Қарзни кечиктириш жазоси

Савол: Қарзни тўламай кечиктириш гуноҳми?

Жавоб: Қарзини вақтида тўламаган кимса қарз берувчига келиб яна муҳлат сўраши лозим. Қарзни тўлаш имкони бўлгани ҳолда уни кечиктириш гуноҳдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Ҳар қандай бир одам имкони бўлган ҳолда қарзини бермай кечиктирса [қарзини бергунча] ҳар кун амал дафтарига зулм қилиш гуноҳи ёзилади.” (Табароний)

“Қарзни қайтармаслик нияти билан олган кимса қиёматга ўғри сифатида киради.” (Ибни Можа)

“Олган қарзини тўлашни истамаган кимсага Аллоҳу таоло қиёматда “Бу кишининг ҳаққини сенда қолдиради деб ўйладингми?” дея буюриб, унинг яхши амалларини олиб, қарз берганга тақдим этади. Агар қарзини тўламаган кимсанинг яхши амаллари бўлмаса, қарз берганнинг ёмон амалларини, гуноҳларини қарздорга юклайди.” (Табароний)

“Бой кишининг [тўлаш имкони бўлган кишининг] қарзини тўламай кечиктириши зулмдир.” (Бухорий)

[Қарзни вақтида тўламасликка зулм, тўламаган кишига эса золим дейилган.]

“Аллоҳу таоло золим бойни севмайди, унга буғз қилади.” (Баззор)

Қарзи бўлган киши қарзини тўламай туриб садақа бермаслиги керак. Чунки ҳадиси шарифда “Қарзи бўлган ҳолда берилган садақа қабул бўлмайди” деб марҳамат қилинган. (Бухорий)

Берилмаган закот ҳам қарздир. Қарзини тўлаш, закот бериш фарз. Закотдан қарзи бўлган кишининг берган садақаси қабул бўлмайди. Аввало бу қарзларни тўлаши лозим. Худди шундай фарздан қарзи бўлган кишиларнинг нофила намозлари ҳам қабул бўлмайди. Суннатлар ҳам нофила деганидир. (Н.Фиқҳия)

Қарзланиб қолмасликка қаттиқ аҳамият бериш керак! Ҳазрати Луқмон: “Қарз юки остида эзилишдан кўра тош ташишни афзал кўраман”, деганди. Чунки қарзланиш одамни куфргача олиб боради. Жаноби пайғамбаримиз “Ё Рабби, куфрга тушишдан ва қарзга ботишдан сенга сиғинаман” дея дуо қилиб, қарзланишнинг жуда ёмон эканлигини билдиргандилар. (Насоий)

Савол: Пудратчи қураётган уйини келишилган санада топширмаса, кечиккан ҳар кун учун муайян кечиктириш тўловини шартномага киритиш ва кечиккан тақдирда ушбу тўловни олиш жоизми?

Жавоб: Ҳа, жоиз. Лекин вақтида тўланмаган олажак пул учун жоиз эмас. Чунки олажак пул вақтида топширилмаган уйга ўхшамайди. Олажагини кечиктирганига қўшимча пул сўраш фоиз бўлади. Қарз берган одам зиён кўрмаслиги учун пулнинг ўша кунги қиймати олтин билан ҳисобланади. Қарз тўланадиган кун олтин билан берилади. Долларга ёки бошқа нарсага кўра ҳисобланмайди. Қиймат дейилганда олтин тушунилади, бошқа мол ва пул эмас. Чунки ашёнинг қиймати олтин билан маълум бўлади. (Кашфи румуз-и гурар)

Савол: “Электр, табиий газ, сув пулини вақтида тўламаганлик учун қўшиладиган пеня фоиздир, катта гуноҳ. Кредит карта қарзларини ҳам вақтида тўламаганида олинадиган тўлов шундай” дейишмоқда. Унутгани учун ёки қўлида пул бўлмаганлиги учун тўловни кечиктирган тақдирда пеня тўлаш фоиз бўладими?

Жавоб: Булар кечиктириш жазосидир. Светофорнинг қизил чироғида ўтадиган бўлсангиз жарима ёзилади. Унинг номини фоиз десалар ҳам жарималигича қолади. Бир молни маълум бир фойда билан сотган киши “Шунча фойда кўрдим” дейишнинг ўрнига “Шунча фоиз олдим” дегани билан фоиз бўлиб қолмайди. Заруратсиз кечиктириш жазоси (пеня) тўлаш ҳам гуноҳ. Бу бошқа нарса. Кечиктириш жазоларига фоиз дегани билан фоиз бўлиб қолмайди.

Савол: Бир танишимга берган қарзни қайтариб олишда жуда қийналяпман. Бериш имкони бўлгани ҳолда ўрганиб қолгани учунми, билмайман қанча сўрасам ҳам бермаяпти. Ҳар сафар эрта-индин деб айтади. Ўзини худди қарзи йўқдек тутмоқда. Ўғли ҳам отасидек ҳаммадан қарз олиб бермас экан. Бу ёмон ахлоқнинг ирсият билан алоқаси борми?

Жавоб: Авлодига ҳам ўтган бўлиши мумкин. Лекин “Отам олган қарзларини қайтармайди. Мен ҳам шундай қиламан” дейиш жуда янглишдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Қарз диндорликнинг доғидир.” (Қудоий)

“Қарз кундузи қайғу, кечаси хорликдир.” (Дайламий)

“Қарз дин ва шарафини нуқсон қилади.” (Дайламий)

“Қарздор киши қабрида ҳибсда бўлади.” (Табароний)

“Қарздор киши қабрида занжирлар билан боғланган бўлади.” (Дайламий)

“Мўминнинг руҳи қарзи тўланмагунича боғланган бўлади.” (Термизий)

“Қарзланиб, ўзингизни қўрқувга солманг.” (Байҳақий)

“Ўлганларингизнинг қарзларини тўлашга шошилинг.” (Ибни Можа)

Тезда берилиши керак бўлган қарзни тўламасдан туриб садақа бермаслик керак. Бўлиб-бўлиб, ҳар ойда тўланадиган қарзлар бундан мустаснодир. Буларни ўз муддати келганида ҳеч бир заруратсиз тўламаса, шунда бу ҳукмга киради.

Савол: Электр, газ ва сув вақтида тўламай, пеняси билан қўшиб тўлаш фоиз бўладими?

Жавоб: Фоиз эмас, жарима. Лекин заруратсиз вақтида тўламай пеня тўлаш ҳаром бўлади.  Бир узр билан бўлса ҳаром бўлмайди. Масалан, унутиб кетса, пул топа олмаса гуноҳ эмас.

Савол: Бир танишимдан қарзим бор. Лекин тўлайдиган пулим йўқ. Баъзи нарсаларимни сотиб тўлашим керакми?

Жавоб: “Саодати Абадия” китобида айтиладики:

Ҳадиси шарифда “Энг яхшиларингиз қарзини бир он бўлса ҳам аввалроқ тўлагандир” деб марҳамат қилинди. Бир киши моли бўлгани ҳолда қарзини тўлашни бир соат кечиктирса, золим ва осий бўлади. Намоз ўқиётганда ҳам, рўза тутаётганида ҳам, уйқуда ҳам, яъни ҳар он лаънат остида бўлади. Қарзини тўламаслик шундай гуноҳки, уйқуда ҳам тўхтамай ёзилади. Моли бўлиш, пули бор дегани эмас. Сотадиган нарсаси бўлиб сотмаса, гуноҳ ишлаган бўлади. Бухорийдаги ҳадиси шарифда “Қарзи бўлгани ҳолда берилган садақа қабул бўлмайди” деб марҳамат қилинган. Олимлар ҳам “Қарздор киши қарзини тўламагунча ёғли ва сиркали овқат емаслиги керак” деб айтганлар.

Қарз берган киши “Истаган вақтингда тўлайсан, менинг эҳтиёжим йўқ” деса ҳам имкони бор бўлиб туриб тўламаслик макруҳ бўлади.

Савол: Олтин билан олинган қарзни тўлаётганда олтиннинг шу ондаги бозор нархини пул билан ёки ёғ, гуруч ёхуд бошқа нарса билан берса жоизми?

Жавоб: Қарз берган киши рози бўлса, жоиз.

Савол: Олтиннинг грамми 50 доллар бўлган вақт қарзга пул бераётганида 500 доллар бериб “Қўлингга пул тушганида 10 грамм олтин берасан” дейиш фоиз бўладими?

Жавоб: Имоми Абу Юсуфга кўра жоиз бўлса ҳам, қуйидагича йўл тутиш янада дуруст бўлади: Қарз оладиган киши қарз берадиганга 10 грамм олтинни 500 долларга сотади. Пулни олганидан кейин сотган 10 грамм олтинни қарз берувчидан қарз олади. Шу тариқа 500 долларни олади ва 10 грамм олтин қарз бўлади.

Савол: Бир дўстимдан қарзим бор. У банкрот бўлиб, қочиб кетди. Бошқа бир танишимнинг ҳам банкрот бўлган кишидан менинг қарзим миқдорида олажаги бор экан. Мен унга тўлайдиган қарзимни унинг олажаклисига берсам, банкрот бўлган дўстим бир кун келиб мендан олажаклисини талаб қилишга ҳаққи борми?

Жавоб: Ҳа, ҳаққи бор. Олажаклининг амрисиз бошқасига тўлов қилинмайди.

Савол: Фоизнинг ҳаром эканлигини билмасдим. Америкада ишлаётганимда бир ғайримуслимдан фоиз билан пул қарз олгандим. Қарзимнинг асосий суммасини тўладим. Олажакли ҳам фоизини сўрамаяпти. Ҳаром бўлган фоизини тўламасам гуноҳ бўладими?

Жавоб: Гуноҳ бўлмайди.

Савол: “Қарз йигитнинг қамчисидир” деган мақол билан ҳазрати Алининг “Дунёдаги энг катта ташвиш қарздор бўлишдир” сўзи бир-бирига зид эмасми?

Жавоб: Зид эмас, бир-бирини изоҳламоқда. Эҳтиёжи бўлганида қарзланиш гуноҳ эмас. Жаноби пайғамбаримиз ҳам қарз олганлар. Бир темир зирҳини қарзи туфайли бир яҳудийга гаровга қолдирганди.

Одам қарздор бўлганидан кейин бемалол ўтира олмайди, бекор ўтирмайди, қарзини тўлаш учун ҳаракат қилади. Ғайрат қилади, бир он бўлса ҳам қарзимдан қутулай дейди. Қарзи унинг ҳаракат қилишига ёрдамчи бўлади. Йигитнинг қамчиси дегани шу. Йигит қамчи сабабли ҳазрати Али айтган ташвишдан қутулади.

Савол: “Саодати абадия” китобида “Уй, дўкон, ҳайвон каби қиёмий бўлган, яъни мисли [ўхшаши] бўлмаган нарсаларни қарз бериш фосиддир, буларни қўлланиш ҳаром бўлади” дейилган. Буларни орият сифатида бериш керак экан. Қарз билан орият орасида қандай фарқ бор?

Жавоб: Қарз бозорда мисли, яъни ўхшаши бўлган ҳамма нарсани, номаълум бир муддатдан кейин, яъни вақт белгиламасдан мислини қайтариб беришга келишиб олинган пул ёки мол-мулкдир. Бунга “Қарзи ҳасан” ҳам дейилади. Бугун бериб эртага қайтариб сўраши мумкин. Масалан, нон, ёғ, гуруч, туз каби нарсаларни олган киши ўрнига айни миқдорини беради.

Орият эса бир молнинг манфаатини, қўлланилишини тўловсиз бериш деганидир. Масалан бирининг уйида бир ой тўловсиз яшаши мумкин. Ҳамма нарсани ишлатишга ваколат берилган бўлса, бемалол ишлата олади. Отини, автомобилини олади. Бир ҳафта ёки қанча вақтга келишилган бўлса, шунча вақт ишлата олади. Бирининг келинлик либосини орият сифатида олиб ишлатиши мумкин. Фабрикада ишлаб чиқариладиган келинлик либоси бўлса қарз бериш ҳам мумкин. Агар олинган келинлик либоси қиёмий мол, яъни бозорда ўхшаши йўқ либос бўлса, қарз олган киши бунинг қийматини тўлаши лозим.

“Шу ерларда, шу вақтгача шу шаклда қўллана оласан” деб орият бериш жоиз.

Бир уйни, дўконни орият сифатида олган киши уни ижарага ва гаровга бера олмайди. Эгаси истаганида ёки келишувдаги муддат тугагач, орият олинган нарсани қайтариб бериш лозим бўлади.

Орият сифатида олинган мол иши тугагач эгасига қайтариб берилади. Қарз олинган мол эса харжланади, истеъмол қилинади. Ўрнига худди ўша жинсдан мол берилади.

Савол: Қарз берган киши қарздорнинг овқатини еса ёки ундан ҳадя олса “Манфаат келтирган ҳар қандай қарз фоиздир” деган ҳадисга кўра фоиз бўладими?

Жавоб: Шофиъий мазҳабида келишув қилиб манфаат кўриш шарти билан қарз берса, фоиз бўлади. Шартсиз бўлса фоиз эмас. Масалан қарз берган кишининг қарздордан ҳар қандай бир ҳадя қабул қилиши, овқатини ейиши ёки ҳар қандай шаклда қарздорнинг молидан, пулидан фойдаланиши маҳаллий одатларга мос бўлса, жоиздир. Ҳанафий ва Моликийда эса қарз берган кишининг қарздорнинг молидан фойдаланиши ҳаромдир. (Мизон-ул кубра)

Савол: Аёлимга беришим керак бўлган маҳри муажжални отам, онам, қўшним ёки бошқа бири менинг номимдан бера оладими? Масалан онам келини бўлган аёлимга келишувдаги маҳр миқдоридаги олтинни “Бу олтинлар ўғлимнинг маҳри муажжали” дея берса, у ҳам қабул этса, маҳрим берилган бўладими? Ёки олтинларни фақатгина мен беришим керакми?

Жавоб: Йўқ. Пул фақатгина сиздан чиқиши шарт эмас. Аёл киши берилган олтинларни маҳри муажжал сифатида қабул қилган бўлса, ким берганидан қатъий назар, кимнинг пули билан берилган бўлса ҳам маҳр қарзи ўталган бўлади. Худди шундек бошқа бири ваколатимизни олиб қурбонлигимизни, назримизни, қасам каффоратимизни ёки закотимизни ўз пули билан ҳал этса, ибодатимиз бажарилган бўлади.

Савол: Исталган бир кишининг бир жойга бўлган қарзини унинг хабари бўлмасдан тўлаб, уни ўзига қарздор қилиб қўйиш динан жоизми?

Жавоб: Бировнинг қарзини ундан рухсатсиз тўлаб, уни ўзига қарздор қилиш жоиз эмас.