Намозда ўйланиш
Савол: Намозда ўйланиш зарарлими?
Жавоб: Намозда ўйланиш намозни бузмайди. Лекин қўлдан келганича ўйланмасликка ҳаракат қилиш лозим. Намозда маъносини биладиган кишининг ўқиётган нарсасининг маъносини ўйлагани яхши бўлади. Ўзини Раббининг ҳузурида деб билиш ва у ерда ўзини қандай тутиши лозим бўлса, шундай тутиш керак. Бу ўзининг охирги намози, энг сўнгги амали эканлигини ўйлаши ёхуд ўзини Сирот устида деб ўйлаб, хаёлини жамлаши, ўзини хўжайинидан қочиб юриб, қўлга тушиб яна хўжайини ҳузурига олиб келинган қулдек тутиш намозда фикрини жамлашга ёрдам беради.
Дунёга аҳамият бермаслик, ишларини бар гап бўлар деб, у ҳақда ўйланмаслик керак. Аксинча борича Рабби билан бирга бўлиш лозим.
Намозда қўлларини қулоққа кўтариб, бошлаганида худди Аллоҳу таолодан бошқа барча дунёсини қўллари билан ортига ирғитиб унутган, жазосидан қўрқиб, авфини умид қилиб Мавлонинг ҳузурида тургандек бўлади.
Фотиҳа ўқилганда Аллоҳу таолонинг кўзга кўринадиган ва кўринмайдиган неъматларига ҳамд этиш, раҳматига жуда муҳтож эканлигини ўйлаб, раҳмат исташ, ибодатини фақат У учун қилиш, фақат Ундан ёрдам сўраш, солиҳлар йўлида бўлишни тилаш ва бузуқликдан сақланиш учун Унга сиғинишни истаган бўлади.
Замми сура ўқилганда худди “Дуони қабул қилиши учун Раббига таъзим айла” дейилади.
Рукуга эгилганда Аллоҳу таолонинг азаматига, қулнинг ҳеч нарса эмаслигига ишора бор. Худди “Бошингни кўтар. Аллоҳу таоло сенга эҳсон айлади, дуо ва тасбиҳларингни қабул қилди” дейилгандек.
“Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ” деганда Унинг эҳсони билан қабул қилганига ҳамд этиш, авф этгани учун дарров саждага бориш, Раббимиз учун ўзини паст деб билишга ишора бор. (Т. Нажот)
Савол: Намозни хушу билан ўқиш учун нималарга эътибор бериш лозим?
Жавоб: Намозни хушу билан ўқиш учун қуйидагиларга диққат қилиш керак:
Ҳузури қалб: ўқиганини ўйламоқ.
Тафаҳҳум: ўқиганини тушунмоқ.
Таъзим: ҳурмат.
Ҳайбат: ҳурмат билан қўрқмоқ.
Рижо: Умид.
Ҳаё: Уялмоқ.
Энди буларни изоҳлаб ўтамиз:
Ҳузури қалб: Ўқиётганини ўйлаш, қалбини дунё ишларидан озод қилиш. Ўқиётган Қуръони каримга қалбини боғлаш. Кўнгил бошқа ўйлардан халос бўлиб, қилаётган ишидан ғафлатда қолмаса ва фақат шуни ўйласа, шунда ҳузури қалб ҳосил бўлади.
Тафаҳҳум: Ўқиётганини тушуниб англашдир. Кўпинча қалб сўз билан ҳозир бўлади, лекин маъносини тушунмайди. Улуғ зотлар намоз вақтида англайдиган шундай латиф маънолар бўладики, бошқа вақтларда бу хаёлига ҳам келмайди. Мана шундай ўқилган намоз ҳар турли ёмонликлардан сақлайди. [Намоз ўқиётганда ичида ўқиган нарсаларини тушуниш шарт эмас. Лекин маъносини биладиган бўлса, тушунишга ҳаракат қилиш лозим. Ёки маъносини биладиган сура ва оятларни ўқиган яхши.]
Таъзим: Бир амир қўли остидаги кишига бир нарсани буюрса, у ҳам қалби ҳузур билан буйруқни тушуниб бажарса ҳам, ҳурмат кўрсатмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳурмат тафаҳҳумдан кейин келади. Яъни Аллоҳу таолонинг амрини ҳурмат билан бажариш керак.
Ҳайбат: Бу эса таъзимдан ҳосил бўладиган қўрқувдир. Бу қўрқув илондан, чаёндан қўрқишга ўхшамайди. Бу Аллоҳу таолонинг севгисини йўқотиб қўйишдан пайдо бўладиган қўрқувдир.
Рижо: Савоб кутиш деганидир. Аллоҳу таолонинг неъматлари мўллигини, намоз ўқиганларга жаннатни ваъда қилганини ва берган сўзида туришини билишдир. Одам подшога ҳурмат кўрсатиб, қўрқса ҳам бир мукофот кутмайди. Ҳолбуки Аллоҳу таолонинг азобидан қўрққани ҳолда ўқиган намозидан савоб кутади.
Ҳаё: Камчиликларини билиб, Аллоҳу таолодан ҳаё қилиб, намозини қусурсиз ўқишга ҳаракат қилиш деганидир. Намозда Аллоҳу таолога нисбатан ҳурматли бўла олиш учун Унинг азамати ва жалолини билиши, ўзининг эса ҳақир, хор ва Аллоҳу таолонинг амрига бўйин эгадиган оддий қул эканлигини ўйлаши лозим. Унинг азаматини билмайдиган ёки ишонмайдиган кимса Унга керакли ҳурматни кўрсата олмайди. Аллоҳга бўлган иймони порлоқ, қувватлироқ бўлган кишининг хушуси ҳам кучлироқ бўлади. Ҳазрати Оиша волидамиз “Расулуллоҳ биз билан гаплашардилар, кулардилар. Лекин намоз вақти келганида одатда бизни танимасдилар” деб айтганлар.
Намоз ўқиётганида агар қалбинг намозда бўлмаса, у бўш турмайди, албатта дунёлик бир нарсани ўйлаётган бўлади. Инсон севган нарсасини кўп ўйлайди. Шунинг учун Аллоҳдан бошқасини севган киши намозда севганини ўйлайди. Аллоҳни ёдга олиши қийин бўлади. Намозда ҳам ғафлатда бўлади.
Аллоҳу таолони қанчалик яхши билса, қўрқув ва ҳайбати ҳам шунчалик ортади. Ҳақ таоло Мусо алайҳиссаломга “Ё Мусо! Мени ёдга олганингда вужудинг титрасин, хушу ва ишончга тўла бўл. Тилинг мени ёдга олганида қалбинг бошқа жойда бўлмасин. Ожиз бир қулнинг ўз хўжайини қаршисида тургандек тур” деб ваҳий этган.
Демак намоз ўқиётганида ғафлатдан узоқ бўлишга ҳаракат қилиш лозим. Улуғ зотлардан баъзилари шунчалик ҳузур билан намоз ўқишардики, сафда турганида ўнг ёки чап тарафида кимлар турганини ҳам билишмасди. [Ҳазрати Алининг оёғига камон ўқи қадалганида намоз ўқиётганида чиқариб олишгани ҳақидаги воқеа машҳурдир.]
Асҳоби киром “Инсонлар қиёматда дунёдаги намозларида кўрсатган ҳузур, сокинлик ва намоздан олган лаззатлари ўлчовида ҳашр этилади” деб айтишарди. (Иҳё)
Савол: Намозда дунёлик ўйлар хаёлга келса, намоз бузиладими?
Жавоб: Намоз бузилмайди. Намозни бошлаётганда Аллоҳу таолони кўриб тургандек, одоб билан бошлаш керакки, намоз ҳақиқий намоз бўлсин. Агар бадан намозда, қалб бошқа жойда бўлса, бу намози саҳиҳ бўлса ҳам мақбул бўлмайди. Шунинг учун “Ло ҳавла ва ло қуввата илла биллоҳил алиййул азийм” дегандан кейин намозни бошлаш фойдали. (Эй ўғил илмиҳоли)