўлмагани ҳолда, фақир ўз молидан пайғамбарга берганида олиши жоиз бўлмоқда. Фақир ёки фақир вакили закот моли ўз мулкига айланганидан кейин уни закот берилиши жоиз бўлмаган ерларга, масалан, бойларга, ўз ота-онасига ёки диний идора каби ташкилотларга ҳам бериши мумкин. “Сен берилган закотни ҳар қаерга сарфлай олмайсан” дейиш умуман нотўғри. Билмаса ҳам нотўғри фатво берганларга фаришталар лаънат қилиши ҳадиси шарифларда билдирилган.