Нажосатдан таҳорат
Бадан, либос ва намоз ўқиладиган жойни нажосат ва кирлардан тозалашга - нажосатдан таҳорат, дейилади. Рўмол, салла, бош кийим, маҳси ва оёқ кийим ёки пайпоқ ҳам либосдан саналади. Салладан осилиб турадиган ва икки курак ўртасига ташлаб қўйиладиган ўрамнинг учи ҳам намозхон билан бирга ҳаракат қилиб тургани учун, либосдан ҳисобланади ва ўша жой ҳам тоза бўлмаса, намоз қабул бўлмайди. Жойнамознинг оёқ босиб туриладиган жойи билан бош қўйиладиган жой пок бўлса бас, намоз қабул бўлади. Бошқа жойларда нажосат бўлса ҳам, унинг намозга зарари йўқ. Чунки жойнамоз, салланинг осилиб турган учи каби инсоннинг баданига ёпишган ҳолда эмас. Лекин иложи борича тамоман покиза бир сажжода (жойнамоз) устида намоз ўқишга ҳаракат қилиш керак. Оғзи ёпиқ шишада ёки целофан халтада сийдигини ташиб юрадиган касалларнинг намозлари жоиз бўлмайди. Чунки шиша ёки целофан халта, сийдик ҳосил бўладиган жой эмас, балки сийдик, дастлаб организм ичида ҳосил бўлиб, сўнгра ўша халта ёки шишага келади. [Демак бундан шуни ҳам тушунса бўладики: чўнтакда спирт ва таркибида спирт бўлган ҳар хил суюқликларнинг шишаси ёки ёпиқ бир қутида қонга булғанган дастрўмол ёхуд нажосат артилган бўз бўлса, у ҳолда намоз жоиз бўлмайди.] Демак, икки оёқ босадиган жой, шунингдек сажда қилинадиган маҳал тоза бўлса, кифоя. Агар намоз ўқиладиган жойда нажосат бўлса, устига бўз, ойна, клёнка ва шунга ўхшаш нарсаларни тўшаб қўйиб устида намоз ўқиш мақбулдир. Саждага энгашганда этак ёки балоқ қуриган нажосатга тегса, намозга зарари бўлмайди.
Баданда, либосда ва сажжодадаги бутун майда-чуйда нажосатлар бир жойга тўпланса-ю уларнинг йиғиндисининг оғирлиги, ҳовуч ичига сиғадиган ўртача катталикдаги юмалоқ темир танга (дирҳам) миқдоридан кам бўлса, ўша ҳолатда ўқиладиган намоз қабул бўлади. Агар аҳвол, бунинг акси бўлса, қабул бўлмайди. Агар ўша оғир нажосатнинг оғирлиги дирҳам миқдорига тенг бўлса, таҳриман макруҳ бўлиб, ювиб поклаш вожиб бўлади. Агар дирҳам миқдоридан кўп ва катта бўлса, у ҳолда ювиш фарз бўлади. Дирҳам миқдоридан кам нажосат теккан бўлса, тозалаш суннат бўлади. Шароб ва спиртли моддаларнинг бир томчиси теккан бўлса ҳам уни ювиб кетказиш фарздир. Имомайнга кўра ва нариги уч мазҳабда, оғир нажосат саналадиган моддаларнинг заррасини ҳам ювиш фарздир. "Нажосат миқдори" деганда, нажосатнинг кийимга баданга ва жойнамозга юққан вақти эмас, балки намозга туриладиган пайтдаги нажосат юққан майдоннинг катта-кичиклиги инобатга олинади.
Дирҳам миқдори – қуюқ, қотган нажосатларда бир мисқол, яъни 4 грам ва 80 сантиграм оғирликдир. Суюқ нажосатларда эса, очиқ ҳолатда турган кафт ўртасидаги чуқурда оқмасдан тура оладиган сув кўлмагининг юза кенглиги қадар кенгликдир. Оғирлиги бир мисқолдан кам бўлган қуруқ нажосат, кийимда кафт чуқуридан кенгроқ юзага ёйилган бўлса ҳам намозга монеълик (тўсқинлик) қилмайди. Чунки, қуруқ нажосат учун чекланган ўлчов бирлиги - бир мисқол оғирликдир. Кафт чуқурининг кенглиги билан ўлчаш бирлиги эса, суюқ нажосатларга хос.
Нажосатлар икки турли бўлади:
1. Оғир нажосат: Инсон баданидан чиқиб, таҳорат ёки ғусл олишга сабаб бўладиган ҳар нарса; гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар ва болаларининг (кўршапалакдан бошқа) шилинган, ишлов берилмаган терилари, гўшти, тезаги бавл (сийдик)и; инсон ва бутун ҳайвонларнинг қонлари ва шароб (спирт); ўлакса, чўчқа-тўнғиз гўшти; уй ва юк ҳайвонларининг тезаги, қўй ва эчкининг нажосатлари - ғализдир, оғир нажосатдир.
2. Енгил нажосат: Гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг бавли (сийдиги) ва гўшти ейилмайдиган паррандаларнинг тезаги енгил нажосат ҳисобланади. Кабутар ва чумчуқ каби гўшти ейиладиган қушларнинг тезаги тоза ҳисобланади. Енгил нажосатлар, бир аъзомизга ёки либосимизнинг бир қисмига юқса, кирланган жой ўша аъзо ёки ўша қисмнинг тўртдан бир қисмидан кичик бўлса, намозга зарар бермайди.
Узумни ва бошқа меваларни ачитиш йўли билан ҳосил қилинадиган рақи, спирт каби алкоголь ичимликлар оғир нажосат бўлиб, уларни истеъмол қилиш шароб ичиш каби ҳаромдир. Намоз ўқишдан аввал либос ва бадандаги одеколон, лосьон, дезодорант, гель, қон ва бошқа спирт аралашган малзамалар ювиб тозаланиши шарт. Бу хил моддаларнинг баданда ёки либосда қуришлари, учиб кетишлари, кийимнинг ва баданнинг тоза эканлигига далолат қилмайди. Албатта сув билан ювилиши шарт. Намоздан аввал юқорида санаб ўтилган оғир нажосатлар ва ўхшашлари, оғзи берк идишда бўлса ҳам, уларни чўнтакдан олиб бир четга қўйиш керак бўлади.
Нажосатни ҳар турли пок сув билан, таҳорат ва ғуслда ишлатилган сув билан, сирка ва гул суви билан, оқувчи суюқликлар билан тозаласа бўлади. Таҳорат ва ғуслда ишлатилган сувга “мустаъмал сув" дейилади. Бу сув тоза бўлиб, ёлғиз нажосатни тозалашда ишлатилиши мумкин. Лекин ҳадасдан покланишда, яъни таҳорат ва ғуслда ишлатила олмайди.
ИСТИНЖО: Олддан ва орқадан нажосат чиққач, ўша аъзоларнинг покланишига истинжо дейилади. Истинжо (ич таҳорат) - суннати муаккададир. Яъни, эркак ёхуд аёлнинг ҳожатхонада таҳорат бузгандан кейин тош, кесак ёки сув билан икки махражни тозалаб, бавл ва нажосатни кетказишлари суннатдир. Лекин, ёнида одамлар бўлиб ёлғиз қолишнинг имкони бўлмай, уларнинг ёнида авратини очиб истинжо қилолмаса, нажосат кўп бўлса ҳам, сув билан ич таҳорат қилишни тарк этади. Авратини очмайди. Намозини истинжосиз ўқийди. Агар ёнида атига бир кимса бўлса ҳам, унинг кўзолдида авратини очиб истинжо қилса, фосиқ (гуноҳкор) бўлади. Ҳаром ишлаган бўлади. Танҳо бир жой топса, ўша жойда истинжо қилиб, таҳоратланиб намозини иёда (бошқатдан) этади. Чунки, бирон амрни бажо келтириш, ҳаром ишлашга сабаб бўлса, унда амрнинг адоси кейинга қолдирилади ёки тарк этилади.
Суяк, таом, тезак, ғишт, ойна парчалари, кўмир, ҳайвон еми, бегонанинг моли билан, муҳтарам яъни пулга чақиладиган қийматли ашёлар, масалан: ипак билан, масжиддан отилган нарсалар билан, замзам суви билан, барг билан, қоғоз билан истинжо - таҳриман макруҳдир. Ёзув ёзилмаган оппоқ қоғозга ҳам ҳурмат кўрсатиш керак. Махсус туалет қоғозлари, муҳтарам бўлмаган исмлар, динга ярамайдиган ёзувлари бўлган газета ва қоғозлар билан истинжо жоиздир. Аммо, Ислом (араб) ҳарфлари билан ёзилган қоғоз билан, нима ёзилганидан қатъий назар, истинжо - жоиз эмас. Олд ва орқани Қиблага қаратиб, тикка туриб, узрсиз яланғоч ҳолда таҳорат ушатиш макруҳдир. Оёқ тагида бавл кўлмак ҳолида йиғиладиган бўлса, ўша жойда ғусл олиш жоиз бўлмайди. Агар, бавл тўпланмасдан оқиб кетадиган бўлса, ғусл жоиз бўлади. Истинжода ишлатилган сув нажс бўлиб, уни кийимга сачратмаслик керак. Шунинг учун истинжо, танҳода ва аврат жойи очилиб қилинади. Ариқ ёки чашма ёнига бориб, қўлни иштонга тиқиб, бавл аъзосини ҳовучидаги сувга ювиш билан истинжо бўлмайди. Бир томчи бавл томган заҳоти, ҳовучдаги сув нажс бўлади ва ўша сув томган кийим ҳам ифлос бўлади. Кийимга томган томчиларнинг йиғиндиси агар кафт чуқури юзасидан кенгроқ юзага ёйилган бўлса, бу либос билан ўқилган намоз қабул бўлмайди.
ИСТИБРО: Эркакларга, бавлдан кейин бироз юриш, йўталиш ёки чап тарафини босиб бироз ётиш орқали истибро, яъни бавл йўлидаги томчиларни чиқаришлари вожибдир. Бавл томчилари қолмаганига ишонч ҳосил қилмасдан аввал таҳорат олмаслик керак. Агар, таҳоратдан кейин бир томчи сизиб чиқса ҳам таҳорат бузилади, яна ич кийим ҳам ифлосланади. Агар, ич кийимга кафт чуқури юзасидан оз миқдорда бавл сизадиган бўлса, таҳорат олиниб бу кийим билан ўқилган намоз макруҳ бўлади. Кўп сизадиган бўлса, намоз қабул бўлмайди. Истиброда қийналадиганлар, авратига (бавл йўлига) арпадай келадиган пахтани юмалоқлаб суқишлари керак. Ўшанда, сизаётган бавлни пахта шимиб олади. Лекин, пахтанинг бир учи ташқарига чиқиб қолмаслиги шарт. Агар, ташқарига озгина учи чиқиб қолгудек бўлса, бавлни шимганида, ташқаридаги учи ҳам ҳўлланади ва бавл бадандан ташқарига чиққани учун таҳоратини бузади.