Иффат ва ҳаёнинг аҳамияти
Савол: Иффат ва ҳаёнинг аҳамияти нима?
Жавоб: Аллоҳу таоло инсон наслининг давом этиши учун эркак ва аёлни бир-бирига жозибали қилиб яратган. Айни вақтда бу қувватли туйғу қаршисида одамларни дунёда қаттиқ имтиҳонга рўбарў қилган. Дунёдаги қисқа умримиздаги энг қийин имтиҳон иффат имтиҳонидир. Бу имтиҳондан ўтган одам дунё ва охират қаҳрамонидир.
Одамларнинг камчиликсиз бўлиши ёки пасткашлиги кўпроқ иффат ишларида намоён бўлади. Аллоҳу таоло Қуръони каримнинг кўп жойида иффатини муҳофаза қилганларга катта мукофотлар ваъда қилган. Иффатини сақламаганларга эса жаҳаннам азобини раво кўрган. Иффатсизларни одам ўлдирган жиноятчи билан бир сафда тутган. Мўминларнинг сифатини баён қилаётганида буюрдики:
“Мўминлар намозларини хушу билан ўқийди, бекорчи, фойдасиз нарсалардан юз ўгиради, закотларини беради, иффатларини муҳофаза қилади, омонат ва аҳдларига риоя қилади.” (Мўминун, 1-8)
Иффатли киши ҳаё соҳиби бўлади, яъни гуноҳ ишлашга уялади. Ҳаёли бўлишнинг аҳамияти катта. Бу хусусдаги бир нечта ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Ҳаё иймондандир.” (Бухорий)
“Ҳаёси бўлмаганнинг иймони ҳам бўлмайди. Иймонсиз кимса эса жаннатга кирмайди.” (Дайламий)
“Ҳаёнинг камлиги куфрдандир.” (Ҳаким)
“Ҳаёли, иффатли, тилига эга бўлиш ва ақл иймондан; хасислик, уятсизлик, ёмон сўзларни сўзлаш ва ҳаёсизлик мунофиқликдандир.” (Байҳақий)
Иффат, яъни номус қанчалик муҳим бўлса, номуссизлик ҳам шунчалик ёмон. Номуснинг аҳамияти ҳақида қуйидаги ҳадиси шарифлардан шундай марҳамат қилинган:
“Шуни яхши билингки, номусини муҳофаза қилганга жаннат бор.” (Ҳаким)
“Зинодан сақланган мусулмон жаннатга киради.” (Байҳақий)
“Ёмонликдан сақланиш учун никоҳли яшанг ва иффатли бўлинг!” (Ибни Асокир)
“Бошқа бировнинг хотинини, қизини йўлдан оздирган биздан эмас.” (Ҳаким, Ибни Аҳмад)
“Бир аёл беш вақт намозини ўқиса, номусини ҳимоя қилса, эри билан яхши муомалада бўлса, истаган дарвозасидан жаннатга киради.” (Ибни Ҳиббон)
“Қуйидаги олти нарсани ишлаган одамнинг жаннатга киришига кафилман: Тўғри гапирган, ваъдасининг устидан чиққан, омонатга риоя қилган, номусини муҳофаза қилган, кўзларини ҳаромдан сақлаган, қўлларини ёмонликдан тортган.” (Ибни Аҳмад)
“Ҳаё ўн қисмдир. Тўққизи аёлда, бири эркакда бўлади” ҳадиси шарифида билдирилганидек аёлларнинг ҳаёси эркаклардан кўп. Агар бундай бўлмаганида жуда жирканч ишлар юз берарди. Дин душманлари буни билгани учун ёшлигидан қизлардан ҳаёни йўқотишга уринишмоқда. Ҳаёсиз жамият қуришга ҳаракат қилишмоқда. Мусулмон хотин-қизлар ҳаёли бўлишда давом этиши керак. Ҳадиси шарифда “Ҳаё гўзалдир, лекин аёлда янада гўзалроқдир” деб марҳамат қилинган. (Дайламий)
Одамнинг гуноҳларининг кўпи иффат доирасида бўлади. Иффат хотин-қизларнинг қиймати пул билан ўлчанмайдиган гавҳаридир. Бу гавҳарни қўлга киритиш учун Аллоҳу таолодан қўрқмаган ҳар эркак бутун макр-ҳийласидан фойдаланади. Қўлга киритганидан кейин мақсадига эришган бўлади. Энди у гавҳар эмас, оддий тошга айланади. Кўчага ташлаб кетилади. Бу ҳолатда эркак номус ўғрисига айланади. Аёл эса гавҳарини ўғирлатган бечора бўлиб қолади.
Иффатсиз бўлган одам Аллоҳ наздида гуноҳкор, халқ олдида эътиборсиз бўлади. Бир номуссизнинг жамиятдаги яхшиларнинг ёнида эътибори [ҳурмати] бир итчалик ҳам бўлмайди. Эркаклик ва урғочилик туйғуси одамларда ҳам, ҳайвонларда ҳам бор. Ҳайвонларда уялиш ҳисси бўлмагани учун бу туйғуларини яширмайди. Одам эса шараф ва қадр-қиммат туйғуларига эга бўлгани учун эркаклик ва урғочилик ҳисларига қарши шаърий йўл излайди.
Бир одамнинг ёки оиланинг шарафи ва эътибори бу туйғу қаршисида ўзини тутиши билан белгиланади. Бой ва жуда чиройли бўлган аёл иффатсиз бўлса, ҳеч қандай ҳурмати бўлмайди. Фақир ва номусли аёл эса ҳар ерда, ҳар доим обрў-эътиборли бўлиб, ҳурматга лойиқдир. Булар меъёрдаги ва пок жамиятнинг иффат ўлчовларидир. Иффат қоидаларини оёқ ости қилган, фақат ҳайвоний ҳислари кетидан чопиб юрган жамиятлар бу гапларни мазах қилишади. Уларга айтадиган сўзимиз йўқ. Дунёдаги кўплаб разолат, жиноятлар иффатсизлик туфайли юз бермоқда.
Одамларнинг кўпи иффатсизликнинг ёмонликларини билган ҳолда ўзларини бу йўлдан қайтара олишмайди. Бу қувватли туйғу қаршисида уларни тўғри йўлга соладиган чора - тарбия ва ахлоқ масаласидир.
Аллоҳдан қўрқадиган одам иффатсиз бўла олмайди. Шундай экан, фарзандларимизга Аллоҳдан қўрқишни ўргатиш биз учун энг асосий вазифадир. Аллоҳу таолодан қўрқиш учун Аллоҳни яхши билиш керак. Аллоҳни билиш учун эса Унинг буюклигини ва сифатларини ўрганишга мажбурмиз. Аллоҳу таолони ҳеч ўйламайдиган бир жамиятнинг Аллоҳдан қўрқиши осон эмас. Аллоҳу таолодан қўрқиш ҳам билим, интилиш ва ғайрат талаб қилади. Кишида ўз-ўзидан Аллоҳ қўрқуви пайдо бўлиб қолмайди. Диннинг амр ва тақиқларига риоя қилган кишига бу осон бўлади.
Айниқса катта шаҳарларда иффат иши таҳликали ҳолатда. Бир ёш қизнинг ўз ҳолича ўз ақли ва тушунчаси билан иффатини муҳофаза қилиши жуда қийин. Агар бу қиз бироз чиройли бўлса, одамнинг ўйига келмайдиган хавф-хатарлар олдида турган бўлади. Бу хатар мактабда, йўлларда, автобусда, қўшниларда, ҳатто уйида ўтирганида телефон ёки интернетда хавф солиб тураверади.
Қизларимиз таҳликалар қаршисида ожиз махлуқ сифатида ахлоқсизларнинг қўлида ўйинчоқ бўлмаслиги лозим. Бу даврда ҳар бир одамдан, ҳар бир жойда унга зарар келиши мумкин. Бу зарар унинг пули, бойлигига эмас, шараф ва қадр-қимматига бўлади. Пулига бўлган зарарни қоплаш мумкин. Маънавий зарарни эса қоплаб бўлмайди.
Ахлоқсизларнинг орасида ёш қизнинг шараф билан яшаши жуда қийин. Иффатли қиз бошқа қизлардек йигитлар билан юришга ҳавас қилмаслиги керак. Бу жуда таҳликали тажрибадир. Асосан флирт натижасида (юриб) қурилган турмуш кўпинча бахтсизликка сабаб бўлади.
Иффатни муҳофаза қилиш учун ёшларни вақтида уйлантириш ва турмушга бериш керак. Иффатига хавф соладиган жойлардан узоқ тутиш лозим. Ёшлар учун ташкил этилган турли кўнгилочар базмлар аслида ёш қизларга қўйилган тузоқ. Бунинг тузоқ эканлигига ишонмаган қиз тузоққа тушганидан, боши деворга урилганидан кейин эс-ҳушини йиғади. Лекин ғишт қолипдан кўчган бўлади. Тузоқнинг ялт-юлт қилган жозибасига алданган қизлар эркаклар қўлида тезда жонига тегадиган ўйинчоққа айланади. Ўзига ишонган мустаҳкам иродали қиз ҳам уларнинг қаршисида кўпга дош бермайди. Келишган бир эркакнинг ёлғон жилмайиши олдида алданиб қолиши мумкин. Бу вақтда қиз тузоққа тушган бўлади. Бу тузоқдан қутулган қизлар жуда кам ёки умуман йўқ деса ҳам бўлади. Ҳолбуки, ўша тузоқ деб аталган кўнгилочар жойларга бормаслик жуда осон. Бундай жойларга бормаган қиз бу таҳликалардан сақланган бўлади. Борадиган бўлса, қутулиши қийин.