Қазо намозларига боғлиқ савол-жавоблар
Савол: Қазо намозлари қандай ўқилади, уларни ўз навбати билан ўқиш керакми?
Жавоб: Қазо намозлари айнан ўша қазосини ўқимоқчи бўлган намоздай ўқилади. Қазо намозларни ўқиётганда навбати билан ўқиш шарт эмас. Лекин қанча қазо намози ўқиганини билиш учун навбати билан ўқиган яхши.
Савол: Суннатларни ўқиётганда қазога ҳам ният қиламиз. Пешиннинг илк суннатини ўқиётганда энг аввал қазога қолган пешиннинг фарзига, асрнинг суннатини ўқиётганда энг аввал қазога қолган аср фарзига, шомда ҳам энг аввал қазога қолган шом фарзига деб ният қиламиз. Пешиннинг суннатини ўқиётганда шом ёки хуфтон фарзига деб ният қилсак бўладими?
Жавоб: Қайси намоз қазосини ўқишни хоҳласангиз, шунга ният қилишингиз мумкин. Лекин қазоларни ҳисоблашда қийналасиз. Пешин суннатига пешин қазоси, бошқа вақт намозларининг суннатларини ўқиётганда ўша намоз қазоларини ўқисангиз, ҳисоблаш анча осон бўлади.
Савол: Қазо намозлари қайси вақтда ўқилади, қайси вақтларда ўқилмайди?
Жавоб: Намоз ўқиш таҳриман макруҳ, яъни ҳаром бўлган вақтлар учта. Бу вақтлардан ташқари хоҳлаган пайтда қазо намозларини ўқиш мумкин. Беш вақт намозлардан кейин ўқиса ҳам бўлади.
Қазо намози учун макруҳ вақтлар:
1. Қуёш чиқишни бошлагандан 50 дақиқа ўтгунча қазо ва нофила намоз ўқилмайди.
2. Пешин вақтига 20 дақиқа қолганидан пешин киргунча қазо ва нофила ўқилмайди.
3. Шомга 45 дақиқа қолгандан бошлаб ўша куннинг аср намози фарзидан бўлак ҳеч бир намоз ўқилмайди.
Савол: Муқим ва сафарийликда қазо намозлари қандай ўқилади?
Жавоб: Муқимлигида қазога қолдирган намозларини сафарга чиққанида ҳам тўрт ракъат қилиб ўқийди. Сафар вақтида қазога қолган намозларни муқимлигида ўқимоқчи бўлганда икки ракъат қилиб ўқийди. Буларнинг сонини аниқ билмаса, ҳаммасини тўрт ракъат қилиб тўлиқ ўқиш гуноҳ бўлмайди.
Савол: Суннатлар ўрнига қазо ўқиган киши фақатгина қазо намози учун ният қилса, вақт суннатини ўқимаган бўладими?
Жавоб: Йўқ, вақт суннатини ҳам ўқиган бўлади. Фақат ният қилиш савоби кам бўлади. Бунга бир мисол келтирайлик:
Жунуб бўлган киши денгизга ботиниб чиқса ёки бехосдан қулаб тушса ва оғзи-бурнига сув кирса, ғусл олган бўлади. Бу ғусл билан намоз ўқий олади. Агар денгизга тушаётганида ғусл олишга ҳам ният қилганида эди, ғусл ниятининг савобига эришарди. Фарзнинг олди ё ортидан қазо ўқиган киши суннатни ҳам ўқиган бўлади. Лекин вақт суннатига ҳам деб ният қилса, ниятдан ҳосил бўладиган савобга қовушади.
Савол: Қазо намози бўлмаган киши ҳам суннатларни ўқиётганида қазога ният қилиши керакми?
Жавоб: Ҳа, жуда яхши бўлади. Бир кишининг қазоси бўлмаса ҳам қазо намози ўқишининг зарари йўқ. Баъзи намозларимизнинг саҳиҳ бўлмай қолиш эҳтимоли доимо бор. Имоми Аъзам ҳазратлари таҳоратдаги бир мустаҳабни бажармагани учун қирқ йиллик намозининг қазосини ўқиганлар. Аслида қазосини ўқиш мажбурияти йўқ эди.
Савол: Шом ва хуфтоннинг икки ракъатлик суннатларини қазо ўқиётганимизда уч ракъат қилиб ўқиш суннатни ўзгартириш бўлмайдими?
Жавоб: Жаноби пайғамбаримиз фарзлардан аввал ёки кейин бирон намоз ўқирдилар. Пайғамбаримиз шу тариқа намоз ўқиганлари учун бизга суннат бўлди. Шом ва хуфтон фарзидан кейин икки ракъат ўқиганларидек ундан ҳам кўп ўқиган вақтлари бўлган. Масалан, олти ракъат аввобин намози ўқиганлар. Суннат ўрнига қазо ўқиш билан суннат ҳам бажарилган бўлади. Ракъат сони фарқли бўлиши бунга монеъ эмас.
Савол: Жамоатни кутаётганда қазо намози ўқиладими ёки фарзни ўқиб бўлгандан кейин ўқиш керакми?
Жавоб: Жамоатга улгурадиган бўлса, қазо ўқиш яхши. Макруҳ вақтлардан бўлак ҳар доим қазо ўқиш мумкин.
Савол: Масжидда қазо намози ўқишнинг зарари борми?
Жавоб: Намозни қазога қолдириш катта гуноҳ. Ишланган бир гуноҳни ошкор қилиш ҳам гуноҳ. Авваллари ҳеч кимнинг қазо намози бўлмас эди. Шунинг учун улар масжидда қазо намози ўқиганда ўша намозни тарк этгани маълум бўларди. Лекин бугунги кунда деярли ҳамманинг қазо намози бор. Масжидга мусулмонлар келади. Мусулмон эса намоз ўқиган одамни айбламайди. Бугун қазо намозини ўқиш одамларга ғалати туюлмайди. Аксинча тақдирланади. Ҳатто “Фалонча намоз ўқишни бошлабди. Аввал ўқимаганларининг қазосини ҳам ўқияпти” деб мақталади. Бундан ташқари, бир одам ҳеч қандай қазоси бўлмаган ҳолда қазо намозини ўқиса зарари йўқ.
Имоми Аъзам ҳазратлари қазо намозлари бўлмаса ҳам йиллаб қазо ўқигандилар. Бизнинг даврда қазо намози ўқиш айбланмагани учун масжидда қазо ўқишнинг зарари йўқ.
Савол: Қазо намозлари учун “энг аввалги ёки охирги” демасдан “Қазога қолган намозимни ўқишга” деб ният қилиш саҳиҳми?
Жавоб: Қайси намозни ўқиётганини билиш фарз. Бир киши пешин вақти “Аллоҳ учун намоз ўқишга” деб ният қилиб ўн ракъат намоз ўқиса, ўша кунги пешин фарзини ўқиган бўлмайди. “Бугунги пешиннинг фарзини ўқишга” деб ният қилиши керак. Лекин қазо намозлари кўп бўлганда фалон сананинг қазоси деб ният қилиш имконсиз бўлгани учун “энг аввал қазога қолган” ёки “энг охирги қазога қолган” деб ният қилиш саҳиҳ бўлади.
Савол: Масалан пешин ва аср намозини ўқий олмаган киши, шом намозидан кейин бу намозларнинг қазосини ўқиб олса бўладими?
Жавоб: Албатта бўлади. Қазосини ўқиш фарз, кечиктириш ҳаром бўлади.
Савол: Шоъфиий мазҳабида қазо намози бор кишининг суннат ёки нофила ўқиши ҳаром экан. Шунда суннат ўқиш ҳаром бўлади-ю, намозларни қазосини ўқимай бўш ўтириш ҳаром эмасми?
Жавоб: Намоз икки йўсинда қазога қолиши мумкин. Бири уйқу, унутиш каби шаърий узр билан қазога қолади. Иккинчиси эса узрсиз, қасддан ўқимаслик туфайли қазога қолади. Ухлаб қолиш, унутиш каби шаърий узр билан қазога қолган намозларни ўқиш фарз. Буларни ўқишга шошилиш мустаҳаб. Лекин узрсиз ўқилмаган намозларнинг қазосини ўқиш учун шошилиш фарз. Ўзининг ва жавобгар бўлган кишиларининг нафақасини таъминлаш учун ишлаш каби зарурий ишлардан бўш вақтларда қазо намози ўқиши фарз, бўш, бекор ўтириши гуноҳ бўлади. Ҳатто намозларининг қазосини ўқимасдан вақт суннатларини ўқиши ҳам гуноҳ бўлади. Буларнинг ўрнига қазо ўқиши керак. (“Муғн-ил-муҳтож”, “Танвир-ул-қулуб”, “Иршод-ул-ибод”)
Савол: Асрнинг фарзидан кейин асрнинг суннати ёки нофила намоз ўқилмайди. Шунда қазо намози ҳам ўқилмайдими?
Жавоб: Аср намозини ўқиб бўлгандан кейин нофила ўқилмайди, лекин қазо намозини ўқиш мумкин. Шомга 40 дақиқа қолгунча ўқилади. Аср намози кеч ўқиладиган бўлса, яъни шомга 40 дақиқа қолганидан кейин ўқиладиган бўлса, у ҳолда асрдан кейин қазо ўқилмайди. Лекин аср намозини кеч қолса ҳам, масалан, шомга 2-3 дақиқа қолган бўлса ҳам ўқиш фарз. Уни тарк этиш ҳаром бўлади.
Савол: Қазо намози бўлмагани учун учинчи ва тўртинчи ракъатларда зам сура ўқиш керакми?
Жавоб: Керак эмас. Чунки вақтнинг суннати ўрнига бирон бир намоз ўқиш орқали суннат бажарилган бўлади. Шом намозининг суннатини ўқиётганда уч ракъат шом фарзининг қазосини ўқишга ният қилиш билан суннат бажарилган бўлади. Қазоси йўқ киши суннатларни ўқиётганда қазога ҳам ният қилса, учинчи ва тўртинчи ракъатларда зам сура ўқиса ҳам бўлади, ўқимаса ҳам.
“Татархония”да қазога қолган намози бор-йўқлигини аниқ билмаган кишининг пешин, аср ва хуфтон намозининг суннатларида зам сура ўқиши яхшироқ бўлади, дейилган. Бу - суннатларни ўқиётганида қазога ҳам ният қилиш ва зам сура ўқиш янада яхшироқ бўлади, деганидир. (“Уйун-ул басоир”, 100-саҳифа)
Савол: Қазо намози ўқиётганда ҳар намозда қомат айтиш керакми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Кетма-кет 4-5 вақт намознинг қазоларини ўқиётганда бомдод, пешин, аср, шом ва хуфтон, витр шаклида тартибга риоя қилиш керакми?
Жавоб: Йўқ, навбатга риоя қилиш шарт эмас. Лекин ҳисоблаш қулай бўлиши учун навбат билан ўқиган яхши.
Савол: Қазо намозларини ўқиб тугата олмай вафот этган кишининг ҳоли охиратда нима бўлади?
Жавоб: Агар самимий, чин дилдан қазоларини ўқишни бошлаган бўлса, у ҳолда авф этилиши мумкин. Шафоат билан ёки вафотидан кейин қилинган исқот орқали авф этилиши мумкин ёхуд охиратда азобини чекади, лекин бунинг эҳтимоли жуда кам. Чунки қазоларини ўқишга киришган, лекин тугатишга умри етмаган. Умуман ўқимаганларнинг ҳоли ёмон бўлади.
Савол: Қазо намозларим кўп. Фиқҳ билимини ўрганиш учун “Саодати абадия” китобини ўқияпман. Вақт йўқотмаслик учун қазоларимни ўқишга киришайми ёки фиқҳ билимларини ўрганайми?
Жавоб: Китоб ўқимасдан, яъни фиқҳ билимларини ўрганмасдан нотўғри намоз ўқисангиз нима бўлади? Китоб ўқиш лозим. Қазоларни ҳам ўқишда давом этиш керак.
Савол: Намоз ва рўза қазоларини аниқ билмаган киши нима қилиши керак?
Жавоб: Кўпроқ ўзи гумон қилган ҳисоби бўйича қазоларини ўтайди.
Савол: Ақлдан озган ёки ҳар қандай сабаб билан ҳушини йўқотган киши бу вақт ичида қазо қилган намозларини шифо топгандан кейин ўқийдими?
Жавоб: Ақлдан озган ёки хасталик сингари ўз ихтиёрида бўлмаган бир сабаб билан ҳушидан кетган киши 24 соатда ўзига келмаса, шифо топгандан кейин намозларининг қазосини ўқимайди. Яъни бу киши беш вақтдан ортиқ намозини ўқий олмаса, ҳеч бирининг қазосини ўқимайди. Бешдан оз бўлса, қазосини ўқийди.
Гиёҳванд модда, дори, наркоз каби сабаблар билан ҳушидан кетган киши қанча вақт ҳушсиз бўлса ҳам ўқимаган бутун намозларининг қазосини ўқийди.
Савол: “Пайғамбаримиз “Икки фарз намозни бир вақтда ўқиш катта гуноҳ” деб марҳамат қилганлари учун беш вақт намоз фарзлари ёнида қазо ўқиш ҳаром бўлади. Икки намоз бир вақтга келтирилган бўлади” дейишмоқда. Бу тўғрими?
Жавоб: Йўқ, нотўғри. Ҳадиси шариф нотўғри тушунилгани учун шундай дейишмоқда. Ҳадиси шарифда қазо ўқишга ҳаром демаяпти, икки фарзни бир вақтга келтириш, яъни намозни қазога қолдириш катта гуноҳ дейилмоқда. Масалан, аср намозини ҳеч бир узрсиз шомга 5-10 дақиқа қолгунгача кечиктириш ҳаромдир, лекин 1 дақиқа қолган бўлса ҳам дарров ўқиш фарздир.
Худди шунингдек, шом намозини ҳам вақтида ўқимай хуфтон вақти киргунча кечиктириш ҳам ҳаромдир. Хуфтон вақти кирганидан кейин шомни ҳам, хуфтонни ҳам ўқиш фарздир. Яъни ўқимасдан икки фарзни бир вақтга келтириш ҳаром бўлса ҳам лекин буларни ўқиш фарз бўлади.
Савол: Ухлаб қолиб намозни ўтказиб юбориш узрми?
Жавоб: Тадбир олмасдан ухлаб қолиш узр эмас. Вақтида уйғониш учун ё соат қўнғироғини қўясиз, ёки бировга тайинлаб қўясиз. Эрта ухлашга ётасиз. Агар бутун буларга қарамай ухлаб қолсангиз, ана шунда узр бўлади.