Закот ва ҳийла
Савол: Баъзи кишилар ҳийла ишлатиб, закот беришдан қочмоқчи бўлишади. Айнан исқот ва даврда бўлганидек бой закотини бир фақирга беради. Фақир “Олдим, қабул қилдим” дейди. Сўнгра бойга қайтариб беради. Бу одатга айланган. Бойлар закотини фақирга бераётганида буни қайтариб олишини билади. Фақир ҳам одатга айланиб қолганини билгани учун қайтариб бериш мақсадида қабул қилмоқда. Закот билан даврни бир-бирига аралаштириб юборишган. Бундай ҳийла билан закот бериш саҳиҳми?
Жавоб: Ҳеч бир келишув ва ҳийла бўлмасдан бир бой фақирга закот берса, фақир ҳам олган закотини бойга қайтариб ҳадя қилса, закот берилган бўлади. Киши молини истаган одамига ҳадя қила олади.
Хизматчи Барира ўзига закот сифатида берилган молни ҳазрати Оиша волидамизга ҳадя қилганди. У ҳам закот моли бўлгани учун Расулуллоҳга беришни истамаганида пайғамбаримиз “Бу Барира учун закот, унинг бизга бергани ҳадядир” дедилар. Фақир олган закотини бойга қайтариб ҳадя қила олади. Бойнинг ҳам буни олиши ҳалолдир. Чунки фақир ўз мулкидан бермоқда. (Ашиот-ул ламаот)
Закот бермаслик учун ҳийла-и ботила қилиш зулм бўлади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Бойларнинг закоти фақирларга кифоя бўлмаганида эди, Аллоҳу таоло уларга алоҳида нафақа берарди. Агар оч қолаётган фақир бўлса, бу бойларнинг зулми дастидандир.” (Ал-Аскарий)
Савол: Закотимни олтин сифатида бир фақирга бердим. Берган закотимни фақир менга қайтариб ҳадя қилди. Закот миқдоридаги пулни хайрия ишларига сарфладим. Бу ҳар йили шундай давом этмоқда. Бошқа фақирга берсам, берган закотимни қайтариб менга ҳадя қилмайди, буниси эса ҳадя қилади, дея ҳар сафар айни фақирга бераман. У ҳам менга қайтариб ҳадя қилмоқда. Бундай берилган закот саҳиҳ бўладими?
Жавоб: Фиқҳ китобларида “Бир бой фақирга закотини берса, у ҳам закотни ўша бойга қайтариб ҳадя қилса, закот берилган бўлади” деб айтилган. (Радд-ул мухтор)
Лекин бу одат ҳолига келтирилган бўлса, ишга ҳийла аралашган бўлади. Сиз бу фақир менга закотни қайтариб ҳадя қилади, деб закот беряпсиз. Фақир ҳам “Бой берган закотини қайтариб ҳадя қилинишини кутмоқда. Ҳадя қилмасам уят бўлади” тушунчаси билан қайтариб бермоқда. “Дурр-ул мухтор”да “Одат ҳолига келган ҳадялар келишилган маош кабидир” деб айтилган. Шу жиҳатдан бундай ҳийлали ишлардан узоқ туриш керак.
Савол: Эрим жуда фақир. Лекин мен нисобга моликман. Закот бермаслик учун билагузукларимнинг ярмини қизимга ҳадя қилсам гуноҳ бўладими?
Жавоб: Фарз бўлганидан кейин закот бермаслик учун ҳийла ишлатиш ҳаром бўлади. Фарз бўлишдан аввал ишланган ҳийла имоми Муҳаммадга кўра макруҳдир. Имоми Абу Юсуфга кўра макруҳ эмас. Фатво имоми Муҳаммадга кўра берилган. Имоми Аъзамга кўра, аёл эрига закот бера олмайди. Лекин сиздай фақир, аммо динан бой бўлган бир аёлнинг имоми Аъзамга кўра жоиз бўлмаса ҳам, имомайн қавли бўйича закотини эрига бериши жоиз бўлади. Шунинг учун ҳийла ишлатмасдан закотингизни эрингизга беришингиз мумкин.
Савол: 70 доллар закот беришим керак эди. Бир фақирга 140 долларлик олтин бердим. Сўнгра бу олтинни менга 70 долларга сотасанми дедим, у ҳам сотди. Закотим саҳиҳ бўлдими?
Жавоб: Олтинни фақирга беришингиз билан закот саҳиҳ бўлди. Лекин 140 долларлик олтинни ундан 70 долларга сотиб олишингиз макруҳ бўлди. Фақир менга закот берди дея уялганидан арзонга сотган бўлиши мумкин. Бундай қилиш нотўғри. Аҳволни фақирга тушунтириб макруҳ ишлашдан қутулиш керак эди. Яъни мен 70 доллар закот беришим керак, лекин қўлимда 70 доллар миқдорида олтин йўқ. 140 долларлиги бор. Сизга бу олтиннинг ярмини закот қилиб бердим, дейиш керак эди. Сўнгра бу олтиннинг ярмини менга 70 долларга сотасанми деб сўраларди. Сотадиган бўлса, олтинни қолган ярми шундоғам сизники бўлгани учун қолган ярмини бозор нархида сотиб олган бўласиз.
Савол: Баъзи кишилар закот бермоқчи бўлганда бир фақирга “Мен закот беришим керак. Кел, сен билан давр қиламиз” дейди. Фақирга закот сифатида олтин беради, фақир ҳам олтинларни мажбуран унга қайтариб ҳадя қилади. Бундай закот бериш саҳиҳми?
Жавоб: Олтин билан закот берилган бўлса, уни қайтариб олиш жоиз эмас. Давр олтинни қоғоз пулга айлантириш учун қилинадиган бир қулайликдир.
Одатда ҳеч бир фақир давр қилайлик деган бойга “Сен берадиган олтинларни қайтариб ҳадя қилмайман, бу олтинлар меники” деб айтишдан тортинади. Агар фақир олтинларни бермаса бойнинг “Сени давр қиламиз деб чақиргандим, олтинларни бер” дейишига имкон туғдирмаслик учун келишимли давр қилмаслик керак.
Давр закотни диннинг амрига мос ҳолда бериш учун қилинади. Қоғоз пул билан закот бера олиш учун фақир билан савдолашмасдан, олдиндан келишмасдан давр қилиш жоиз. Масала аввалдан тушунтирилади. “Пул фақирники, ўз ихтиёри билан қайтариб ҳадя қилса, мен ҳам бунинг бадалини қоғоз пул билан тўлайман, шу тариқа закот динга мос берилган бўлади. Фақир пулни ҳадя қилишга мажбур эмас” деб тушунтириш керак. Давр қилаётганда олтинни берган фақиримиз пулнинг ўзиники эканлигини қатъий билиши ва чин кўнгилдан бойга ҳадя қилиши лозим. Бой ҳам ўз навбатида олтин миқдоридаги пулни бир ёки бир неча фақирга бериши керак. Мана шундай қилинса, динга мос шаклда закот берилган бўлади.