Эр-хотин мол-мулки

Савол: Шароити бизникидек бўлган бир қўшни аёл бор. Уйимизда ун, шакар, ёғ каби озиқ моддаларни ёки қандайдир китоб, қисқаси бир нарса кўрса, қарзга, ишлатиб туришга сўрайди. Қайтариб бериш одати ҳам йўқ. Агарда моддий аҳволи ёмон бўлганида қайтарсин деб айтмасдим. Лекин биздан кам жойлари йўқ. Эрим “Нима сўраса-сўрасин, ҳеч нарса бермаслик керак” деяпти. Қўшни ҳаққидан қўрқяпман. Бермасам гуноҳ бўладими? Қўшнининг ҳар кўрганини сўраши ва қайтариб бермаслиги гуноҳ эмасми? Бу қўшни фақат биздан эмас, бошқалардан ҳам шундай нарсалар сўраб юраркан.

Жавоб: Эрингиз сизнинг молингизни, сиз ҳам эрингнизнинг молини рухсатсиз сарфлай олмайсиз. Рухсатсиз сарфлаш, бошқасига бериш гуноҳ бўлади. Қўшни бир нарса сўраганида “Эрим рози бўлмаяпти. Ундан рухсатсиз бирон нарса беришим гуноҳ экан” десангиз, у ҳам бошқа бирон нарса сўрай олмайди. Ундан-бундан бир нарсалар сўраб юриш тўғри эмас.

Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:

“Одамлардан бирон нарса сўраманг, ҳатто бир мисвокдан бир марта фойдаланишни ҳам.” (Баззор)

Қарз олиб имкони бўлгани ҳолда тўламаслик ёки қарзларини бермаслик гуноҳдир.

Ҳадиси шарифда “Қарзини бермаганларга Аллоҳу таоло қиёматда “Унинг ҳаққини сенда қолдиради деб ўйладингми?” дея қарздорнинг яхши амалларини олиб қарз берган кишига беради. Агар қарзини бермаган кимсанинг яхши амаллари бўлмаса, қарз берувчининг ёмон амаллари, гуноҳлари қарздорга юкланади” деб марҳамат қилинган. (Табароний)

Бир кишига зарар бериш, кўнглини оғритиш ёмон. Лекин қўшнига зарар бериш, уни ранжитиш ундан ҳам ёмон. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:

“Қўшниси зараридан амин бўлмаган кимса Аллоҳга иймон келтирган ҳисобланмайди.” (Баззор) [Яъни бу кимса комил мўмин эмас.]

Қўшни ёмон бўлса ҳам унга қўлдан келганча яхшилик қилишга уриниш керак.

Савол: Эрим ўз пулимни сарфлашга, ҳатто закотимни беришга ҳам рози бўлмаяпти. Нима қилишим керак?

Жавоб: Ўз пулингизни динимиз рухсат этган жойларга ўз истаганингизча сарфлай оласиз. Унинг пулини у истамаган жойларга сарфлашингиз дуруст бўлмайди. Агар изн олган бўлсангиз истаган жойингизга бера оласиз, истагинингизча сарфлайсиз. Рухсатсиз сарфлашингиз тўғри бўлмайди. Билагузукларингизнинг закотини сиз берасиз. Ўз пулингиздан беришингиз лозим. Эрингиз ҳадя қилган пул бўлса, ундан ҳам беришингиз мумкин. Ҳадя сифатида олган пул ҳам сизники бўлади. Закот беришга эрингиз рози бўлмаса ҳам муҳаққақ беришингиз керак. Уни хабардор қилмай берасиз. Эрнинг розилиги динимиз рухсат этган ишларда бўлади. Сиз закот берганингиз учун сиздан рози бўлмаса, бунинг ҳеч қиймати йўқ.

Савол: Синглимга закот берсам бўладими? Эр ва хотиннинг ҳисоблари бўлак бўладими?

Жавоб: Закот ва фитрни бой бўлмаса, синглингизга ёки унинг болаларига беришнинг зарари йўқ. Динимизга кўра, эр билан хотиннинг мол-мулклари алоҳида ҳисобланади. Бир-бирига қўшилмайди. Сиз бой, эрингиз фақир бўлиши мумкин. Ёки сиз фақир, эрингиз бой бўлиши мумкин.

Эрингизга эмас, ўзингизга тегишли қарз бўлса, мавжуд пулингиздан чиқариб ташлайсиз. Олтинларингизни тарозида тортиб, оладиган пулларингиз билан бирга қўшиб ҳисоблайсиз. Барчасининг қирқдан бирини олтин билан жиянларингизга берасиз.

Уй, дўкон, автомобиль каби нарсалар закот ҳисобига қўшилмайди. Яъни закотлари берилмайди.