Товон пули олиш

Савол: Икки яшар ўғлим тротуарда ўйнаб юрганида машина уриб кетиб вафот этди. Қон пули ёки товон пули дейиладиган пулни олишим жоизми? Бундан ташқари, уриб кетган автомобиль суғуртаси жабрланувчига, яъни бизга автоматик равишда пул тўлайди. Натижада суғурта компанияси бизга маълум миқдорда пул беради. Суғуртанинг берган бу пулини ҳам олишим жоизми?

Жавоб: Нафақат вафот этган, балки машина уриб жароҳат олган ҳам товон пули олади. “Саодати абадия” китобида бундай дейилган: Хатолашиб одам ўлдириш, масалан баландликдан устига қулаб ёки ухлаётган кишининг юмалаб бошқасини ўлдириб қўйиши шундайдир. Бунинг жазоси эса каффорат ва диятдир. Миниб юрган от бировни тишлаб ўлдирса [моторли воситаларнинг уриши] ҳам шундайдир.

Бугунги кунда дият ўрнига товон пули каби номлар остида пул берилмоқда. Буни олишнинг ҳеч қандай зарари йўқ. Суғурта берган пулни ҳам олиш мумкин.

Савол: Автомобилимни уриб юборган одамдан таъмири учун пул олдим. Ишимдан қолган кунларим ҳақини ҳам тўлаттиришим жоизми?

Жавоб: Йўқ, жоиз эмас.

Савол: Амалиёт вақтида хастанинг бир аъзосига зарар етказган, масалан кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйган ёки наркоз ёхуд бошқа сабаб билан ўлимига сабаб бўлган шифокорга товон пули тўлатиш учун судга мурожаат қилиш жоизми?

Жавоб: Тиббий хатолик ёки эътиборсизлик бўлмаса, судга мурожаат қилинмайди.

Агар ортиқча наркоз берган бўлса, амалиётда эътиборсизлик қилган бўлса, нотўғри иш қилган бўлса, солиҳ мутахассисларнинг ўтказган текшируви натижасида булар аниқланган бўлса, судга мурожаат қилиш мумкин.