Ҳайвонлар тижорати

Савол: Моллюскаларни тутиш, олиб-сотиш жоизми?

Жавоб: Моллюскаларнинг икки тури бўлади. Қуруқликда ва денгизда яшайдигани бор. Қуруқликда яшайдиганлари ҳеч бир мазҳабда ейилмайди. Денгиз моллюскаси, мидия, устрица, қисқичбақа кабилар денгиз ҳашароти синфига киради. Ҳанафий мазҳабида ейилмайди. Қолган уч мазҳабда денгизда яшайдиган барча жонзот ейилади. Кун кўриши мана шу ҳашаротларга боғлиқ бўлганлар эҳтиёж ҳолида нариги уч мазҳабдан бирини тақлид қилиб олиб-сотиши мумкин.

Савол: Бедана, каклик етиштириб сотиш жоизми?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Ёввойи мўйнали ҳайвонларни етиштириб, сотиш жоизми?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Тўтиқуш ва канарейка каби қушларни олиб-сотиш ва боқиш жоизми?

Жавоб: Қафасга ўрганган ва озодликка чиқарилганида бошқа ҳайвонлар тарафидан ўлдириладиган қушларни олиб-сотиш ва қафасда боқиш жоиз.

Савол: Ўзи ўлган ёки бисмиллоҳ билан отиб ўлдирилган тулкининг терисини ошламасдан сотиш жоизми?

Жавоб: Қўй, сигир каби гўшти ейиладиган ҳайвон ўзи ўлиб қолса, ўлакса бўлади. Ўлаксанинг терисини ошламасдан сотиш жоиз эмас. Тулки, сувсар бисмиллоҳ билан отиб ўлдирилса, терилари тоза бўлади. Ошламасдан сотиш жоиз. Ўзи ўлиб қолса, ошламасдан сотиш жоиз эмас. Тўнғиз ва илон териси ошланса ҳам тоза бўлмайди. (Халабий)

Савол: Бургут, лайлак, қуён, қўзи каби ҳайвонларнинг ичини тозалаб, сомон тўлдириб сотиш жоизми?

Жавоб: Безак учун сотиш жоиз.

Савол: Ипак қуртини қайноқ сувда ўлдириш жоизми?

Жавоб: Жоиз эмас. Лекин ипак қуртини ўлдириш учун пиллани қуёшга қўйиш жоиз. Қуёшда эмас, оловда иситиб, қайноқ сув қуйиб ўлдириш жоиз эмас. (Барийқа)

Савол: Мўйнаси бузилмасин дея сувсарни электр токи билан ўлдириш жоизми?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Ўрмонга ташлаб кетилган бузоқлар вақт ўтиши билан ёввойилашиб зарар бермоқда. Эгалари ҳам маълум эмас. Булар ҳам топиб олинган мол ҳукмига кирадими?

Жавоб: Йўқ.

Савол: Ит сотиб олиш мумкинми?

Жавоб: Ҳанафий мазҳабида ит сотилади, ижарага берилади. Ўлдирадиган бўлса, товон тўланади. Терисидан жойнамоз ҳам қилиш мумкин. (Радд-ул мухтор)

Шофиъий мазҳабида эса ит нажосат билан бирдек бўлгани учун сотиш жоиз эмас. Шофиъий мазҳабида бўлган чўпон итга эҳтиёжи бўлса, ҳанафий мазҳабини тақлид қилиб ит сотиб олиши мумкин.

Савол: Шу товуқни менга бер, уч кундан кейин сенга бир хўроз бераман ёки шу қўчқорни бер, сенга бир ҳафтадан кейин қўй бераман дейиш, бундай савдо жоизми?

Жавоб: Жоиз эмас, фосиддир. Ҳайвонни ҳайвон эвазига насияга сотиш фосиддир. Иккаласи ҳам нақд бўлса жоиз.

Савол: Ит, қуш ва бошқа ҳайвонларни олиб-сотиш динан жоизми?

Жавоб: Ит ва бошқа ишга ярайдиган ҳайвонларни, қушларни сотиш ва сотиб олиш жоиздир.