Муддати кечиктирилган тўлов учун устама ҳақ сўраш
Савол: Савдода муддати кечиктирилган тўлов учун устама ҳақ сўраш жоизми?
Жавоб: Бир молни нақдга арзон, насияга ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида қимматга сотиш жоиз. Муддати кечиктирилган тўлов учун устама ҳақ сўраш эса жоиз эмас. Бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида сотиш билан муддати кечиктирилган тўлов учун устама ҳақ сўраш бошқа-бошқа нарсалардир. Масалан, 10 сўмлик молни эҳсон қилиб 5 сўмга сотиш жоиз бўлганидек, бўлиб тўлаш шаклида ёки нақдга 15 сўмга ҳам сотиш жоиздир. Лекин муддати тўлгандан кейин тўлай олмаган ойлар учун устама ҳақ олмоқ жоиз бўлмайди. Лекин харидор пулни бергунча пулни қадри тушса, молнинг сотилган кундаги қийматини талаб қилиш мумкин. Масалан, сотилган мол нархи 40 сўмга ўша вақтда 1 грамм олтин олиш мумкин бўлгани ҳолда, ҳозирда пулнинг қиймати тушиб кетганлиги учун айни миқдопрдаги олтин олиш имконсиз бўлса, масалан 1 грамм олтин 80 сўмга тенг бўлса, харидордан 1 грамм олтин ёки шу қийматдаги олтин талаб қилиш жоиздир. Бу ҳолда муддати кечиктирилган тўлов учун устама ҳақ сўраш эмас, сотилган молнинг қиймати сўралган бўлади. Сотувчи зарар кўрмаганидек, харидор ҳам ортиқча пул тўламаган бўлади. Бу имоми Юсуфнинг қавлидир. (Радд-ул мухтор)
Савол: Бир кишига шошилинч пул керак бўлиб, атрофидагилардан қарзга топа олмади. Бу киши машинасини 10 минг сўмга нақд сотиб, сўнгра дарров 12 минг сўмга бўлиб тўлаш шаклида қайтариб оляпти. Бу жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас. Агар машинасини нақд 10 минг сўмга сотиб, бир неча кундан кейин 12 минг сўмга бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида қайтариб олса, фоиз бўлмайди. Лекин аввалдан келишиб олмаслик керак.
“Саодати абадия” китобида шундай маълумот бор:
Фоиз гуноҳидан сақланиш учун “Ийна” йўли билан ҳам қарз бериш жоиз бўлади. Ибни Обидин “Сарф” ва “Кафолат” охирида бундай дейди:
Ийна савдосида бой 10 сўмлик молни фақирга 12 сўмга бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида сотади. Фақир молни олиб, бошқасига нақд 10 сўмга сотиб, 10 сўмга эга бўлади. Бойдан эса 12 сўм қарз бўлади. Бу имоми Юсуфга кўра жоиз.
Ийна – бир молни насияга сотиб, буни ўша жойда шу харидордан нақд ва арзонроқ олишдир. Иккинчи нарх нақд бўлгани учун бундай савдога “Ийна савдоси” дейилди. Икки нарх аввалдан келишилиб, шарт қилиб қўйилган бўлса, иттифоқ билан ҳаромдир. Аввалдан шарт қилинмаган бўлса, Шофиъийда жоиз бўлади. Харидор бу молни ўша жойда бошқасига сотадиган бўлса, жоиздир. (Ҳадийқа, Барийқа)
Савол: Мен ҳар доим 800 сўмга нақд сотилаётган молни насияга 1000 сўмга олиб юраман. Бир танишим “Сенга 800 сўм бераман, бориб ўша молни олгин-у, у ерга берадиган 1000 сўмни менга бер” деди. Бу жоиз бўладими?
Жавоб: Китобларда айтиладики:
Бой 10 сўмлик молни фақирга 12 сўмга бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида сотади. Фақир молни олиб, бошқасига нақд 10 сўмга сотиб, 10 сўмлик бўлади. Бойдан эса 12 сўм қарз бўлади. Бу шаклдаги савдо жоиздир.
Яна китобларда айтиладики:
Бой минг сўм қарз сўраган фақирга, бир молни 2 минг сўмга насияга сотади. Сўнгра дўсти Алини ўша фақирга жўнатади. Али ўзи учун молни минг сўмга нақд сотиб олади. Лекин пулини бермасдан туриб, молни бойга минг сўмга сотади. Пулини эса фақирга беришини айтади. Бой ҳам минг сўмни фақирга беради. Муддати келганида фақирдан 2 минг сўмини сўрайди. Бундай савдога Расулуллоҳ рухсат берганлар. (Қозихон)
Бунга кўра, ўша танишингиздан 800 сўмни олиш учун бир ручкани ёки бошқа бир молни унга нақд 800 сўмга сотасиз. 800 сўмни фабрикага олиб бориб молингизни оласиз. Ўша танишингиз ҳам бир ручка ёки бошқа молни сизга минг сўмга насияга сотади. Муддати келганида танишингизга минг сўм тўлайсиз. Шу тариқа фоиздан қутуласиз.
Савол: Бир молнинг нақд нархи 7 сўм, 10 ойга бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида олсак 10 сўм. Бир савдогар “Мен сенга 7 сўм бераман, бориб молни ол. Менга 12 ойга бўлиб тўлаш шаклида 10 сўм берасан” деди. Бу жоизми?
Жавоб: Бу фоиз бўлади. 7 сўмлик молни нақд 10 ёки 12 сўмга олсангиз жоиз. Заруратсиз фоизга кирмаслик лозим. Қуйидагича бўлса фоиз аралашмайди: савдогар бориб ўша молни нақд пулга олади, насияга сизга 10 сўмга ёки ундан кўпига сота олади. Бунинг ҳеч қандай зарари йўқ. Нархини кўтариши ҳам, тушириши ҳам мумкин. Пулни эса фоиз билан бера олмайди. Динни ўзимизга мослаштириш эмас, ҳар ишимизни динга мослаштиришимиз керак.
Савол: Бир молни муддатли сотганимизда устига кечиктириш жазоси қўйиш жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас, фоиз бўлади. Лекин қарзнинг савдо вақтидаги олтин ҳисобидан қиймати белгиланиб “Вақтида тўламасанг, олажагимни олтин билан оламан” дейилса, жоиз бўлади.
Савол: Тўлайдиган муддатларини белгиламасдан бир йилда ора-сира тўлаш шарти билан мол сотиш жоизми?
Жавоб: Жоиз, чунки охирги муддати маълум. Бир йилдан кейин тўлиқ тўланиши лозим.